Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- ҚИСМ

Аллоҳ Иброҳимга ва унинг оиласига ёғдирган қут-баракалар

Аллоҳ Иброҳимга ва унинг оиласига ёғдирган қут-баракалар

Иброҳимнинг насли кўпайиб боради. Худо Юсуфни Мисрда ҳимоя қилади

ХУДОВАНД ЯҲОВА, У учун энг азиз шахс азоб чекиб ўлишини яхши биларди. Бу ҳақда, Тавротнинг Ибтидо 3:15- оятида башорат қилинган. Худо одамларга, азизининг ўлими У учун қанчалик қимматга тушишини кўрсата олармиди? Бу, Муқаддас Китобдаги бир ҳаётий мисол орқали яққол тасвирлаб берилган. Аллоҳ Иброҳимдан суюкли ўғлини қурбон қилишни сўрайди.

Иброҳим Халилуллоҳнинг имони кучли бўлган. Ёдингизда бўлса, башорат қилинган Нажоткор ёки Зурриёт Исҳоқнинг авлодидан келиб чиқишини Худо унга ваъда қилган эди. Тангри тирилтиришга қодир эканига амин бўлган Иброҳим, итоаткорлик ила ўғли Исҳоқни қурбонликка келтирмоқчи бўлади. Лекин, Яҳованинг фариштаси уни ўз вақтида тўхтатиб қолади. Иброҳим ўз садоқатини кўрсатиб, ўғлини қурбон қилишга тайёр бўлгани учун, Аллоҳ Ўз ваъдасини яна бир бор такрорлайди.

Кейинчалик, Исҳоқнинг Эсов ва Ёқуб исмли икки фарзанди туғилади. Эсовдан фарқли равишда, Ёқуб маънавий нарсаларни қадрлайди ва бу учун Худо уни мукофотлайди. Унинг исмини эса Исроил деб ўзгартиради. Шу тариқа, Ёқубнинг ўн икки ўғли Исроил қабилаларининг асосчиси бўлади. Ушбу оиладан қандай қилиб катта халқ пайдо бўлади?

Ёқубнинг ўғиллари укаси Юсуфга ҳасад қилиб, уни қулликка сотиб юборишади. Гарчи Мисрга тушган Юсуф кўпдан-кўп қийинчиликларни бошидан кечирса-да, Худо ушбу содиқ ва жасур йигитнинг ишига ривож беради. Натижада, фиръавннинг эътибори Юсуфга тушиб, уни катта лавозимга тайинлайди. Шу пайтда қаттиқ очарчилик бошланиб, Ёқуб ўғилларини Мисрдан озиқ-овқат олиб келиш учун жўнатади. Ўшанда Мисрдаги озиқ-овқат заҳирасига Юсуф масъулиятли бўлади. У акаларининг тавба қилганини кўриб, йиғлаб юборади ва ўзини уларга танитади. Юсуф акаларини кечириб, барча оила аъзоларини Мисрга кўчириб келади. Унинг қариндош-уруғи Мисрнинг энг яхши ерларига жойлашади. Бу эса, улар янада кўпайиши ва равнақ топишига сабаб бўлади. Ўшанда, барча содир этилган воқеаларни, Худо Ўз иродасини амалга ошириш учун қилганини Юсуф тушуниб етади.

Кексайиб қолган Ёқуб, умрининг қолган қисмини Мисрда, каттагина оиласи қуршовида ўтказади. Ўлимидан олдин эса, ваъда қилинган Зурриёт ёки Нажоткор, унинг ўғли Яҳудодан келиб чиқиб, буюк Ҳукмдор бўлишини башорат қилади. Кексайган чоғида Юсуф ҳам, Худо Ёқубнинг оиласини Мисрдан олиб чиқиши тўғрисида каромат қилади.

Ибтидо 20–50- бобларга ҳамда Ибронийларга 11:17–22- оятларга асосланган.