Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

САККИЗИНЧИ БОБ

Худонинг Шоҳлиги — у нима?

Худонинг Шоҳлиги — у нима?

1. Қайси ибодатни кўриб чиқамиз?

ИСО МАСИҲ шогирдларига таълим бераётиб, намуна сифатида айтган ибодати чуқур маънога эга. У нима ҳақида ибодат қилган ва нега бу ибодат бугунги кунда биз учун муҳим?

2. Исо қайси учта муҳим тилак ҳақида ибодат қилишни ўргатган?

2 Исо қуйидагиларни айтган: «Сизлар эса шундай ибодат қилинглар: “Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин. Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин”». (Матто 6:9–13 ни ўқинг.) Нега Исо ушбу учта тилак ҳақида ибодат қилишни ўргатган? (20- иловага қаранг.)

3. Худонинг Шоҳлиги тўғрисида нималарни билиб оламиз?

3 Биз Худонинг исми Яҳова эканини билиб олдик. Унинг инсониятга ва ерга нисбатан нияти қандай эканини ҳам муҳокама қилдик. Аммо Исо: «Шоҳлигинг келсин»,— деганда нимани назарда тутган? Бу бобда Худонинг Шоҳлиги нима эканини, у нималарни амалга оширишини ва қай йўсин Худонинг исмини муқаддас қилишини билиб оламиз.

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ — У НИМА?

4. Худонинг Шоҳлиги нима ва унинг Шоҳи ким?

4 Яҳова самовий ҳукумат ўрнатиб, унинг Шоҳи сифатида Исони тайинлаган. Муқаддас Китобда ушбу ҳукумат «Худонинг Шоҳлиги» деб аталган. Исо «подшоҳларнинг Подшоҳи, Олий Ҳазратдир». (1 Тимўтийга 6:15) Исо ер юзидаги ҳар қандай инсоний ҳукмдордан кўпроқ яхшилик қила олади ва уларнинг барчасидан қудратлироқ.

5. Худонинг Шоҳлиги қаерда ва у қаерни бошқаради?

5 Тирилганидан қирқ кун ўтгач, Исо осмонга қайтган. Кейинчалик у Шоҳликнинг Шоҳи сифатида бошқаришни бошлаган. (Ҳаворийлар 2:33) Худонинг ҳукумати ер юзини осмондан туриб бошқаради. (Ваҳий 11:15) Шу сабабли у Муқаддас Китобда «Осмон Шоҳлиги» деб аталган. (2 Тимўтийга 4:18)

6, 7. Исо ер юзидаги шоҳлардан нимаси билан фарқ қилади?

6 Муқаддас Китобда Исо ҳақида: «Танҳо у ўлмасликка эга»,— дейилган. Шунинг учун у ер юзидаги барча шоҳлардан буюкроқдир. (1 Тимўтийга 6:16) Жамики инсоний ҳукмдорлар бир кун келиб вафот этади, Исо эса ҳеч қачон ўлмайди. У биз учун қиладиган барча яхшиликлар ҳам абадий давом этади.

7 Муқаддас Китобдаги башоратда Исо адолатли ва ҳамдард Шоҳ бўлиши ҳақида шундай дейилган: «Унинг устида Яҳованинг руҳи, донолик ва идрок руҳи, насиҳат ва қудрат руҳи, билим ва Яҳовадан қўрқиш руҳи бўлади. У Яҳовадан қўрқишдан мамнуният топади. У кўзлари билан кўрганига асосланиб ҳукм қилмайди, қулоғи билан эшитгани бўйича танбеҳ [ёки маслаҳат] бермайди. Бечораларни [ёки камбағалларни] у ҳаққоният ила ҳукм қилади». (Ишаё 11:2–4) Шундай шоҳнинг бошқаруви остида яшашни истармидингиз?

8. Исо ёлғиз ўзи шоҳлик қилмаслигини қаердан биламиз?

8 Худо айрим инсонларни самовий ҳукуматда Исо билан бошқариши учун танлаган. Масалан, ҳаворий Павлус Тимўтийга: «Агар бардошли бўлсак, биргаликда шоҳлик ҳам қиламиз»,— деган. (2 Тимўтийга 2:12) Қанча одам Исо билан шоҳлар сифатида бошқаради?

9. Исо билан қанча одам бошқаради? Яҳова уларни танлашни қачондан бошлаган?

9 Биз 7- бобдан билиб олганимиздай, ҳаворий Юҳанно олган ваҳийда самода Шоҳ бўлган Исони ва унинг ёнида турган 144 000 бошқа шоҳларни кўрган. Бу 144 000 киши ким? Юҳаннонинг айтишича, уларнинг «пешоналарида Қўзининг [яъни Исонинг] ҳамда Отасининг исми ёзилган». У қуйидагиларни ҳам қўшиб қўйган: «Улар Қўзи [Исо] қаерга борса, орқасидан эргашишади. Бу кишилар... инсонлар орасидан... сотиб олинган». (Ваҳий 14:1, 4 ни ўқинг.) Яҳова 144 000 кишини Исонинг содиқ издошлари орасидан танлаяпти. Улар Исо билан «ер юзи устидан шоҳлик қилади». Бу кишилар ўлганида, самода яшаш учун тирилишади. (Ваҳий 5:10) Яҳова шоҳлар бўладиган 144 000 кишини биринчи асрдан буён танлаяпти.

10. Исо ва 144 000 кишини инсоният устидан бошқариш учун танлагани қай йўсин Яҳованинг севгисидан далолат беряпти?

10 Яҳова Исо билан бошқариши учун инсонларни ҳам танлаб, бизга ниҳоятда ғамхўр эканини кўрсатяпти. Исо бизни яхши тушунади ва шу боис, яхши ҳукмдор бўлади. У инсон бўлиш ва азоб чекиш қандай эканини билади. Павлус айтганидай, Исо «заифликларимизни тушунмайдиган зот эмас», чунки «у биз каби ҳар тарафлама синалган». (Ибронийларга 4:15; 5:8) 144 000 киши ҳам инсон бўлиш қандай эканини ўзида ҳис қилган. Улар ҳам биз каби номукаммаллик ва касалликлар билан курашган. Шунга амин бўлишимиз мумкинки, Исо ва 144 000 киши нафақат ҳис-туйғуларимизни, балки биз дуч келадиган муаммоларни ҳам тушунишади.

ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ НИМАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРАДИ?

11. Нега Исо шогирдларига Худонинг иродаси осмонда ҳам бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишни ўргатган?

11 Исо шогирдларини Худонинг иродаси «осмонда бўлгани каби, ерда ҳам» бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишни ўргатган. Муқаддас Китоб ёзилган тилда, Исонинг сўзлари Худонинг иродаси ҳам осмонда, ҳам ерда бажо бўлиши кераклигини англатиши мумкин. Чунки 3- бобдан билиб олганимиздай, Шайтон Иблис Яҳовага қарши исён кўтаргач, Яҳова унга ва садоқатсиз фаришталар, яъни жинларга муайян вақт осмонда қолишларига изн берган. Демак, осмондаги барча мавжудотлар ҳам Яҳованинг иродасини бажармаган. 10- бобдан Шайтон ва жинлар ҳақида кўпроқ билиб оламиз.

12. Ваҳий 12:10 дан қайси иккита муҳим воқеа ҳақида билиб оляпмиз?

12 Муқаддас Китобда тушунтирилишича, Исо Худо Шоҳлигининг Шоҳи бўлгач, Шайтонга қарши жанг қилиши керак эди. (Ваҳий 12:7–10 ни ўқинг.) 10- оятда иккита муҳим ҳодиса, яъни Исонинг бошчилигида Худонинг Шоҳлиги бошқара бошлаши ва Шайтон осмондан ер юзига улоқтирилиши ҳақида ёзилган. Боб давомида ушбу воқеалар аллақачон юз берганини билиб оламиз.

13. Шайтон осмондан улоқтирилгач, нима юз берди?

13 Муқаддас Китобда Шайтон ва унинг жинлари осмондан улоқтирилгач, садоқатли фаришталар қанчалик қувонгани ҳақида ёзилган. У ерда шундай сўзларни ўқиймиз: «Шодланинг, эй, осмону фалак ва унда яшовчилар!» (Ваҳий 12:12) Ҳозир осмонда фақатгина тинчлик ва бирлик ҳукм суряпти, чунки ҳамма Худонинг иродасини бажаряпти.

Шайтон билан жинлари осмондан отилганидан бери инсоният янада кўп азоб-уқубат чекяпти. Яқинда улар барҳам топади

14. Шайтон осмондан улоқтирилганидан бери ер юзида нималар содир бўляпти?

14 Аммо ер юзида ҳаёт бутунлай бошқача. Муқаддас Китобда: «Иблис вақти оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила олдингизга тушди»,— деб айтилган. (Ваҳий 12:12) Бундан кўриняптики, Шайтон ер юзига улоқтирилгани одамлар кўп азоб чекишига сабаб бўлди. Қолаверса, у яқинда йўқ қилинишини билиб мудҳиш қаҳрга тўлган. У ер юзида мусибатлар ва азоб-уқубат бўлиши учун қўлидан келганини қиляпти.

15. Худонинг ер юзига нисбатан нияти қандай?

15 Бироқ Худонинг ер юзига нисбатан нияти ўзгармаган. У ҳали ҳам ер юзидаги жаннатда мукаммал одамлар абадий яшашини истайди. (Забур 37:29) Худонинг Шоҳлиги буни қай йўсин амалга оширади?

16, 17. Дониёр 2:44 дан Худонинг Шоҳлиги ҳақида нимани билиб оляпмиз?

16 Дониёр 2:44 да шундай башорат ёзилган: «Ўша шоҳларнинг даврида самодаги Худо асло яксон қилинмайдиган шоҳлик ўрнатади. Бу шоҳлик бошқа халқларнинг қўлига берилмайди. У барча бу шоҳликларни йўқ қилиб, ўзи абадий туради». Ушбу башоратдан Худонинг Шоҳлиги ҳақида нималарни билиб оляпмиз?

17 Биринчидан, башоратда айтилишича, Худонинг Шоҳлиги «ўша шоҳларнинг даврида» бошқара бошлайди. Бу дегани: Худонинг Шоҳлиги бошқаришни бошлаганида ер юзидаги бошқа ҳукуматлар ҳали мавжуд бўлади. Иккинчидан, Худонинг Шоҳлиги абадий туради ва унинг ўрнини ҳеч қачон бошқа ҳукумат эгалламайди. Учинчидан, Худонинг Шоҳлиги ва бу дунёнинг ҳукуматлари орасида жанг бўлади. Худонинг Шоҳлиги ғалаба қозонади ва ёлғиз ўзи ер юзи устидан бошқаради. Бу инсоният учун энг аъло бошқарув бўлади.

18. Худонинг Шоҳлиги ва бу дунёнинг ҳукуматлари орасида бўладиган жанг нима деб аталади?

18 Худонинг Шоҳлиги ва бу дунёнинг ҳукуматлари орасида жанг бошланишидан олдин нималар юз беради? Жинлар жаҳон шоҳларини алдаб, «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жангга» тўплашади. Ҳа, инсоний ҳукуматлар Худонинг Шоҳлигига қарши жанг қилишади ва ушбу ҳал қилувчи жанг «Армагеддон» деб аталади. (Ваҳий 16:14, 16; 10- иловага қаранг.)

19, 20. Нега ер юзи устидан Худонинг Шоҳлиги бошқаришига муҳтожмиз?

19 Нега Худонинг Шоҳлигига муҳтожмиз? Бунинг камида учта сабаби бор. Биринчидан, биз гуноҳкор бўлганимиз учун касал бўламиз ва ўламиз. Аммо Муқаддас Китобда айтилишича, Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида абадий яшай оламиз. Юҳанно 3:16 да шундай сўзларни ўқиймиз: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин».

20 Худонинг Шоҳлигига муҳтож эканимизнинг иккинчи сабаби: биз ёвуз одамлар орасида яшаяпмиз. Кўпчилик ёлғон гапиради, фирибгарлик қилади ва ахлоқсиз ҳаёт кечиради. Биз уларни бу ишларни қилишдан тўхтата олмаймиз. Бироқ улар ўзгаришни истамагани учун, Худо уларни Армагеддон пайтида йўқ қилади. (Забур 37:10 ни ўқинг.) Учинчи сабаби: инсоний ҳукуматлар дунёдаги муаммоларни бутунлай ҳал қилишга ожиз. Қолаверса, улар шафқатсиз ва порахўр. Улар одамларни Худога қулоқ солишга ундашмайди. Муқаддас Китобда: «Инсоннинг инсон устидан ҳукмронлик қилаётгани фақат зиён келтиради»,— деб ёзилган. (Воиз 8:9)

21. Қандай қилиб Самовий Шоҳликнинг бошқаруви туфайли ер юзида ҳам Худонинг иродаси бажо бўлади?

21 Армагеддондан сўнг, Самовий Шоҳликнинг бошқаруви туфайли ер юзида ҳам Худонинг иродаси бажо бўлади. Масалан, Шайтон ва унинг жинлари минг йилга тубсизликка қамаб қўйилади. (Ваҳий 20:1–3) Ҳеч ким касал бўлмайди ва ўлмайди. Тўлов туфайли Худога содиқ инсонлар жаннатда абадий яшайди. (Ваҳий 22:1–3) Шоҳлик Худонинг исмини муқаддас қилади. Бу нимани англатади? Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан бошқарганида барча одамлар Яҳованинг исмини шарафлайди. (21- иловага қаранг.)

ИСО ҚАЧОН ШОҲ БЎЛДИ?

22. Исо ер юзида бўлганида ёки осмонга қайтиши биланоқ Шоҳ этиб тайинланмаганини қаердан биламиз?

22 Исо шогирдларига: «Шоҳлигинг келсин»,— деб ибодат қилишни ўргатган. Бу сўзлардан кўриняптики, Худонинг Шоҳлиги келажакда бошқаришни бошлаши керак эди. Яҳова аввал ҳукуматини ўрнатиши ва Исони Шоҳ этиб тайинлаши керак эди. Исо осмонга қайтиши биланоқ Шоҳ бўлдими? Йўқ, у кутиши керак эди. Исо тирилганидан бироз вақт ўтгач, Бутрус ва Павлус Забур 110:1 даги башоратни унга қўллашганида бу янада ойдинлашди. Мазкур башоратда Яҳова шундай деган: «Душманларингни оёғинг остига курси қилмагунимча, Менинг ўнг томонимда ўтириб тур». (Ҳаворийлар 2:32–35; Ибронийларга 10:12, 13)

Самовий Шоҳликнинг бошқаруви туфайли ер юзида ҳам Худонинг иродаси бажо бўлади

23. а) Исо қачон Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида бошқаришни бошлади? б) Келаси бобда нима ҳақида билиб оламиз?

23 Исо қачон бошқаришни бошлади? 1914 йили. Исонинг бир гуруҳ содиқ издошлари ўша йилдан бошлаб Муқаддас Китобдаги кўплаб башоратлар амалга ошишини тушунди. Айнан шундай ҳам бўлди. 1914 йилдан бошлаб уруш, очарчилик ва касалликлар авж олди. Айнан шу йили Исо Шоҳ сифатида бошқара бошлади. (Забур 110:2) Бундан кўп ўтмай, Шайтон ер юзига улоқтирилди ва ҳозир унинг «вақти оз қолган». (Ваҳий 12:12) Келаси бобда биз айнан шу вақтда яшаётганимизнинг кўпроқ исботини кўрамиз. Шунингдек, тез орада Самовий Шоҳликнинг бошқаруви туфайли ер юзида ҳам Худонинг иродаси бажо бўлишини билиб оламиз. (22- иловага қаранг.)