Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЎН ИККИНЧИ БОБ

Худонинг дўсти бўлинг

Худонинг дўсти бўлинг

1, 2. Кимлар Яҳованинг дўсти бўлган?

КИМ билан дўст бўлишни истардингиз? Шубҳасизки, сизга ёқадиган, сиз осон тил топишадиган ва сизни яхши тушунадиган инсон билан дўст бўлишни истайсиз. Қолаверса, у меҳрибон ва сиз қадрлайдиган фазилатларга эга бўлиши лозим.

2 Худованд Яҳова ҳам айрим инсонларни Ўзининг дўстлари сифатида танлаган. Масалан, Иброҳим пайғамбар Унинг дўстларидан бири бўлган. (Ишаё 41:8; Ёқуб 2:23) Яҳова Довуд пайғамбарни ҳам жуда яхши кўрган ва у ҳақида: «Кўнглимга ёқадиган одам»,— деб айтган. (Ҳаворийлар 13:22) Дониёр пайғамбар ҳам Яҳова учун «ниҳоятда азиз инсон» бўлган. (Дониёр 9:23)

3. Нега Яҳова Иброҳим, Довуд ва Дониёрни дўсти деб билган?

3 Нега Яҳова Иброҳим, Довуд ва Дониёрни дўсти деб билган? Яҳова Иброҳим пайғамбарга: «Менинг айтганларимга қулоқ солдинг»,— деган. (Ибтидо 22:18) Яҳова Унга қулоқ соладиган камтар кишилар билан дўстлашади. Ҳатто бутун бир халқ Унинг дўсти бўлиши мумкин. Исроил халқига Яҳова шундай деган: «Менга қулоқ солинглар, шунда Мен сизларнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар». (Еремиё 7:23) Демак, Яҳованинг дўсти бўлишни истасангиз, сиз ҳам Унга қулоқ солишингиз лозим.

ЯҲОВА ЎЗ ДЎСТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

4, 5. Яҳова Ўз дўстларини қандай ҳимоя қилади?

4 Муқаддас Китобда айтилишича, «Яҳова Унга чин дилдан садоқатли бўлганларга қудратини намоён этиш» йўлларини излайди. (2 Солномалар 16:9) Забур 32:8 да У Ўз дўстларига шундай деб ваъда беряпти: «Сенга ақл-идрок ато этиб, юрадиган йўлингни кўрсатаман. Сендан кўзимни узмай, маслаҳат бераман».

5 Қудратли бир душман Худонинг дўсти бўлишимизга тўсқинлик қилишни истайди. Аммо Яҳова бизни ҳимоя қилади. (Забур 55:22 ни ўқинг.) Яҳованинг дўстлари сифатида биз Унга чин дилдан хизмат қиламиз. Ҳатто жуда қийин вазиятларда ҳам Унга содиқ қоламиз. Бизда ҳам сано бастакориники каби аминлик бор. У Яҳова ҳақида: «У менинг ўнг томонимда экан, мен ҳеч қачон тебранмайман»,— деб ёзган. (Забур 16:8; 63:8) Қандай қилиб Шайтон Худонинг дўсти бўлишимизга тўсқинлик қиляпти?

ШАЙТОННИНГ АЙБЛОВИ

6. Шайтон инсониятни нимада айблаган?

6 Шу китобнинг 11- бобидан Шайтон Яҳовага туҳмат қилиб, Уни ёлғончиликда айблагани ҳақида билиб олдик. Шайтоннинг айтишича, Яҳова Одамато билан Момоҳавога нима яхши ва нима ёмон эканини ўзлари ҳал қилишига йўл қўймай адолатсизлик қилган. Аюб китобидан эса Шайтон Худонинг дўсти бўлишни истаётган барча инсонларни айблаётгани ҳақида билиб оляпмиз. Унинг айтишича, одамлар Худога Уни яхши кўргани учун эмас, Ундан нимадир олиш учун хизмат қилишади. Шайтон ҳатто: «Ҳар ким Худодан юз ўгиришига эриша оламан»,— деб даъво қиляпти. Келинг, Аюбнинг мисолидан ва Яҳова уни қандай ҳимоя қилганидан нималарни ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

7, 8. а) Аюб пайғамбар қандай инсон бўлган? б) Шайтон Аюб ҳақида нима деган?

7 Аюб пайғамбар тахминан 3 600 йил аввал яшаган. У яхши инсон бўлган. Яҳова ўша даврда ер юзида Аюбга ўхшаш одам бўлмаганини айтган. Аюбда Худога нисбатан чуқур эҳтиром ҳисси бўлган ва у ёмонликдан нафратланган. (Аюб 1:8) Ҳа, Аюб Яҳованинг чинакам дўсти бўлган.

8 Шайтон Аюбни Худога ғараз ниятда хизмат қилаётганликда айблаган. У Яҳовага шундай деган: «Ахир унинг ўзини, хонадонини ва бор нарсасини ҳимоя қилиб турган Сен эмасми?! Қилган меҳнатига барака бердинг, чорваси эса бутун юрт бўйлаб тарқалган. Лекин қўлингни узатиб, унинг ҳамма нарсасини олиб қўйгин-чи! Ўшанда кўз олдингда у Сени лаънатлайди». (Аюб 1:10, 11)

9. Яҳова Шайтон нима қилишига рухсат берди?

9 Шайтон Аюбни Яҳовага фақатгина Ундан нимадир олиш учун хизмат қилаётганликда айблаган. У: «Аюб Яҳовага хизмат қилмай қўйишига эриша оламан»,— дея даъво қилган. Яҳова Шайтоннинг фикрига қўшилмаган, аммо Аюбни синаб кўришига рухсат берган. Чунки шу йўсин Аюб Яҳовани севиш-севмаслиги аниқ кўринарди.

ШАЙТОН АЮБНИ СИНАГАН

10. Шайтон Аюбни қай йўсин синади ва Аюб бунга қандай муносабат билдирди?

10 Аввалига Шайтон Аюбни чорвасидан маҳрум қилди: бир қисмини ўғирлашди, қолгани эса қирилиб кетди. Кейин аксарият хизматкорларини ўлдиришди. Аюб бор-будидан айрилди. Охири Шайтон бўрон юбориб унинг ўнта фарзандини ҳам ўлдирди. Бироқ Аюб Яҳовага садоқатли қолди. «Бу кўргиликларга қарамай, Аюб гуноҳ қилмади ва Худони айбламади». (Аюб 1:12–19, 22)

Аюб Худога содиқ қолгани учун тақдирланган

11. а) Шайтон Аюбга яна нима қилди? б) Аюб бунга қандай муносабат билдирди?

11 Шайтон шу билан тўхтамади. У Худога: «Қани, қўлингни узатиб, унинг суягию этига шикаст етказиб кўргин-чи!» — деди. Шундай қилиб, Шайтон Аюбни ниҳоятда оғриқли касалликка йўлиқтирди. (Аюб 2:5, 7) Шунда ҳам Аюб Яҳовага садоқатли қолди. У: «Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман!» — деб айтди. (Аюб 27:5)

12. Шайтон ёлғончи эканини Аюб қай йўсин исботлади?

12 Аюб Шайтоннинг айбловлари ва нега шунчалик азоб чекаётгани ҳақида ҳеч нарса билмасди. Унинг бу қийинчиликларига Яҳова сабабчи деб ўйларди. (Аюб 6:4; 16:11–14) Лекин шунда ҳам у Яҳовага садоқатли қолди. Энди шубҳа қолмади: Аюб худбин инсон эмас ва у Худони севгани учун Унинг дўсти бўлганди. Шайтоннинг барча айбловлари ёлғон эди!

13. Аюб Худога итоаткор бўлиб қолгани туфайли нима исботланди?

13 Шайтон Худога нима дегани ҳақида Аюб ҳеч нарса билмасди. Аммо у Худога итоаткор бўлиб қолди. Бу туфайли Шайтон ёлғончи экани исботланди. Яҳова Аюбни садоқатли дўст бўлиб қолгани учун мукофотлади. (Аюб 42:12–17)

ШАЙТОН СИЗНИ ҲАМ АЙБЛАЯПТИ

14, 15. Шайтон барча инсонларни нимада айблаяпти?

14 Аюб билан юз берган воқеадан муҳим сабоқ олишингиз мумкин. Ҳозир Шайтон бизни ҳам Яҳовага Ундан нимадир олиш ниятида хизмат қилаётганликда айблаяпти. Аюб 2:4 да Шайтон шундай деб даъво қилган: «Инсон ўз жонини сақлаш учун бор нарсасини беради». Бу сўзлари билан Шайтон нафақат Аюбни, балки барча инсонларни худбинликда айблаган. Аюбнинг ўлимидан юзлаб йиллар ўтгач ҳам Шайтон Яҳовани ҳақорат қилишда ва Унинг хизматчиларини айблашда давом этган. Масалан, Ҳикматлар 27:11 да Яҳова шундай деган: «Ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, токи Мени мазах [ёки ҳақорат] қилувчига жавоб бера олайин».

15 Сиз ҳам Яҳовага итоат этиб ва Унинг вафодор дўсти бўлишни танлаб, Шайтон ёлғончи эканини исботлашингиз мумкин. Худонинг дўсти бўлиш учун ҳаётингизга катта ўзгаришлар киритиш керак бўлса-да, бундай қилиш арзийди! Бу ниҳоятда муҳим қарор. Шайтон муаммоларга дуч келганингизда Худога садоқатли қолмайсиз деб даъво қиляпти. Худога садоқатсиз бўлишимиз учун Шайтон бизни йўлдан оздирмоқчи. Қандай қилиб?

16. а) Одамларни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатиш учун Шайтон қандай усулларни қўллайди? б) У шахсан сизга қай йўсин тўсқинлик қилиши мумкин?

16 Худонинг дўсти бўлишимизга тўсқинлик қилиш учун Шайтон турли усуллардан фойдаланади. У «шердай бўкириб» ҳужум қилиши мумкин, чунки унинг мақсади «бирор кимни ютиб юбориш». (1 Бутрус 5:8) Масалан, дўстларингиз, қариндошларингиз ва бошқалар Муқаддас Китобни тадқиқ қилишингизга ҳамда ўрганганларингизга риоя қилиб яшашингизга тўсқинлик қилишса, ҳайрон бўлманг. Шундай пайтда ҳамма сизга қаршидай туюлиши мумкин *. (Юҳанно 15:19, 20) Баъзан Шайтон «ўзини нурли фаришта қилиб» ҳам кўрсатади. У ҳийла ишлатиб, бизни Яҳовага итоатсизлик қилишга ундаши мумкин. (2 Коринфликларга 11:14) Бизни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатиш учун Шайтон яна бир усулни қўллайди. У бизга «Худога хизмат қилишга нолойиқман» деган фикрни сингдиришга уринади. (Ҳикматлар 24:10)

ЯҲОВАНИНГ АМРЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНГ

17. Нега Яҳовага қулоқ соламиз?

17 Яҳовага қулоқ солганимизда Шайтон ёлғончи эканини исботлаймиз. Итоаткор бўлишимизга нима ёрдам беради? Муқаддас Китобда: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун қувватингиз билан севинглар»,— дейилган. (Қонунлар 6:5) Яҳовани севганимиз учун Унга итоат этамиз. Яҳовага бўлган севгимиз кучайгани сайин, У айтган нарсаларнинг барини бажаришни истаймиз. Ҳаворий Юҳанно шундай деб айтган: «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас». (1 Юҳанно 5:3)

18, 19. а) Яҳова қайси ишларни нотўғри деб айтяпти? б) Яҳова қўлимиздан келмайдиган нарсани талаб қилмаслигини қаердан биламиз?

18 Яҳова қайси ишларни нотўғри деб айтяпти? Уларнинг айримлари ҳақида « Яҳова нафратланадиган ишлардан нафратланинг» номли рамкада ўқишингиз мумкин. Аввалига бу ишларнинг айримлари унчалик ҳам ёмон эмасдай туюлиши мумкин. Бироқ келтирилган Муқаддас Китоб оятларини ўқиб, улар устида фикр юритгач, Яҳованинг қонунларига бўйсуниш қанчалик оқилона эканини тушунасиз. Эҳтимол, ҳаётингизга айрим ўзгаришлар киритиш кераклигини кўрарсиз. Гарчи баъзан бундай йўл тутиш қийин бўлса-да, бу ўзгаришларни киритиб, Яҳованинг содиқ дўсти бўла оласиз. Бу эса сизга тинчлик ва бахтиёрлик келтиради. (Ишаё 48:17, 18) Бундай ўзгаришлар қилиш қўлингиздан келади.

19 Яҳова биздан ҳеч қачон қўлимиздан келмайдиган нарсани талаб қилмайди. (Қонунлар 30:11–14) Яқин Дўстимиз сифатида, У бизни ўзимиздан ҳам яхшироқ билади. У кучли ва заиф томонларимиздан хабардор. (Забур 103:14) Ҳаворий Павлус шундай деб ёзган: «Худо эса Ўз сўзига содиқдир ва дош бера олмайдиган даражада васваса қилинишингизга У йўл қўймайди. Аксинча, васваса пайтида чидай олишингиз учун иложини ҳам беради». (1 Коринфликларга 10:13) Яҳова тўғри ишларни қилишимиз учун куч ато этишига шубҳаланмасак ҳам бўлади. Қийинчиликларни енга олишингиз учун У «инсонларникидан устун турган кучни» ато этади. (2 Коринфликларга 4:7) Мушкул дамларда Яҳованинг ёрдамини ҳис қилгач, Павлус шундай деган: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан». (Филиппиликларга 4:13)

ЯҲОВА СЕВАДИГАН ИШЛАРНИ СЕВИНГ

20. Яҳованинг қайси фазилатларига тақлид қилишимиз лозим ва нега?

20 Агар Яҳованинг дўсти бўлишни истасак, У нотўғри деб айтаётган ишларни қилмаслигимиз керак. Аммо бу ҳаммаси эмас. (Римликларга 12:9) Аллоҳнинг дўстлари У севадиган нарсаларни севишлари лозим. Забур 15:1–5 (ўқинг) оятларда У нимани севиши ҳақида ёзилган. Яҳованинг дўстлари Унга тақлид қилиб, «севги, севинч, тинчлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш» каби фазилатларни намоён этишади. (Галатияликларга 5:22, 23)

21. Худога ёқадиган фазилатларни намоён этишни қай йўсин ўрганишингиз мумкин?

21 Ушбу гўзал фазилатларни намоён этишни қай йўсин ўрганишингиз мумкин? Муқаддас Китобни мунтазам ўқиб, тадқиқ қилсангиз Яҳова нималарни яхши кўришини билиб оласиз. (Ишаё 30:20, 21) Бундай қилганингиз сайин, Яҳовага бўлган севгингиз кучайиб боради. Севгингиз кучайгани сайин эса, Унга итоат этиш истагингиз ортади.

22. Яҳовага итоат этиш қандай натижа келтиради?

22 Ҳаёт тарзингизни ўзгартиришни эски кийимни ечиб ташлаб, янгисини кийиб олишга ўхшатса бўлади. Муқаддас Китобда «эски ўзлигингизни... ечиб ташлаб», «янги ўзликни кийиб» олишингиз кераклиги ҳақида айтилган. (Колосаликларга 3:9, 10) Ўзгаришлар қилиш осон бўлмаса-да, агар ортга чекинмасак ва Яҳовага итоат этсак, У бизга «буюк мукофот» беришни ваъда қиляпти. (Забур 19:11) Ҳа, Яҳовага итоат этишни танланг ва Шайтон ёлғончи эканини исботланг. Яҳовага келажакда мукофот олиш учун эмас, Уни чин дилдан севганингиз туфайли хизмат қилинг. Шунда Худонинг чин дўсти бўласиз!

^ абз. 16 Албатта, Муқаддас Китобни ўрганишингизга тўсқинлик қилаётган ҳар бир одамнинг ортида Шайтон тургани йўқ. Бироқ Шайтон «ушбу замонанинг худоси» бўлгани учун, бутун дунё унинг ҳукмидадир. Шунинг учун, кимдир Яҳовага хизмат қилишимизга тўсқинлик қилса, ҳайрон бўлмаймиз. (2 Коринфликларга 4:4; 1 Юҳанно 5:19)