Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

111- БОБ

Ҳаворийлар белги ҳақида сўрашади

Ҳаворийлар белги ҳақида сўрашади

МАТТО 24:3–51 МАРК 13:3–37 ЛУҚО 21:7–38

  • ТЎРТТА ШОГИРД БЕЛГИ ҲАҚИДА СЎРАЙДИ

  • БАШОРАТЛАРНИНГ I АСРДА ВА КЕЛАЖАКДА АМАЛГА ОШИШИ

  • ҲУШЁР ТУРИШИМИЗ КЕРАК

Сешанба, тушликдан сўнг. 11 нисон ўз ниҳоясига етяпти. Сўнгги кунлари Исо жуда банд. Унинг ер юзидаги фаолияти ҳам тугай деб қолди. Охирги пайтлари у кундузи маъбадда таълим берар, шаҳар ташқарисида эса тунарди. «Тонг саҳарда бутун халқ уни тинглаш учун маъбадга келарди». (Луқо 21:37, 38) Энди эса ҳаммаси ортда қолди. Ҳозир Исо тўртта ҳаворийси: Бутрус, Идрис, Ёқуб ва Юҳанно билан бирга Зайтун тоғида турибди.

Бу тўртта ҳаворий Исонинг олдига алоҳида келади. Улар маъбад билан нима бўлишини ўйлашяпти. Чунки бундан сал олдин у тош устида тош қолмаслигини башорат қилганди. Ҳаворийларнинг фикри-зикри бошқа нарсалар билан ҳам банд. Бир қанча вақт олдин Исо уларга: «Сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади»,— деб огоҳлантирганди. (Луқо 12:40) Шунингдек, у «Инсон Ўғли ошкор бўладиган кун» ҳақида гапирган. (Луқо 17:30) Буларнинг ҳаммаси Исонинг маъбад ҳақида айтган сўзлари билан боғлиқми? Ҳаворийлар жуда кўп нарсани билмоқчи. Улар: «Бизга айтинг-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сизнинг ҳозир бўлишингизни ва замон охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» — деб сўрашади. (Матто 24:3)

Эҳтимол, улар сал узоқда кўриниб турган маъбаднинг вайрон бўлишини назарда тутишгандир. Бундан ташқари, улар Инсон Ўғли ҳозир бўлишига доир тафсилотларни ҳам билишмоқчи. Балки улар «шоҳликни қўлга киритиш учун узоқ мамлакатга кетган» «асилзода бир одам» тўғрисидаги Исонинг масалини эслашгандир. (Луқо 19:11, 12) Тағин улар «замон охирлаб бораётганида» нималар бўлиши билан қизиқишади.

Исо батафсил жавоб бериб, Қуддус ва ундаги маъбад қачон вайрон қилинишини кўрсатадиган белги ҳақида айтади. Лекин у бу билан кифояланиб қолмайди. Ушбу белги келажакда яшайдиган масиҳийларга ҳам Исонинг «ҳозир бўлиш» вақти келганини ҳамда замон охирлаб бораётганини аниқлашга ёрдам беради.

Кейинги йиллар мобайнида ҳаворийлар Исонинг башорати амалга ошаётганини кўришади. Ҳа, башорат қилинган нарсалар улар ҳаётлигида рўёбга чиқа бошлайди. Шу йўсин, 37 йилдан сўнг, яъни мил. 70 йили Қуддус ва ундаги маъбад йўқ қилинганида, ҳушёр турган масиҳийлар омон қолишади. Лекин Исо башорат қилган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам мил. 70 йилгача ва шу йилнинг ўзидаёқ рўёбга чиқмайди. Унда Исо Шоҳ сифатида ҳозир бўлгани қайси белгидан кўринади? У ҳаворийларига жавобни айтади.

Исо «урушлар шовқинини ва урушлар хабарларини» ҳамда «халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилишини» каромат қилади. (Матто 24:6, 7) Шунингдек у: «Кучли зилзилалар юз беради, бир жойда, кейин бошқа жойда озиқ-овқат етишмовчилиги ҳамда ўлатлар бўлади»,— дейди. (Луқо 21:11) Исо шогирдларини огоҳлантириб: «Одамлар сизларга қарши чиқиб, таъқиб қилишади»,— деб айтади. (Луқо 21:12) Кўпларни йўлдан оздирадиган сохта пайғамбарлар пайдо бўлади. Қонунсизлик кўпаяди ва кўпларнинг севгиси совийди. Қолаверса, у айтганидай, «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади». (Матто 24:14)

Қайсидир жиҳатдан Исонинг башорати, Қуддус римликлар томонидан вайрон қилинишидан олдин ҳамда у вайрон қилинган пайтда амалга ошди. Қандай бўлмасин, Исо бу башорат кейинчалик кенг миқёсда амалга ошишини назарда тутган. Ушбу муҳим башорат бизнинг замонамизда амалга ошаётганини кўряпсизми?

Исонинг сўзларига кўра, у ҳозир бўлишининг яна бир белгиси, «вайронагарчилик келтирадиган жирканч нарса» пайдо бўлишидир. (Матто 24:15) Мил. 66 йили пайдо бўлган жирканч нарса «Қуддуснинг атрофида қароргоҳ қурган» Рим ҳарбийлари эди. Улар бутпарастликка хос штандартлари, яъни байроқлари билан келиб Қуддусни ўраб олишади ва шаҳарнинг баъзи деворлари тагини қазий бошлашади. (Луқо 21:20) Шундай қилиб, «жирканч нарса» туриши керак бўлмаган ерда — яҳудийлар муқаддас деб ҳисоблаган жойда туради.

Исо давом этиб шундай башорат қилади: «Ўшанда шунақанги буюк мусибат бўладики, дунё пайдо бўлганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди». Мил. 70 йили римликлар Қуддусни вайрон қилишади. Улар яҳудийларнинг муқаддас шаҳрию маъбадини забт этиб, юз минглаб одамларни ўлдиришади. Бу чиндан ҳам буюк мусибатдир. (Матто 4:5; 24:21) Бундай кенг миқёсли фожиа Қуддус ва яҳудий халқининг бошига ҳали тушмаган. Яҳудийлар асрлар мобайнида Худога маъбадда топиниб келишарди, энди эса бунинг ҳаммаси ўтмишда қолди. Шуниси эътиборлики, Исо башорат қилган сўзлар кейинчалик кенг миқёсда амалга ошади ва бу чиндан ҳам даҳшатли бўлади.

ОХИРЗАМОН ПАЙТИДАГИ ИШОНЧ

Исо ҳаворийларига Шоҳ сифатида ҳозир бўлиши ва замона охирлаб бораётганининг белгиси ҳақида ҳали ҳамма нарсани айтиб бермади. Шунингдек, у «сохта Масиҳлар» ва «сохта пайғамбарлар пайдо бўлади», деб огоҳлантиради. Исонинг сўзларига кўра, улар «иложи бўлса ҳатто танланганларни ҳам йўлдан оздиришга» уринишади. (Матто 24:24) Лекин танланганлар йўлдан озишмайди. «Сохта Масиҳлар» кўринарли тарзда пайдо бўлиши мумкин. Аммо Исонинг ҳозир бўлиши кўринмас бўлади.

Замонанинг охирида бошланадиган буюк мусибат ҳақида Исо яна шуларни айтади: «Қуёш қорайиб, ой нурини сочмай қўяди. Юлдузлар осмондан тушиб, самовий кучлар ларзага келади». (Матто 24:29) Ушбу даҳшатли сўзлар қандай амалга ошишини ҳаворийлар аниқ билишмайди, лекин бу ниҳоятда ваҳимали бўлишини тушунишади.

Қизиқ, бу даҳшатли воқеалар инсониятга қандай таъсир қилади? Исо шундай дейди: «Одамлар ер юзига келаётган ҳодисаларни кутиб, қўрқувдан адо бўлишади. Чунки самовий кучлар ларзага келади». (Луқо 21:26) Шубҳасизки, Исо инсоният тарихидаги қора кунларни тасвирлаяпти.

Лекин у ҳаворийларга Инсон Ўғли «куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан» келган ўша пайтда ҳамма ҳам фиғон чекмаслигини айтади. (Матто 24:30) Аллоҳ «танланган кишиларни» деб ҳаракатга тушишини Исо бундан олдин таъкидлаган эди. (Матто 24:22) Хўш, Исонинг содиқ шогирдлари бундай ваҳимали воқеаларга қандай муносабатда бўлишлари лозим? Исо уларга далда бериб: «Бу нарсалар юз бера бошлаганда, қоматингизни ғоз тутиб бошингизни кўтаринглар, зеро халос бўлиш вақтингиз яқинлашиб қолди»,— дейди. (Луқо 21:28)

Аммо башорат қилинган пайтда яшаётган Исонинг шогирдлари замон охирлаб бораётганини қандай аниқлай олишади? Исо анжир дарахтини мисол қилиб келтириб, шундай дейди: «Унинг шохлари кўкариб, барг чиқараётганидан ёз яқинлашганини биласизлар. Шунга ўхшаб, сизлар ҳам барча бу воқеаларни кўрганингизда, Инсон Ўғли яқин, эшик олдида турганини билинглар. Ишонаверинг, бу авлод ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси амалга ошади». (Матто 24:32–34)

Демак, шогирдлар белгининг турли хусусиятларини кўришганида, охират яқин эканини англаб етишлари керак. Исо ўша муҳим даврда яшайдиган шогирдларга мурожаат қилиб, қуйидагича насиҳат беради:

«У кун ва у соат ҳақида осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди. Фақатгина самовий Отам билади. Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли ҳозир бўлганида ҳам шундай бўлади. Тўфондан олдин, Нуҳ пайғамбар кемага киргунча, одамлар еб-ичишган, уйланиб, эрга тегишган. Аммо Тўфон келиб барини қириб ташламагунча, улар парво қилишмаган. Инсон Ўғли ҳозир бўлганида ҳам худди шундай бўлади». (Матто 24:36–39) Исо Нуҳ давридаги Тўфон оламшумул аҳамиятга эга бўлганини айтади. Охиратда ҳам худди шундай бўлади.

Исони Зайтун тоғида тинглаб ўтирган ҳаворийлар ҳушёр туриш муҳимлигини англашлари керак. У шундай дейди: «Ўзингизга диққат қилинглар, юракларингизни ортиқча егулик, ичкилик ва турмуш ташвишлари эгаллаб олмасин. Тағин ўша кун ногаҳон келиб сизларни тўрга илинтирмасин. Чунки ўша кун ер юзида яшовчи барчанинг бошига тушади. Шундай экан, юз берадиган бу воқеалардан омон қолиб, Инсон Ўғлининг олдида тура олиш учун, Аллоҳга доимо илтижо қилиб, ҳушёр туринглар». (Луқо 21:34–36)

Башорат қилинган воқеалар кичик миқёсда бўлмаслигини Исо яна бир бор тушунтиради. У бир неча ўн йил ўтиб содир бўладиган воқеалар ҳамда Қуддус ва яҳудий халқи ҳақида каромат қилмаяпти. Аксинча, унинг сўзлари «ер юзида яшовчи барчага» тааллуқлидир.

Исо шогирдларини огоҳлантириб, улар ҳушёр ва тайёр туришлари кераклигини айтади. Сўзлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш учун Исо қуйидаги мисолни келтиради: «Шуни билиб қўйингларки, ўғри кечаси соат нечада келишини уй эгаси билганида, ҳушёр туриб, уйига ўғри тушишига йўл қўймасди. Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади». (Матто 24:43, 44)

Бундан сўнг, шогирдлари келажакка аминлик билан қарашлари учун Исо сабаб келтиради. Унинг сўзлари амалга ошганида, ҳушёр турган «хизматкор» фаолият кўрсатишига ишонтиради. Буни тушунтириш мақсадида Исо ҳаворийлар тасаввур қила оладиган қуйидагича вазиятни келтиради: «Уйидагиларга ризқ-рўзни вақтида бериб туриш учун хўжайин улар устидан тайинлаган ишончли ва ақлли хизматкор ким? Хўжайин қайтиб келгач, хизматкорни ўз вазифасини бажараётган ҳолда кўрса, бу хизматкор нақадар бахтлидир! Ишонаверинг, хўжайин бор мол-мулкини унга ишониб топширади». Агар «хизматкор» ёвуз бўлиб, бошқалар билан ёмон муносабатда бўлса, хўжайин уни «қаттиқ жазога мубтало қилади». (Матто 24:45–51; Луқо 12:45, 46 ни солиштиринг.)

Бироқ Исо издошларининг айримлари ёвуз хизматкор каби йўл тутади деб айтмоқчи эмас. Унда Исонинг шогирдлари қандай сабоқ олишлари мумкин? У шогирдлари ҳушёр туриб, кўп меҳнат қилишларини хоҳлайди. Буни кўрсатиш учун Исо яна бир масал келтиради.