137- БОБ
Исони юзлаб инсонлар кўради
МАТТО 28:16–20 ЛУҚО 24:50–52 ҲАВОРИЙЛАР 1:1–12; 2:1–4
-
ИСО КЎПЛАРГА ЗОҲИР БЎЛАДИ
-
У ОСМОНГА КЎТАРИЛАДИ
-
ИСО 120 ТА ШОГИРДИНИНГ УСТИГА МУҚАДДАС РУҲ ЁҒДИРАДИ
Исо тирилгач 11 та ҳаворийси билан Жалиладаги бир тоғда учрашади. У ерга қарийб 500 та бошқа шогирд ҳам келади. Улардан баъзилари бошида шубҳаланган эди. (Матто 28:17; 1 Коринфликларга 15:6) Бироқ ҳозир Исо айтадиган сўзлар уларнинг ҳар бирини у тирик эканига ишонтиради.
Исо еру осмондаги бутун ҳокимиятни Худо унга топширганини тушунтиради. «Шунинг учун боринглар,— дейди Исо,— барча халқлардан шогирд тайёрланглар. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар». (Матто 28:18–20) Ҳа, Исо тирик! Бунинг устига, у хушхабар ваъз қилинишини хоҳлаяпти.
Исонинг барча издошлари — эркаклару аёллар ва болалар шогирд тайёрлашдек бир хил вазифа олмоқда. Тўғри, душманлар ваъз қилиш ва таълим бериш фаолиятини тўхтатмоқчи бўлишади, лекин Исо: «Аллоҳ менга еру осмондаги барча нарсани ишониб топширди»,— деб айтади. Бу издошлари учун нимани билдиради? Уларга шундай ваъда беради: «Замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан». Исо, ваъзгўйлик ишида иштирок этадиган ҳамма издошлари мўъжизалар қилади деб айтмаяпти. Аксинча, уларни муқаддас руҳ қўллаб-қувватлайди.
Исо тирилгач, шогирдлари уни «40 кун мобайнида» кўп маротаба кўришади. Гарчи улар уни танишмаса-да, у «ўзининг тирик эканини ишонарли далиллар билан» кўрсатади. Қолаверса, Исо «Худонинг Шоҳлиги ҳақида айтиб беради». (Ҳаворийлар 1:3; 1 Коринфликларга 15:7)
Эҳтимол, ҳаворийлар ҳали Жалилада бўлишганида Исо уларга Қуддусга қайтиш кераклигини айтади. У ҳаворийлар билан шаҳарда учрашганида қуйидагича деган эди: «Қуддусдан кетмай, сизлар мендан эшитган Отамнинг ваъдаси амалга ошишини кутинглар. Чунки Яҳё сувга чўмдирган эди, сизлар эса кўп ўтмай муқаддас руҳга чўмдириласиз». (Ҳаворийлар 1:4, 5).
Кейинчалик Исо ҳаворийлари билан яна кўришади. Уларни Зайтун тоғининг шарқий ёнбағридаги «Байтаниягача кузатиб боради». (Луқо 24:50) Исо кетиши тўғрисида гапирганларига қарамай, улар ҳалигача унинг Шоҳлиги қайсидир маънода ерда бўлади деб ўйлашади. (Луқо 22:16, 18, 30; Юҳанно 14:2, 3)
Ҳаворийлар Исодан: «Ҳазрат, ахир сиз Исроилда шоҳликни шу пайтда тикламайсизми?» — деб сўрашади. Исо шундай жавоб беради: «Отам Ўз ихтиёри билан белгилаган вақт ва муддатларни билишингиз шарт эмас». Сўнг улар нима қилишлари кераклигини у яна қуйидагича таъкидлайди: «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб, Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳаворийлар 1:6–8)
Ҳаворийлар тирилган Исо билан бирга Зайтун тоғида турган пайтда у осмонга кўтарила бошлайди. Булутлар туфайли у яқинда кўринмай қолади. Исо тирилгач, инсоний таналарда пайдо бўлган эди. Энди эса Исо инсоний танасини қолдириб руҳий шахс сифатида осмонга кўтарилади. (1 Коринфликларга 15:44, 50; 1 Бутрус 3:18) Содиқ ҳаворийлар уни кузатиб туришар экан, «ёнларида оқ либос кийган икки киши пайдо бўлади». Инсоний қиёфага кирган бу фаришталар: «Эй жалилаликлар, нега осмонга тикилиб қараб турибсизлар? Орангиздан осмонга олинган бу Исонинг кўкка кўтарилганини қандай кўрган бўлсангиз, у худди шундай қайтиб келади»,— дейишади. (Ҳаворийлар 1:10, 11)
Исо ўзига омманинг эътиборини жалб қилмай, ер юзини тарк этади. Унинг кетганини фақат содиқ издошлари кўришади. «У худди шундай», ўзига омманинг эътиборини жалб қилмай қайтиб келади. Фақат содиқ издошлари
у бошқараётган Шоҳ сифатида ҳозир бўлганини аниқлай олишади.Ҳаворийлар Қуддусга қайтади. Бир неча кун мобайнида улар ва бошқа шогирдлар, жумладан, «Исонинг укалари билан онаси Марям» бирга йиғилишади (Ҳаворийлар 1:14). Уларнинг ҳаммаси якдиллик ила ибодат қилишади. Масалан, яна 12 та ҳаворий бўлиши учун Яҳудо Ишқариётнинг ўрнига бошқа шогирдни танлаш ҳақида ибодат қилишади. (Матто 19:28) Улар бу киши Исонинг ишларини ва тирилганини кўрганлардан бири бўлишини исташади. Аллоҳнинг иродасини англаш ниятида қуръа ташланади. Бу Муқаддас Китобда қуръа ташлангани ҳақида айтилган сўнгги воқеа. (Забур 109:8; Ҳикматлар 16:33) Қуръа Маттияга тушади ва «уни 11 та ҳаворий қаторига» қўшишади. Эҳтимол, Маттия Исо ваъзгўйликка юборган 70 та шогирд орасида бўлгандир. (Ҳаворийлар 1:26)
Исо осмонга кўтарилганидан 10 кун ўтгач, мил. 33 йили яҳудийларнинг Ҳосил байрами бўлади. Тахминан 120 та шогирд Қуддусдаги болохонада йиғилади. Тўсатдан кучли шамол эсгандай бир шовқин келади-да, бутун уйни тўлдиради. Шогирдлар алангаланиб турган тилга ўхшаш бир нарсалар пайдо бўлганини кўришади ва улар ҳар бирининг устига биттадан тушади. Шогирдларнинг бари турли тилларда гапира бошлайди. Шу йўсин, Исо ваъда қилган муқаддас руҳни ёғдиради. (Юҳанно 14:26)