127- БОБ
Олий Кенгаш, сўнг Пилат ҳузурида
МАТТО 27:1–11 МАРК 15:1 ЛУҚО 22:66–23:3 ЮҲАННО 18:28–35
-
ЭРТАЛАБ ИСО ОЛИЙ КЕНГАШ ОЛДИДА
-
ЯҲУДО ИШҚАРИЁТ ЎЗИНИ ОСИШГА УРИНАДИ
-
ИСОНИ ПИЛАТНИНГ САРОЙИГА КЕЛТИРИШАДИ
Бутрус Исодан учинчи марта тонганида тун ўз ниҳоясига етаётган бўлади. Ўзларича суд уюштирган Олий Кенгаш аъзолари тарқалиб кетишади. Жума куни эрталаб, улар яна йиғилиб, эҳтимол, кечаси ноқонуний равишда уюштирган судга қонуний тус бермоқчи бўлишади. Исони Олий Кенгашга олиб келишади.
Ҳакамлар яна бир бор: «Масиҳ бўлсанг, бизларга очиғини айт»,— дейишади. Бироқ Исо уларга шундай дейди: «Айтганим билан барибир ишонмайсизлар. Сизларга савол берсам ҳам жавоб қайтармайсизлар». Лекин Исо жасорат ила Дониёр 7:13 да башорат қилинган шахс у эканига ишора қилиб: «Бундан буён Инсон Ўғли Қодир Аллоҳнинг ўнг томонида ўтиради»,— дейди. (Луқо 22:67–69; Матто 26:63)
Улар ўзиникидан қайтмай: «Демак, сен — Худонинг Ўғли экансан-да?» — деб сўрашади. Исо жавоб бериб: «Ўша мен эканимни ўзларингиз айтяпсизлар»,— дейди. Уларнинг фикрича, Исо Худога қарши гапиряпти ва бу уни қатл қилиш учун асосли сабаб бўла олади. «Бизга яна қандай шаҳодат керак?» — деб сўрашади улар. (Луқо 22:70, 71; Марк 14:64) Кейин Исони боғлаб, римлик ҳоким Понтий Пилатнинг олдига олиб боришади.
Эҳтимол, Яҳудо Ишқариёт буни кўради. У Исонинг маҳкум этилганини англаганида, виждони қийналади ва тушкунликка тушади. Лекин хатосига иқрор бўлиб, Худога мурожаат қилишнинг ўрнига, у 30 кумуш тангани бош руҳонийларга қайтариб бериш учун боради. У: «Мен беайб кишига хиёнат қилиб, гуноҳга қўл урдим»,— дейди. Улар эса: «Бизга нима, тағин ўзинг биласан!» — дейишади. (Матто 27:4)
Яҳудо 30 кумуш тангани маъбадга ташлайди-да, гуноҳига гуноҳ қўшиб жонига қасд қилмоқчи бўлади. У ўзини осиш ниятида дарахт шохига арқон боғлаганида, ҳойнаҳой, шох синиб кетади. Шунда Яҳудо тошларга йиқилади-да, қорни ёрилиб кетади. (Ҳаворийлар 1:17, 18)
Тонг саҳарда яҳудийлар Исони Понтий Пилатнинг саройига олиб келишади. Лекин улар ичкарига кирмоқчи эмас, чунки яҳудий бўлмаганлар билан яқин мулоқот уларни ҳаром қилади деб ўйлашади. Бу эса уларни 15 нисонда, Фисиҳ
байрамининг давоми бўлган Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи кунида таом тановул қилиш имконидан маҳрум этади.Пилатнинг ўзи уларнинг олдига чиқиб: «Бу одамга қарши қандай даъвоингиз бор?» — деб сўрайди. Улар: «Жиноятчи бўлмаганида, уни қўлингизга топширмаган бўлардик»,— деб жавоб беришади. Эҳтимол улар босим ўтказмоқчи бўлаётганини сезиб, Пилат: «Уни олиб кетиб, ўз қонунингиз бўйича ҳукм қилаверинглар»,— дейди. Исони ўлимга маҳкум қилиш ниятини билдириб, яҳудийлар: «Бизнинг ҳеч кимни ўлдиришга ҳаққимиз йўқ»,— деб жавоб беришади. (Юҳанно 18:29–31)
Улар Исони Фисиҳ байрами пайтида ўлдиришса, халқ орасида ғалаён кўтарилиши мумкин, сабаби кўпчилик Исони ҳурмат қилади. Лекин Рим ҳукуматига қарши чиққан кишини қатл қилишга римликларнинг ҳаққи бор. Шу боис, яҳудийларнинг нияти римликларни Исонинг айбдорлигига ишонтириб, қатл қилдиришдан иборат. Исони ўлдириш аслида уларнинг истаги бўлса ҳам, яҳудийлар беайб қолишга умид қилишади.
Дин раҳбарлари Исони Худога қарши гапирганликда айблашаётганини Пилатга айтишмайди. Улар янги айбловлар ўйлаб топиб шундай дейишади: «Бу одам [1] халқимизни йўлдан оздираётганини, [2] подшоҳга солиқ тўлашни ман этаётганини ва [3] ўзини Масиҳ, шоҳ деб атаётганини аниқладик». (Луқо 23:2)
Исо ўзини «шоҳ» деб атагани ҳақидаги гап Рим ҳукуматининг вакили бўлган Пилатни хавотирга солади. Шу боис, Пилат саройга қайтиб киради-да, Исони чақириб сўрайди: «Сен яҳудийларнинг шоҳимисан?» Бошқача қилиб айтганда, Исо ўзини «шоҳ» деб атагани билан подшоҳга қарши чиқиб, империянинг қонунини бузган-бузмаганлигини билмоқчи. Эҳтимол, Пилат у ҳақда нималарни эшитганини билиш ниятида Исо: «Буни ўзингиздан гапиряпсизми ёки сизга бошқалар айтдими?» — дея сўрайди. (Юҳанно 18:33, 34)
Исо ҳақида ҳеч нарсани билмаслигини, лекин билиш истаги борлигини кўрсатиб, Пилат: «Мен яҳудий эмасман»,— дейди ва шундай қўшиб қўяди: «Ўз халқинг ва бош руҳонийлар сени қўлимга топширишди. Ўзи сен нима қилиб қўйгансан?» (Юҳанно 18:35)
Исо шоҳлик ҳақидаги асосий мавзудан узоқлашишга ҳаракат қилмайди. Унинг жавоби римлик ҳоким Пилатни ҳайратга солгани шубҳасиз.