107- БОБ
Шоҳ одамларни никоҳ тўйига таклиф этади
-
НИКОҲ ТЎЙИ ҲАҚИДАГИ МАСАЛ
Исонинг хизмати ўз якунига етяпти. У уламолару бош руҳонийларни фош этадиган мисолларни келтиришни давом эттиради. Шунинг учун улар уни ўлдирмоқчи бўлишади. (Луқо 20:19) Лекин Исо уларни фош қилишдан тўхтамайди. Уларга қуйидаги масални келтиради:
«Осмон Шоҳлиги, ўғлига никоҳ тўйи қилиб берган подшоҳга ўхшайди. У тўйга таклиф этилган одамларни чақиртириш учун хизматкорларини юборибди, лекин улар келишни хоҳлашмабди». (Матто 22:2, 3) Исо масалини «Осмон Шоҳлиги» ҳақида гапириш билан бошлайди. Мантиқан шундай хулоса қилиш мумкинки, «подшоҳ» — Яҳова Таоло. Қизиқ, подшоҳнинг ўғли ва хизматкорлари ким экан? Подшоҳнинг ўғли — Яҳованинг Ўғли ва у ҳозир бу масални айтиб беряпти. Таклиф этилган одамлар — Ўғил билан бирга Осмон Шоҳлигида бўладиганлар.
Биринчи бўлиб кимларни таклиф этишди? Исо ва ҳаворийлар Шоҳлик ҳақидаги хабарни кимга ваъз қилиб келишяпти? Яҳудийларга. (Матто 10:6, 7; 15:24) Мил. авв. 1513 йилда Худо бу халқ билан аҳд қилган. Демак, «руҳонийлар шоҳлиги» бўлиш имкониятига биринчи навбатда исроилликлар эга эди. (Чиқиш 19:5–8) Бироқ уларни «тўйга» қачон таклиф қилишган? Мантиқан олиб қараганда, бу таклиф мил. 29 йилда, яъни Исо Осмон Шоҳлиги тўғрисида ваъз қила бошлаганида янграган.
Аксарият исроилликлар бу таклифга қандай муносабат билдирди? Исо айтганидек, «улар келишни хоҳлашмади». Умуман олганда, дин раҳбарлари ва халқ уни Масиҳ ва Худо тайинлаган Шоҳ сифатида қабул қилишмади.
Аммо таклифни қабул қилиш учун яҳудийларда яна бир имкон борлигини Исо қуйидагича айтади: «Шунда у [шоҳ] бошқа хизматкорларини жўнатиб, шундай дебди: “Таклиф этилганларга айтиб қўйинглар: “Мен дастурхон ёзиб, буқаю бўрдоқиларимни сўйдим. Ҳаммаси тайёр. Никоҳ базмига келинглар”. Бироқ улар парво қилмай, бири даласига борибди, иккинчиси олди-сотди қилишга кетибди. Матто 22:4–6) Бундай ҳолат масиҳийлар жамоати ташкил топган пайтга тўғри келади. Ўша пайтда ҳам яҳудийлар Шоҳликка кириш имконига эга эди, аммо кўплари бу таклифни менсимади ва ҳатто «шоҳнинг хизматкорларига» нисбатан ёмон муносабатда бўлишди. (Ҳаворийлар 4:13–18; 7:54, 58)
Бошқалари эса шоҳнинг хизматкорларини ушлаб, уларни уриб ўлдиришибди». (Оқибатда Исроил халқи билан нима бўлди? Исо қуйидагиларни айтади: «Шунда шоҳ ғазабга миниб, аскарларини юборибди-да, шу қотилларни ўлдириб, ўша шаҳарга ўт қўйибди». (Матто 22:7) Яҳудийлар бунга мил. 70 йили дуч келишди. Ўшанда римликлар «ўша шаҳарни», яъни Қуддусни вайрон қилишди.
Улар таклифни қабул қилишмагани, энди ҳеч ким таклиф этилмаслигини англатадими? Йўқ. Исо қуйидагича давом этади: «Кейин у [шоҳ] бошқа хизматкорларига шундай дебди: “Никоҳ базми тайёр, аммо таклиф этилганлар бунга лойиқ эмас. Шундай экан, катта кўчаларга бориб, йўлингиздан чиққан барчани никоҳ базмига таклиф қилинглар”. Шоҳнинг хизматкорлари кўчага чиқиб, йўлида учраганларнинг барчасини — яхшию ёмонни чақиришибди. Хуллас, тўйхона меҳмонларга тўлибди». (Матто 22:8–10)
Шуниси эътиборга лойиқки, кейинчалик ҳаворий Бутрус бошқа халқлардаги одамлар масиҳий бўлишига ёрдам беради. Улар на яҳудийлар, на яҳудий динига кирганлар бўлишади. Мил. 36 йили римлик юзбоши Корнилий ва уйдагиларининг устига Худонинг муқаддас руҳи ёғилади ва улар Исо айтган Осмон Шоҳлигига кириш имконига эга бўлишади. (Ҳаворийлар 10:1, 34–48)
Исо базмга келганларнинг ҳаммаси ҳам охир-оқибат «шоҳга» мақбул келмаслигини таъкидлаб, шундай дейди: «Шоҳ меҳмонларнинг олдига кирганида, тўй кийимида бўлмаган битта одамни кўриб қолибди. Сўнг унга савол берибди: “Дўстим, сиз қанақасига бу ерга тўй кийимисиз кирдингиз?” У эса индамабди. Шунда шоҳ хизматкорларига буюриб, шундай дебди: “Оёқ-қўлларини боғлаб, уни ташқарига, зулматга ташлаб юборинглар. Ўша ерда у йиғлаб, тишларини ғижирлатади”. Ҳа, таклиф этилганлар кўп, лекин танланганлар оз».(Матто 22:11–14)
Исони тинглаётган дин раҳбарлари, эҳтимол, у нима демоқчи эканини охиригача тушунишмаётгандир. Қандай бўлмасин, улар жудаям норози ва уларни фош қилаётган бу кишидан қутулишга қарорлари қатъий.