Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- ҚИСМ

Худони яқиндан таниб-билиш

Худони яқиндан таниб-билиш

БИРОР бир маслаҳатга муҳтож бўлсангиз ишончли кишига мурожаат этмайсизми? Маслаҳатнинг фойдалилигини аввалига тушунмасангиз ҳам, албатта унга риоя қиласиз. Бордию Муқаддас Китобдаги маслаҳатлардан фойдаланмоқчи бўлсангиз унинг Муаллифи билан танишишингиз лозим. Бундан ташқари сиз Унинг «дўсти» бўла оласиз! (Ёқуб 2:23).

Худонинг исми Ишаё китобининг ибронийча матнида учрайди.

2 Бирор киши билан дўстлашмоқчи бўлсангиз аввало унинг исмини суриштириб кўрасиз. Муқаддас Китоб Муаллифи бўлмиш Худонинг исми борми? У: «Мен Яҳоваман. Бу менинг исмимдир; иззатимни бошқа ҳеч кимга, мақтовимни эса ўйма бутларга бермайман»,— деб эълон қилди (Ишаё 42:8, ЯДТ). Демак, Худонинг исми — Яҳова. Бу исм иброний тилида יהוה ҳарфлар билан ёзилиб (ўнгдан чапга ўқилади), Таврот билан Забурнинг асл нусхаларида тахминан 7 000 маротаба учрайди. Худонинг исми «У бўлдиради» деган маънони англатади, бошқа сўзлар билан айтганда Яҳова ниятларини амалга ошириш учун, ким бўлишни истаса — Ўша бўлади. Бундан ташқари, грамматик шаклда тузилган мазкур исм иброний тилида тугалланмаган ҳаракатни англатади. Қайси маънода? Бу дегани, Яҳова қилган ниятларига яраша, ўтмишдан тортиб ҳозирги кунгача ким бўлишни истаса — Ўша бўлиб келмоқда. У қандайдир бир номаълум қудрат эмас, балки Барҳаёт Тангридир!

3 Яҳова Яратувчидир (Ибтидо 1:1). У «ер, осмон, денгиз ва ундаги ҳамма нарсани яратган» (Ҳаворийлар 14:15). У барча нарсани, шунингдек биринчи инсон жуфтини — Одам Ато билан Момо Ҳавони яратган. Шунга кўра Худойи Таоло «ҳаёт манбаидир» (Забур 35:10). Яна У ҳаётни сақлаб турувчидир. У «Ўзини доимо ошкора қилиб келган. Осмондан ёғингарчилик ва серҳосил мавсумлар бериб, ризқ-рўзингизни таъминлаб, юракларингизни бахт-саодатга тўлдириб, сизларга эзгулик қилиб келган» (Ҳаворийлар 14:17). Африкада ҳамда Осиёда яшаётганларнинг кўплари, аждодларимиз бизни дунёга келтирган, деб уларга сиғинишади. Улар, ҳаётни берган ва таъминлаб турган, шунингдек биринчи инсон жуфтини яратиб уларга кўпайиш қобилиятини берувчи Кимсага янада миннатдор бўлишлари керак эмасми? Мазкур омиллар бизни ҳамдлар айтишга ундайди: «Ё Раббимиз, ё Худойимиз! Сен шон-шуҳрат, иззат-икром, куч қудратни эгаллашга лойиқсан. Зеро Сен бутун борлиқни яратдинг, ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди» (Ваҳий 4:11).

4 Муқаддас Китоб орқали сиз Парвардигоримиз Яҳова билан яқиндан танишиб, Унинг қандай Худо эканлигини била оласиз. Инжилда «Худо севгидир» деб айтилган (1 Юҳанно 4:16; Чиқиш 34:6, 7). Муқаддас Китобни ўқисангиз, Худо қанчалик меҳрибон эканлигига кўпгина тасдиқлар топасиз. Яратувчингизни яқиндан билиш учун, Муқаддас Китобни ўқиш одат тусига киритинг. Бу китобни яхши биладиган инсонларнинг ёрдами билан, уни синчиклаб ўрганиб боринг (Ҳаворийлар 8:26-35). Шунингдек, У ёвузликнинг доим ҳукмронлик қилишига йўл қўймайдиган, одил Худо эканини билиб оласиз (Амрлар 32:4). Ҳам меҳрибон, ҳам адолатли бўлиш инсон учун осон эмас, аммо Яҳова шу хислатларни донолик билан мужассамликда тута олади (Римликларга 11:33; 16:27). У Қодир Тангри бўлганлиги учун, барча ниятларини амалга оширишга қудрати етади (Ибтидо 17:1). Муқаддас Китобдаги доно маслаҳатларни қўллаб кўринг, ўшанда улар қанчалик фойдали эканлигини фаҳмлайсиз ва Эгамизга миннатдорчилигингиз янада ошади.

Ибодат қилиб Яҳовага яқинлашишни истайсизми?

5 Худога шунингдек ибодат орқали яқинлашиш мумкин. Раббимиз Яҳова ибодатларни эшитади (Забур 64:3). «Худо биз сўраган ёки хаёл қилганимиздан ҳам ортиғини бажаришга ғоят даражада қодирдир» (Эфесликларга 3:20). Агар дўстингиз фақат ўзига зарур бўлган чоғда мурожаат этса, бундай «дўст» ҳақида сиз қандай фикрда бўлар эдингиз? Эҳтимол бу сизга ёқмас эди. Шу боис, ибодатимизда нафақат илтижолар билан, балки шукроналар билан Худони улуғлаш, биз учун катта шарафдир (Филиппиликларга 4:6, 7; 1 Салоникаликларга 5:17, 18).