Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

6- ҚИСМ

Одам меваси — фарзанд

Одам меваси — фарзанд

«Ўғиллар Эгамиздан меросдир» (Забур 126:3).

Эр-хотин учун бола туғилиши ҳам қувонч, ҳам ташвиш келтириши мумкин. Яқинда фарзанд кўрган ота-она, энди вақти ва кучининг кўпи асосан боласига ғамхўрлик қилишга кетаётганидан ажабланишлари мумкин. Уйқуга тўймаслик ва ҳиссий ўзгаришлар муносабатларини таранглаштириши ҳеч гап эмас. Эру хотин фарзандига ғамхўрлик қилиши ва никоҳи мустаҳкам бўлиши учун мослашишига тўғри келади. Қандай қилиб Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар қийинчиликларни енгишга ёрдам беради?

1 ЎЗГАРИШЛАРГА ТЎҒРИ МУНОСАБАТДА БЎЛИНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Севги узоқ сабрли ва меҳрибондир... ўз манфаатини кўзламайди, аччиқланмайди» (1 Коринфликларга 13:4, 5). Ёш онанинг бутун фикр-хаёли чақалоғида бўлиши табиий ҳол. Аммо эри ўзини кераксиз деб ҳис қилиши мумкин. Шунинг учун, хотин эри ҳам эътиборига муҳтож эканини унутмаслиги лозим. Хотин, сабр ва меҳр ила эри ўзини керакли ҳамда болага ғамхўрлик қилишда у ҳам ҳисса қўшаётганини ҳис этишига ёрдам бера олади.

«Сиз — эрлар, бундан буён ҳам хотинларингиз билан олган билимингизга яраша муомала қилинглар» (1 Бутрус 3:7). Рафиқангиз кўп кучини болага сарфлаётганини тушунсангиз яхши бўларди. Унинг янги масъулиятлари пайдо бўлгани учун, бундан стресс ҳис қилиши, чарчаши ёки ҳатто тушкунликка тушиши мумкин. Вақт-вақти билан сизга ҳам жаҳл қилар, аммо бу вазиятда хотиржамликни сақлашга интилинг, чунки «жаҳлини тийган — қудратлидан... яхшироқ» (Ҳикматлар 16:32). Ақл-идрокни намоён этиб, жуфти ҳалолингиздан керакли ёрдамингизни аяманг (Ҳикматлар 14:29).

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Оталарга: Ҳатто тунда ҳам хотинингизга болага ғамхўрлик қилишда ёрдамлашинг. Рафиқангиз билан болангизга кўпроқ вақт ажратишингиз учун бошқа ишларга мўлжалланган вақтингизни қисқартиринг.

  • Оналарга: Эрингиз болага қарашда ёрдамини таклиф қилса, буни рад этманг. Агарда бирон ишни яхши эплай олмаётган бўлса, танқид қилишнинг ўрнига, унга хайрихоҳлик ила буни қандай тўғри қилиш мумкинлигини кўрсатинг.

2 МУНОСАБАТЛАРИНГИЗНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИНГЛАР

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? «Иккаласи бир тан бўладилар» (Ибтидо 2:24). Ҳатто оилангизга яна бир аъзо қўшилган бўлса ҳам, сиз ва умр йўлдошингиз «бир тан» эканингизни ёдда тутинг. Орангиздаги ришталар мустаҳкам бўлиб қолишига бор кучингиз билан тиришинг.

Азиз оналар, эрингизнинг ёрдамини ва қўллаб-қувватлашини қадрланг. Миннатдорлик сўзларингиз рамзий маънода «шифо беради» (Ҳикматлар 12:18). Эрлар, рафиқангизни қанчалик севиб қадрлашингизни айтинг. Уни оилага ғамхўрлик қилаётгани учун мақтанг (Ҳикматлар 31:10, 28).

«Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин» (1 Коринфликларга 10:24). Доимо умр йўлдошингизнинг манфаатларини ёдда тутинг. Ўзаро суҳбатлашишга, бир-бирингизни мақташга ва тинглашга вақт ажратинг. Жинсий муносабатларга келадиган бўлсак, нуқул ўз эҳтиёжларингизни кўзламанг. Жуфтингизнинг ҳам эҳтиёжларини инобатга олинг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Бундан бир-бирингизни маҳрум этманглар. Фақат ўзаро келишиб олинглар» (1 Коринфликларга 7:3–5). Ҳеч нарсани яширмай, буни бирга муҳокама қилинг. Сабрли бўлиб, тушунишга ҳаракат қилсангиз, муносабатларингиз мустаҳкам бўлади.

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Иккалангиз ҳоли қолишингиз учун вақт ажратишни унутманг.

  • Умр йўлдошингиз ўзини севимли ҳис қилиши учун, унга СМС юбориб ёки кичик совғалар қилиб туринг.

3 ЧАҚАЛОҒИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАНГ

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН? Ўтмишда Худонинг йўлида тарбияланган бир ёш йигит ҳақида шундай ёзилган: «Сен болалигингданоқ Муқаддас Ёзувларни ўргангансан. Бу Ёзувлар эса сени... доно қилиб, нажот бахш этади» (2 Тимўтийга 3:15). Чақалоғингизга таълим-тарбия бериш учун нима қилишингизни режалаштиринг. Бола ҳатто дунёга келмасидан олдин, ўрганиш каби ажойиб қобилиятга эга. Онанинг қорнида гўдак овозларнинг фарқига бориб, туйғуларни ҳис эта олади. Бола туғилиши биланоқ унга ўқиш керак. У ўқияётганларингизни тушунмаса-да, бу, болангиз катта бўлганида ўқиш ёқимли бўлишига ёрдам беради.

Болага Худо ҳақида чақалоқлигиданоқ гапириш эрта деб сира ҳам ўйламанг. У Тангри Яҳовага ибодат қилаётганингизни эшитсин (Қонунлар 11:19). Ҳатто болажонингиз билан бирга ўйнаётганингизда ҳам, унга Худонинг ижодлари ҳақида айтиб беринг (Забур 77:3, 4). Катта бўлгани сайин, сиз Яҳовани севишингизни англаб, ўзи ҳам Уни яхши кўришни ўрганади.

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР

  • Болангизни тарбиялаш учун алоҳида донолик сўраб ибодат қилинг.

  • Фарзандингизга асосий сўзлар ва фикрларни такрорлаб туринг, шунда у болалигиданоқ билим олишга ўрганади.