МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ
Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
-
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1958
-
МАМЛАКАТИ: ИТАЛИЯ
-
ЎТМИШДА: БАНДА АЪЗОСИ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ.
Мен асосан ишчилар истиқомат қилган Римнинг камбағал бир шаҳарчасида туғилиб ўсганман. Ҳаётим жуда оғир бўлган. Мен ойимни ҳеч қачон кўрмаганман, дадам билан эса муносабатларимиз яхши бўлмаган. Кўча мен учун ҳаёт мактаби бўлиб қолганди.
Ёшим ўнларда бўлганда, мен ўғриликка қўл уришни бошладим, ўн икки ёшимда эса илк бор уйдан қочиб кетдим. Дадам мени полиция участкасидан бир неча марта чиқарарди. Мен ҳаммага гап қайтариб, жуда қўпол ва дунёдаги барча одамларга ачиғғим келарди. Ўн тўрт ёшга тўлганимда уйни тарк этиб, наркотик истеъмол қилишни ва кўчада умр кечиришни бошладим. Тунашга жойим бўлмагани сабаб, мен бирон-бир машинани бузиб, ичига кириб саҳар эрталабгача ётиб ухлардим. Кейин уйқудан туриб, ювиниб олиш учун фаввора олдига борардим.
Ўғрилик қилишда маҳоратим ошиб борарди. Мен нафақат майда нарсаларни, балки кечаси хонадон ва ҳовли уйларга ҳам кириб, катта нарсаларни шилишда тажриба орттирардим. Муайян доираларда обрў орттирганим учун мени таниқли бир бандага таклиф қилишди. Ўша ерда менда «малакамни ошириш» имкони пайдо бўлди, яъни бизнинг кейинги мақсадимиз банклар эди. Қоним қайноқ бўлгани учун ўша банда аъзолари орасида тезда обрў орттиришга муваффақ бўлдим. Мен ўзим билан доимо тўппонча олиб юрардим, ҳатто ухлашга ётганимда ҳам, уни ёстиғим тагига қўярдим. Ҳаётим зўравонлик, наркотиклар, ўғрилик, ҳақоратли сўзлар ва ахлоқсизликдан иборат эди. Полиция ҳамиша изимдан юрарди. Мени бир неча марта ҳибсга олиб, қамоқхонага ўтқизишарди.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Бир марта озодликка чиққанимда холамдан хабар олишга қарор қилдим. Ўшанда, холам ва унинг иккита фарзанди Яҳованинг Шоҳидлари бўлиб қолишганидан хабар топдим. Улар мени ўзларининг жамоат йиғилишига таклиф қилишди. Мен у ерга шунчаки қизиқувчанлигим туфайли бордим. Йиғилиш Залига келганимизда, мен ҳамма келаётганларни
кўриш учун эшик олдида ўтиришни маъқул кўрдим. Ўшанда ҳам тўппонча ўзим билан бирга эди.Ўша учрашув ҳаётимни ўзгартириб юборди. Ҳамон ҳам эсимда мен ўшанда ўзимни бошқа сайёрага тушиб қолгандек ҳис қилгандим! Ўша ердаги одамлар мени илиқ табассум билан қарши олишарди. Уларнинг кўзларидан меҳр ва самимийлик ёғилиб турарди. Бу умуман бошқача бир дунё эди!
Шундай қилиб, мен Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошладим. Билим олганим сайин ҳаёт тарзимни бутунлайин ўзгартиришим кераклигини аниқ тушуниб етардим. Ҳикматлар 13- боб 20- оятидаги: «Доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади»,— деган маслаҳат қалбимга қаттиқ таъсир қилди. Шунда мен ўғрилар тўдаси билан алоқамни узишим кераклигини тушуниб етдим. Тўғри, бу осон бўлмаган, аммо Тангри Яҳованинг мадади билан бунинг уддасидан чиқдим.
Ҳаётимда биринчи марта қони қайноқ феълимни назорат қилишни ўргандим
Шунингдек, мен ҳар томонлама пок бўлишга қарор қилдим. Албатта, сигарет чекишни ва наркотикларни ташлаш учун кўп уриндим. Узун сочимни кесиб, қулоғимдаги сирғаларни ечиб, ҳақоратли сўзларни қўлламай қўйдим. Ҳаётимда илк бор хатти-ҳаракатларимни назорат қила бошладим.
Мен ўқишни ва таълим олишни ҳеч қачон ёқтирмасдим. Шу боис, Муқаддас Китоб тадқиқи давомида диққатли бўлиш мен учун қийин кечарди. Лекин мен роса ҳаракат қилардим. Аста-секин Тангри Яҳовага бўлган севги ўсиб борарди ва ичимдаги бир нарса ўзгаришни бошлади, яъни, виждоним уйғона бошлади. Мен ўзимдан кўпинча норози эдим ва одамларга қилган ёмонлигим учун Худованд Яҳова қачондир мени кечиришидан шубҳаланардим. Шундай пайтларда мен Муқаддас Китобдаги бир воқеани ўқирдим. Бу воқеа менга таскин берарди, чунки у ерда Тангри Яҳова ҳазрати Довуднинг оғир гуноҳларини кечиргани борасида ёзилган (2 Шоҳлар 11:1–12:13).
Мен учун қийин бўлган яна бир нарса бу, уйма-уй юриб хизмат қилиш эди (Матто 28:19, 20). Ўтмишда мен зиён етказган одамлардан кимнидир хизматимда учратишим мумкин, деган фикрдан қўрқардим. Аммо вақт ўтиб, қўрқувимни енга олдим. Мен бошқаларга раҳмдил Тангри Яҳова ҳақида билишга ёрдам бераётганимдан улкан қувонч ҳис қилишни бошладим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ.
Худованд Яҳова ҳақидаги билим ҳаётимни сақлаб қолди. Собиқ жўраларимдан кўпчилиги ҳаётдан кўз юмишган ёки қамоқда ўтиришибди. Менинг ҳаётим эса мазмунга тўла ва мен келажакка умид билан қараяпман. Бундан ташқари, мен камтарин ва итоаткор бўлишни ҳамда қони қайноқ феълимни назорат қилишни ўргандим. Бу эса самара келтирди, масалан, атрофимдаги кишилар билан бўлган муносабатим яхшиланди. Қолаверса, жозибадор турмуш ўртоғим Кармен билан бахтли умр кечиряпмиз. Биргаликда биз бошқаларга Муқаддас Китобни ўрганишда ёрдам бераётганимиздан бағоят хурсандмиз.
Ҳа айтганча, энди мен ҳалол ишчиман. Баъзида ишим банклар билан боғлиқ бўлади, фақат ҳозирги пайтда мен у ерга тўппончани эмас, балки челак ва латтани олиб бораман!