Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Исо пайғамбарнинг замонасида маъбаддаги хайр-эҳсонлар қандай қилинарди?

Маъбаддаги садақа қутиси хотинлар ҳовлисида жойлашган эди. Бир китобда ёзилишича, «атрофда қатор устунлар турган ва деворнинг рўпарасида ўн учта қути, яъни хайр-эҳсонлар солинадиган воронкасимон идишлар бор эди» («The Temple—Its Ministry and Services»).

Ушбу қутиларнинг қорни кенг, бўғзи эса ингичка бўлгани учун улар воронкасимон бўлган. Ҳар бир қути турли хайр-эҳсонлар учун мўлжалланган бўлиб, улардан олинган маблағ муайян мақсадларга сарфланарди. Исо алайҳиссалом хайр-эҳсон идишларига ҳадяларини солаётган кишиларни, шу жумладан, камбағал бева аёлни кузатиб ўтирганида хотинлар ҳовлисида эди (Луқо 21:1, 2).

Иккита қути, бири бу йилги, иккинчиси эса ўтган йилги маъбад солиғи учун эди. Учинчидан то еттинчигача бўлган қутиларга ғурраклар, каптарлар, ёғоч, хушбўй тутатқи ва тилла идишлар учун олинадиган эҳсонлар солинарди. Агар эҳсон қилган киши қўйилган нархдан кўпроқ маблағ ажрата олса, унда у қолган маблағни бошқа қутиларнинг бирига солиши мумкин эди. Гуноҳ қурбонлигидан ортиб қолган эҳсонларни саккизинчи қутига солиш керак эди. Тўққизинчидан то ўн иккинчигача бўлган қутиларга эса бирон-бир айб учун қилинган қурбонликдан, қушларнинг қурбонлигидан, назр қилинганларнинг қурбонлигидан ва шифо топган моховларнинг қурбонлигидан ортиб қолган маблағ солинарди. Ўн учинчи қути эса ихтиёрий хайр-эҳсонлар учун эди.

Муқаддас Китоб ёзувчиси Луқонинг тарихга оид маълумотлари ишончлими?

Луқо, ўз номи билан аталган хушхабар баёнотини ҳамда Ҳаворийларнинг фаолиятини ёзган. Луқонинг айтишича, у «бир бошдан ҳаммасини текширган», аммо баъзи илоҳиётшунослар унинг баёнотидаги маълумотнинг аниқлигини шубҳа остига қўйишган (Луқо 1:3). Хўш, Луқо ёзган маълумот қанчалик аниқликка эга?

Бу ёзувчи, исботи бор бўлган тарихий маълумотларни баён этган. Масалан, у, Филиппидаги шаҳар маъмурлари, Салоникадаги шаҳар бошлиқлари ва Эфесдаги ташкил этувчилар каби Рим амалдорларининг турли унвонларини ишлатган (Ҳаворийлар 16:20; 17:6; 19:31). Луқо, Ҳирод Антипани ҳамда Сергий Павлусни ҳам вилоят ҳокимлари деб атаган (Ҳаворийлар 13:1, 7).

Луқо унвонларни тўғри номлагани диққатга сазовор, чунки Рим империясининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганда амалдорларнинг унвонлари ҳам ўзгарган эди. Бироқ, «Ҳаворийлар рисоласида бу унвонларнинг такрор-батакрор тилга олиниши, ўша пайтга ва жойига мос келганининг исботидир»,— дейди Брюс Мецгер исмли илоҳиётшунос. Уильям Рэмсэй исмли бошқа илоҳиётшунос эса Луқони «олий тоифали тарихчи», деб атаган.