Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Ибодатни эшитгучи»

«Ибодатни эшитгучи»

Худога яқинлашинглар

«Ибодатни эшитгучи»

1 СОЛНОМАЛАР 4:9, 10

ТАНГРИ ЯҲОВА содиқ хизматчиларининг ибодатларига чиндан ҳам жавоб берадими? Муқаддас Китобда Ябес (Иабец) исмли киши билан бўлиб ўтган воқеадан Аллоҳ Яҳова чиндан ҳам «ибодатни эшитгучи» экани яққол кўринади (Забур 64:3). Ушбу қисқа маълумотни насабномалар рўйхати орасидан топиш мумкин. Келинг бу маълумотни кўриб чиқайлик (1 Солномалар 4:9, 10).

Ябес ҳақида атиги иккита оятда ёзилган холос. Шу оятларнинг бирида, Ябеснинг онаси уни азоб чекиб дунёга келтиргани тўғрисида айтилган (1 Солномалар 4:9) *. Нега онаси унга бундай исм қўйган? Ёки уни туғаётганда, одатдагидан кўпроқ азоб чекканми? Ё у ўша пайтда бева қолган бўлиб, боласи дунёга келганини отаси кўрмаганидан қайғурганми? Муқаддас Китобда бу ҳақда ҳеч нарса ёзилмаган. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, онаси ўғлидан фахрланишига сабаби бўлган. Ябес ростгўй одам бўлиб, акаларидан кўра кўпроқ ҳурмат қозонган.

Ябес тез-тез ва чин дилдан Худога ибодат қилиб турарди. У одатда ибодатини Тангрининг баракасини сўраш билан бошлаган. Бу воқеада эса, у Аллоҳдан учта нарсани сўраган. Бундан унинг имони кучли эканини кўрса бўлади.

Биринчидан, Ябес Худодан ўз ҳудудини кенгайтиришни ўтиниб сўраган (1 Солномалар 4:10). Бу ҳалол инсон қўшниларининг мол-мулкига кўз олайтириб, янада кўпроқ ерга эга бўлишни истамаган. Аслида унинг самимий илтимоси ерга эга бўлишга эмас, балки инсонларга тегишли бўлган. Ябес унинг ҳудудида тинчлик кўпайиб, бу туфайли Аллоҳга топинувчиларнинг сони ортишини сўраган *.

Иккинчидан, Ябес Тангрининг қўли у билан бўлиши ҳақида илтижо қилган. Худонинг рамзий қўли Унинг қудратини ифодалаб, у орқали Ўз хизматчиларини қўллаб-қувватлашини англатади (1 Солномалар 29:12). Ябес ибодатига жавобни Аллоҳдан кутган. Зеро у Худонинг имонлиларга нисбатан қўли қисқа эмаслигига ишонган (Ишаё 59:1).

Учинчидан, Ябес зарар кўрмаслик учун, уни фалокатлардан сақлашини Тангридан сўраган. Зарар кўрмаслик учун деганда, Ябес фалокатлар унинг бошига тушмаслигини эмас, балки ёвузлик ундан устун келишидан сақлашини назарда тутган.

Ябеснинг ибодати унинг ҳақ топинишга бўлган муносабатини, унинг имони ва ибодатни Эшитгучига умид боғлаганини яққол кўрсатди. Парвардигор Яҳова унга қандай жавоб қайтарди? Ушбу қисқача маълумотдан, Худо унинг ибодатини ижобат айлаганини билсак бўлади.

Ибодатни Эшитгучи ўзгармасдир. Унга хизматчиларининг ибодатлари мамнуният бахш этади. Аллоҳга ишониб, Унга умид боғлаётган кишилар қуйидаги сўзларда амин бўлишлари мумкин: «Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади» (1 Юҳанно 5:14).

[Изоҳлар]

^ Ябес исми «азоб» деган сўздан келиб чиққан.

^ Юқоридаги оятнинг қадимги бир таржимасига биноан, Ябес Худодан фарзандлар сўраб, шогирдларининг сонини орттиришни сўраган.