Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Нуҳнинг кемаси топилганми?

Нуҳнинг кемаси топилганми?

Нуҳнинг кемаси топилганми?

ВАҚТИ-ВАҚТИ билан оммавий ахборот воситаларида Нуҳ пайғамбарнинг кемаси қидириляпти, деган маълумот пайдо бўлади. Бунга бўлган қизиқувчанлик тушунарли! Чунки милоддан аввалги 2370–2369- йилларда ушбу баҳайбат кемада Нуҳ ўз оиласи билан буюк Тўфонда омон қолган ва агар кема топилса қадимги топилмалардан бири бўларди. Шунинг учун кемани топиш учун роса уринишган. Бироқ ҳали ҳануз уни топишмади. Бугунги кунга келиб бу мавзу тўғрисида кўп шов-шувлар тарқалган. Аммо уларга ишониш мумкинми?

Муқаддас Китобга биноан Нуҳнинг кемаси «Арарат тоғлиги устига келиб тўхтаб қолди» (Ибтидо 8:4). Машҳур Арарат тоғини ўз ичига олган Арарат вулқонли массив, Туркиянинг шарқий чеккасида, Эрон билан Арманистон чегараси яқинида жойлашган.

Кўп экспедицияларнинг натижасида, ҳозирча ўз тасдиғини топмаган, қизиқ-қизиқ ғоялар пайдо бўлди. Осмондан расмга олинган тасвирлар, қатронланган тахталар ва гувоҳларнинг завқланиб айтган ҳикоялари анча кишининг қизиқишини уйғотди. Янада кўпроқ далил топишга чорланган инсонларни ҳатто хавф-хатарлар тўхтата олмасди. Биринчидан, кема тўхтаган тахминий жой Арарат тоғининг денгиз сатҳидан деярли 4 600 метр баландда. Иккинчидан эса ушбу жойларда сиёсий беқарорлик дастидан экспедициялар учун рухсатнома олиш бир муаммодир.

Қандай бўлмасин, кемани топиш керак деган одамлар талайгина. Уларнинг фикрича, кема ҳалигача, йилнинг аксар пайтида муз билан қопланган Арарат тоғида ётибди ва уни фақат ёзнинг чилла мавсумида кўриш мумкин.

Кема тўғрисида қизиқишни шунингдек турли ҳикоялар уйғотиб турарди. Масалан биринчи асрнинг Иосиф Флавий исмли тарихшуноси, ундан олдин ҳам баъзи тарихшуносларга ишора қилиб, улар пайтида кема кўринганини ёзганди. Айтишларича, қатронланган тахта қисмларини одамлар ўзларига йиғиб олишаркан. Флавий ишора қилган тарихшунослардан бири, милоддан аввал учинчи асрда, қадимги Бобил шаҳрида яшаган Берос исмли ёзувчидир.

Йигирманчи асрнинг энг қизиқарли ҳикояни эса Жорж Хагопиан айтиб берганди. Унинг айтишича, болалигида у бир қариндоши билан нафақат тоққа, ҳатто кеманинг томига чиққан экан. Хагопиан 1972- йилда оламдан ўтган бўлса-да, унинг ҳикояси ҳали ҳануз одамларнинг дилидадир.

Имон учун асосми?

Кеманинг аниқ топилишига умид боғлаш мумкинми? Эҳтимол. Лекин ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Сабаби, Тавротда кема тўхтаган жой ҳақида тўғридан-тўғри ёзилмай, шунчаки «Арарат тоғлиги», деб айтилади.

Шубҳасизки тадқиқотчилар ва топилмаларнинг ишқибозлари Араратнинг энг юксак чўққиси тўғрисида ўйлашни бошлашди. Бироқ Муқаддас Китобнинг ҳеч бир оятида, Худо кемани атайин денгиз сатҳидан 5 000 метр баландда бўлган ва ҳамиша муз билан қопланган тоғнинг чўққисида тўхтатди, деб ёзилмаган *. Айтмоқчи, кема тоғда тўхтаганидан яна бир неча ой мобайнида Нуҳ ва оиласи ташқарига чиқишмаганди (Ибтидо 8:4, 5). Фақат ўйлаб кўринг, наҳотки барча ҳайворларга, альпинистлар каби тоғнинг энг юксак чўққисидан тушушига тўғри келган?! Дарҳақиқат, кема тўхтаган жой, тадқиқотчилар ўйлагандай унча тепада бўлмаган. Аммо Тавротнинг Ибтидо китобининг 8- боб, 4- ва 5- оятларидан келиб чиққандай, у шунингдек тоғнинг этагидай паст эмасди. Кема тўхтаган жой қаерда бўлмасин, асрлар оша кема бутун қолганига қанчалик гаров бера оламиз? Ахир табиий куч, иқлим, талон-тарож деган нарсалар бор-ку!

Қолаверса, кема топилишининг муҳимлиги ўта ошиб юборилган. Масалан бир экспедицияниниг раҳбари: «Бу топилма, миллионлаб инсонларнинг имонини мустаҳкамлайди... ва кўпларни имонга киритади»,— деб бўрттириб айтганди. 2004- йилда бўлган конференцияда эса ўша-ўша раҳбар кеманинг топилишини «Масиҳ тирилишидан кейин энг муҳим воқеа» сифатида белгилади. Қандай бўлмасин, унинг экспедицияси ҳалигача йўлга чиқмади.

Хўш, бу раҳбарнинг имон тўғрисида гаплари ростмикин? Муқаддас Китобга биноан, ҳақиқий имон кўзга кўринадиган ёки қўл билан тегизиладиган бирон бир нарсага боғлиқ эмас (2 Коринфликларга 5:7). Баъзилар умуман Таврот, Забур ва Инжилнинг ҳақиқийлигига ишонишмайди. Эҳтимол, агар кема топилсагина улар ишонишади деб ўйлаш мумкин. Лекин вақт кўрсатганидай бундай бўлиши амри маҳол. Исо алайҳиссалом, баъзиларни ҳеч нарса ишонтира олмаслигини, ҳатто ўлганлардан бирон ким тирилса ҳам, улар имонсиз бўлиб қолишларини айтган (Луқо 16:31).

Тўғри, имон учун ҳеч бир далил керак эмас, дея олмаймиз. Зеро имоннинг пойдевори мустаҳкам бўлиши шарт (Ибронийларга 11:1). Хўш, буюк Тўфон бўлганлигининг далиллари борми? Кенг тафаккурга эга бўлган одамлар учун бундай далиллардан бири Ҳазрати Исонинг сўзларидир. У киши шундай деганлар: «Нуҳ кемага кирган кунига қадар едилар, ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Ва тўфон келиб ҳаммани ҳалок қилди» (Луқо 17:26, 27). Ҳа, бу пайғамбарнинг гаплари ишончли далилдир. Аммо Исога буткул ишонишимиз мумкинми?

Муқаддас Китобга биноан, Исо Масиҳ ер юзига қилишидан олдин осмонда, Худонинг ҳузурида яшаган экан (Юҳанно 8:58). Шу сабаб, кема қандай қурилаётганини у ўз кўзлари билан кўрган. Энди ўйлаб кўринг, кимга ишонган бўлар эдингиз: Аллоҳнинг ҳузурида яшаган тирик гувоҳгами ёки муз билан қопланган тоғнинг чўққисида қандайдир ходаларни топишга интилаётган тадқиқотчиларгами? Хуллас, бундай нуқтаи назардан қарасак, Нуҳ пайғамбарнинг кемаси ҳам бўлган, бунга нисбатан имонимиз ҳам мустаҳкам.

[Изоҳ]

^ Бугунги кунда Арарат деб номланган тоғ, аслида вулқонлар дастидан пайдо бўлган, аммо 1840- йилда ўчган, жуда кенг тоғли жойдир. Унинг энг юксак чўққиси 5 165 метр баландда.

[29- саҳифадаги матн парчаси]

Буюк Тўфон бўлганлигининг далиллари борми?

[30- саҳифадаги матн парчаси]

Ҳазрати Исо деганлар: «Нуҳ кемага кирган»