Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

51-ҚЎШИҚ Ўзимизни Яҳовага бахш этдик!

Иккиланмай сувга чўминг

Иккиланмай сувга чўминг

Нега иккиланяпсиз? Ўрнингиздан туринг-да, сувга чўминг. (ҲАВОР. 22:16)

АСОСИЙ ФИКР

Самарияликлар, тарслик Шоул, Корнилий ва коринфликларнинг мисолларини кўриб чиқиб, сувга чўмиш учун керакли кучга эга бўлинг.

1. Сувга чўмиш кераклигининг баъзи сабаблари қандай?

 СИЗГА ҳар бир яхши ҳадяни ва энг муҳими, ҳаётни тақдим этган Тангри Яҳовани яхши кўрасизми? Унга бўлган севгингизни намоён этишни истайсизми? Бундай қилишнинг энг аъло йўли ўзингизни Унга бағишлаб, бунинг рамзи сифатида сувга чўмишдир. Ушбу қадамларни қўйиб, Яҳова оиласининг аъзоси бўласиз. Натижада Отангиз ва Дўстингиз сизга йўл кўрсатади ва Унга тегишли бўлганингиз учун ғамхўрлик қилади. (Заб. 73:24; Ишаё 43:1, 2) Шунингдек, бағишланиш ва сувга чўмиш абадий ҳаётдан завқланиб яшаш умидини беради. (1 Бутр. 3:21)

2. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

2 Эҳтимол, баъзи бир сабабларга кўра сувга чўмишга иккиланаётгандирсиз. Агар шундай бўлса, сиз ёлғиз эмассиз. Сиздан олдин миллионлаб инсонлар сувга чўмиш учун талабларга мос келиш мақсадида хулқ-атворини ва фикрлаш тарзини ўзгартирган. Ҳозир улар Яҳовага қувонч ва ғайрат ила хизмат қиляпти. Биринчи асрда сувга чўмган айрим кишилардан қандай сабоқлар олсак бўлади? Келинг, улар қандай қийинчиликларга дуч келганини ва улардан қандай ўрнак олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

САМАРИЯЛИКЛАР СУВГА ЧЎМГАН

3. Самарияликлар сувга чўмиш учун қандай тўсиқларга дуч келган?

3 Исонинг даврида самарияликлар диний мазҳабга тегишли бўлган. Уларнинг аксарияти Яҳудиянинг шимолидаги Шакам ва Самария шаҳарлари атрофида яшаган. Самарияликлар сувга чўмишдан олдин Худонинг Каломини қабул қилиб, ундан билим олишлари керак эди. Улар Муқаддас Китобнинг фақатгина илк бешта китобини — Ибтидодан Қонунларгача ва эҳтимол, Ёшуа китобини ҳам Худо томонидан илҳомлантирилган деб ҳисоблаган. Бундан ташқари, самарияликлар Қонунлар 18:18, 19 даги ваъдага кўра, Масиҳ келишини кутаётганди. (Юҳан. 4:25) Сувга чўмиш учун улар Исони ваъда қилинган Масиҳ сифатида тан олиши керак эди. «Кўп самарияликлар» шундай қилган. (Юҳан. 4:39) Аммо бошқалар самарияликлар ва яҳудийлар орасида чуқур илдиз отган юзхотирчиликни енгишига тўғри келгандир. (Луқо 9:52–54)

4. Самарияликлар Филипнинг сўзларига қандай муносабат билдирган? (Ҳаворийлар 8:5, 6, 14)

4 Самарияликларга сувга чўмишга нима ёрдам берган? Хушхабар воизи Филип у ердагиларга «Масиҳ ҳақида» ваъз қилганида, баъзи самарияликлар «Тангрининг каломини қабул» қилган. (Ҳаворийлар 8:5, 6, 14 ни ўқинг.) Филип яҳудий бўлишига қарамай, самарияликлар уни тинглаган. Эҳтимол, улар Худо юзхотирчилик қилмаслиги ҳақидаги оятларни эслагандир. (Қонун. 10:17–19) Улар Филипнинг Масиҳ ҳақида айтган «сўзларини диққат билан эшитган» ҳамда Филипни Худо юборганининг гувоҳи бўлган. Шунингдек, Филип кўпгина мўъжизалар кўрсатиб, касалларга шифо берган ва жинларни қувиб чиқарган. (Ҳавор. 8:7)

5. Самарияликлардан қандай ўрнак олишингиз мумкин?

5 Самарияликлар Филип яҳудий бўлгани ёки у айтган нарсаларни аввал эшитмагани учун уни рад этиши мумкин эди. Лекин улар бундай қилмади. Филип ҳақиқатни айтаётганига амин бўлгач, самарияликлар сувга чўмишга иккиланмаган. Муқаддас Китобда бу ҳақда шундай дейилган: «Худонинг Шоҳлиги ва Исо Масиҳнинг исми тўғрисидаги хушхабарни келтирган Филипга ишониб, эркаклар ҳам, аёллар ҳам сувга чўма бошлашди». (Ҳавор. 8:12) Худонинг Каломи ҳақиқат эканига ишонасизми? Яҳованинг Шоҳидлари Исонинг ҳақиқий издошлари намоён этиши керак бўлган севгини кўрсатаётганига аминмисиз? (Юҳан. 13:35) Шундай бўлса, қўрқмай сувга чўминг ва Яҳова сизга барака беришига амин бўлинг.

6. Рубеннинг мисолидан қандай фойда олишингиз мумкин?

6 Германиядан бўлган Рубен Яҳова Шоҳидларининг оиласида катта бўлган. Шунга қарамай, у ёшлигида Худо борлигидан шубҳаланар эди. Хўш, у шубҳаларини қандай енгди? Рубен бу ҳақда етарлича билимга эга эмаслигини тушуниб, кўпроқ билиб олишга қарор қилди. У шундай деб бўлишди: «Шахсий тадқиқда шубҳаларимни енгишга ёрдам берадиган маълумотларни изладим. Эволюция мавзусини бир неча марта тадқиқ қилишимга тўғри келди». Рубен «Ғамхўр Яратувчи бормикан?» номли китобни ўқиди. Бу китоб унга қаттиқ таъсир қилди. Ўшанда у: «Қойил! Яҳова мавжуд шахс экан»,— деди. Шунингдек, Рубен Бош идорамизга ташриф буюрганида, якдил умумжаҳон биродарлигимизга нисбатан севгиси янада ошди. Германияга қайтгач, у 17 ёшида сувга чўмди. Агар билиб олганларингиз борасида шубҳалансангиз, адабиётларимиздан изланиш ўтказинг. Шубҳаларни«аниқ билим» ёрдамида енгиш мумкин. (Эфес. 4:13, 14) Бундан ташқари, дунёнинг бошқа четларидаги Яҳованинг халқи орасидаги севги ва бирлик ҳақида эшитганингизда ва бунинг исботини ўз жамоатингизда кўрганингизда, умумжаҳон биродарлигимизга бўлган севгингиз кучаяди.

ТАРСЛИК ШОУЛ СУВГА ЧЎМГАН

7. Нега Шоул фикрлаш тарзини ўзгартириши керак эди?

7 Тарслик Шоулнинг мисолини кўриб чиқайлик. У яҳудий динида муваффақият қозонган бўлиб, зиёли яҳудий оиласидан келиб чиққан эди. (Галат. 1:13, 14; Филип. 3:5) Ўша пайтда яҳудийлар масиҳийларни муртад деб ҳисоблаган. Шунга Шоул уларни ғазаб ила таъқиб қилган. Ўшанда у «Худонинг иродасини бажаряпман» деб ўйлаган. (Ҳавор. 8:3; 9:1, 2; 26:9–11) Агар Шоул Исони тан олиб сувга чўмган масиҳий бўлишни истаса, таъқибларга дуч келишга тайёр бўлиши керак эди.

8. а) Шоулга сувга чўмишга нима ёрдам берган? б) Ҳаворийлар 22:12–16 га кўра, Ҳанания Шоулга қай йўсин ёрдам берган? (Расмга ҳам қаранг.)

8 Шоулга сувга чўмишга нима ёрдам берган? Ҳазрати Исо Шоулга кўринганида, у кўр бўлиб қолган. (Ҳавор. 9:3–9) У уч кун давомида рўза тутган ва шубҳасизки, бўлган воқеа тўғрисида мулоҳаза юритган. Ҳа, Шоул Исо Масиҳ эканига ва унинг издошлари ҳақ динда эканига ишонч ҳосил қилган. У Стефаннинг ўлимини маъқуллагани учун афсуслангани шубҳасиз. (Ҳавор. 22:20) Уч кундан сўнг Ҳанания исмли шогирд меҳр ила Шоулнинг ёнига келиб, унинг кўзларини очган ва уни иккиланмай сувга чўмишга ундаган. (Ҳаворийлар 22:12–16 ни ўқинг.) Шоул унинг ёрдамини камтарлик ила қабул қилган ва сувга чўмган. (Ҳавор. 9:17, 18)

Сизни ҳам сувга чўмишга ундашса, Шоул каби йўл тутасизми? (8-хатбошига қаранг.)


9. Шоулдан қандай ўрнак олишингиз мумкин?

9 Шоулдан ўрнак олишимиз мумкин. Мағрурлик ёки одамдан қўрқиш уни сувга чўмишдан тўхтатиши мумкин эди. Аммо у бунга йўл қўймаган. Шоул камтарлик ила Масиҳ ҳақидаги ҳақиқатни қабул қилиб, ҳаёт тарзини ўзгартиришга тайёр бўлган. (Ҳавор. 26:14, 19) У таъқибларга дуч келишини билса-да, қўрқмай масиҳий бўлган. (Ҳавор. 9:15, 16; 20:22, 23) Шоул сувга чўмганидан сўнг турли синовларга бардошли бўлиш учун Яҳовага таянишда давом этган. (2 Кор. 4:7–10) Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмсангиз, имонингиз синалиши ёки қаршиликларга дуч келишингиз мумкин. Бироқ шуни унутмангки, Худо ва Масиҳ бардошли бўлишингиз ҳамда садоқатли қолишингиз учун керакли ёрдамни беради. (Филип. 4:13)

10. Аннанинг мисолидан қандай фойда олишингиз мумкин?

10 Анна шарқий Европада улғайган. Онаси сувга чўмгач, у 9 ёшида отасининг рухсати билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаган. Лекин у билан бирга яшайдиган қариндошлари қаршилик кўрсатган. Улар эътиқодни ўзгартиришни шармандалик деб ҳисоблаган. Анна 12 ёшида отасидан сувга чўмиш учун рухсат сўраган. Отаси эса бу унинг шахсий қарорими ёки кимдир унга босим ўтказяптими, буни билиш мақсадида савол берган. Анна бўлса: «Мен Яҳовани яхши кўраман»,— деб жавоб берган. Шунда отаси унга сувга чўмишга рухсат берган. Сувга чўмганидан сўнг ҳам қариндошлари Аннани масхара қилган ва унга ёмон муомалада бўлган. Улардан бири унга шундай деган: «Яҳованинг Шоҳиди бўлганингдан кўра ахлоқсиз ҳаёт кечириб, тамаки чекканинг яхшироқ эди». Анна бунга қандай дош берган? У шундай деди: «Яҳова менга кучли бўлишга ёрдам берди. Ота-онам ҳам мени роса қўллаб-қувватлади». Анна ҳаётида Яҳованинг қўлини кўрган вазиятларни қайд қилиб туради. Яҳова унга қандай кўмаклашганини унутмаслик учун у вақти-вақти билан бу қайдларини ўқийди. Агар қаршиликлардан қўрқсангиз, Яҳова сизни ҳам ёрдамсиз қолдирмаслигини унутманг. (Иброн. 13:6)

КОРНИЛИЙ СУВГА ЧЎМГАН

11. Корнилийни сувга чўмишдан нима тўхтатиши мумкин эди?

11 Корнилийдан ҳам муҳим сабоқ олишимиз мумкин. У тахминан 100 та аскардан иборат Рим қўшининг юзбошиси бўлган. (Ҳавор. 10:1) Шунинг учун у жамиятда ва ҳарбийлар орасида катта мавқега эга бўлган бўлиши мумкин. У «халққа кўп садақа берар» эди. (Ҳавор. 10:2) Яҳова ҳаворий Бутрусни унга хушхабарни ваъз қилиш учун юборган. У мавқега эга бўлгани сабабли сувга чўмишга иккиланганми?

12. Корнилийга сувга чўмишга нима ёрдам берган?

12 Корнилийга сувга чўмишга нима ёрдам берган? Каломдан у «оиласи билан бирга Аллоҳга» топинганини билиб оляпмиз. Шунингдек, у Худога тинмай илтижо қиларди. (Ҳавор. 10:2) Бутрус Корнилийга хушхабарни ваъз қилганида, у ва бутун оиласи Масиҳга ишониб дарҳол сувга чўмган. (Ҳавор. 10:47, 48) Корнилий Яҳовага оиласи билан биргаликда топиниш учун керакли барча ўзгаришларни қилишга тайёр бўлган. (Ёшуа 24:15; Ҳавор. 10:24, 33)

13. Корнилийдан қандай ўрнак олишингиз мумкин?

13 Шоул каби Корнилий ҳам унинг мавқеи масиҳий бўлишига халақит беришига йўл қўймаган. Сувга чўмиш учун ҳаётингизга катта ўзгариш киритишингиз керакми? Агар шундай бўлса, Яҳова Ёрдамчингиз бўлади. У Муқаддас Китоб принциплари бўйича яшаш қарорингизга барака беради.

14. Суёшининг мисолидан қандай фойда олишингиз мумкин?

14 Япониядан бўлган Суёши сувга чўмиш учун ишида ўзгаришлар қилишига тўғри келган. У Икенобо гулдасталар ясаш мактаби директорининг ёрдамчиси бўлган. Директор дафн маросимларига бора олмаганида, Суёши унинг ўрнига Буддизм дини билан боғлиқ маросимларда қатнашарди. Бироқ у ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни билиб олгач, сувга чўмиш учун бу маросимларда қатнашишни тўхтатиши кераклигини тушунган. Шунда у уларда бошқа қатнашмасликка қарор қилган. (2 Кор. 6:15, 16) У бошлиғига қарори ҳақида айтган. Хўш, натижаси қандай бўлган? Бошлиғи унга маросимларда иштирок этмай ишда қолишига рухсат берган. Суёши Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганидан бир йил ўтиб сувга чўмган a. Агар сиз ҳам Худони мамнун қилиш учун ишингизда ўзгаришлар қилишингиз керак бўлса, У сизнинг ва оилангизнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишига амин бўлинг. (Заб. 127:2; Мат. 6:33)

КОРИНФЛИКЛАР СУВГА ЧЎМГАН

15. Коринфликларни сувга чўмишдан нима тўхтатиши мумкин эди?

15 Қадимги Коринф шаҳрида яшаган одамлар молпараст ва ахлоқсиз бўлган. У ерда яшаган кўпчилик Худо маъқулламайдиган ҳаёт тарзини кечирган. Шунинг учун бундай шаҳарда яшайдиганларга хушхабарни қабул қилиш қийин бўлган. Аммо ҳаворий Павлус бу шаҳарга келиб хушхабарни ваъз қилганида, буни «эшитган кўплаб коринфликлар... ишониб сувга... [чўмган]». (Ҳавор. 18:7–11) Кейин Ҳазрати Исо Масиҳ Павлусга ваҳийда кўриниб шундай деган: «Бу шаҳарда менга ишонадиган ҳали кўп одамлар бор». Шунинг учун Павлус у ерда яна бир ярим йил ваъз қилган.

16. Баъзи коринфликларга сувга чўмишга нима ёрдам берган? (2 Коринфликларга 10:4, 5)

16 Коринфликларга сувга чўмишга нима ёрдам берган? (2 Коринфликларга 10:4, 5 ни ўқинг.) Худонинг Каломи ва Унинг қудратли муқаддас руҳи уларга ҳаётида катта ўзгаришлар қилишга кўмаклашган. (Иброн. 4:12) Коринфдаги Масиҳ ҳақидаги хушхабарни қабул қилганлар ичкиликбозлик, ўғрилик ва зино каби ишлардан воз кечган. (1 Кор. 6:9–11) b

17. Коринфликлардан қандай ўрнак олишингиз мумкин?

17 Эътибор берган бўлсангиз, баъзи коринфликларда чуқур илдиз отган ёмон одатлар бўлган бўлса-да, улар масиҳий бўлиш жуда қийин, деган хулосага келмаган. Улар абадий ҳаётга етакловчи тор дарвозадан кириш учун зўр бериб ҳаракат қилган. (Мат. 7:13, 14) Сувга чўмиш учун ҳаётингизда катта ўзгаришлар қилиш мақсадида жон куйдиряпсизми? Қўлингизни туширманг, курашишда давом этинг! Ёмон иш қилиш истагини енгиш учун муқаддас руҳ сўраб Яҳовага илтижо қилинг.

18. Мониканинг мисолидан қандай фойда олишингиз мумкин?

18 Грузиядан бўлган Моника сувга чўмиш учун ёмон нутқдан ҳамда номаъқул нарсаларни тинглаш ва томоша қилишдан воз кечишга анча ҳаракат қилган. У шундай деди: «Сувга чўмишимдан аввал ибодат қилиш менга куч берарди. Яҳова тўғри ишларни қилишни исташимни биларди ва менга доим кўмаклашиб, йўл кўрсатарди». Моника 16 ёшида сувга чўмди. Яҳовага маъқул тарзда хизмат қилиш учун баъзи ишларни ташлашингизга тўғри келяптими? Агар шундай бўлса, Яҳовадан куч беришини сўрашда давом этинг. У албатта сизга муқаддас руҳини сахийлик ила беради. (Юҳан. 3:34)

ИМОНИНГИЗ БИЛАН ТОҒЛАРНИ КЎЧИРА ОЛАСИЗ

19. Тоғдай кўринган қийинчиликларни енгишингизга нима кўмаклашади? (Расмга ҳам қаранг.)

19 Сувга чўмишингизга халақит берадиган қандай тўсиққа дуч келаётганингиздан қатъи назар, Яҳова сизни севишига ва унинг оила аъзоси бўлишингизни хоҳлашига ишончингиз комил бўлсин. Исо бир нечта шогирдига шундай деган: «Агар имонингиз хантал уруғидай бўлса-ю, шу тоққа: “Бу ёқдан у ёққа кўч”,— десангиз, у кўчиб ўтади. Сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди». (Мат. 17:20) Бу гапларни эшитган шогирдлар Исо билан бор-йўғи бир неча йил бирга бўлишган. Шунинг учун уларнинг имони ҳали ўсиши керак эди. Исо шогирдлари етарлича имонга эга бўлса, Яҳова уларга тоғдай кўринган қийинчиликларни енгишга кўмаклашишини айтган. Яҳова сизга ҳам шундай қилишга ёрдам беришига амин бўлинг!

Яҳова сизни севишига ва унинг оила аъзоси бўлишингизни хоҳлашига ишончингиз комил бўлсин (19-хатбошига қаранг.) c


20. Бу мақолада келтирилган биринчи асрдаги ва бугунги кундаги масиҳийларнинг ўрнаги сизни нима қилишга ундади?

20 Агар сувга чўмишингизга нимадир халақит бераётган бўлса, ундан қутулиш учун дарҳол ҳаракат қилинг. Биринчи асрдаги ва бугунги кундаги масиҳийларнинг ўрнагидан куч ва тасалли олинг. Уларнинг ўрнаги ўзингизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмишга ундасин. Бу чиқаришингиз мумкин бўлган энг яхши қарор!

38-ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди

a Биродар Суёши Фужининг таржимаи ҳоли «Уйғонинг!» журналининг 2005 йил 8 август (рус) сонидаги 20–23 саҳифаларида келтирилган.

b jw.org сайтидаги «Нега сувга чўмишни ортга суряпсиз?» номли видеони томоша қилинг.

c РАСМГА ШАРҲ. Бир гуруҳ биродару опа-сингиллар эндигина сувга чўмганларни илиқ қарши олишяпти.