Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Кичкинтойларингизни Яҳовага хизмат қилишга ўргатинг

Кичкинтойларингизни Яҳовага хизмат қилишга ўргатинг

Ўша одаминг... келиб, бўлажак ўғлимизга нима қилишимиз кераклигини ўргатиб кетсин. ҲАК. 13:8

ҚЎШИҚЛАР: 5, 6

1. Ота бўлиши ҳақидаги хабарни эшитгач, Монувах қандай йўл тутди?

ТАСАВВУР қилинг, бир хотин эрига ҳаяжонли янгилик келтирди. Ушбу аёл бепушт эканини иккиси ҳам биларди. Аммо Яҳованинг фариштаси аёлга зоҳир бўлиб, иложсиздай туюлган нарса амалга ошишини айтди. Монувах ва хотини ўғилли бўлишар экан! Шубҳасизки, Монувах бахтиёр эди, бироқ шу билан бирга елкасига улкан масъулият юкланаётганини ҳам англарди. Қизиқ, халқда ёвузлик авжига чиққан бир пайтда, улар ўғлини қай йўсин Худо йўлида муваффақият ила вояга етказишади? Монувах Яҳовага ёлвориб: «Ўша одамингни [фариштангни] яна олдимизга юборишингни илтижо қилиб сўрайман. У келиб, бўлажак ўғлимизга нима қилишимиз кераклигини ўргатиб кетсин»,— деди (Ҳак. 13:1–8).

2. Болангизга таълим бериш, нимани ўз ичига олади? («Энг муҳим тадқиқ» номли рамкага қ.)

2 Агар ота-она бўлсангиз, Монувахнинг сидқидилдан қилган ўтинчи, сизга ҳам танишдир. Зеро, фарзандингиз Яҳовани таниб-билиши ҳамда севишига кўмаклашишдек, улкан масъулиятингиз бор (Ҳик. 1:8). Шундай экан, масиҳий ота-оналар оилавий топиниш дастури мазмунли ва самарали бўлишига интилишади. Албатта, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни болангизнинг онгига сингдириш учун, ҳар ҳафта оилавий тадқиқ ўтказишнинг ўзи кифоя эмас (Қонунлар 6:6–9 ни ўқинг). Фарзандингизга ҳақиқатни пайванд қилаётиб, дуч келадиган қийинчиликларни қандай енгишингиз мумкин? Бу ва келаси мақолаларда, ота-оналар Исонинг ўрнагига қай йўсин эргашишлари мумкинлигини муҳокама қиламиз. Исо фарзанд кўрмаган бўлса-да, шогирдларини севги, камтарлик ва фаҳм-фаросат ила ўргатиб, таълим берганидан ота-оналар фойда олишлари мумкин. Келинг, ушбу фазилатларни бирма-бир кўриб чиқайлик.

СЕВГИНГИЗНИ ИЗҲОР ЭТИНГ

3. Исо шогирдларига бўлган севгисини қандай намоён этган?

3 Исо шогирдларини севишини айтишдан уялмаган (Юҳанно 15:9 ни ўқинг). Шунингдек, улар билан яқиндан ва мунтазам мулоқот қилганида, меҳр-муҳаббатини намоён этган (Марк 6:31, 32; Юҳан. 2:2; 21:12, 13). Исо, улар билан шунчаки иш юзасидан алоқа қилмаган. Шунинг учун, шогирдлар Исо уларни чиндан ҳам яхши кўришида шубҳаланишмаган. Хўш, Исонинг таълим бериш усулига сиз қандай тақлид қила оласиз?

4. Болаларингизни севгингизга қай йўсин ишонтирсангиз бўлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

4 Болаларингизга уларни яхши кўришингизни айтиб туринг ва сиз учун қанчалик қадрли эканларини доим кўрсатинг (Ҳик. 4:3; Титус. 2:4). Австралияда яшовчи Самуэль қуйидагича бўлишди: «Кичиклигимда, дадам ҳар кеча менга “Муқаддас Китоб ҳикоялари”ни ўқиб берарди. Саволларимга жавоб бериб, мени қучоқларди ва ухлашимдан олдин ўпиб қўярди. Кейинроқ, дадам улғайган оилада қучоқлаш ва ўпиш одатий ҳол бўлмаганини билиб ҳайрон қолгандим! Шундай бўлса-да, у ўз севгисини изҳор этиш учун жон куйдирарди. Бу туфайли орамизда мустаҳкам ришталар боғланган ва ўзимни мамнун ҳамда хотиржам ҳис қилганман». Болажонларингиз ҳам ўзларини шундай ҳис этишлари учун, уларга тез-тез: «Сени яхши кўраман»,— деб туринг. Уларга меҳрингизни кўрсатинг. Улар билан гаплашинг, бирга овқатланинг ва ўйинлар ўйнанг.

5, 6. а) Исо севимли кишилари учун нималар қилган? б) Тўғри берилган тарбия болалар ўзини хавфсиз ва севимли ҳис қилишларига қай йўсин ёрдам беришини тушунтиринг.

5 Исо: «Менга азиз бўлган барчага танбеҳ бериб, тарбия қиламан» *,— деган (Ваҳ. 3:19). Ораларида ким буюкроқ экани ҳақида қайта-қайта баҳслашганларига қарамай, Исонинг шогирдларидан кўнгли қолмаган. Қолаверса Исо, улар маслаҳатига амал қилмаганларига ҳам эътиборсиз бўлмаган. У севги ҳамда юмшоқлик ила уларга ўз вақти ва ўрнида танбеҳ берган (Марк 9:33–37).

6 Жигарбандингизни тарбиялаш орқали, унга бўлган севгингизни кўрсатинг. Айрим ҳолларда, нега қайсидир йўл тўғри ёки нотўғри эканини тушунтиришнинг ўзи етарли бўлади. Бошқа пайт эса, бола айтганингизни қилмаслиги ҳеч гап эмас (Ҳик. 22:15). Бундай дамларда, Исога тақлид қилинг. Ўринли вақт ва жойда, болани севгию юмшоқлик ила тарбияланг. Шунда, уни сабр-тоқат билан йўналтирасиз, таълим берасиз ҳамда тузата оласиз. Жанубий африкалик Элайн шундай деди: «Ота-онам мени изчил равишда тарбиялаб келишган. Агар улар, ёмон хулқим нимага олиб келишидан огоҳлантиришганда, албатта бунга мувофиқ йўл тутишарди. Аммо улар менга ҳеч қачон ғазаб ила ёки нега ундай ё бундай йўл тутишаётганини тушунтирмай таълим-тарбия беришмаган. Натижада, ўзимни хавфсиз ҳис қилардим. Мен ўз ҳаддимни билардим ва мендан нима талаб этилишини тушунардим».

КАМТАРЛИКНИ НАМОЁН ЭТИНГ

7, 8. а) Исо ибодатларида камтарликни қандай намоён этган? б) Қандай қилиб ибодатларингиздан фарзандларингиз Худога таянишга ўрганишлари мумкин?

7 Исонинг шогирдлари, унинг сўнгги ибодатини эшитганда ёки кейинроқ буни билиб олганда кўнгилларидан нималар кечганини бир тасаввур қилинг. У шуларни айтган эди: «Абба, Ота! Сен ҳар нарсага қодирсан. Бу коса мени четлаб ўтсин. Лекин мен хоҳлагандек эмас, Сен хоҳлагандай бўлсин» * (Марк 14:36). Исонинг илтижосидан, Худонинг мукаммал Ўғли илоҳий кўмак сўраб, камтарлик ила ибодат қилган экан, шогирдлари ҳам шундай йўл тутишлари кераклигини билиб олганлари аниқ.

8 Ибодатларингиздан фарзандингиз нимани ўрганяпти? Тўғри, Яҳовага фақатгина болаларингизга таълим бериш ҳақида ибодат қилмайсиз. Лекин жигарбандларингизнинг олдида камтарлик ила ибодат қилганингизда, улар Яҳовага таянишга ўрганишади. Бразилияда яшовчи Анэ қуйидагиларни айтиб берди: «Муаммолар пайдо бўлганда, масалан, бува ёки бувимнинг мазаси қочиб қолса, ота-онам Яҳовага ибодат қилиб, вазиятни енгиш ва тўғри қарор чиқариш учун куч ҳамда донолик беришини сўрашарди. Ҳатто кучли босим остида бўлганларида ҳам, улар барча муаммоларни Яҳованинг қўлига топширишарди. Шу сабабли, мен ҳам Яҳовага таянишга ўрганганман». Болаларингиз билан ибодат қилаётиб, нуқул улар учун сўраманг. Яҳовадан ўзингиз учун ҳам ёрдам — масалан, анжуманга бориш учун бошлиғингиздан рухсат олишингизга, қўни-қўшнига ваъз қилишингизга жасорат беришини ёки бошқа соҳаларда кўмак сўранг. Камтарлик ила Аллоҳга таянинг ва кичкинтойларингиз ҳам бунга ўрганишади.

9. а) Исо шогирдларини бошқаларга камтарлик ила хизмат қилишга қандай ўргатган? б) Агар тайёрлик ила бошқаларга хизмат қилсангиз, болаларингиз нимани ўзлаштириб олишади?

9 Сўзларию намунаси билан Исо шогирдларини бошқаларга камтарлик ила хизмат қилишга ўргатган (Луқо 22:27 ни ўқинг). У, ҳаворийлари Яҳованинг йўлида фидоий бўлишлари ва имондошлари билан тўғри муомала қилишлари учун таълим берган. Камтарлигу фидокорлик борасида кўрсатган ўрнагингиз орқали, фарзандларингиз ҳам бу сабоқларни ўзлаштиришади. «Турмуш ўртоғим оқсоқол сифатида вақтини бошқаларга сарфлагани учун, асло рашк қилмайман. Шуни биламанки, оиламиз эримнинг эътиборига муҳтож бўлганда, у албатта вақт ажратган»,— деди икки фарзанднинг онаси Дебби (1 Тим. 3:4, 5). Унинг эри Пранас эса, қуйидагиларни қўшимча қилди: «Вақт ўтиб, болаларимиз анжуман билан боғлиқ ва бошқа маънавий ишларга киришиб кетишди. Улар маънан ўсишди, дўстлар орттиришди ва фойдаси тегаётганидан қувонишди». Ҳозир, бутун оила тўла вақтли хизматда иштирок этяпти. Ҳа, сиз камтарлик ва фидокорликни намоён этаётганингиздан, фарзандларингиз ҳам бошқаларга хизмат қилишни ўрганишлари эҳтимолдан йироқ эмас.

ФАҲМ-ФАРОСАТНИ КЎРСАТИНГ

10. Оломон Исони кўргани келганида, у фаҳм-фаросатни қандай кўрсатган?

10 Исо одамлар нима қилаётганига эмас, балки нега айнан бундай йўл тутаётганига диққат қаратган. Ҳа, у одамларнинг қалбидагини билиб, фаҳм-фаросатни кўрсатган. Бир сафар, Жалилада Исони тинглаган кишиларнинг айримлари унинг издоши бўлишни жуда истаётгандай туюлган (Юҳан. 6:22–24). Бироқ Исо, одамларни унинг таълимига қараганда, жисмоний озуқа кўпроқ қизиқтираётганини фаҳмлаган (Юҳан. 2:25). Муаммо нимада эканини англаб, Исо уларни сабр ила тузатган ва қай йўсин ўзгаришлари мумкинлигини тушунтирган (Юҳанно 6:25–27 ни ўқинг).

Фарзандингиз хизматни қизиқарли ва самарали деб биляптими? (11- хатбошига қ.)

11. а) Хизмат болангизга ёқиш-ёқмаслигини қандай аниқлашингиз мумкин? б) Воизлик хизмати фарзандингизга қизиқарли ва самарали бўлиши учун нима қилсангиз бўлади?

11 Қалбларни кўра олмасангиз-да, сиз ҳам фаҳм-фаросатни ишга солиб, болангиз ваъзгўйлик хизматига қандай муносабатда эканини билиб олишингиз мумкин. Аксарият ота-оналар воизлик хизмати давомида қисқа танаффуслар қилиб, болалари бироз дам олишларига ва тамадди қилишларига имкон беришади. Аммо узоқни кўра олишингиз учун, ўзингиздан шундай сўранг: «Боламга хизмат қувонч келтиряптими ёки фақат танаффусларми?» Агар фарзандингиз учун хизматни янада қизиқарли ва самарали қилиш кераклигини пайқасангиз, у билан бирга мақсадлар қўйинг. Масалага ижодий ёндашиб, у сизнинг тўлақонли ҳамкорингизга айланишига ёрдам беринг.

12. а) Қай йўсин Исо издошларини ахлоқсизликдан фаҳм-фаросат ила огоҳлантирган? б) Исонинг огоҳлантириши айни муддао бўлганини қаердан биламиз?

12 Шунингдек, гуноҳга етаклаши мумкин бўлган нуқсонларни аниқлаш орқали Исо фаҳм-фаросатни намоён этган. Мисол учун, унинг издошлари жинсий ахлоқсизлик нотўғри эканини билишган. Лекин Исо, ахлоқсизликка етаклайдиган қадамлар ҳақида огоҳлантириб, шундай деган: «Аёл кишига эҳтирос билан қараган, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади. Агар ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса, уни ўйиб ташланг» (Мат. 5:27–29). Ушбу сўзлар Рим бошқаруви остида яшаган масиҳийлар учун айни муддао бўлган. Бир тарихчининг ёзишича, Рим театр саҳналарида «беадаб нарсаларни кўриш ҳамда эшитиш мумкин эди ва томошабинлар айнан бундай саҳналар намойиш этилганида кўпроқ олқишлашарди». Шогирдларининг ахлоқан пок қолишларини қийинлаштирадиган нарсалар тўғрисида Исо севги ва фаҳм-фаросат ила огоҳлантиргани нақадар ажойиб-а?!

13, 14. Болаларингизни нопок ўйин-кулгилардан қандай ҳимоялай оласиз?

13 Фаҳм-фаросат болаларингизни маънавий зарардан ҳимоялашингизга ёрдам беради. Бугунги кунда, ҳатто ёш болалар ҳам порнография ва бошқа ахлоқсиз маълумотларга дуч келишмоқда. Тўғри, масиҳий ота-оналар болаларига нопок ўйин-кулгилар ёмон эканини айтишади. Аммо фаҳм-фаросат, бола қандай қилиб порнографияга қизиқиб қолиши мумкинлигини тушунишингизга кўмаклашади. Ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Боламни порнография томоша қилишга нима ундаши мумкин? Нега бу шунчалик хавфли эканини у тушуняптими? Агар порнография томоша қилиш васвасасига дучор бўлса, у ёнимга бемалол келиб, ёрдам сўрай оладими?» Ҳатто жигарбандларингиз ҳали кичик бўлишса-да, уларга: «Мабодо, ахлоқсиз веб-сайтга кўзинг тушиб қолса ва уни томоша қилиш истаги пайдо бўлса, илтимос, менга бу ҳақда айтишга тортинма. Уришиб беради деб қўрқма, чунки сенга ёрдам беришни хоҳлайман»,— дейишингиз мумкин.

14 Фаҳм-фаросат ўзингиз учун ўйин-кулги турини танлаётиб ҳам синчков бўлишга қўл келади. Юқорида тилга олинган Пранас шундай дейди: «Биз ота-оналар қайси мусиқа, фильм ёки китобларни маъқулласак, бу бутун оила учун йўналишни белгилаб беради. Сиз кўп нарсалар ҳақида анчагина гапиришингиз мумкин, бироқ болалар ишларингизни кузатиб, сизга тақлид қилишади». Агар фарзандингиз ҳордиқ чиқариш йўлларини диққат билан танлаётганингизни кўрса, бу уни ҳам шунга ўхшаш танлов қилишга ундаши мумкин (Рим. 2:21–24).

ИБОДАТИНГИЗ ИЖОБАТ БЎЛАДИ

15, 16. а) Болаларингизни тарбиялашда Худо кўмаклашишига нега амин бўлишингиз мумкин? б) Кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

15 Монувах ўғлини тарбиялашда ёрдам сўраганида, нима юз берди? «Монувахнинг ибодати ижобат бўлди» (Ҳак. 13:9). Азиз ота-оналар, Яҳова сизни ҳам эшитади. У ибодатларингизга жавоб бериб, фарзандларингизни тарбиялашга кўмаклашади. Буни севги, камтарлик ва фаҳм-фаросат ила қилсангиз, муваффақиятга эришасиз.

16 Яҳова жажжи болаларни яхши тарбиялашга ёрдам бергани каби, ўсмир фарзандлари бор ота-оналарни ҳам ташлаб қўймайди. Кейинги мақолада, ўсмир болангизни Яҳованинг йўлида катта қилаётиб, Исонинг севгиси, камтарлиги ва фаҳм-фаросатига қай йўсин эргашишингиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

^ 5- х.б. Муқаддас Китобга кўра, тарбиялашга севги ила йўналтириш, таълим бериш, тузатиш ва баъзан жазолаш ҳам киради. Лекин бу, сира жаҳл устида қилинмаслиги лозим.

^ 7- х.б. Бир энциклопедияда айтилишича, «Исо яшаган даврда оғзаки нутқда қўлланилган “абба” сўзидан, асосан бола отасига ҳам эркинлик, ҳам ҳурмат ила мурожаат қилганда фойдаланган» («The International Standard Bible Encyclopedia»).