Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Менинг шоҳидларим бўласизлар»

«Менинг шоҳидларим бўласизлар»

Исо уларга деди: «... Ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». ҲАВОР. 1:7, 8

1, 2. а) Яҳованинг энг таниқли шоҳиди ким? б) Исо исмининг маъноси қандай ва қай йўсин Худонинг Ўғли бу исмга мувофиқ ҳаёт кечирган?

ИСО МАСИҲ ҳибсга олинганда, Яҳудиянинг Рим ҳокими Понтий Пилатга жасорат ила шунда деб айтган: «Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик бериш учун туғилдим, ана шу мақсадда дунёга келдим» (Юҳанно 18:33–37 ни ўқинг). Йиллар ўтгач, ҳаворий Павлус «Понтий Пилатга очиқчасига шоҳидлик қилган Исо Масиҳнинг» жасоратли ўрнагини эслаб ўтган (1 Тим. 6:13). Нафратга тўлиб-тошган Шайтоннинг бу дунёсида ҳам, «ишончли ва ҳақиқий шоҳид» бўлиб қолиш гоҳида катта жасорат талаб этади (Ваҳ. 3:14).

2 Яҳудий халқининг аъзоси сифатида, Исо туғилганидан бери Яҳованинг шоҳиди бўлган (Ишаё 43:10). Чиндан ҳам, Исони тирилиши билан Худонинг исмини танитган энг буюк шоҳид деб айтса бўлади. Исо шунингдек, Аллоҳ унга берган исмининг маъносига ҳам жиддий ёндашган. Фаришта Исонинг ўгай отаси Юсуфга, муқаддас руҳ қудрати орқали Марям билан нима юз бергани ҳақида аён қилганида, қуйидагиларни ҳам қўшиб қўйган: «Хотининг ўғил кўради ва сен унинг исмини Исо қўясан, чунки у ўз халқини гуноҳларидан халос этади» (Мат. 1:20, 21, изоҳ). Илоҳиётшуносларнинг аксарияти, Исонинг исми ибронийчада Ёшуа бўлиб, илоҳий исмнинг қисқа  шаклини ўз ичига олади ва унинг маъноси «Яҳова халос этади» деб ҳисоблашади. Ўз исмининг маъносига мувофиқ тарзда, Исо «адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқига» ўз гуноҳларида тавба қилишга кўмаклашган. Шу йўсин, улар яна Яҳованинг марҳаматига сазовор бўла олишарди (Мат. 10:6; 15:24; Луқо 19:10). Бу мақсадда, Исо Худонинг Шоҳлиги тўғрисида зўр бериб шоҳидлик қиларди. Инжил ёзувчиси Марк қуйидагиларни таъкидлаган: «Исо Жалилага борди-да, ўша ерда Аллоҳнинг хушхабарини ваъз қилиб, деди: “Белгиланган вақт келди. Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилиб, хушхабарга ишонинглар”» (Марк 1:14, 15). Бундан ташқари, Исони устунга михлашга қўл урган яҳудий дин раҳбарларини ҳам у қўрқмай ҳукм қилган (Марк 11:17, 18; 15:1–15).

«АЛЛОҲНИНГ УЛУҒВОР ИШЛАРИ»

3. Исонинг ўлимидан уч кун ўтгач, нима содир бўлди?

3 Лекин ҳайратга соладиган ажойиб бир воқеа юз берди! Исонинг машаққатли ўлимидан уч кун ўтгач, Яҳова уни одам эмас, балки руҳий мавжудот сифатида тирилтирди (1 Бутр. 3:18). Бунинг тасдиғи ўрнида, Ҳазрати Исо инсон қиёфасига кириб, ҳаётга яна қайтганини яққол намоён этди. У тирилгач, турли шогирдларига камида беш маротаба зоҳир бўлди (Мат. 28:8–10; Луқо 24:13–16, 30–36; Юҳан. 20:11–18).

4. Исо шогирдларига зоҳир бўлганда, нима юз берди ва шогирдларига қандай масъулият юкланганлигини айтди?

4 Исо, ҳаворийлари ва улар билан бирга йиғилган бошқа кишиларга тирилганини кўрсатиш учун бешинчи маротаба зоҳир бўлди. Ўша унутилмас куни, Исо Худонинг Каломига асосланиб худди тадқиқ ўтказгандай эди. У «Муқаддас Ёзувларни тушунишлари учун шогирдларнинг зеҳнини очди». Шундай қилиб, шогирдлар у Тангрининг душманлари томонидан ўлдирилиши ва мўъжизавий тарзда тирилиши Худонинг Каломида башорат қилинганини тушунишган. Ўша муҳим учрашувнинг якунида, Исо уларга қандай масъулият юкланганлиги тўғрисида аниқ йўл-йўриқ берган. Қолаверса, Исо шундай деган: «Унинг исмига асосланиб, барча халқларга тавба қилиш ҳақидаги хабар ваъз қилинади. Қуддусдан бошлаб, сизлар буларнинг шоҳиди бўласизлар» (Луқо 24:44–48).

5, 6. а) Нега Исо: «Менинг шоҳидларим бўласизлар»,— деб айтган? б) Исонинг шогирдлари Яҳованинг ниятига тегишли қайси янги тафсилотларни билиб олишлари керак эди?

5 Шу йўсин, 40 кун ўтгач, Исо сўнгги маротаба зоҳир бўлганида, ҳаворийлари унинг содда ва шу билан бирга таъсирли қуйидаги сўзларини тушунишган: «Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар» (Ҳавор. 1:8). Хўш, нега Исо Яҳованинг эмас: «Менинг шоҳидларим бўласизлар»,— деб айтган? Гап шундаки, у мурожаат қилган инсонлар исроилликлар бўлишган ва ўша пайтнинг ўзида улар Яҳованинг шоҳидлари эдилар. Энди эса, улар Исонинг ҳам шоҳидлари бўлиши кутилган.

Исонинг шогирдлари сифатида, Яҳованинг келажак учун ниятини бошқаларга айтамиз (5-, 6- хатбошиларига қ.)

6 Исонинг шогирдлари Яҳова ният қилган мақсадининг янги тафсилотларини — Исроил халқининг Миср, кейинчалик эса Бобил қуллигидан халос бўлишдан ҳам муҳимроқ нарсаларни билиб олишлари керак эди. Исо Масиҳнинг ўлими ва тирилиши даҳшатли асирликдан, яъни гуноҳ ва ўлим қуллигидан қутилиш имконини яратади. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида Исонинг янги мойлаган шогирдлари одамларга «Аллоҳнинг улуғвор ишлари» ҳақида шоҳидлик қила бошлашган. Кўплар бу хабарни эшитиб, Исонинг қурбонлик тўловига ишонишган ва гуноҳларида тавба қилишган. Тирилган Исо самода янги ҳокимиятга эга бўлган ва Яҳова ер юзидаги минглаб  кишиларни қутқариш учун ундан фойдаланган (Ҳавор. 2:5, 11, 37–41).

КЎПЛАР УЧУН ТЎЛОВ

7. Мил. 33 йили Ҳосил байрамидаги воқеалар нимани исботлаган?

7 Мил. 33 йили Ҳосил байрамидаги воқеалар, гуноҳни қоплаш ниятида Яҳова Исонинг мукаммал қурбонлигининг баҳосини қабул қилганини исботлади (Иброн. 9:11, 12, 24). Исо тушунтирганидай, у «ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани ва кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган» (Мат. 20:28). Исонинг тўловидан фойда кўрадиган «кўплар», тавба қилган яҳудийлар билан чегараланиб қолмайди. Аксинча, Аллоҳнинг иродасига кўра, «дунёнинг гуноҳини бартараф этадиган» тўлов орқали «ҳар турли одамлар... нажот топади» (1 Тим. 2:4–6; Юҳан. 1:29).

8. Исонинг илк шогирдлари у ҳақида нима туфайли шоҳидлик қилишган ва бунинг натижаси қандай бўлган?

8 Исонинг илк шогирдлари у ҳақида шоҳидлик қилиш учун жасоратга эга бўлишлари керакмиди? Ҳа, улар шундай қилишган ҳам, лекин ўзининг кучи туфайли эмас, балки Яҳованинг муқаддас руҳи уларни бундай шоҳидлик беришга ундаган эди (Ҳаворийлар 5:30–32 ни ўқинг). Мил. 33 йили Ҳосил байрамидан тахминан 27 йил ўтгач, хушхабар «фалак остида бор жонзотга», яҳудий ва ғайрияҳудийларга етказилди (Колос. 1:5, 23).

9. Башорат қилганидай, имонлилар жамоатида нима юз берган?

9 Минг афсуски, вақт ўтгач, имонлилар жамоатининг аъзолари сохта таълимотларга ўргата бошлашди (Ҳавор. 20:29, 30; 2 Бутр. 2:2, 3; Яҳд. 3, 4). Исо, ёвуз Шайтон келтириб чиқарган бундай муртадлик тарқалиб, охирзамонгача давом этишини башорат қилганди (Мат. 13:37–43). Яҳова 1914 йили октябрь ойида инсоният устидан Исони Шоҳ сифатида тайинлади. Ўшанда Шайтон дунёсининг охири ёки «охирзамон» бошланди (2 Тим. 3:1).

10. а) Мойланган масиҳийлар қайси санани муҳим деб билишган? б) 1914 йил октябрда нима юз берди ва буни қаердан биламиз?

10 1914 йил октябрдан деярли 30 йил аввал, мойланган масиҳийлар Худонинг Шоҳлиги ўша муҳим санада ҳокимиятга келишини ваъз қила бошлашди. Улар буни, Дониёр пайғамбарнинг улкан дарахт чопиб ташланиб, кейин эса «етти йилдан» сўнг  яна ўсиб чиқиши ҳақидаги кароматига биноан тушунишган (Дон. 4:13). Ўзининг келажакда ҳозир бўлиши ва замона охирлаб бораётгани тўғрисидаги башоратида, Исо ўша пайтни «ўзга халқлар даври» деб таъкидлаган. 1914 йилдан бери содир бўлаётган дунёдаги воқеалар, Исо чиндан ҳам Шоҳ этиб тайинланганини тасдиқламоқда (Мат. 24:3, 7, 14; Луқо 21:24). Демак, биз ваъз қилаётган «Аллоҳнинг улуғвор ишларига», Унинг Исони Шоҳ қилиб тайинлагани ҳам киради.

11, 12. а) Биринчи жаҳон урушидан кейинги 1919 йили нима содир бўлди? б) 1930 йилларнинг ўрталаридан бери, нима аниқ кўрина бошлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

11 Исо Масиҳ инсоният устидан янги Шоҳ сифатида тайинлангач, мойланган масиҳийларни «Буюк Бобил» асирлигидан қутқара бошлади (Ваҳ. 18:2, 4). Биринчи жаҳон урушидан кейинги 1919 йили эса, Худо тақдим этган тўловнинг маъноси ва ўрнатилган Шоҳлик ҳақидаги хушхабар тўғрисида бутун дунё бўйлаб шоҳидлик бериш имкони пайдо бўлди. Мойланган масиҳийлар бундай шоҳидлик бериш имконини қўлдан бой беришмади. Натижада, минглаб кишилар ҳақиқатни билиб, Масиҳнинг мойланган ворисдошлари сифатида йиғила бошлашди.

12 1930 йилларнинг ўрталаридан бошлаб, Масиҳ турли миллатлардан иборат «улкан оломонни» ташкил этадиган миллионлаб «бошқа қўйларини» йиға бошлади. Мойланган масиҳийларнинг раҳбарлиги остида улар ҳам Исонинг ғайратли ўрнагига эргашиб, қутқарилишларида Худо ва Масиҳнинг ўрни муҳим эканини ҳаммага эълон қилишмоқда. Ушбу шоҳидлик фаолиятида қатнашиб ва Масиҳнинг тўловига ишониб, улар Шайтон дунёсига якун ясайдиган «буюк қайғудан» қутқарилиш шарафига муяссар бўлишади (Юҳан. 10:16; Ваҳ. 7:9, 10, 14).

ХУШХАБАРНИ ГАПИРИШ УЧУН ЖАСОРАТ АТО ЭТИЛДИ

13. Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, қанақа ҳаёт кечиришимиз лозим ва қандай қилиб бунда муваффақиятли бўла оламиз?

13 Биз, бошқаларга Тангри Яҳова қилган ва келажакда бажаришни ваъда қилаётган «улуғвор ишлари» тўғрисида шоҳидлик бериш шарафини қадрлаймиз. Албатта, бундай йўл тутиш доим ҳам осон эмас. Кўплаб биродарларимиз одамларнинг бепарволиги, масхара қилиши ёки шиддатли таъқиблар кенг тарқалган ҳудудларда хизмат қилишади. Биз ҳам, ҳаворий Павлус ва унинг ҳамроҳларига тақлид қилишимиз мумкин. У шундай деб айтган: «Хушхабарни улуғ бир кураш билан сизларга гапиришимиз учун Аллоҳ бизга жасорат ато этди» (1 Салон. 2:2). Келинг, биз ҳам асло таслим бўлмайлик. Аксинча, Шайтоннинг дунёси батамом вайрон бўлмагунча бағишловимизга яраша ҳаёт кечирайлик (Ишаё 6:11). Буни ўз кучимизга таяниб  қилолмаймиз, бироқ илк масиҳийларнинг ўрнагига эргашиб, Яҳовага ибодат қилишимиз керак. Шунда, У Ўз руҳи орқали бизга «инсонларникидан устун турган кучни» ато этади (2 Коринфликларга 4:1, 7 ни ўқинг; Луқо 11:13).

14, 15. а) Масиҳийларга биринчи асрда қандай қарашган ва Бутрус уларга нима деган? б) Яҳованинг Шоҳидлари бўлганимиз туфайли қувғинга дуч келсак, нимани ёдда тутамиз?

14 Бугун, миллионлаб инсонлар ўзини Масиҳнинг издошиман деб таъкидлаши мумкин. «Лекин ишлари билан Ундан [Худодан] юз ўгиришади. Зеро улар жирканч, итоатсиз ва ҳар қандай яхши ишга яроқсиз кишилардир» (Титус. 1:16). Биринчи асрда ҳам, аксарият кишилар Худога маъқул тарзда топинишмаган. Бундан ташқари, атрофдагиларнинг кўпи Масиҳнинг чинакам издошларидан нафратланишган. Мана нима учун ҳаворий Бутрус шундай деган: «Агар сизларни Масиҳ номи учун ҳақоратлаётган бўлишса, бахтлисизлар! Сабаби, устингизда... Тангрининг руҳи борлигидан далолатдир» (1 Бутр. 4:14).

15 Яҳованинг Шоҳидлари ҳам «Масиҳ номи учун ҳақоратга» дуч келишадими? Ҳа. Сабаби, биз нафақат Яҳова ҳақида, балки Исонинг бошқаруви тўғрисида ҳам шоҳидлик беряпмиз. Масиҳнинг ўзи ҳам, Яҳованинг шоҳиди бўлгани учун қувғинларга дучор бўлган. У душманларига: «Мен Отамнинг номидан келдим, аммо сизлар мени қабул қилмаяпсизлар»,— деб айтган (Юҳан. 5:43). Шундай экан, шоҳидлик бераётганингизда, қаршиликка дуч келсангиз жасоратли бўлинг. Бундай муносабат, сиз Худонинг марҳаматига сазовор бўлиб, устингизда Унинг «руҳи борлигидан далолат» беради.

16, 17. а) Бутун дунёдаги Яҳованинг халқи ваъзгўйлик ишига нисбатан қандай фикрда? б) Нима қилишга қарорингиз қатъий?

16 Устига-устак, жаҳон бўйлаб кўпдан-кўп инсонлар ҳақиқатни билиб олишаётганини унутманг. Ҳатто хушхабар кўпроқ ваъз қилинадиган ҳудудларда ҳам тинглашга тайёр одамларни учратиб, қутқарилиш ҳақидаги ажойиб хабарни баҳам кўришимиз мумкин. Қизиқиб қолган кишиникига такрорий ташриф буюришда ғайратли бўлиб, имкон қадар у билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга ва маънан ўсиб, ўзини Худога бағишлашга ҳамда сувга чўмишга кўмаклашсак бўлади. Масалан, Жанубий Африкадаги Сария исмли опамиз ҳам 60 йилдан зиёд вақт давомида шоҳидлик ишида қатнашади. У қуйидагича бўлишди: «Мен, Исонинг тўлов қурбонлиги туфайли, Сарвари Олам Яҳова билан яқин дўст бўлишдан жудаям миннатдорман. Қолаверса, Худонинг улуғвор исмини бошқаларга айтишдан бахтиёрман». Бу опамиз эри Мартинус билан кўпгина одамларга, жумладан ўзларининг учта боласига ҳам Яҳованинг хизматчиси бўлишларига ёрдам беришди. Сария яна шундай деди: «Бошқа ҳеч қандай иш, бунақа чуқур мамнуният ҳиссини бахш этмайди. Боиси, Яҳова Ўзининг муқаддас руҳи орқали барчамиз бу ҳаёт бахш фаолиятда қатнашишимиз учун керакли куч ато этяпти».

17 Биз сувга чўмганмизми ёки энди бу мақсадга эришяпмизми, Яҳованинг Шоҳидларидан иборат умумжаҳон биродарлик орасида бўлиш шарафини қадрлаш учун барча сабабларимиз бор. Шунинг учун, Шайтоннинг бетавфиқ дунёсида пок бўлишга интилиб, шоҳидлик беришда давом этайлик. Шунда, биз ўзгаларга танитаётган меҳрибон самовий Отамизни шарафлаган бўламиз.