Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қарияларга амалий ёрдам кўрсатиш

Қарияларга амалий ёрдам кўрсатиш

Севикли болаларим, келинг, бир-биримизни сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва самимийлик ила севайлик. 1 ЮҲАН. 3:18

1, 2. а) Кўп оилаларда қандай қийинчиликлар дуч келишмоқда ва бу борада қандай саволлар туғилади? б) Ота-оналар ва фарзандлар қаричилик дастидан юзага келган қийинчиликларга қандай тайёргарлик кўришса бўлади?

ҚАЧОНЛАРДИР кучли ва мустақил бўлган ота-онангиз, энди бировнинг ёрдамисиз ҳаракатлана олмаса, бу сизга қаттиқ ботиши мумкин. Эҳтимол ота ё она йиқилиб тосини синдиргандир ёки довдирайдиган бўлиб қолгандир ёхуд оғир касалликка йўлиққандир. Бошқа томондан, қариялар учун соғлиги ёмонлашганини ёки вазияти ўзгариб қолганини қабул қилиш қийин кечиши мумкин. Айниқса бу уларнинг мустақил ҳаётини чеклаб қўйса (Аюб 14:1). Энди нима қилса бўлади? Уларга қандай ғамхўрлик кўрсатиш керак?

2 Кексаларга ғамхўрлик қилиш тўғрисидаги бир мақолада шундай дейилган эди: «Гарчи қаричилик дастидан юзага келадиган қийинчиликлар ҳақида гаплашиш осон бўлмаса-да, бу масаланинг баланд-пастликларини олдиндан муҳокама қилган оила фавқулодда вазиятга яхшироқ тайёргарлик кўрган бўлади». Агар биз қаричиликдан қочиб қутилиб бўлмаслигини тан олсак, бу каби муҳокаманинг қадрига янада кўпроқ етамиз. Шундай экан, биз олдиндан тайёргарлик кўриб қўйсак бўлади. Келинг, оилалар айрим  муаммоларнинг олдини олишда қандай ҳамкорлик қилишлари мумкинлигини кўриб чиқайлик.

«ҚАЙҒУЛИ КУНЛАР» КЕЛИШИГА ТАЙЁРГАРЛИК

3. Қари ота-она ёрдамга жуда муҳтож бўлганида, оила аъзолари нима қилса бўлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

3 Аксарият кексаларнинг ҳаётида шундай пайтлар келадики, улар илгаригидек ўзларига ғамхўрлик қилолмай, ёрдамга муҳтож бўлиб қолишади (Воиз 12:1–7 ни ўқинг). Бундай вазиятда улар қанча ва қандай ёрдам берилса яхшироқ бўлишини катта фарзандлари билан биргаликда ҳал қилишлари керак бўлади. Шу сабабли оила аъзолари биргаликда йиғилиб, у ёки бу масалада ҳамкорлик қилса, эҳтиёжларни аниқлашса ҳамда муаммоларнинг ечимини топишса айни муддао бўларди. Бу муҳокамада барча, айниқса ота-оналар ўз фикрларини очиқчасига айтиб, вазиятга борлигича қарашга ҳаракат қилишлари даркор. Эҳтимол оила аъзолари, ота-она бировнинг ёрдамисиз уйида ёлғиз қолиши хавфсиз бўлиш-бўлмаслигини ўзаро гаплашиб олишар *. Ёки улар ҳар бир оила аъзосининг кучини эътиборга олиб, ғамхўрлик қилиш масъулиятини бўлишиб олишар (Ҳик. 24:6). Масалан, кимдир ҳар кун уларга қарашар, бошқаси эса моддий ёрдам кўрсата олар. Барча бунда ўз ҳиссаси борлигини тушуниши даркор. Лекин вақт ўтиб, вазифалар алмашиши ва баъзи кундалик юмушлар қайта кўриб чиқилиши мумкин.

4. Оила аъзолари қаердан ёрдам изласа бўлади?

4 Ота-онангизга ғамхўрлик қилаётган экансиз, уларнинг аҳволи ҳақида кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилинг. Агар ота ёки онангиз жиддий касалликка чалинган бўлса, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билиб олинг (Ҳик. 1:5). Давлат ташкилотлари билан боғланиб, қарияларга қандай хизматлар кўрсатилиши ҳақида маълумот олинг. Ўз вазифангизни енгиллатиб, ота-онангизга яхши ёрдам кўрсатилиши учун қандай ижтимоий дастурлар борлигини суриштиринг. Оилавий вазиятингиз ўзгариши билан боғлиқ ўй-фикрлар, юрагингизда қайғу-алам, нотинчлик ва қўрқув каби туйғуларни келтириб чиқариши мумкин. Дардингизни яқин дўстининг билан бўлишинг. Энг муҳими эса, юрагингизни Яҳовага тўкиб солинг. У мана шу каби вазиятларда тўғри йўл тутишингиз учун қалбингизга хотиржамлик беради (Заб. 54:23; Ҳик. 24:10; Филип. 4:6, 7).

5. Нега қарияларга ғамхўрлик кўрсатишнинг усулларини олдиндан ўйлаб қўйиш оқилона бўлади?

5 Баъзи кекса ота-оналар ва уларнинг фарзандлари ғамхўрлик кўрсатишнинг бир нечта усулини олдиндан ўйлаб қўйишади. Масалан, қиз ёки ўғил билан яшаш имкони ёхуд ўша ҳудудда қарияларга қарашишнинг бошқа хизмат турлари бўлиши мумкин. Шу тариқа улар қаричилик билан келадиган қийинчиликларга тайёр бўлишади (Заб. 89:10). Олдиндан режа тузмаган аксарият оилалар эса, нохуш воқеа юз берганида, шошма-шошарлик билан жиддий қарорларни қабул қилишга мажбур бўлишади. Бир мутахассиснинг фикрича, юзага келган бундай вазият — қарор чиқаришнинг энг ёмон пайтидир. Бундай муҳитда, оила аъзоларининг орасидаги муносабатлар таранглашиб, можаро чиқиши ҳеч гап эмас. Аммо олдиндан режа тузиш, келажакдаги ўзгаришлар деярли муаммосиз кечишига ёрдам беради (Ҳик. 20:18).

Оила биргалашиб эҳтиёжларни қондиришнинг йўлларини муҳокама қилса бўлади (6–8- хатбошиларга қ.)

6. Кексаларнинг яшаш шароитига оид масалани муҳокама қилишда барча оила аъзолари иштирок этишининг қандай фойдали томони бор?

6 Ота-онангизга уларнинг яшаш шароитлари ва кутиладиган ўзгаришлар ҳақида гап очишга хижолат бўлишингиз мумкин. Лекин бундай суҳбатлар кейинчалик яхши самаралар келтирганини кўпчилик тан олади. Нега дейсизми? Чунки бундай суҳбатлар дўстона ва ҳамма бир-бирини тушунадиган муҳитни яратиб, амалий режалар тузиш имкониятини очиб беради. Бу эса барча оила аъзоларига меҳр-муҳаббат руҳида ўзаро фикр алмашиб, бир қарорга келишларини анча енгиллаштиради. Эҳтимол қариялар имкон қадар ўз уйида мустақил яшашга  хоҳиш билдирар. Лекин улар ёрдамга муҳтож бўлиб қолишса, қандай кўмакка эҳтиёж сезишларини фарзандларига айтишса айни муддао бўлар эди.

7, 8. Оила аъзолари муҳокамада нимани кўриб чиқишса яхши бўларди ва нега?

7 Ота-оналар, илтимос бундай суҳбатлар пайтида фарзандларингизга хоҳиш-истагингиз, моддий шароитингиз ва сиз маъқул деб топган кўмак ҳақида айтинг. Улар эса сизнинг хоҳишингизни эътиборга олиб, мустақил ҳаётингизни чегаралаб қўймасликка ҳаракат қилишади (Эфес. 6:2–4). Масалан, фарзандларингиздан бири сизга уникига кўчишни таклиф қилишини ёки бошқа бирон нарсани кутаётгандирсиз? Вазиятга борлигича қаранг ва бу масалада бошқаларнинг фикри сизникидан фарқ қилиши мумкинлигини тан олинг. Эҳтимол кимдир — ота ёки она ё бўлмаса фарзанд — нуқтаи назарини ўзгартириши учун вақт талаб қилинар.

8 Режа тузиш ва муҳокама ёрдамида кўпгина муаммоларнинг олдини олиш мумкинлигини барча тушуниши даркор (Ҳик. 15:22). Бунга шунингдек, тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёж ва шахсий хоҳишлар киради. Мана шундай муҳокамалар пайтида, Яҳованинг Шоҳидлари қўллаётган «Тиббий амалиётларга нисбатан шахсий қарор ва ваколатнома» номли ҳужжатни кўриб чиқиш катта аҳамиятга эга. Ҳар бир киши таклиф қилинаётган муолажалар ҳақида маълумот олиб, уларни қабул қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга. Тиббий ёрдам кўрсатилиши тўғрисидаги ушбу ҳужжатда инсоннинг хоҳиш-истаги инобатга олинади. Беморнинг номидан иш юритадиган вакил тайинлаш (бу қонуний кучга эга бўлган жойларда), фавқулодда вазиятда масъулиятли киши тўғри қарор чиқара олишини кафолатлайди. Бу ишга алоқадор бўлганлар, керакли вақтда ёрдам кўрсата олиши учун, ҳужжатнинг нусхасини ўзларида сақлаб қолишса яхши бўларди. Баъзилар бу нусхани ўзларининг хоҳиш-истаги баён этилган ҳужжат ҳамда бошқа муҳим ҳужжатлар, жумладан суғурта, молиявий ҳисоб-китоб, давлат ташкилотлари билан боғланиш учун керакли маълумот ва ҳоказолар орасида сақлашади.

ЯНГИ ВАЗИЯТЛАРГА МОСЛАШИШ

9, 10. Ота-оналар қайси пайтда фарзандларининг ёрдамига кўпроқ муҳтож бўлишади?

9 Аксарият вазиятларда, ота-она ва фарзандлар қарияларнинг мустақил ҳаётини чегаралаб қўймаслик қарорига келишади. Эҳтимол қариялар ўзи овқат пишириши, дори-дармон қабул қилиши ҳамда мустақил ҳаракатлана олиши мумкин. Агар шундай бўлса, ота-оналар кундалик ишларини ўзлари ҳам эплай олишига фарзандларини ишонтиришади. Аммо вақт ўтган сайин, ота-оналар кўп ҳаракатлана олмайдиган бўлиб қолади. Эҳтимол улар бозор-ўчар қилолмас ёки паришонхотирликдан азоб чекар. Бундай пайтда фарзандлар имилламасдан ёрдамга келишлари зарур.

10 Қаричилик дастидан одам саросимага ва тушкунликка тушадиган, пешоб ушлолмайдиган, қулоғи оғир, кўзи хиралашган бўлиб қолади. Лекин бу белгилардан биронтаси кўрина бошлаши билан тиббий муолажа қилинса фойда беради. Шундай экан, тезда шифокорга мурожаат қилинг. Фарзандлар ота-онасининг шифокор кўригидан ўтишини режалаштиришда ҳамда уларнинг бошқа ишларида ташаббус  кўрсатишлари керак бўлади. Ота-онасига яхши тиббий ёрдам кўрсатилишига ишонч ҳосил қилиш учун, фарзандлар уларнинг номидан ҳужжатларни тўлдириш, уларни машинада олиб юриш ва шу каби ишларда кўмаклашишлари даркор (Ҳик. 3:27).

11. Вазият ўзгаришларни тақозо қилса, хавотирни камайтириш учун нима қилса бўлади?

11 Мабодо ота-онангизнинг соғлиги яхшиланмаса, уларга ғамхўрлик кўрсатиш усулларини ёки яшаш шароитларини ўзгартиришингизга тўғри келиши мумкин. Кичкина ўзгаришлар туфайли улар янги шароитларга тезда мослаша олишади. Дейлик, ота-онангиздан узоқда яшаётган бўлсангиз, эҳтимол бирон имондошдан ёки қўшнидан кексаларнинг кундалик эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишни ва ота-онангизнинг аҳволи ҳақида хабар бериб туришини илтимос қиларсиз? Ота-онангизга фақат овқат пиширишда ёки уйини йиғиштиришда ёрдамлашиш керакми? Ота-онангиз уйида ўзларини бемалол ва бехатар ҳис қилишлари учун, масалан чўмилишга, ҳожатхонага боришга ҳамда бошқа ишларда қийналмаслиги учун, балки уларга шароит яратиб берарсиз. Эҳтимол қариялар мустақил яшашни хуш кўриб, кимдир уларнинг уйига келиб кетиши билан кифояланишар. Аммо уларнинг уйда ёлғиз қолиши хавфли бўлса, уларга доимо ғамхўрлик кўрсатилиши учун чора кўриш керак бўлади. Вазиятингиз қандай бўлмасин, ҳудудингиздаги ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизматидан фойдаланинг * (Ҳикматлар 21:5 ни ўқинг).

БАЪЗИЛАР ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ҚАНДАЙ ЕНГМОҚДА

12, 13. Ота-онасидан узоқда яшаётган фарзандлар қандай қилиб уларга ҳурмат ва ғамхўрлик кўрсатиши мумкин?

12 Ғамхўр фарзандлар ота-оналари ўз уйида хавфсиз ва эркин ҳис қилишларини исташади. Ота-онасига яхши қаралаётганидан уларнинг юраклари хотиржам бўлади. Лекин аксарият фарзандларнинг яна бошқа масъулиятлари борлиги учун ота-оналарига яқин жойда яшай олмайдилар. Бундай вазиятларда баъзилар таътил олиб, ота-оналаридан хабар олишади ва қарияларнинг ортиқ қила олмайдиган ишларига кўмаклашишади (Ҳик. 23:24, 25).

13 Вазиятингиз қандай бўлмасин, ота-онангизнинг кундалик эҳтиёжлари тўлиқ қондирилаётганига амин бўлинг. Агар ота-онангиз Яҳованинг Шоҳиди бўлиб сиздан узоқда яшаётган бўлса, уларнинг жамоатидаги оқсоқоллар билан гаплашиб маслаҳат сўрашингиз мумкин. Шунингдек бу масалада ибодат қилишни ҳам канда қилманг (Ҳикматлар 11:14 ни ўқинг). Ота-онангиз Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган тақдирда ҳам уларни «ҳурмат қилинг» (Чиқ. 20:12; Ҳик. 23:22). Табиийки, турли оилалар турлича қарорлар чиқаришади. Масалан, баъзилар ота-онасини уйига олиб келар ёки ўзлари уларга яқинроқ жойга кўчиб борар. Аммо ҳамма вақт ҳам бунинг имкони бўлмаслиги мумкин. Айрим қариялар фарзандлари ва уларнинг оиласи билан бирга яшашни маъқул деб билмас. Эҳтимол улар мустақил ҳаётни маъқул кўриб, фарзандларига ортиқча юк бўлишни исташмас. Бошқа қариялар эса маблағи бўлгани учун ўз уйида яшаб туриб уларга ғамхўрлик қилаётган кишига тўлашга тайёрдир (Воиз 7:12).

14. Ота онасига ғамхўрлик қилишда кўпроқ масъулияти бўлган фарзандлар қандай муаммоларга дуч келишади?

14 Кўпгина оилаларда қария ота-онага ғамхўрлик қилиш масъулияти, уларга яқин яшаётган ўғли ёки қизининг зиммасига тушади. Лекин бундай фарзандлар ота-онасига ғамхўрлик қилиш билан ўз оиласининг эҳтиёжини қондириш ўртасида мувозанатни сақлаб қолиши даркор. Ҳар бир инсоннинг вақт ва кучи чегараланган. Шу сабабли ғамхўрлик кўрсатаётган кишининг вазияти ўзгарса бошқа бирон чора топишга тўғри келади. Оилада битта фарзанднинг бўйнида жуда кўп масъулият борми? Эҳтимол бошқа фарзандлар навбатма-навбат ғамхўрлик қилар?

15. Қарияларга ғамхўрлик қилаётганлар ҳолдан тойиб қолмаслиги учун нима қилса бўлади?

 15 Ота-оналар доимий ғамхўрликка муҳтож бўлиб қолганда, уларга қарашаётган инсон ҳолдан тойиб қолиши ҳеч гап эмас (Воиз 4:6). Меҳрибон фарзандлар ота-онасига қўлидан келганча ёрдам беришни хоҳлайдилар, лекин кети тугамайдиган вазифалар одамни ҳолсизлантириб қўяди. Бу каби вазиятда бўлганлар ўз кучларига тўғри баҳо бериб, ёрдам сўрашлари керак. Вақти-вақти билан ёрдам қабул қилиш, қарияларга ғамхўрлик қиладиган муассаса хизматидан фойдаланмай ота-онага қарашиш имконини беради.

16, 17. Қария ота-онасига ғамхўрлик қилаётган фарзандлар баъзида қандай қийинчиликларга дуч келишади ва улар буни қандай енга олишади? (Шунингдек: «Қувонч ила ғамхўрлик қилаётганлар» номли рамкага қ.)

16 Меҳригиё ота-оналар қаричилик дастидан азоб чекаётганини кўриш жуда аянчли. Ғамхўрлик кўрсатаётганларнинг кўпчилиги тушкунликка тушиши, кўнгли қолиши, жаҳли чиқиши, ўзини айбдор ҳис қилиши ва ҳатто хафа бўлиши мумкин. Баъзида қария ота ёки она ёқимсиз сўзлар айтиши ёхуд ношукурлик қилиши мумкин. Мабодо сиз шундай вазиятда бўлсангиз, ўзингизни койишга шошилманг. Бир психиатр шундай фикр билдирди: «Ҳар қандай туйғуни, айниқса сизга тинчлик бермаётганини енгиб ўтишнинг энг яхши йўли — сизда шундай туйғулар борлигини тан олишдир. Бу каби туйғуларни инкор этишга ёки шундай туйғулар пайдо бўлаётгани учун ўзингизни ҳукм қилишга шошилманг». Бу ҳақда турмуш ўртоғингиз, бошқа оила аъзоларингиз ёки ишончли дўстингиз билан дардлашинг. Бундай суҳбатлар кўнгил кечинмаларингизни тўғри тушунишга ва мувозанатни сақлашга ёрдам беради.

17 Шундай пайтлар ҳам бўладики, оила аъзоси бундан буён севикли ота ёки онасига уйида ғамхўрлик қилишга на маблағи, на билими ва на тажрибаси бўлади. Бу вазиятда, айрим мамлакатларда ғамхўрлик кўрсатадиган муассаса хизматидан фойдаланишади. Бир имондошимиз бундай муассасада бўлган онасидан деярли ҳар куни хабар олиб турарди. У шундай деб бўлишди: «Онажонимизга кунига 24 соат ғамхўрлик қилишнинг иложи қолмади. Биз қарияларга ғамхўрлик кўрсатадиган муассаса хизматидан фойдаланиш қарорига келдик. Лекин бундай қилиш биз учун жуда оғир кечди. Қандай бўлмасин, онамизнинг бир неча ой умри қолгани сабабли бу энг яхши қарор эди ва ўзи ҳам бунга рози бўлди».

18. Қария ота-онасига ғамхўрлик қилаётганлар нимага амин бўлиши мумкин?

18 Қария ота-онангизга ғамхўрлик қилиш масъулияти баъзида ҳам ҳиссан, ҳам жисмонан оғир бўлади. Кекса ота-онага ғамхўрлик қилишда, қайси қарор тўғрироқ бўлишини танлаш қийин бўлиши мумкин. Шунга қарамасдан, пухта режа тузсангиз, оила аъзоларингиз билан ҳамкорлик қилсангиз, бир-бирингизни тушунишга ҳаракат қилсангиз ва энг асосийси ибодат қилиб турсангиз, севикли яқинларингизга яхши ғамхўрлик кўрсатиб, уларни ҳурмат қилган бўласиз. Яқинларингиз барча зарурий ёрдам ва эътибор кўрганини билиб, сиз ҳам мамнуният топасиз (1 Коринфликларга 13:4–8 ни ўқинг). Энг муҳими эса юрагингиз хотиржам бўлиб, Яҳованинг баракасига эга бўласиз (Филип. 4:7).

^ 3- х.б. Ота-оналар ва фарзандлар эҳтимол маданиятидан келиб чиққан ҳолда бирон тўхтамга келишар. Баъзи жойларда, ота-оналарнинг фарзандлару невара-чевараси билан катта оила бўлиб яшаши одатий ҳол ва ҳатто улар шундай яшашни хуш кўрадилар.

^ 11- х.б. Агар ота-онангиз ўз уйида яшаётган бўлса, уларга ғамхўрлик қилиш ишониб топширилган кишиларда уй калити борлигига амин бўлинг. Чунки кутилмаган вазиятларда улар ота-онангизга ёрдам кўрсата олишади.