Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ижобий нуқтаи назарни қандай сақлаб қолиш мумкин?

Ижобий нуқтаи назарни қандай сақлаб қолиш мумкин?

Узоқ йиллар яшайдиганлар ҳам ҳар бир яшаган кунларидан завқ олсин. ВОИЗ 11:8

1. Яҳова бахтли бўлишимиз учун бизга қандай баракалар бермоқда?

ЯҲОВА барчамиз бахтли бўлишимизни истайди ва У ҳаётдан қувонч топишимиз учун бизга мўл-кўл баракалар бермоқда. Улардан бири, ҳаётимиздир. Шундай экан, ҳаётимиздан Худони улуғлаш мақсадида фойдаланайлик. Ахир У бизни ҳақ топинишга жалб қилган-ку! (Заб. 143:15; Юҳан. 6:44). Яҳова бизни Ўз севгисига ишонтириб, илоҳий хизматда сабр-бардошли бўлишимизга ёрдам бермоқда (Ерм. 31:3; 2 Кор. 4:16). Масалан, биз маънавий жаннатда яшаб, мўл-кўл маънавий озуқадан ҳамда биродарлик севгисидан баҳраманд бўлмоқдамиз. Қолаверса, бизда ажойиб келажакка умид бор.

2. Худонинг садоқатли хизматчилари нима билан курашиб келишмоқда?

2 Шунча баракаларга эга бўлатуриб ҳам, баъзи Худонинг садоқатли хизматчилари ўзлари ҳақидаги салбий туйғулар билан курашиб келмоқдалар. Улар на ўзлари, на хизматлари Яҳованинг назарида қадри йўқдай ҳис қилишлари мумкин. Мана шундай салбий туйғулар гирдобида қолиб, улар учун «узоқ йиллар» давомида ҳаётдан завқ олиш, хом хаёлдек туюлишни бошлайди. Уларнинг назарида ҳаёт қоронғилик кунлардан иборат бўлиб кўриниши мумкин (Воиз 11:8).

3. Ниманинг дастидан салбий туйғуларга берилишимиз мумкин?

3 Баъзи имондошларимиз тушкунликка тушгани, касал бўлиб  қолгани ёки ёши уларни қайсидир жиҳатдан чеклаб қўйгани дастидан салбий ҳис туйғуларга берилишади (Заб. 70:9; Ҳик. 13:12; Воиз 7:7). Боз устига, ҳар бир масиҳий айёр юраги ҳамда Худо бизни маъқул деб билган тақдирда ҳам юраги уни ҳукм қилишига қарши курашиб келмоқда (Ерм. 17:9; 1 Юҳан. 3:20). Иблис безбетларча Худонинг хизматчиларини айбламоқда. Элифаз сингари Шайтоннинг фикрлаш тарзини акс эттирувчи инсонлар, Худонинг назарида қадр-қимматимиз йўқ деб ўйлашимизни исташади. Бу гап, Аюб даврида ёлғон бўлганидек, бугунги кунда ҳам асоссиз (Аюб 4:18, 19).

4. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

4 Муқаддас Ёзувларда Яҳова «зулмат водийсида юрганлар» билан бўлиши аниқ кўрсатилган (Заб. 22:4). Масалан, Каломи орқали У биз биландир. Муқаддас Китоб — «мустаҳкам қалъаларни», жумладан нотўғри тушунчалар ва салбий фикрларни қулатишга қодир бўлган Худонинг қуролидир (2 Кор. 10:4, 5). Шундай экан, келинг, ижобий фикрлаш тарзини ривожлантириб сақлаб қолиш учун қандай қилиб Муқаддас Китобдан фойдаланишимизни кўриб чиқайлик. Бундай йўл тутиб, сиз нафақат ўзингиз учун фойда оласиз, балки бошқаларга ҳам далда берасиз.

ИЖОБИЙ ФИКРЛАШ ТАРЗИНИ РИВОЖЛАНТИРИНГ

5. Қандай текширув ижобий нуқтаи назарда бўлишимизга кўмаклашиши мумкин?

5 Ҳаворий Павлус ижобий нуқтаи назарни ривожлантиришга кўмаклашувчи бир нарса ҳақда эслатиб ўтган эди. У Коринфдаги жамоатни: «Имондамисизлар ёки йўқми, ўзингизни... текшириб туринглар»,— деб ундаган (2 Кор. 13:5). «Имон», масиҳийларнинг Муқаддас Китобга асосланган эътиқодининг пойдеворидир. Сўзимиз ишимиз билан бир-бирига уйғун бўлса, бу текширувдан ўтиб, имонда эканимиз намоён бўлади. Албатта, ҳаёт тарзимиз Муқаддас Китобнинг барча таълимотлари билан ҳамоҳанг бўлиши лозим. Шунингдек бу таълимотларнинг қайсидир қисмига амал қилиб, қайсидир қисмига риоя этмасликни танлай олмаймиз (Ёқб. 2:11).

6. Нега имондамимиз ёки йўқми дея ўзимизни текшириб туришимиз даркор? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

6 Эҳтимол сиз: «Бу менинг қўлимдан келмайди»,— деб ўйлаб, ўзингизни текшириб кўришдан қўрқаётгандирсиз. Қандай бўлмасин, Яҳованинг бизга нисбатан нуқтаи назари бизникидан муҳимроқдир ва Унинг фикрлари бизникидан юқорироқдир (Ишаё 55:8, 9). У хизматчиларини ҳукм қилиш мақсадида текширмайди, аксинча уларнинг яхши фазилатларини излаб, ёрдам бергиси келади. Сиз, Муқаддас Китобдан фойдаланиб «имондамисиз ёки йўқми» дея ўзингизни текширсангиз, Худо сиз ҳақда қандай фикрда эканини яхшироқ кўра оласиз. Шунда сиз «мен Аллоҳнинг назарида аҳамиятсизман», деган фикрдан озод бўлиб, Муқаддас Китоб ёрдамида «Яҳова мени жуда қадрлайди» деган хулосага келасиз. Буни, қоронғу хонанинг пардаси очилиб қуёш нурлари ичкари киришига ўхшатса бўлади.

7. Садоқатли хизматчиларнинг мисолларидан қандай фойда оламиз?

7 Ўзимизни текширишнинг самарали йўлларидан бири, Муқаддас Китобдаги садоқатли кишиларнинг мисоллари устида мулоҳаза юритишдир. Уларнинг вазиятини ёки ҳис туйғуларини ўзингизники билан солиштириб, уларнинг ўрнида қандай йўл тутган бўлишингизни ўйлаб кўринг. Бунинг учун келинг, учта мисолни кўриб чиқайлик. Улар ёрдамида имонингизни синаб, сўнг ижобий нуқтаи назарни ривожлантириш учун Муқаддас Китобдан қандай фойдаланишни билиб олайлик.

КАМБАҒАЛ БЕВА

8, 9. а) Камбағал бева аёл қандай вазиятда бўлган? б) Бева аёлнинг хаёлидан қандай салбий фикрлар ўтган бўлиши мумкин?

8 Исо маъбадда бир камбағал бева аёлни кузатиб турган эди. Бу аёлнинг мисоли, имкониятларимиз чегараланган бўлишига қарамай, ижобий нуқтаи назарни сақлаб қолишга кўмаклашади (Луқо 21:1–4 ни ўқинг). Унинг вазиятига бир назар солсак: бу бева  аёл эрининг ўлимидан кейин айрилиқ азобини бошидан кечиргани етмаганидек, у каби ночор аҳволда қолганларга ёрдам беришнинг ўрнига «беваларнинг мол-мулкини тортиб» олаётган диний раҳбарлар пайтида яшаган (Луқо 20:47). У шунчалик даражада камбағал эдики, оддий ишчи бир неча дақиқада ишлаб топадиган пулни маъбадга хайр-эҳсон қила оларди, холос.

9 Бева аёл икки чақани олиб, маъбад ҳовлисига кирганида нимани ҳис қилганини бир кўз олдимизга келтирайлик. У, хаёлан қўлидаги хайр-эҳсонини эри тириклигида қанча эҳсон қила олиши билан солиштириб кўрганмикин? Ёки у, олдинда турганларнинг катта хайр-эҳсонларини кўриб, ўзини ноқулай ҳис қилганмикин? Ёхуд у, келтираётган эҳсонимнинг қадр-қиммати борми ё йўқми дея шубҳаланганми? Ҳатто у шундай туйғуларни бошдан кечирган ҳам дейлик, лекин шунга қарамасдан у ҳақ топиниш учун қўлидан келганини қилди.

10. Бева аёл Худонинг назарида қадрли эканини Исо қандай кўрсатди?

10 Исо, бева аёлнинг ўзи ҳам, унинг хайр-эҳсони ҳам, Яҳованинг назарида қадри баланд эканини кўрсатди. У аёл ҳақда шундай деди: «Бу бева аёл камбағал бўлишига қарамай, ҳаммадан [бойлардан] кўпроқ солди». Унинг эҳсони бошқаларники билан аралашиб кетган бўлиши мумкин, шунга қарамасдан Исо беванинг садоқати мақтовга сазовор дея, уни алоҳида тилга олган. Кейинчалик келган ғазначилар, бу икки чақанинг ҳамда уни эҳсон қилган кишининг Яҳова учун қанчалик қадрли бўлганини билишгани эҳтимолдан жуда йироқ. Лекин одамлар қандай ўйламасин, ҳатто бева аёл ўзи ҳақда қандай фикрда бўлмасин, Худонинг назарида бу ҳадянинг баҳоси баланд бўлиб қолаверган. Сиз мана шу мисол ёрдамида имонингизни текшира оласизми?

Камбағал бева аёл мисолидан қандай сабоқ олдик? (8–10- хатбошиларга қ.)

11. Бева аёл мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

11 Сизнинг вазиятингиз Яҳовага нимани тақдим эта олишингизга бевосита таъсир қилади. Ёши анчага бориб қолганига ёки касаллигига қарамай, қўлидан келганча хушхабарни ваъз қилаётган баъзиларнинг ҳам топширган соати жуда кам бўлиши мумкин. Улар, хизматимни ҳисоботга киритиш арзийдими деган фикрга боришар. Ҳатто имкониятларингиз  чегараланмаган бўлса ҳам, эҳтимол сизга Худонинг халқи Унга топинишда ҳар йили сарфлаётган соатлари ичида сизнинг қўшган ҳиссангиз жуда кичкинадек туюлар. Шунга қарамасдан, камбағал бева аёл мисолидан кўриб чиққанимиздек, Яҳова айниқса қийинчилик дамларида Уни деб қилинган ҳар бир ҳаракатимизни кўради ва қадрлайди. Энди ўтган йили Яҳова учун қилган хизматингизга бир назар солинг. У учун бағишлаган ҳар бир соатингиз сиздан катта қурбонликларни талаб қилганми? Агар шундай бўлса, Уни деб сарфлаган вақтингизни У юқори баҳолашига амин бўлишингиз мумкин. Сиз ҳам камбағал бева аёл сингари Яҳованинг хизмати учун борини бераётган бўлсангиз, имонда мустаҳкам турганингизга ишончингиз комил бўлсин.

«ЖОНИМНИ ОЛАҚОЛ»

1214. а) Салбий туйғулар Илёсга қандай таъсир қилди? б) Нима сабабдан Илёсда ёмон туйғулар пайдо бўлган?

12 Илёс пайғамбар Яҳовага садоқатли бўлиб, имонда мустаҳкам турган. Лекин бир сафар у ўзини шунчалик арзимас ҳис қилганки, Яҳовадан ўзига ўлим тилган. «Етар, эй, Эгам! — деб хитоб қилди у,— энди жонимни олақол» (3 Шоҳ. 19:4). Илёснинг дардини бошдан кечирмаганлар, унинг ибодатини эшитиб, буни «ўпоқ-сўпоқ гаплар» деб жиддий қабул қилмаслиги мумкин (Аюб 6:3). Аммо пайғамбарнинг туйғулари асосли бўлган. Эътибор берсангиз, Илёс ўзига ўлим тилагани учун Яҳова унга танбеҳ беришнинг ўрнига ёрдамлашган.

13 Нима сабабдан Илёсда ёмон туйғулар пайдо бўлган? Бундан сал олдин, у мўъжиза яратиб Яҳованинг Ҳақ Худо эканини исботлаган. Оқибатда Баалнинг 450 та пайғамбари қатл этилди (3 Шоҳ. 18:37–40). Ўшанда Илёс Худонинг халқи ҳақ топинишга қайтади деб умид боғлаган эди, афсуски унинг умиди пучга чиқди. Ёвуз малика Изабел Илёсга мактуб жўнатиб, уни ўлдиришни режалаштириб қўйганини айтди. Жонини йўқотишдан қўрқиб, пайғамбар Яҳудонинг жанубида жойлашган кимсасиз чўлга қочиб кетди (3 Шоҳ. 19:2–4).

14 Илёс саҳрода якка қолиб, пайғамбарлик хизматининг ҳеч қандай фойдаси йўқ деган хаёлга борган. У Яҳовага шундай деган: «Ахир ота-боболаримдан менинг ортиқ жойим йўқ». Илёснинг сўзларидан у, ўлиб кетган аждодларининг суяклари ва хоки сингари ўзини кераксиздай ҳис қилганини кўрсак бўлади. Ҳа, у ўз нуқтаи назаридан туриб ўзига баҳо берган. Оқибатда ҳеч ким, ҳатто Яҳова ҳам уни қадрламайди дея адашиб хулоса қилган.

15. Яҳова Илёсни қадрлаётганини қандай кўрсатди?

15 Аммо Яҳова, Илёс ҳақида умуман бошқача фикрда эди. Илёс Унинг назарида қадрли бўлиб қолаверган ва пайғамбарини бунга ишонтириш учун Яҳова тегишли чоралар кўрди. У Илёсни қўллаб-қувватлаш мақсадида фариштасини юборди. Боз устига Илёс жануб томон Хорев тоғига 40 кун йўл юрганида, Яҳова уни озиқ-овқат ва сув билан таъминлаган. Худо шунингдек, Илёснинг Исроилда Яҳовага садоқатли бирон киши қолмабди деган нотўғри нуқтаи назарини тузатди. Шуниси эъборга лойиққи, Худованд Илёсга янги топшириқ берди ва пайғамбар бу вазифани қабул қилди. Илёс Яҳованинг мадади билан қайтадан кучга тўлиб пайғамбарлик хизматини давом эттирди (3 Шоҳ. 19:5–8, 15–19).

16. Худованд сизни қандай йўллар билан қўллаб-қувватламоқда?

16 Илёснинг мисоли имонингизни текширишга кўмаклашиб, сизни ижобий фикрлашга ундаши мумкин. Аввал Яҳова сизни қандай йўллар билан қўллаб-қувватлаётгани тўғрисида ўйлаб кўринг. Ёрдамга муҳтож бўлганингизда У хизматчилари, масалан оқсоқол ёки бошқа етук масиҳий орқали сизга мадад берганми? (Галат. 6:2). Муқаддас Китоб ва адабиётларимизни ўқиб, шунингдек жамоат учрашувларида маънан озиқланаяпсизми? Кейинги сафар мана шу тадбирларнинг биридан далда олганингизда, мададингизнинг асл Манбаини эсланг ва ибодатда Унга чин қалбдан миннатдорчилик билдиринг (Заб. 120:1, 2).

17. Яҳова Ўзининг хизматчиларида нимани қадрлайди?

 17 Иккинчидан, салбий ҳис-туйғулар алдамчи бўлиши мумкинлигини унутманг. Энг муҳими Худо бизга қандай баҳо бераётганидир (Римликларга 14:4 ни ўқинг). Яҳова Унга бўлган садоқатимизни қадрлайди ва Уни деб қилган ишларимизнинг кам ёки кўплигига қараб баҳо бермайди. Аксинча Илёснинг мисолида кўрганингиздек, сиз Яҳова учун ўйлаганингиздан кўра кўпроқ ишларни қила оласиз. Эҳтимол жамоат аъзоларидан кимгадир ёрдамингиз теккан, шу қаторда сизнинг ҳаракатларингиз туфайли ҳудудингиздаги инсонлар ҳам хушхабарни эшитишгандир.

18. Яҳова сизга топширган вазифа ниманинг исботи?

18 Ниҳоят, Яҳова топшираётган ҳар бир вазифага, У сиздан мамнун эканининг исботи сифатида қаранг (Ерм. 20:11). Кўзингизга хизматингиз самарасиздек ёки баъзи маънавий мақсадларга эришиш имконсиздай кўриниб, Илёс сингари тушкунликка тушгандирсиз. Лекин сизда ҳамма қатори хушхабарни ваъз қилиб, Худонинг исми билан аталиш шарафи бор! Шундай экан, Яҳовага садоқатли қолинг. Ўшанда Исонинг масалидаги мана шу сўзлар сиз ҳақда айтилганидай бўлади: «Кел, энди хўжайининг билан бирга қувонгин» (Мат. 25:23).

«ҒАРИБНИНГ ИБОДАТИ»

19. Забурнинг 101- сано бастакори қандай туйғуларни бошдан кечирган?

19 101- сано бастакори умидсизликка тушиб қолган эди. У жисмонан ёки ҳиссан азоб чекканидан «дард-аламга ботган» (Заб. 101:1). Унинг сўзларидан юраги ҳасрат билан тўлганини ҳамда ёлғизланиб қолганини кўрса бўлади (Заб. 101:4, 5, 7, 11). Сано бастакори Яҳова уни улоқтириб ташламоқчи деб ўйларди (Заб. 101:11).

20. Салбий фикрлар билан курашаётган кишига ибодат қандай ёрдам бера олади?

20 Нима бўлишидан қатъи назар сано бастакори ҳаёти билан Яҳовани шарафлашга муваффақ бўлган (Забур 101:20–22 ни ўқинг). 101- санодан кўриб турганимиздек, ҳатто имони кучли бўлганлар ҳам изтироб чекиши ва кўнгилларига ҳеч нарса сиғмаслиги мумкин. Дард-алами билан якка қолганини тасвирлаб, сано бастакори ўзини «томда ёлғиз қолган қушга» ўхшатган (Заб. 101:8). Мабодо сизнинг ҳам юрагингиздан шу каби туйғулар ўтаётган бўлса, сано бастакорига тақлид қилиб, дардингизни Яҳовага солинг. Изтироб чекаётганнинг ибодатлари, аниқроғи сизнинг ибодатларингиз салбий фикрлар билан курашишда жуда асқатади. Туйғуларим Худога маъқулми ёки номаъқулми дея кўп ташвишланманг. Зеро Яҳова шундай ваъда бермоқда: «Йўқсилларнинг ибодатига У эътибор беради, уларнинг илтижоларини рад этмайди» (Заб. 101:18). Ҳа, Худонинг ушбу ваъдасига умид боғланг.

21. Салбий ҳис-туйғулар билан курашаётган киши қандай қилиб ижобий нуқтаи назарга эга бўлиши мумкин?

21 Шунингдек, 101-санодан қандай қилиб ижобий нуқтаи назарга эга бўлишингизни кузатса бўлади. Сана бастакори диққатини Яҳова билан муносабатларига қаратиб бунга эришган (Заб. 101:13, 28). Яҳова Ўз халқини қийинчиликларга бардошли бўлиши учун доимо қўллаб-қувватлашини тушуниб, у тасалли топган. Мабодо ҳасрат вақтинчалик Худонинг хизматида хоҳлаганингиздек иштирок этишга халақит бераётган бўлса, бу ҳақда ибодат қилинг. Худодан ибодатингизни эшитишни сўраганда, нафақат дардингиздан халос бўлишни, балки «Худованд исмини шарафлаш»ни ҳам мақсад қилинг (Заб. 101:21, 22, Туркия 1998).

22. Қай йўсин ҳар биримиз Яҳованинг розилигини олишимиз мумкин?

22 Ҳа, биз Муқаддас Китобдан фойдаланиб, имонимиз мустаҳкамлигига ҳамда Яҳованинг назарида қадрли эканимизга ишонч ҳосил қилишимиз мумкин. Афсуски, бу дунёда салбий ҳис-туйғулардан ёки кўнгилсизликлардан ўзимизни бутунлай соқит қила олмаймиз. Лекин ҳар биримиз садоқат ила Яҳовага хизмат қилсак, Унинг розилигини олиб нажот топишимиз мумкин (Мат. 24:13).