Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг содиқ ва кечиримли эканлигини қадрланг

Яҳованинг содиқ ва кечиримли эканлигини қадрланг

Сен, эй Раббий, яхши, кечиримлисан, Сенга илтижо қилганларга содиқ севгингни кўрсатасан. ЗАБ. 85:5

1, 2. а) Нега содиқ ва кечиримли дўстларни қадрлаймиз? б) Биз қайси саволларга жавоб оламиз?

СИЗ чин дўстни қандай таърифлаб берардингиз? «Менимча, ҳамиша ёрдам беришга ва хатоларингизни кечиришга тайёр бўлган кишини чин дўст деса бўлади»,— деб бўлишди Эшли исмли бир синглимиз. Содиқ ва кечиримли дўстларни ҳар бир инсон қадрлайди. Бундай дўстлари бор инсон ўзини хотиржам ва севилишга лойиқ деб ҳис қилади (Ҳик. 17:17).

2 Яҳова эса энг содиқ ва кечиримли дўстимиз бўлиши мумкин. Буни, сано ижодкорининг қуйидаги сўзлари тасдиқлайди: «Сен, эй Раббий, яхши, кечиримлисан, Сенга илтижо қилганларга содиқ севгингни кўрсатасан» (Заб. 85:5). Содиқ ва кечиримли бўлиш нимани англатади? Яҳова бу гўзал фазилатларни қандай намоён этади? Биз-чи, Унга қандай тақлид қилишимиз мумкин? Бу саволларнинг жавоблари бизни, энг яқин Дўстимиз бўлмиш Яҳовани кўпроқ севишга ундайди. Шунингдек, бу имондошларимиз билан ўзаро дўстлигимизни мустаҳкамлашга ёрдам беради (1 Юҳан. 4:7, 8).

ЯҲОВА СОДИҚ ХУДОДИР

3. Содиқ бўлиш нимани англатади?

3 Содиқлик — чин қалбдан берилганлик, вафодорлик ва қаттиқ боғлиқликни ўз ичига оладиган эзгу фазилатдир. Содиқ инсон ҳадеб ўзгаравермайди. Аксинча, у қийин вазиятларда ҳам яхши кўрган одамига (ёки нарсасига) маҳкам ёпишиб, ундан айрилгиси келмайди. Муқаддас Китобда, Яҳова «садоқатли Аллоҳимиздир», дейилган. Ҳа, содиқ бўлишда Унга ҳеч ким тенг кела олмайди (Ваҳ. 16:5).

4, 5. а) Яҳова содиқликни қандай намоён этади? б) Яҳованинг содиқликни намоён этгани ҳақида фикр юритиш бизга қай тарзда куч бахш этади?

4 Яҳова содиқликни қандай намоён этади? У Ўзининг содиқ хизматчиларини асло тарк этмайди. Бундай  хизматчилардан бири — шоҳ Довуд, Яҳованинг содиқлигини эътироф этган (2 Шоҳлар 22:26 ни ўқинг). Довуд оғир синовларни бошдан кечирган вақтларда Яҳова содиқлик ила унга йўл-йўриқ кўрсатар, ҳимоялар ва душманлар қўлидан халос этарди (2 Шоҳ. 22:1). Яҳованинг содиқлиги қуруқ гап эмаслигини Довуд яхши биларди. Нега Яҳова Довудга нисбатан содиқликни намоён этган? Сабаби, Довуднинг ўзи Унга «содиқ бўлган». Яҳова Ўз хизматчиларининг содиқлигини қадрлайди ва Ўзи ҳам уларга нисбатан содиқликни намоён этади (Ҳик. 2:6–8).

5 Яҳованинг содиқликни намоён этгани ҳақида фикр юритиш бизга куч бахш этади. «Довуд оғир синовларни бошдан кечирган вақтларда Яҳова унга қандай муомала қилгани ҳақида ўқиш менга жуда ёқади»,— дейди садоқатли биродаримиз Ред. «Довуд қочоқликда, ғорларда яшаб юрганда, Яҳова уни тинмай қўллаб-қувватлаб келган. Бу менга катта далда беради! Бу воқеа менга, қанақа вазиятга дуч келмай, қандай мушкул аҳволга тушиб қолмай, агар Яҳовага содиқ қолсам, У мени ташлаб қўймаслигини эслатиб туради»,— деб давом этади Ред. Сиз ҳам бу фикрга қўшилсангиз керак (Рим. 8:38, 39).

6. Яҳова содиқлигини яна қандай йўллар билан намоён этади ва бу Унинг хизматчиларига қандай фойда келтиради?

6 Яҳова содиқлигини яна қандай йўллар билан намоён этади? У Ўзи ўрнатган меъёрларга доим амал қилади. Яҳова бизни: «Кексайгунингча ҳам Мен Ўшаман»,— деб ишонтирмоқда (Ишаё 46:4). У ҳамиша яхшилик ва ёмонликка оид ўзгармас меъёрлари асосида қарорлар чиқаради (Мал. 3:6). Боз устига, Яҳова доимо Ўз ваъдаларини бажариб, содиқликни намоён этади (Ишаё 55:11). Яҳованинг содиқлиги эса Унинг барча садоқатли хизматчиларига фойда келтиради. Қандай қилиб, дейсизми? Биз кучимиз борича Яҳованинг меъёрларига амал қилишга ҳаракат қилсак, У албатта бизга барака бериши ҳақидаги ваъдасини бажаради (Ишаё 48:17, 18).

«Шундай дўст борки, у туғишгандан ҳам яқинроқдир» (Ҳик. 18:24). (7- хатбошига қаранг)

«Бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар» (Эфес. 4:32). (16- хатбошига қаранг)

ЯҲОВАНИНГ СОДИҚЛИГИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

7. Худонинг содиқлигига тақлид қилишнинг усулларидан бири қанақа?

 7 Биз Яҳованинг содиқлигига қандай тақлид қила оламиз? Бунинг усулларидан бири — мушкул аҳволга тушиб қолганларга ёрдам беришдир (Ҳик. 3:27). Мисол учун, соғлик муаммолари, оиласидаги қаршиликлар ёки шахсий нуқсонлари дастидан кўнгли чўккан бирон имондошигизни биласизми? Унда, унинг олдига бориб, «меҳрибон ва тасалли берувчи сўзлар» айтишни мақсад қилиб олмайсизми? (Закр. 1:13) *. Бу билан сиз унга «туғишгандан ҳам яқинроқ», чин дўст эканингизни кўрсатасиз (Ҳик. 18:24).

8. Яҳованинг содиқлигига тақлид қилаётганимизни, масалан никоҳда қандай намоён этишимиз мумкин?

8 Яна, севган инсонларимизга вафодор бўлиб ҳам, Яҳованинг содиқлигига тақлид қилган бўламиз. Масалан, турмуш қурган бўлсак, умр йўлдошимизга вафодор бўлишимиз лозим (Ҳик. 5:15–18). Шунда биз хиёнатга олиб борадиган йўлга бир қадам ҳам қўймаймиз (Мат. 5:28). Шунингдек, имондошларимизни ғийбат ёки туҳмат қилиш ҳамда улар ҳақда ёмон гаплар тарқатиш ва ҳатто бундай гап-сўзларни тинглашдан ҳам қочиб, уларга содиқ эканимизни кўрсатамиз (Ҳик. 12:18).

9, 10. а) Биз айниқса кимга содиқ қолишни истаймиз? б) Нега Яҳованинг айтганларини қилиш доим ҳам осон кечмайди?

9 Энг муҳими эса, биз Яҳовага содиқ қолишни истаймиз. Буни қандай қилишимиз мумкин? Ҳар нарсага Унинг назари билан қарашга интилиб — У севган нарсаларни севиб ва У нафратланган нарсалардан нафратланиб — ҳамда шунга монанд йўл тутиб (Забур 96:10 ни ўқинг). Фикр ва ҳис-туйғуларимизни Яҳованикига мувофиқлаштирганимиз сари,  Унинг айтганини қилгимиз келаверади (Заб. 118:104).

10 Афсуски, Яҳованинг айтганларини қилиш доим ҳам осон кечмайди. Содиқликни сақлаш учун курашишимизга тўғри келиши мумкин. Масалан, баъзи имондошларимиз турмуш қуришни хоҳлашади-ю, аммо Яҳованинг хизматчилари орасида ўзларига муносиб умр йўлдош топа олишмаётгандир (1 Кор. 7:39). Ёки турмушга чиқмаган синглимизга Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган ҳамкорлари нуқул бирон ким билан учрашишни таклиф қилишаётгандир. Синглимиз ёлғизлик ҳисси билан курашиб келаётган бўлиши мумкин. Шунга қарамай, у Яҳовага содиқ қолишга қатъий қарор қилгандир. Бундай содиқ имондошларимизни янада кўпроқ қадрлагимиз келмайдими? Яҳова, қийинчиликларга қарамай, Унга содиқ қолаётганларга барака беришидан шубҳаланмасак ҳам бўлади (Иброн. 11:6).

«Шундай дўст борки, у туғишгандан ҳам яқинроқдир» (Ҳик. 18:24). ( 7- хатбошига қаранг)

«Бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар» (Эфес. 4:32). ( 16- хатбошига қаранг)

ЯҲОВА КЕЧИРИМЛИ ХУДОДИР

11. Кечиримли бўлиш нимани англатади?

11 Яҳованинг гўзал фазилатларидан яна бири — кечиримлиликдир. Кечиримли бўлиш нимани англатади? Оддий қилиб айтганда бу, сизни ранжитган киши қилмишидан чинакамига афсусланса, уни афв этишни англатади. Лекин бу, унинг қилмишини оқлаш ёки ҳеч нарса бўлмагандай юриш, дегани эмас. Аксинча бу, ортиқ хафа бўлмасликни билдиради. Муқаддас Китобга биноан, Яҳова ҳақиқатан тавба қилганларга нисбатан «кечиримлидир» (Заб. 85:5).

12. а) Яҳова кечиримлилигини қандай намоён этади? б) Гуноҳлар «ювилиши» нимани англатади?

12 Яҳова кечиримлилигини қандай намоён этади? «Унинг юраги кечиримга бой» бўлгани учун, У бутунлай ва узил-кесил кечиради (Ишаё 55:7). Яҳова бутунлай кечиришини қаердан биламиз? Келинг, Ҳаворийлар 3:19 да ёзилган сўзларга эътибор берайлик (ўқинг). Ҳаворий Бутрус тингловчиларини «тавба қилиб, Худога қайтишга» чорлаган. Гуноҳ қилган киши ҳақиқатан тавба қилса, қилмишидан афсусланади. У гуноҳ ишга қайта қўл урмасликка қарор қилади (2 Кор. 7:10, 11). Боз устига, ҳақиқий тавба гуноҳкорни ёмон йўлдан юз ўгириб, «Худога  қайтишга» ва Унга маъқул бўлган йўлдан юришга ундайди. Агар Бутрусни тинглаганлар ҳақиқатан тавба қилишганини кўрсатишганда, натижада нима бўларди? Бутруснинг сўзларига кўра, уларнинг гуноҳлари «ювилиши» мумкин эди. Юнончадан таржима қилинган бу ибора «ўчирилиш», деган маънога эга. Демак, агар Яҳова кечирса, У гуноҳларимизни ўчириб ташлайди. Ҳа, У бутунлай кечириб юборади (Иброн. 10:22; 1 Юҳан. 1:7).

13. «Гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман», деган сўзлар бизга қандай ишонч бахш этяпти?

13 Яҳова узил-кесил кечиришини қаердан биламиз? Келинг, Еремиёнинг башоратига эътибор берайлик. У, мойланган масиҳийлар билан янги аҳд тузилиши туфайли, тўлов қурбонлигига ишонганларнинг гуноҳлари кечирилиши ҳақида ёзган эди (Еремиё 31:34 ни ўқинг) *. Ўшанда Яҳова: «Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман»,— деб айтганди. Шундай экан, Яҳова бир марта кечирса, бошқа ҳеч қачон ўша гуноҳни юзимизга солмаслигига бизни ишонтирмоқда. Ҳа, У бизни қайта-қайта айблаш ёки жазолаш мақсадида, қилган гуноҳларимизни ҳадеб эслатавермайди. Аксинча, У гуноҳларни узил-кесил кечириб юборади (Рим. 4:7, 8).

14. Яҳованинг кечиримлилиги ҳақида мулоҳаза қилсак қандай тасалли топамиз? Мисол келтиринг.

14 Яҳованинг кечиримлилиги ҳақида мулоҳаза қилсак тасалли топамиз. Келинг, бир мисолни кўриб чиқайлик. Кўп йиллар аввал бир синглимиз, исмини Лайло дейлик, жамоатдан четлатилган эди. Орадан бир неча йил ўтиб, у қайта тикланди. У шундай фикр билдирди: «Гарчи ўзимга ва бошқаларга, Яҳова мени кечирганига амин эканимни айтган бўлсам-да, ҳамиша У мендан узоқлашиб қолгандай ёки бошқаларни мендан кўпроқ яхши кўргандай бўлиб туюларди». Аммо Лайло, Муқаддас Китобдаги Яҳованинг кечиримлилигини яққол кўрсатадиган мисолларни ўқишдан ва бу ҳақда мулоҳаза қилишдан тасалли топади. «Яҳова менга нисбатан шунчалик меҳрибон ва шафқатли бўлишини ҳечам билмаган эканман»,— деб бўлишди у. Унга айниқса қуйидаги фикр ёқар экан: «Агар Яҳова гуноҳларимизни кечирса, бир умр ўзимизни айбдор деб ҳис қилмаслигимиз керак» *. Лайло шундай деб тан олди: «Илгари, Яҳова мени бутунлай кечириши мумкинлигига ишонмай, бу оғир юк бир умр бўйнимда қолади, деб ўйлаганман. Бу туйғудан халос бўлишим учун вақт кераклигини тушуниб турибман, лекин ҳозирдан мен Яҳова билан яқин муносабатга эга бўлишим мумкинлигини сезиб, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди». Қандай меҳрибон ва шафқатли Худога хизмат қиляпмиз-а! (Заб. 102:9).

ЯҲОВАНИНГ КЕЧИРИМЛИЛИГИГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ

15. Биз Яҳованинг кечиримлилигига қандай тақлид қилишимиз мумкин?

15 Биз ҳам бошқаларни кечиришга тайёр бўлиб, Яҳовага тақлид қилишимиз мумкин (Луқо 17:3, 4 ни ўқинг). Ёдингизда бўлса, Яҳова кечирганда, У гуноҳларимизни унутиб юборади, яъни кейинчалик бизни бу учун жазоламайди. Биз ҳам бошқаларни кечириб, унутиб юборишимиз ва келажакда қайтиб эсламаслигимиз лозим.

16. а) Кечиримли бўлиш, одамнинг қилмишини оқлаш ёки бизга адолатсиз муомалада бўлишларига йўл қўйишни англатадими? Тушунтириб беринг. б) Худо бизни кечирсин десак, нима қилишимиз керак?

 16 Кечиримли бўлиш, одамнинг қилмишини оқлаш ёки бизга адолатсиз муомалада бўлишларига йўл қўйишни англатмайди. Аксинча, бу, энди хафа бўлиб юрмасликни билдиради. Худо бизни кечирсин десак, ўзимиз ҳам Яҳованинг кечиримлилигига тақлид қилиб, бошқаларни кечиришимиз керак (Мат.  6:14, 15). Ахир, Яҳова бизга раҳм қилиб, «тупроқ эканимизни» ёдда тутади-ку! (Заб. 102:14). Наҳотки биз ҳам бошқаларга раҳм қилиб, уларнинг хато-айбларини чин дилдан кечирмасак? (Эфес. 4:32; Колос. 3:13).

Сизни хафа қилган инсон учун самимий ибодат қилинг (17- хатбошига қаранг)

17. Агар имондошимиз бизни хафа қилса, нима қилишимиз керак?

 17 Кечиримли бўлиш, табиийки доим ҳам осон кечмайди. Ҳатто биринчи асрда яшаган айрим мойланган масиҳийлар ҳам ораларидаги англашмовчиликни ҳал қилишга қийналишган (Филип. 4:2). Агар имондошимиз бизни хафа қилса, нима қилишимиз керак? Аюб пайғамбарнинг мисолини олайлик. У кишини, дўстлари — Элифаз, Билдад ва Зўфар — ноҳақ айблаб, хафа қилишган (Аюб 10:1; 19:2). Охир-оқибат, Яҳова ўша сохта юпатувчиларнинг фикрини тўғрилаган. Худо уларни, Аюбнинг олдига бориб, гуноҳлари учун қурбонлик келтиришга ундаган (Аюб 42:7–9). Бироқ Яҳова Аюбдан ҳам бир нарсани талаб қилган. Бу нима бўлиши мумкин? Яҳова Аюбни, айбловчилари учун ибодат қилишга ундаган. Аюб Яҳованинг айтганини қилди ва кечиримли бўлгани учун Ундан барака топди (Аюб 42:10 ни ўқинг) *. Бунда биз учун қандай сабоқ бор? Бизни хафа қилган инсон учун самимий ибодат қилсак, бу хафа бўлиб юрмаслигимизга ёрдам беради.

ЯҲОВАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИНИ ЯНАДА КЎПРОҚ ҚАДРЛАНГ

18, 19. Яҳованинг гўзал фазилатларини янада кўпроқ қадрлаш учун нима қилсак бўлади?

18 Дарҳақиқат, меҳрибон Худойимиз Яҳованинг турли фазилатларини кўриб чиқиш бизга тетиклик бахш этди. Биз Унинг кўнгли очиқ, юзхотирчилик қилмайдиган, мулоҳазакор, садоқатли ва кечиримли эканини билиб олдик. Лекин бу, денгиздан бир томчи холос. Абадий ҳаёт давомида биз Яҳова ҳақида яна кўп нарсани билиб олиш имконидан баҳраманд бўламиз (Воиз 3:11). Биз ҳаворий Павлуснинг ушбу сўзларига қўшиламиз: «Оҳ, Худонинг бойлиги ҳамда донолигию билими қанчалик тубсиз-а! Унинг ҳукмларига ақл бовар қилмас, Унинг ҳамма йўлларини тушуниб бўлмас!» (Рим. 11:33).

19 Келинг, бундан буён ҳам Яҳованинг гўзал фазилатларини қадрлайлик. Биз буни, Унинг фазилатлари билан танишиш, улар ҳақида фикрлаш ва уларни ҳаётимизда намоён этиш орқали қилишимиз мумкин (Эфес. 5:1). Агар бундай қилсак, сано ижодкорининг: «Эй Худо, Сенга яқин бўлганим эса менга яхшидир»,— деган сўзлари ҳақ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз (Заб. 72:28).

^ 7- х.б. Бу борада фойдали маслаҳатларни «Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 1995- йил 15- январь сонидаги «Охирги вақтларда бирортасига далда берганмисиз?» ҳамда 1995- йил 1- апрель сонидаги «Севишга ва эзгу ишлар қилишга ундаш — қандай қилиб?» номли мақолалардан топиш мумкин.

^ 13- х.б. Еремиё 31:34: «Шундан кейин одамлар бир-бирига: “Эгамизни таниб-билинг”, деб айтмайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб кичигигача Мени биладиган бўлади. Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.” Эгамизнинг каломи шудир».

^ 14- х.б. «Яҳова Таолога яқинлашинг» номли китобнинг (рус) 26- боб, 10- хатбошига қаранг.

^ 17- х.б. Аюб 42:10: «Аюб ўз дўстлари учун ибодат қилганидан кейин, Эгамиз унинг бойлигини қайта тиклади. Унга олдингидан икки баравар кўп барака берди».