Асосий материалларга ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

2 Коринфликларга 6:14 да Павлус «имондош бўлмаганлар» ибораси остида кимни назарда тутган?

2 Коринфликларга 6:14 да қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа қўшилманглар». Агар матн таркибига қарасак, Павлус масиҳийлар жамоатининг аъзоси бўлмаган одамлар ҳақида гапирганини кўришимиз мумкин. Бу фикрни Муқаддас Китобдаги бошқа оятлар ҳам тасдиқлайди. У ерда Павлус «имондош бўлмаганлар» ёки «имонсизлар» сўзларини ишлатган.

Мисол учун, Павлус биродарини маҳкамага олиб бориб, «имонсизлар олдида» даъволашган масиҳийларга қаттиқ танбеҳ берган. (1 Коринфликларга 6:6) Бу ерда «имонсизлар» деганда Коринф шаҳрида суд тизимида ишлайдиган ҳакамлар назарда тутилган. Павлус ўзининг иккинчи мактубида Шайтон «имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилиб қўйгани» ҳақида ёзган. Бундай имонсизлар хушхабарни илғамаслиги учун уларнинг кўзлари «ёпинчиқ» билан тўсилган. Павлус аввалроқ тушунтирганидек, улар Яҳовага топиниш учун ўз йўлларини ўзгартиришса, ёпинчиқ олиб ташланарди. Бироқ бу одамлар Яҳовага хизмат қилиш учун ҳеч қандай қадам қўймаган. (2 Коринфликларга 3:16; 4:4)

Имондош бўлмаганларнинг айримлари қонунсизликка қўл уришади ёки бутпарастлик билан шуғулланишади. (2 Коринфликларга 6:15, 16) Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам Яҳованинг хизматчиларига қаршилик қилишмайди. Баъзилари ҳақиқатга қизиқишади. Уларнинг орасида масиҳий турмуш ўртоқлари билан бахтли ҳаёт кечираётганлар ҳам кўп. (1 Коринфликларга 7:12–14; 10:27; 14:22–25; 1 Бутрус 3:1, 2) Юқорида айтиб ўтилганидай, Павлус «имондош бўлмаганлар» иборасини изчиллик билан масиҳийлар жамоатининг аъзоси бўлмаганларга нисбатан қўллаган. Масиҳийлар жамоати эса «Ҳазратимизга ишонган» кишилардан иборат. (Ҳаворийлар 2:41; 5:14; 8:12, 13)

2 Коринфликларга 6:14 даги принцип масиҳийларга ҳаётининг барча соҳаларида асқатади. Лекин бу принцип айниқса ўзига турмуш ўртоқ излаётган масиҳийлар учун доно маслаҳат бўла олади. (Матто 19:4–6) Ўзини Худога бағишлаб, сувга чўмган масиҳий доно йўл тутиб, имондош бўлмаганлар орасидан турмуш ўртоқ изламайди. Чунки имондош бўлмаганларнинг қадриятлари, мақсадлари ва эътиқоди масиҳийларникидан анча фарқ қилади.

Аммо Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, масиҳийлар жамоатига қатнаётганлар ҳақида нима деса бўлади? Сувга чўммаган ваъзгўйлар ҳақида-чи? Улар имонсизлар қаторига кирадими? Йўқ. Ҳақиқат бўлмиш хушхабарни қабул қилиб, сувга чўмиш учун маънан ўсаётган одамлар имонсизлар ҳисобланмайди. (Римликларга 10:10; 2 Коринфликларга 4:13) Масалан, Корнилий ҳали сувга чўмишидан олдин Аллоҳга топинган киши сифатида тилга олинган. (Ҳаворийлар 10:2)

Демак, Павлуснинг 2 Коринфликларга 6:14 даги маслаҳати бу вазиятга тўғри келмас экан, унда сувга чўмган масиҳий сувга чўммаган ваъзгўй билан учрашиб, турмуш қурмоқчи бўлса, доно йўл тутган бўладими? Йўқ. Нега? Чунки Павлус бева масиҳийларга шундай маслаҳат берган: «Аёл истаган кишига турмушга чиқиши мумкин, фақат у киши Ҳазратимизга тегишли бўлиши керак». (1 Коринфликларга 7:39) Бу маслаҳатга биноан, сувга чўмган масиҳийлар ўзига фақат «Ҳазратимизга тегишли» кишилар орасидан турмуш ўртоқ излашга ундаляпти.

«Ҳазратимизга тегишли» ва унга ўхшаш «Масиҳ йўлидаги» иборалари нимани англатади? Павлус Римликларга 16:8–10 ва Колосаликларга 4:7 да бундай масиҳийлар тўғрисида гапирган. Бу оятларда улар «ҳамкор», «содиқ», «азиз биродар», «ишончли хизматчи» ва «хизматдош» деб аталган.

Инсон қачон «хизматдош» бўлади? У ўзидан кечиб, тайёрлик ила Худонинг хизматига киришганида. Исо шундай деганди: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини кўтариб, менга эргашиб юрсин». (Матто 16:24) Инсон ўзини Худога бағишлаганида Масиҳ ортидан юришни ва бутунлайин Худонинг иродаси бўйича ҳаёт кечиришни бошлайди. Бундан кейин у сувга чўмади ва Тангри Яҳова олдида яхши ном орттириб, Унинг бағишланган хизматчиси бўлади a. Демак, Ҳазратимизга тегишли киши билан турмуш қуриш чинакам масиҳий, яъни «Аллоҳнинг ҳамда Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг қули» эканини исботлаган инсон билан турмуш қуришни англатади. (Ёқуб 1:1)

Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтаётган ва маънан ўсаётган инсон мақтовга сазовор. Бироқ у ўзини Яҳовага бағишламаган ва Унга фидойилик ила хизмат қилишни бошламаган. У ҳали ҳам ҳаётига керакли ўзгаришлар киритяпти. Худога бағишланиб, сувга чўмган масиҳий бўлиш учун инсон бу ўзгаришларни охирига етказиши керак. Бундан кейингина у ҳаётига яна бир катта ўзгариш киритиш, яъни турмуш қуриш ҳақида ўйлаши мумкин.

Агар масиҳий маънан ўсаётган қизиқувчи билан учрашишни бошласа ва ҳатто у билан турмуш қуриш учун сувга чўмишини кутса, оқилона йўл тутган бўладими? Йўқ. Борди-ю, қизиқувчи Худога бағишланган масиҳий бундай қилмоқчи экани ҳақида билса, нотўғри ниятда сувга чўмиши мумкин.

Одатда инсон қисқа муддат давомида, яъни маънан ўсиб сувга чўмгунига қадар сувга чўммаган ваъзгўй бўлади. Шунинг учун фақатгина Ҳазратимизга тегишли инсон билан турмуш қуриш ҳақидаги маслаҳатга амал қилиш қийин эмас. Аммо турмуш қурадиган ёшга етган, масиҳийлар оиласида катта бўлган ва бир неча йилдан бери жамоат ишларида фаол қатнашаётган сувга чўммаган ваъзгўй ҳақида нима деса бўлади? Унга ўзини Яҳовага бағишлашга нима тўсқинлик қиляпти? У сувга чўмишни нега ортга суряпти? Ё қандайдир шубҳалари борми? У имонсиз бўлмаса-да, уни «Ҳазратимизга тегишли» инсон деб ҳам бўлмайди.

Павлуснинг никоҳга доир маслаҳати бизнинг фойдамиз учун хизмат қилади. (Ишаё 48:17) Агар турмуш қурмоқчи бўлганларнинг иккови ҳам ўзини Яҳовага бағишлаган бўлса, уларнинг турмуши мустаҳкам маънавий пойдевор устида қурилган бўлади. Уларни бир хил қадриятлару мақсадлар бирлаштириб туради. Бу, ўз навбатида, никоҳлари бахтли бўлишига катта ҳисса қўшади. Бундан ташқари, Ҳазратимизга тегишли инсон билан турмуш қурган масиҳий Яҳовага садоқатини намоён этган бўлади. Бу эса чексиз баракалар олиб келади. Чунки Яҳова ҳақида шундай дейилган: «Ўзингга содиқ бўлган кишига садоқатлисан». (Забур 18:25)

[Изоҳ]

a Дастлаб Павлус мактубларини мойланган масиҳийларга ёзган. Улар учун «хизматдош» бўлиш, шунингдек, Худонинг ўғиллари ва Масиҳнинг биродарлари сифатида мойланишни ўз ичига олади.

[31- саҳифадаги расм]

«Ўзингга содиқ бўлган кишига садоқатлисан»