Кечирим сўраш тинчликнинг сиридир
Кечирим сўраш тинчликнинг сиридир
«КЕЧИРИМ сўраш кучли таъсирга эга. Кечирим сўраш орқали зўравонлик қилмай, можароларни ҳал этиш, халқлар ўртасидаги низоларни бартараф қилиш, ҳукуматларга фуқароларнинг азоб-уқубатларини тан олишга кўмаклашиш ва инсонлараро муносабатларни тиклаш мумкин». Бу сўзларни таниқли ёзувчи ҳамда пойтахт шаҳар Вашингтондаги Жорж Таун университетининг ижтимоий лингвисти Дебора Таннен ёзган.
Муқаддас Китобдан шуни кўряпмизки, чин дилдан кечирим сўраш дарз кетган муносабатларни тиклашнинг самарали йўлидир. Масалан, Исонинг дарбадар ўғил ҳақидаги масалини олсак, ўғил уйга қайтганида, чин дилдан кечирим сўрайди ва отаси уни яна оила аъзолари орасида кўрганидан роса хурсанд бўлади. (Луқо 15:17–24) Дарҳақиқат, кимнидир ранжитиб қўйсак, мағрур бўлмай кечирим сўрашимиз афзалроқ. Шубҳасизки, чинакамига камтар инсонлар учун кечирим сўраш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.
Кечирим сўрашнинг қудрати
Қадимги Исроилнинг доно аёли Обигайл эри содир этган ёвузлик учун кечирим сўраб, ўз мисоли билан кечирим сўраш катта қудратга эга эканини кўрсатган. Кейинчалик Исроил шоҳи бўлган Довуд чўлу биёбонда юрган кезлари Обигайлнинг эри Наволнинг подаларини қўриқлаб юради. Аммо Довуднинг одамлари Наволдан нон ва сув сўрашганида, у уларни ҳақоратлаб, бўш қўл билан жўнатиб юборади. Довуд ғазаб отига миниб, Навол ва унинг хонадонига қарши тўрт юз кишини тўплайди. Бундан хабар топган Обигайл Довудни қарши олишга чиқади. Обигайл Довудни кўрибоқ, юзтубан тиз чўкиб, шундай дейди: «Тақсирим, айб менинг бўйнимда бўлсин. Илтимос, чўрингизнинг гапиришига ижозат беринг. Чўрингизнинг сўзларига қулоқ солинг». Сўнгра Обигайл вазиятни тушунтириб, Довудга ҳадя сифатида сув ва озиқ-овқат беради. Бунга Довуд шундай жавоб беради: «Уйингга эсон-омон боравер. Мен сенинг гапларингга қулоқ солдим ва илтимосингни бажо келтираман». (1 Шоҳлар 25:2–35)
Обигайл эрининг қўпол муносабати учун камтарлик ила кечирим сўрайди ва бу туфайли унинг хонадони омон қолади. Довуд ҳатто Обигайлга уни қон тўкишдан тўхтатгани учун миннатдорчилик билдирган. Гарчи Обигайл Довуд ва унинг одамларига қарши ҳеч қандай ёмонлик қилмаган бўлса ҳам, оиласи учун барча айбни ўзига олиб, Довуд билан тинчлик ўрнатади.
Қачон кечирим сўраш кераклигини билиш борасида ҳаворий Павлус яхши ўрнак қолдирган. Бир сафар ҳаворий Павлус яҳудийларнинг олий кенгашида ўзининг ҳимоясига гапирган. Шунда жаҳли чиққан олий руҳоний Ҳанания Павлуснинг ёнида турган кишиларга унинг оғзига уришларини буюради. Павлус эса унга: «Эй оқланган девор, Худо сени уради! Сен мени Қонун бўйича ҳукм қила туриб, тағин Қонунга зид равишда мени уришларини буюрасанми?» — деб айтади. Ҳаворий Павлуснинг ёнида турганлар уни олий руҳонийни ҳақорат қилганликда айблашганида, у дарҳол хатосини тан олиб, шундай айтади: «Биродарлар, мен унинг олий руҳоний эканлигини билмабман. Ахир, Муқаддас Ёзувларда: “Халқ йўлбошчисини ёмонламанг”,— дейилган-ку». (Ҳаворийлар 23:1–5)
Павлуснинг ҳакам сифатида тайинланган инсон зўравонлик қилмаслиги кераклиги тўғрисидаги сўзлари мутлақ тўғри эди. Шунга қарамасдан, ҳаворий Павлус ўзи англамаган ҳолда олий руҳонийга қарата қўпол гапларни айтгани учун кечирим сўрайди. a Павлус кечирим сўрагани учун олий кенгаш аъзолари уни тинглашга мойил бўлишади. Павлус кенгаш аъзолари ўртасидаги низодан хабардор бўлгани туфайли уни тирилишга бўлгани эътиқоди учун ҳукм қилишаётганини айтади. Бунинг оқибатида катта баҳс-мунозара юзага келади ва фарзийлар Павлуснинг тарафини олишади. (Ҳаворийлар 23:6–10)
Муқаддас Китобдаги мазкур иккита мисолдан қандай сабоқ олсак бўлади? Иккала вазиятда ҳам чин дилдан кечирим сўраш келгуси мулоқот учун замин яратган. Кечирим сўраш бизга ҳам тинчлик ўрнатишга кўмаклашади. Ҳа, хатоларимизни тан олсак ва келтирган зараримиз учун кечирим сўрасак, муаммони тинчгина муҳокама қилишга яхши имконият пайдо бўлади.
«Аммо мен ҳеч қандай ёмон иш қилганим йўқ»
Кимнидир сўзларимиз ёки ишларимиз билан ранжитиб қўйганимизни пайқасак, у арзимас нарсаларга ҳам хафа бўлар экан деб нотўғри хулоса чиқаришимиз мумкин. Аммо Ҳазратимиз Исо Масиҳ ўз шогирдларига шундай насиҳат берганди: «Агар назрингизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, назрингизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг. Шундан сўнг келиб, назрингизни бахшида этинг». (Матто 5:23, 24)
Масалан, биродарингиз сиз унга қарши гуноҳ қилдингиз, деб ўйлаши мумкин. Бундай вазиятда, Исонинг сўзларига кўра, «Ҳатто ҳеч қандай ёмон иш қилмадим-ку» деб ўйласангиз ҳам биродарингиз билан ярашишингиз даркор. Юнонча матнга кўра, Исо бу ерда ишлатган сўз «ўзаро адоватдан сўнг ўзаро айбни тан олиш»ни англатади. («Vine’s Expository Dictionary of Old and New Testament Words») Дарҳақиқат, икки киши ўртасида келишмовчилик юзага келса, асосан икки тараф томонидан хатолик ўтган бўлади. Чунки икки киши ҳам номукаммал ва хато қилишга мойил. Шунинг учун ҳам улар айбни ўзаро тан олишлари лозим.
Муҳими ким ҳақу ким ноҳақ эканини аниқлаш эмас, балки ташаббус кўрсатиб, тинчлик ўрнатишдир. Ҳаворий Павлус Коринфдаги масиҳийлар молиявий келишмовчиликлар каби шахсий масалалар бўйича бир-бирини маҳкамаларга топшираётганини эшитганида, уларга шундай насиҳат беради: «Ундан кўра хафа бўлиб қолаверганингиз яхши эмасми? Ундан кўра алданиб қолганингиз яхши эмасми?» (1 Коринфликларга 6:7) Гарчи бу ерда Павлус коринфликларни шахсий масалалар бўйича баҳслашмасликка ундаган бўлса ҳам, принцип аниқ-равшан: имондошлар орасидаги тинчлик ким ҳақу ким ноҳақ эканини исботлашдан муҳимроқдир. Бу принципни ёдда сақласак, ҳатто кимдир бизни унга қарши ноҳақлик қилганда айбласа ҳам, кечирим сўрашга қийналмаймиз.
Самимийлик зарурдир
Аммо баъзи инсонлар «узр», «кечиринг» каби сўзларни суиистеъмол қилишади. Масалан, Японияда кечирим сўраш учун ишлатиладиган «сумимасэн» сўзини турли вазиятларда минглаб маротаба эшитиш мумкин. Бу сўз, шунингдек, инсон бирон-бир эзгу иш учун худди шундай жавоб қайтара олмагани туфайли ўзини ноқулай ҳис қилганида ҳам ишлатилади. Мазкур сўзнинг маънолари кўп бўлгани учун айримларга у жуда кўп ишлатиладигандек туюлади. Бунинг дастидан баъзилар ҳатто кечирим сўраётган инсоннинг самимийлигидан шубҳаланишади. Бошқа маданиятга мансуб инсонлар ҳам кўпчилик кечирим сўраш учун ишлатиладиган сўзларни суиистеъмол қилади, деб ҳисоблашади.
Қайси тилда гапирмайлик, кечирим сўраганимизда самимий бўлишимиз лозим. Сўзларимиз ва оҳангимиз ҳақиқатан ҳам афсусда эканимизни ифода этиши даркор. Ҳазратимиз Исо Масиҳ тоғдаги ваъзида ўз шогирдларига шундай деган: «“Ҳа” деганингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деганингиз “йўқ” бўлсин. Бундан ортиғи эса Шайтондандир». (Матто 5:37) Агар кечирим сўрасангиз, буни чин дилдан қилинг. Қуйидаги мисолни олайлик. Бир киши аэропортда рўйхатдан ўтмоқда ва олдидаги аёлга жомадони билан тегиб кетади. Кейин ундан кечирим сўрайди. Бир неча дақиқадан сўнг, навбатдаги одамлар силжишганида, у жомадони билан ўша аёлга яна тегиб кетади ва яна хушмуомалалик билан кечирим сўрайди. Бу учинчи марта юз берганида аёлнинг олдидаги шериги бу кишига: «Агар кечиримингиз чин бўлса, унда жомадонингиз билан бу аёлга тегиб кетмасликка ҳаракат қилсангиз, мақсадга мувофиқ бўларди»,— деб айтади. Кўряпмизки, агарда инсон чин дилдан кечирим сўраса, ўша хатони қайтармасликка ҳаракат қилиши керак.
Самимий бўлсак, узр сўраганимизда хатомизни тан оламиз, кечирим сўраймиз ва келтирган зараримизни қоплаб беришга ҳаракат қиламиз. Ўз навбатида, хафа бўлган инсон тавба қилаётган айбдор кишини тайёрлик ила кечириши керак. (Матто 18:21, 22; Марк 11:25; Эфесликларга 4:32; Колосаликларга 3:13) Иккала тараф ҳам номукаммал бўлгани туфайли ярашиш ҳар доим ҳам силлиқ кечмаслиги мумкин. Аммо кечирим сўраб айтилган сўзлар тинчлик ўрнатиш йўлида катта аҳамиятга эга.
Кечирим сўраш қачон ноўрин бўлади?
Гарчи афсусланиш ва тавба қилишни билдирувчи сўзлар инсонни хотиржам қилиб, тинчликка ҳисса қўшса ҳам, доно инсон ноўрин бўлганда бу сўзлардан фойдаланмайди. Масалан, Худога бўлган бенуқсонликка келганда, узр сўраш ноўрин ҳисобланади. Исо Масиҳ ер юзида бўлганида «ўзини паст тутиб, то ўлимгача, азоб устунидаги ўлимгача итоатли бўлди». (Филиппиликларга 2:8) Аммо у ўз азобларини енгиллаштириш мақсадида эътиқоди учун узр сўрамаган ва олий руҳоний қуйидагича талаб қилганида, кечирим сўрамаган: «Барҳаёт Худо ҳаққи қасам ичиб бизга айт-чи, Худонинг Ўғли Масиҳ сенмисан?» Аммо Исо журъатсизлик билан кечирим сўрамаган, аксинча, жасорат ила шундай жавоб берган: «Буни ўзингиз айтдингиз. Аммо сизларга айтиб қўяй, бундан буён Инсон Ўғли Қодир Аллоҳнинг ўнг томонида ўтирганини ҳамда булутлар узра келаётганини кўрасизлар». (Матто 26:63, 64) Отаси Тангри Яҳовага бўлган садоқатдан воз кечиб, олий руҳоний билан тинчлик ўрнатиш фикри Исонинг ҳатто хаёлига ҳам келмаган.
Масиҳийлар муайян ваколатга эга инсонларга нисбатан иззат-ҳурмат кўрсатишади. Лекин улар Худога бўлган итоаткорлиги ва имондошларига нисбатан севгиси учун кечирим сўрашларига зарурат йўқ. (Матто 28:19, 20; Римликларга 13:5–7)
Тинчликка ҳеч нима тўсқинлик қилмайди
Биз хатоларга йўл қўямиз, чунки бобокалонимиз Одаматодан номукаммаллик ва гуноҳни мерос қилиб олганмиз. (Римликларга 5:12; 1 Юҳанно 1:10) Одамато Парвардигорга қарши исён кўтаргани учун гуноҳкор бўлиб қолган. Лекин дастлаб Одамато ва Момоҳаво мукаммал ва бегуноҳ эдилар ва Худо инсониятни худди шундай мукаммаллик ҳолатига келтиришни ваъда қилмоқда. У гуноҳ ва унинг оқибатларини бартараф этади. (1 Коринфликларга 15:56, 57)
Бу нимани англатиши ҳақида бир ўйлаб кўринг. Исонинг туғишган укаси Ёқуб нутқдан фойдаланиш борасида насиҳат берганида қуйидагиларни айтган: «Борди-ю, кимдир сўзида хато қилмаса, у бутун танасини жиловлай оладиган мукаммал инсондир». (Ёқуб 3:2) Мукаммал инсон тилини назорат қила олади ва ундан нотўғри фойдалангани учун кечирим сўрашга эҳтиёж сезмайди. Боиси у бутун танасини жиловлай олади. Мукаммал бўлсак, нақадар ажойиб бўлади, шундай эмасми!? Ўшанда инсонлараро тинчликка ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди. Ўша пайт келгунига қадар хатоларимиз учун чин дилдан ва ўринли тарзда кечирим сўрасак, тинчликка ҳисса қўшган бўламиз.
[Изоҳ]
a Афтидан, ҳаворий Павлуснинг кўзи яхши кўрмагани учун у олий руҳонийни таний олмаган.
[5- саҳифадаги расм]
Павлуснинг ўрнагидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
[7- саҳифадаги расм]
Ҳамма мукаммал бўлганида тинчликка ҳеч нима тўсқинлик қилмайди.