Ўқувчиларнинг саволлари
Ўқувчиларнинг саволлари
Муқаддас Китобда қон ҳақида аниқ йўл-йўриқлар берилган. Яҳованинг Шоҳидлари ўз қони билан боғлиқ тиббий муолажаларни қабул қилмоқчи бўлишса, бу йўл-йўриқларга қай йўсин амал қилишади?
Бу масалада ҳар бир масиҳий ўз хоҳиш-истаклари ёки шифокорларнинг гапларига асосланиб эмас, балки Муқаддас Китобда ёзилганлар бўйича қарор чиқариши керак. Чунки бу унинг Яҳова билан бўлган муносабатларига таъсир қилади.
Яҳова бизга ҳаётни бергани учун қонни истеъмол қилмаслигимиз керак. (Ибтидо 9:3, 4) Қадимда Худо Исроил халқига берган Тавротда қондан фойдаланишни чеклаб қўйган, чунки қон ҳаёт рамзи. У шундай деб амр берган: «Тирик мавжудотнинг жони [ёки ҳаёти] қондадир. Гуноҳларингизни ювинглар дея, Мен сизларга қонни қурбонгоҳ учун бердим». Мабодо инсон ҳайвонни емиш учун ўлдирмоқчи бўлса, нима қилиши керак эди? Худо шундай деган: «Ҳайвоннинг қонини оқизиб, қонни тупроқ билан кўмиб қўйсин». * (Левилар 17:11, 13) Яҳова бу амрни қайта-қайта такрорлаган. (Қонунлар 12:16, 24; 15:23) Бир яҳудий манбада шундай дейилган: «Қонни тўплаш мумкин эмас, уни ерга тўкиш зарур эди. Бу билан инсон қон истеъмол учун яроқсиз эканини кўрсатган». («Soncino Chumash») Ҳеч бир исроиллик бирон-бир мавжудотнинг қонини йиғиши, сақлаши ёки ишлатиши мумкин бўлмаган, чунки ҳаёт Худога тегишлидир.
Масиҳ ўлганидан кейин Таврот бекор қилинди. Аммо Худонинг қон муқаддас экани борасидаги нуқтаи назари ўзгармади. Ҳаворийлар муқаддас руҳ таъсири остида масиҳийларга «Ўзингизни қондан сақланглар» деган йўл-йўриқ беришган. Бу амрга енгил-елпи қарамаслик керак эди. Қондан сақланиш жинсий ахлоқсизлик ва бутпарастликдан сақланиш каби муҳим ҳисобланган. (Ҳаворийлар 15:28, 29; 21:25) ХХ асрда қон бериш ва қон қуйиш кенг тарқалганида Яҳованинг Шоҳидлари бу каби муолажалар Худонинг Каломига зид эканини тушунишган.
Баъзи ҳолларда шифокорлар беморга ўз қонини топшириб, уни сақлаб қўйиш кераклигини айтишади. Шунда операция пайтида қон керак бўлиб қолганда беморнинг ўз қонидан фойдаланилади. Лекин қонни тўплаш, сақлаш ва кейинчалик уни қуйиш Левилар ҳамда Қонунлар китобидаги сўзларга зиддир. Қонни сақлаш мумкин эмас, уни тўкиб юбориш, мажозий маънода айтганда, Худога қайтариш лозим. Албаттаки, бугунги кунда биз Мусонинг Таврот китобига риоя қилмаймиз. Лекин Яҳованинг Шоҳидлари ундаги принципларни ҳали-ҳануз ҳурмат қилишади ва «қондан сақланинглар» деган сўзларга қатъий амал қилишади. Шунинг учун ҳам биз ерга тўкилиши керак бўлган қонни донор сифатида топширмаймиз ва уни қуйиш учун қаердадир сақламаймиз. Зеро бу Худонинг қонунига тўғри келмайди.
Бошқа муолажаларни ўтказиш ҳамда инсоннинг ўз қонидан фойдаланилган ҳолда қон таҳлилларини топшириш Муқаддас Китобдаги принципларга тўғридан-тўғри зид эмас. Масалан, кўпгина масиҳийлар, шифокорлар таҳлил учун уларнинг қонини олишига, кейин эса ташлаб юборишига рози бўлишади. Шифокорлар одамнинг ўз қони билан боғлиқ бошқа мураккаб муолажаларни ҳам тавсия қилишлари мумкин.
Масалан гемодилюция номли муолажа мавжуд. Бу жарроҳлик муолажаси давомида бемор қонининг муайян қисми танасидан махсус аппаратга ўтказилади. Шунда беморнинг танасида қолган қонни аралаштириш мақсадида суюқлик юборилади. Кейин беморнинг аппаратга ўтказилган қони яна унинг танасига қуйилади, шунда қон асл ҳолатига қайтади. Шунингдек, қон тежаш жараёни ҳам мавжуд. Бу муолажа давомида бемор йўқотган қон аппаратга узатилади, тозаланади ва кейин яна унинг танасига қайтарилади. Яна бир муолажа давомида беморнинг қони юрак, ўпка ҳамда буйраклар каби ишлайдиган аппарат орқали ўтказилади. Сўнгра аппаратдаги қон беморнинг танасига қайтарилади. Бошқа муолажа пайтида қон центрифуга орқали ўтказилади ва унда қоннинг зарарланган ҳужайралари тозаланади ёки бўлмасам шифокорлар қоннинг муайян таркибий қисмини ажратиб, уни тананинг бошқа қисмига қўллашади. Баъзи вазиятларда шифокорлар муайян муолажаларни олиб бориш мақсадида беморнинг қонини олиб, унга қоннинг ўрнини босувчи моддалар қўшиши ёки дорилар қўшиб яна қонни беморнинг танасига киритиши мумкин.
Бир-биридан фарқ қиладиган турли муолажалар мавжуд. Қолаверса, шифокорлар доим даволанишнинг янги турларини ўйлаб чиқишади. Ҳар бир вазиятда қандай йўл тутишни айтиш бизнинг масъулиятимизга кирмайди. Масиҳий жарроҳлик амалиётида, қонини тиббий таҳлил учун топширганида ва бирон-бир муолажа олаётганида, унинг қонидан қандай фойдаланишларини ўзи ҳал қилади. Аммо у даволанишдан аввал шифокори билан қонидан қандай фойдаланишмоқчи экани ҳақида гаплашиб олиши керак. Кейин эса виждонига мувофиқ тарзда қарор чиқаради. (Рамкага қаранг.)
Масиҳийлар ўз ҳаётини Худога бағишлаганини ва Уни бутун қалби, бутун жони, бутун қуввати ва бутун онги билан севиши лозимлигини ёдда сақлашлари керак. (Луқо 10:27) Дунёдаги аксарият инсонлардан фарқли равишда Яҳованинг Шоҳидлари Худо билан бўлган муносабатларини юқори қадрлашади. Ҳаёт манбаи Яҳова барчани Исонинг тўлов қурбонлигига ишонишга чорлайди. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Унинг Ўғли [Исо Масиҳ] ўз қони орқали тўлов бериб, бизларни озод этди... айбларимиз кечирилишига йўл очилди». (Эфесликларга 1:7)
[Изоҳ]
^ Профессор Фрэнк Горман шундай деб ёзади: «Афтидан, қонни ерга тўкиш ҳайвоннинг ҳаётига нисбатан чуқур ҳурматни ҳамда Худога бўлган эҳтиромни ифодалайди. Чунки Худо ҳаётни яратган ва уни таъминлашда давом этмоқда».
[31- саҳифалардаги расмлар/рамка]
ЎЗИНГИЗГА ШУНДАЙ САВОЛЛАР БЕРИН
Қонимнинг муайян миқдори танамдан чиқарилса ва ҳатто унинг оқими қайсидир пайт давомида тўхтатиб қўйилса-чи? Виждоним бу қонни ҳалиям танамнинг бир қисми деб ҳисоблашимга йўл қўйяптими ёки уни «ерга тўкишга» ундаяптими?
Тиббий муолажа пайтида қоним олиниб ўзгартирилган ҳолда қайта танамга қуйилса-чи (ёки сиртига қўлланилса-чи)? Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждоним мени қийнамайдими ёки бу муолажани қабул қила оламанми?