Яқинингиз ҳаётдан кўз юмганда
МАБОДО сиз ҳам яқинингизни йўқотган бўлсангиз, қалбингиздан турли туйғулар — ғам-қайғу, ёлғизлик ва умидсизлик кечиши мумкин. Эҳтимол, сиз жаҳл, айбдорлик ва қўрқувни ҳам ҳис қилаётгандирсиз. Балки «Ҳаёт ўзи яшашга арзийдими?» дея шубҳаланаётгандирсиз.
Ишонинг, қайғу чекаётганингиз заиф эканингизни англатмайди. Бу кўпроқ яқинингизни қаттиқ яхши кўришингиздан далолат беради. Бироқ дардингизга малҳам топишнинг иложи борми?
БУ ВАЗИЯТДА АЙРИМЛАРГА НИМА ЁРДАМ БЕРГАН?
Дардингиз бедаводай туюлса-да, қуйидаги маслаҳатлар дардингизга дармон бўла олади:
ДАРДИНГИЗНИ ИЧИНГИЗГА ЮТМАНГ
Қандай ва қанча вақт давомида қайғуриш ҳаммада ҳар хил кечади. Шундай бўлса-да, сиқилганда йиғласангиз енгил тортасиз. Боя эслатиб ўтилган Ванесса шундай дейди: «Мен йиғлардим. Бу дардимни енгиллаштирарди». Софиянинг синглиси ногаҳон ҳаётдан кўз юмганди. У шундай деб бўлишди: «Содир бўлган воқеа ҳақида ўйлаш жуда оғриқли. Бу йиринглаган ярани очиб тозалашга ўхшайди. Бу чидаб бўлмайдиган оғриқ келтиради, лекин яранинг битишига ёрдам беради».
ДАРДИНГИЗНИ БОШҚАЛАРГА АЙТИНГ
Баъзида ёлғиз қолишни истаётганингизнинг ёмон жойи йўқ. Аммо жудолик азобини кўтариш бир ўзингизга
оғирлик қилади. Отасидан жудо бўлган 17 яшар Жаред шундай дейди: «Мен ҳис-туйғуларимни бошқаларга айтиб берардим. Эҳтимол, туйғуларимни яхши тушунтириб бера олмагандирман, лекин буни бошқалар билан бўлишганимда ўзимни яхши ҳис қилардим». Биринчи мақолада эслатиб ўтилган Жейнис эса бунинг яна бир фойдаси ҳақида айтди: «Туйғуларимни бошқалар билан бўлишиш ниҳоятда тасалли бахш этарди. Уларнинг ҳамдардлиги туфайли ўзимни ёлғиз ҳис қилмасдим».ЁРДАМНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГ
Бир мутахассис шундай деб бўлишди: «Агар жудолик азобидан қийналаётганлар бошиданоқ дўстлари ва қариндошларининг ёрдамини қабул қилса, қайғу чекишнинг кейинги босқичлари улар учун анча енгил кечади». Сизга қандай ёрдам кераклиги ҳақида дўстларингизга айтинг. Чунки улар ёрдам беришни хоҳлар, лекин буни қандай қилишни билмаётгандир. (Ҳикматлар 17:17)
ХУДОГА ЯҚИНЛАШИНГ
Тина шундай бўлишди: «Кутилмаганда эримни саратон касаллиги олиб кетганида, суянчиғимдан айрилдим. Шу сабабли ҳамма дардимни Худога айтардим. Ҳар куни Худодан бу оғриққа дош беришга ёрдам сўрардим. Худо эса сўраганимдан ҳам ортиғини берди». Таршанинг онаси ҳаётдан кўз юмганида, у 22 ёшда эди. Тарша шундай дейди: «Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиш мен учун далда манбаи бўлди. Ундаги фикрлар устида мулоҳаза юритиш менга тасалли бахш этарди».
ТИРИЛИШ БЎЛАДИГАН ПАЙТНИ КЎЗ ОЛДИНГИЗГА КЕЛТИРИНГ
Тина гапини давом эттириб, шундай дейди: «Бошида тирилишга бўлган умид менга тасалли бермасди. Чунки ўшанда мен эримга, ўғилларим эса отасига муҳтож эди. Аммо ҳозир орадан тўрт йил ўтгач, тирилишга бўлган умидни маҳкам ушлаяпман. Бу мен учун кемадан тушган қутқарув арқонига ўхшайди. Эримни қайта кўришни кўз олдимга келтираман. Бундай пайтда қалбим тинчлик ва қувончга тўлади!»
Эҳтимол, ўша заҳоти дардингиздан фориғ бўлмассиз. Бироқ Ванессанинг вазияти сизга далда бахш этиши мумкин. У: «Балки сиз “Бу дарддан ҳеч қачон қутула олмайман” деб ўйларсиз, аммо ишонинг, яхши кунлар ҳали олдинда»,— деди.
Унутманг, соғинч туйғуси сизни тарк этмаса-да, ҳаёт яшашга арзийди. Меҳрибон Худонинг мадади билан сиз ҳозир ҳам мустаҳкам дўстона муносабатлар ҳамда мазмунли ҳаётдан қувонч топа оласиз. Тез орада Аллоҳ ўлганларни тирилтиради. У яқинингизни яна бағрингизга босишингизни жуда истайди. Ўшанда қалбингиздаги ғам-андуҳдан абадулабад фориғ бўласиз!