Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Сизнинг келажагингиз сизнинг танловингиз!

Сизнинг келажагингиз сизнинг танловингиз!

КЕЛАЖАГИНГИЗ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ ЧИНДАН ҲАМ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДАМИ? Баъзи инсонлар ҳаётни тақдир бошқаради ва биз шахсий танловга эга эмасмиз, деб ўйлашади. Масалан, улар муайян мақсадларига эриша олмаса: «Пешона экан-да!» — дея шунчаки елка қисиб қўйишади.

Бошқалар эса дунёдаги зулм ва адолатсизликдан халос бўлишнинг йўлини тополмай умидсизликка тушишади. Эҳтимол, улар ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилар. Аммо уруш, жиноятчилик, табиий офат ҳамда касалликлар дастидан қайта-қайта режалари барбод бўлади. Шунда улар: «Ҳаракат қилиш ўзи арзийдими?» — дея ўйланиб қолишади.

Дарҳақиқат, ҳаётингиздаги вазиятлар режаларингизга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. (Воиз 9:11) Аммо узоқ келажагингизга келсак, ишонинг, танлов бор. Танловингиз келажагингизга таъсир қилиши ҳақида Муқаддас Китобда аниқ айтилган. Келинг, бу китобда нима дейилганини билиб олайлик.

Қадимда яшаган Исроил халқи ваъда қилинган юрт остонасида турганида, унинг йўлбошчиси Мусо Яҳованинг номидан халққа гапириб шундай деган: «Сизларга ҳаётни ва ўлимни, барака ва лаънатни таклиф қиляпман. Ўзларингиз ҳам, авлодларингиз ҳам яшаши учун, ҳаётни танланглар. Аллоҳингиз Яҳовани севиб, Унга қулоқ солинглар ва Унга содиқ бўлиб қолинглар». (Қонунлар 30:15, 19, 20)

«Сизларга ҳаётни ва ўлимни, барака ва лаънатни таклиф қиляпман... Ҳаётни танланглар». (Қонунлар 30:19)

Ҳа, Аллоҳ Исроил халқини Миср қуллигидан озод этиб, ваъда қилинган юртда эркин ва бахтли яшаш имконини берди. Аммо буларнинг бари ўз-ўзидан бўлиб қолмасди. Бу баракаларга эга бўлиш учун улар «ҳаётни танлаши» керак эди. Қандай қилиб дейсизми? Улар Аллоҳ Яҳовани севиб, Унга қулоқ солишлари ҳамда Унга содиқ бўлиб қолишлари керак эди.

Шу сингари бугун ҳам сиз танлов олдида турибсиз ва қилган танловингиз келажагингиз қандай бўлишини белгилайди. Аллоҳ Яҳовани севиб, Унга қулоқ солсангиз ҳамда Унга содиқ бўлиб қолсангиз, ҳаётни, яъни ер юзидаги жаннатда абадий яшашни танлаган бўласиз. Бироқ бу қадамларнинг ҳар бири нимани ўз ичига олади?

ХУДОНИ СЕВИШНИ ТАНЛАНГ

Севги — Аллоҳнинг асосий фазилати. Худонинг хизматчиси Юҳанно илоҳий илҳом ила: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб ёзган. (1 Юҳанно 4:8) Исодан қайси амр энг муҳимлиги ҳақида сўрашганда, у: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун онгингиз билан севинг»,— дея бежизга айтмаган. (Матто 22:37) Худованд Яҳова билан муносабатларимиз қўрқув ёки кўр-кўрона итоаткорликка эмас, балки севгига асосланиши лозим. Аммо нега Уни севишни танлашимиз керак?

Яҳованинг инсониятга бўлган севгисини ота-онанинг фарзандларига бўлган севгиси билан солиштирса бўлади. Гарчи ота-она номукаммал бўлса-да, фарзандларига бахт тилаб, улар гуллаб-яшнашини истагани учун болаларига йўл-йўриқ, далда, кўмак ва таълим-тарбия беради. Ўз навбатида улар фарзандларидан нимани кутади? Ота-она фарзандлари уларни севишини ҳамда манфаатини кўзлаб берган таълимини унутмаслигини истайди. Унда мукаммал самовий Отамиз биз учун қилган яхшиликларига жавобан Уни севиб, миннатдор бўлишимизни кутиши ўринли эмасми?

УНГА ҚУЛОҚ СОЛИНГ

Муқаддас Китобнинг асл нусхасида «қулоқ солиш» ибораси кўпинча «итоат қилишни» англатади. Болага: «Ота-онангга қулоқ сол»,— деб айтганимизда биз ҳам шуни назарда тутмаймизми?! Демак, Худонинг овозига қулоқ солиш У ҳақда билим олиб, Унга итоат қилишни ўз ичига олади. Модомики биз том маънода Худонинг овозини эшита олмас эканмиз, Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни ўқиб, унда ёзилганларга амал қилсак, Унга қулоқ солган бўламиз. (1 Юҳанно 5:3)

Бир сафар Исо Худога қулоқ солишнинг муҳимлигини тушунтириш учун шундай деганди: «Одам фақат нон билан эмас, балки Яҳованинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшайди». (Матто 4:4) Биз учун овқатланиш муҳим бўлгани сингари, Худо ҳақида билим олиш ҳам муҳим. Нега? «Чунки пул одамга ҳимоя берганидай, донолик ҳам уни ҳимоялайди. Аммо билим ва доноликнинг устунлиги шундаки, улар ўз соҳибининг ҳаётини сақлайди»,— деб айтганди доно шоҳ Сулаймон. (Воиз 7:12) Худо ҳақидаги билим ва илоҳий донолик нафақат бугунги кунда бизни ҳимоялайди, балки тўғри танлов қилиб, келажакда абадий яшашга ёрдам беради.

УНГА СОДИҚ БЎЛИБ ҚОЛИНГ

Ўтган мақолада келтирилган Исонинг мисолини эсланг. У шундай деганди: «Ҳаётга олиб борадиган дарвоза... танг ва йўли тордир. Бу йўлни топадиганлар оз». (Матто 7:13, 14) Бу йўлдан юриш учун тажрибали йўлбошчининг ёрдамига муҳтожмиз. Агар унинг кетидан оғмай юрсак, манзилимизга етамиз, яъни абадий ҳаётга эришамиз. Ахир бу Худога содиқ бўлиб қолишимизга яхши сабаб эмасми? (Забур 16:8) Хўш, буни қандай қилишимиз мумкин?

Ҳар куни қиладиган ишларимиз талайгина. Қилишни истайдиган ишларимиз эса ундан ҳам кўпроқ. Бундай ишлар бизни жуда банд қилиб қўйганидан Худо биздан кутаётган ишлар ҳақда ўйлашга оз ёки умуман вақт қолмайди. Шу сабабли Муқаддас Китобда бундай эслатма бор: «Қандай йўл тутаётганингизга ўта диққатли бўлиб, нодонлар каби эмас, донолар каби йўл тутинглар. Ҳар фурсатдан унумли фойдаланинглар, чунки биз ёмон кунларда яшаяпмиз». (Эфесликларга 5:15, 16) Худо билан муносабатларимиз ҳаётимизда энг муҳим ўринни эгалласа, Унга садоқатли қола оламиз. (Матто 6:33)

ТАНЛОВ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДА

Гарчи ўтмишни ўзгартира олмасангиз-да, ўзингиз ва яқинларингизнинг келажаги хавфсиз ва порлоқ бўлишига ҳаракат қилиш қўлингиздан келади. Муқаддас Китобда самовий Отамиз Яҳова Худо бизни қаттиқ яхши кўриши ва биздан нимани кутаётгани ҳақида ўқишимиз мумкин. Мисол учун, Михо пайғамбарнинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг:

«Эй инсон, У сенга нима яхши эканини айтган. Хўш, Яҳова сендан нимани талаб қиляпти? Адолатли иш тутиб, садоқатни сев, камтарлик ила Худога ҳамроҳ бўл!» (Михо 6:8)

Яҳовага ҳамроҳ бўлиб, Унинг абадий баракаларидан баҳраманд бўлишни истайсизми? Танлов ўз қўлингизда!