Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Мунажжимлик ва фолбинлик келажакни айта оладими?

Мунажжимлик ва фолбинлик келажакни айта оладими?

МУНАЖЖИМЛИК

Мунажжимлик фолбинликнинг бир тури бўлиб, унга кўра юлдузлар, ой ва сайёралар ер юзида яшовчи инсонларнинг ҳаётига қаттиқ таъсир кўрсатади, деб ҳисобланади. Мунажжимларнинг айтишича, одам туғилганида самовий жисмларнинг қандай жойлашгани унинг феъл-атворини ҳамда келажагини белгилайди.

Гарчи мунажжимликнинг илдизи қадимги Бобилга бориб тақалса-да, бу ҳали-ҳануз оммабоп. 2012 йили Қўшма Штатлардаги сўровда иштирок этганларнинг учдан бир қисми мунажжимликни қайсидир маънода илм-фан деб ҳисобласа, қолган ўн фоизи бу «аниқ илм-фан эканига» ишонади. Чиндан ҳам шундайми? Йўқ. Бунинг бир нечта сабаби бор.

  •   Мунажжимларнинг айтишича, сайёралар ва юлдузлар одамларга таъсир ўтказиш кучига эга. Аслида эса бундай эмас.

  •   Уларнинг башорати кўпинча умумий бўлиб, ҳар қандай инсонга мос келиши мумкин.

  •   Мунажжимларнинг бугунги ҳисоб-китоби сайёралар Ер атрофида айланиши тўғрисидаги қадимий таълимотга асосланган. Аслида эса сайёралар Қуёш атрофида айланади.

  •   Турли мунажжимларнинг ўша-ўша одам ҳақида айтган башорати бир-бирига зид бўлиб чиқади.

  •   Мунажжимлар туғилган санасига қараб одам 12 та бурждан бири остида туғилади деб айтишади. Асрлар давомида Ер коинотда ўз ўрнини ўзгартиргани учун қуёш юлдузлар туркумлари бўйлаб ўтганида буржлар остидаги саналар уларга берилган номларга тўғри келмаяпти.

Айтишларича, инсон қайси бурж остида туғилиши унинг феъл-атворини белгилайди. Аслида эса одамлар битта санада туғилган бўлса-да, феъли турлича бўлади. Демак, инсоннинг туғилган санаси унинг шахсияти тўғрисида ҳеч нарсани ошкор этмайди. Инсонни борлигича қабул қилишнинг ўрнига мунажжимлар бир қатор тахминлар асосида одамнинг хулқ-атвори ва феъли қандай бўлиши кераклигини белгилаб қўйишади. Ахир бу иккиюзламачиликдан далолат эмасми?

ФОЛБИНЛИК

Қадимдан буён одамлар фолбинлардан маслаҳат сўраб келишган. Баъзи фолбинлар ҳайвон ва одамнинг ичак-човоғига ёки хўрознинг дон чўқишига қараб келажакда нима бўлишини белгилашган. Бошқалари чойнинг шамаси ёки қаҳванинг қуйқасига қараб башорат қилишган. Бугунги кунда эса улар карта, сеҳрли биллур шар, суяклар ва шунга ўхшаш воситалардан фойдаланиб инсон келажагини «ўқимоқчи» бўлишади. Фолбинларнинг бундай башоратларига ишонса бўладими? Йўқ, албатта. Келинг, негалигини кўриб чиқайлик.

Вазиятга мантиқий жиҳатдан ёндашайлик. Турли воситалардан фойдаланиб фол очувчиларнинг башорати кўпинча бир-бирига мос келмайди. Ҳатто улар битта воситани ишлатса ҳам, турлича каромат қилишади. Дейлик, кимдир иккита фолбинга келажак ҳақида бир хил савол берди ва иккала фолбин ҳам ўша-ўша картадан фойдаланди. Демак, мантиқан иккала фолбиннинг жавоби бир хил бўлиши керак. Аммо аксарият вазиятда бундай эмас.

Фолбинларнинг қўллаган усуллари ҳамда ниятлари жуда шубҳали. Танқидчиларнинг фикрича, фолбинларнинг карталари ёки сеҳрли биллур шарлари шунчаки буюм. Фол очувчи одам буюмларга қараб эмас, инсоннинг хатти-ҳаракатини зимдан кузатиб хулоса чиқаради. Масалан, устаси фаранг фолбин одамга умумий саволлар бериб, уни диққат билан кузатади. Сўзлар ёки имо-ишораларга қараб, у мижози ҳақида муайян маълумотга эга бўлиши мумкин. Шундай қилиб, мижоз ўзи билмаган ҳолда фолбинга маълумот беради. Фолбин эса худди буни ўзи билиб олгандай кўрсатади. Улардан баъзилари мижозининг ишончига кириб олиб, мўмайгина пул ундиришади.

МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

Мунажжимлар ва фолбинлар келажагимиз олдиндан белгиланган деб ишонтирмоқчи бўлишади. Қизиқ, бу ростми? Муқаддас Китобга кўра, нимага ишониш ёки нима билан шуғулланишни танлаш ўз ихтиёримизда ва бу танлов келажагимизга таъсир қилади. (Ёшуа 24:15)

Худонинг хизматчилари мунажжимлик ва фолбинликни рад этаётганининг яна бир сабаби бор. Улар Худо сеҳр-жодунинг ҳар қандай турини қоралашини билишади. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Орангизда... фолбин, сеҳр-жоду билан шуғулланувчи, белгиларга қараб фол очувчи, сеҳргар, иссиқ-совуқ қилувчи, арвоҳ чақирувчи билан маслаҳатлашадиган, фолбин ёки ўликларга мурожаат қилувчи бўлмасин. Чунки бундай нарсалар билан шуғулланадиган ҳар қандай киши Яҳова a учун жирканчдир». (Қонунлар 18:10–12)

a Аллоҳ Таолонинг исми. (Забур 83:18)