1 | Ибодат. «Барча ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар»
МУҚАДДАС КИТОБДА ШУНДАЙ ДЕЙИЛГАН: «Барча ғам-ташвишларингизни... [Худога] ташланглар, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади». (1 БУТРУС 5:7)
Бу оят нимани англатади?
Тангри Яҳова бизни ташвишга солаётган ҳар қандай нарсани У билан бўлишишимизни истайди. (Забур 55:22) Муаммо қанчалик катта ёки кичик бўлмасин, бу ҳақда ибодат қилиш арзийди. Биз учун аҳамиятли бўлган масала Яҳова учун ҳам аҳамиятли. Унга ибодат қилиш ички хотиржамликка эга бўлиш учун қўйиладиган муҳим қадамдир. (Филиппиликларга 4:6, 7)
Бу оятдаги принципни қандай қўлласа бўлади?
Руҳий саломатлик муаммоси билан курашганимизда ўзимизни бутунлай ёлғиз ҳис қилишимиз мумкин. Бошқалар нималарни бошдан кечираётганимизни доим ҳам тушунмайди. (Ҳикматлар 14:10) Лекин ибодатда Худога ҳис-туйғуларимизни борича айтсак, У бизни ҳамиша меҳр ила тинглайди ва ҳамдард бўлади. Яҳова бизга эътибор қаратади, оғриқларимизу қийинчиликларимизни билади ва бизни хавотирга солаётган ҳар қандай нарса тўғрисида Унга ибодат қилишимизни истайди. (2 Солномалар 6:29, 30)
Яҳовага ибодат қилиш У биз учун қайғуришига бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди. Ўзимизни қуйидагича ибодат қилган сано бастакори каби ҳис қилишимиз мумкин: «Сен азоб-уқубатимни кўрдинг, қаттиқ қайғу чекаётганимдан хабардорсан». (Забур 31:7) Яҳова бошимиздан нималар ўтаётганига бефарқ эмаслигини билишнинг ўзи қийинчиликларни енгишимизга катта ёрдам беради. Бироқ У қийинчиликларимизга шунчаки эътибор беришдан кўпроғини қилади. У нималар билан курашаётганимизни ҳаммадан ҳам яхшироқ тушунади ва Муқаддас Китобдан далда ҳамда тасалли олишимизга кўмаклашади.