Нега нафрат шунчалик кўп?
Нима учун дунё нафратга тўлиб кетган? Бунинг сабабини билишни истасак, нафрат нима эканини, нега одамларда нафрат пайдо бўлишини ва у қандай тарқалишини тушунишимиз керак.
Нафрат бу нима?
Бирон-бир шахс ёки шахсларга нисбатан кучли душманлик ва жирканиш туйғуси. Бу кимдандир вақтинчалик ғазабланишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади.
НЕГА ОДАМЛАРДА НАФРАТ ПАЙДО БЎЛАДИ?
Бунинг сабаби турлича бўлиши мумкин. Одамлар одатда бошқалардан уларнинг ишлари туфайли эмас, балки муайян гуруҳга мансуб бўлгани учун нафратланишади. Уларнинг фикрича, ўша гуруҳдаги ҳамма инсонлар ёмон, хавфли, яхши томонга ўзгармайди, ҳеч нарсага арзимайди ва муаммолар келтириб чиқаради. Ўзгалардан нафратланадиган кишилар адолатсизликка, зўравонликка ёки қалбида душманлик туйғуси илдиз отишига олиб келган бошқа вазиятларга учраган бўлиши мумкин.
НАФРАТ ҚАНДАЙ ТАРҚАЛАДИ?
Одам ўзи шахсан суҳбатлашмаган кишилардан ҳам нафратланиши мумкин. Мисол учун, киши ўзига яқин тутган ва ҳурмат қилган инсонларнинг нохолис фикрларини ўзлаштиришга мойил. Нафрат билан ҳам худди шундай. Кимдир бошқалардан нафратланса, унинг яқинлари ҳам ўша одамлардан нафратланиши ҳеч гап эмас.
Нафрат қанчалик тез тарқалишини тушунсак, нега шунча кўп одамлар бир-биридан нафратланишини англай оламиз. Лекин биз яшаётган дунёни ўраб турган нафрат занжирини узиш учун нафрат қандай пайдо бўлганини билиб олишимиз керак. Бу ҳақда Муқаддас Китобда айтилган.
МУҚАДДАС КИТОБДА НАФРАТ ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛГАНИ ОЧИБ БЕРИЛГАН
ИЛК НАФРАТ ИНСОНЛАРДАН БОШЛАНМАГАН. Бу иллат Шайтон Иблис деб аталган фаришта Худога қарши исён кўтарганида пайдо бўлган. Иблис «бошиданоқ қотил эди». «У ёлғончи ва ёлғоннинг отаси» бўлгани учун нафрат ва зўравонликни ҳалигача олға суриб келмоқда. (Юҳанно 8:44; 1 Юҳанно 3:11, 12) Муқаддас Китобда Шайтон ёвуз, дарғазаб ва зўравон шахс сифатида таърифланган. (Аюб 2:7; Ваҳий 12:9, 12, 17)
НОМУКАММАЛ ИНСОНЛАР НАФРАТЛАНИШГА МОЙИЛ. Илк инсон Одамато Шайтонга эргашиб гуноҳ қилди. Натижада барча одамларга гуноҳ ва номукаммаллик мерос бўлиб ўтди. (Римликларга 5:12) Одаматонинг биринчи ўғли Қобил укаси Ҳобилдан нафратлангани учун уни ўлдирди. (1 Юҳанно 3:12) Кўпчилик севги ва ҳамдардликни кўрсатади. Лекин мерос бўлиб ўтган гуноҳ туфайли аксарият одамлар нафратни келтириб чиқарадиган худбинлик, ҳасад ва мағрурлик каби иллатларни намоён этишга мойил. (2 Тимўтийга 3:1–5)
ЎЗИДАН ФАРҚ ҚИЛАДИГАНЛАРНИ ЁҚТИРМАЙДИГАН КИШИ НАФРАТГА ОСОНРОҚ БЕРИЛИШИ МУМКИН. Биз яшаётган дунё нафрат билан тўлиб-тошган. Сабаби одамлар шафқатсизлик ҳамда салбий муносабату ёмон хулқ-атворни олға суришяпти. «Бутун дунё... Шайтоннинг ҳукмида» бўлгани учун, ўзидан фарқ қиладиган одамларга нисбатан чидамсизлик, юзхотирчилик, ҳақорат қилиш, безорилик ва бузғунчилик авж олмоқда. (1 Юҳанно 5:19)
Бироқ Муқаддас Китобда нафақат нафрат қандай пайдо бўлгани, балки уни қандай бартараф этиш мумкинлиги ҳақида ҳам ёзилган.