Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

2 Салоникаликларга 3:14 да муайян одамларни «кўз остига олиб» қўйиш тўғрисида айтилган. Бу қарорни оқсоқоллар чиқарадими ёки жамоатдаги ваъзгўйларми?

Ҳаворий Павлус Салоникадаги масиҳийларга: «Борди-ю, бирор киши бу мактубда ёзган сўзларимизга риоя қилмаса, уни кўз остига олиб... [қўйинг]»,— деб ёзган. (2 Салон. 3:14) Олдинлари бу фақат оқсоқоллар учун йўл-йўриқ эканини айтардик. Агар бирон киши унга қайта-қайта маслаҳат берилганига қарамай, Муқаддас Китобдаги меъёрларни назарига илмаса, оқсоқоллар жамоат олдида огоҳлантирувчи нутқ сўзлаши мумкин эди. Бундан сўнг жамоатдагилар кўз остига олиб қўйилган киши билан мулоқот қилмасди.

Бироқ ўзгариш киритишга эҳтиёж туғилди. Афтидан, Павлуснинг маслаҳати ваъзгўйнинг муайян вазиятларда чиқарадиган қарорига ишора қилади. Шундай экан, оқсоқоллар огоҳлантирувчи нутқ сўзлашига эҳтиёж йўқ. Нега бундай ўзгариш киритилди? Келинг, Павлуснинг маслаҳатини матн таркибида кўриб чиқайлик.

Павлус жамоатдаги баъзилар «тартибни бузаётган»ига эътибор берган. Улар илоҳий илҳом остида берилган маслаҳатни писанд қилмаган. Бундан олдинги ташрифида Павлус: «Ишламаган — тишламасин»,— деб йўл-йўриқ берганди. Шунга қарамай, айримлар имконияти бўлса-да, ўзини таъминлаш учун ишлашни хоҳламаган. Бунинг устига, улар бошқаларнинг ишига аралашган. Хўш, тартибни бузган бундай одамларга масиҳийлар қандай муомала қилиши керак эди? (2 Салон. 3:6, 10–12)

«Уни кўз остига олиб... [қўйинг]»,— деб ёзган Павлус. Асл матндаги юнонча сўз бу каби кишининг ёмон таъсирига берилмаслик учун эҳтиёткор бўлишни билдиради. У бу йўл-йўриқни фақат оқсоқолларга эмас, балки бутун жамоатга ёзган. Шундай экан, масиҳий имондоши Худонинг Каломидаги маслаҳатларга қулоқ солмаётганини кўрса, тартибни бузаётган киши «билан муносабатни» узарди.

Бу ўша одамга жамоатдан чиқарилган кишидай қарашни англатганми? Йўқ, чунки Павлус: «Унга биродардек насиҳат қилинглар» — деб айтган. Демак, масиҳий кўз остига олиб қўйган имондоши билан йиғилишда ёки хизматда мулоқот қиларди, аммо ўтиришларда ё дам олганда бундай йўл тутмасди. Нега? «Токи у уялсин», — деб айтган Павлус. Кўз остига олиб қўйиш туфайли тартибни бузаётган масиҳий хулқ-атворидан уялиши ва ўзгариши мумкин эди. (2 Салон. 3:14, 15)

Ҳозирги пайтда масиҳий бу маслаҳатга қандай амал қила олади? Биринчидан, бизда шубҳа уйғотган хулқ-атвор чиндан ҳам Павлус тушунтирганидай, «тартибни бузаётган»ига амин бўлишимиз лозим. У виждон ёки шахсий масалаларда биздан фарқ қиладиганларни назарда тутмаган. Шунингдек, у бизни ранжитган одамлар ҳақида ёзмаган. Аксинча, Павлус Худонинг маслаҳатларига атайин қулоқ солишни истамаган одамлар тўғрисида айтмоқчи бўлган.

Бугунги кунда имондошимиз итоатсизлик руҳини a намоён этаётганини сезсак, эҳтимол, ўтиришларда ёки дам олишларда у билан мулоқот қилмасликка шахсан қарор қилармиз. Бу шахсий қарор экан, уни биз билан бир уйда яшайдиган оила аъзоларимиз билангина муҳокама қиламиз. Лекин йиғилишларда ва хизматда у билан мулоқот қиламиз. У юриш-туришини ўзгартирганида, яна олдингидай муносабатларимизни тиклаймиз.

a Айтайлик, масиҳий қўлидан келса ҳам ўзини таъминлашдан бош тортиши, имондош бўлмаган киши билан учрашиши, бўлинишларга сабаб бўладиган гап-сўз тарқатиши ёки ғийбат қилиши мумкин. (1 Кор. 7:39; 2 Кор. 6:14; 2 Салон. 3:11, 12; 1 Тим. 5:13) Бундай ишларни қилишда давом этаётганлар «тартибни бузаётган» ҳисобланади.