Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

49-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

147-ҚЎШИҚ Ваъда қилинган абадий ҳаёт

Абадий яшай оласиз. Хўш, қанақасига?

Абадий яшай оласиз. Хўш, қанақасига?

Отамнинг иродаси — Ўғилни кўриб, унга ишонган ҳар ким мангу ҳаётга ноил бўлишидан иборат. (ЮҲАН. 6:40)

АСОСИЙ ФИКР

Қандай қилиб мойланганлар ва бошқа қўйлар Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигидан фойда олади?

1. Абадий яшаш борасида баъзилар қандай фикрда бўлиши мумкин?

 КЎПЛАР соғлом бўлиш учун овқатланиш тарзига эътибор беради ва мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланишга ҳаракат қилади. Аммо шунга қарамай, улар абадий яшашни кутмайди. Чунки бунга эришиш имконсиздай туюлади ва кексалик билан боғлиқ қийинчиликлар туфайли ҳамма ҳам абадий яшашни хоҳламайди. Лекин Юҳанно 3:16 ва 5:24 да ёзилганидай, Исо абадий ҳаёт тўғрисида ижобий тарзда гапирган.

2. Юҳанно 6-бобда абадий ҳаёт тўғрисида нима дейилган? (Юҳанно 6:39, 40)

2 Бир куни Исо мўъжиза яратиб, инсонларни нон ва балиқ билан тўйдирган a. Бу ажойиб бўлган, аммо у эртаси куни айтган сўзлари янада ҳайратланарли эди. Халойиқ Исога эргашиб Кафарнаҳумга — Жалила денгизининг қирғоғига яқин жойга борган. Исо у ерда уларга инсонлар тирилиши ва абадий ҳаётдан завқланиши мумкинлигини айтган. (Юҳанно 6:39, 40 ни ўқинг.) Шундай экан, ҳаётдан кўз юмган дўстларингиз ва яқинларингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Исонинг сўзлари вафот этган кўплар тирилиши ҳамда сиз ва яқинларингиз абадий ҳаётдан завқланишингиз мумкинлигини кўрсатяпти. Шунга қарамай, Юҳанно 6-бобнинг давомидаги Исонинг сўзларини тушуниш кўпчилик учун қийин бўлган. Келинг, уларни батафсилроқ кўриб чиқамиз.

3. Юҳанно 6:51 да Исо нима деб айтган?

3 Кафарнаҳумдаги халойиқ Исо уларни тўйдириш учун нонлар билан қилган мўъжиза ва Яҳова уларнинг аждодларига берган манна ўртасидаги боғлиқликни кўрган. Дарҳақиқат, Муқаддас Ёзувларда манна тўғрисида «осмондан... [тушган] нон» деб айтилган. (Заб. 105:40; Юҳан. 6:31) Исо муҳим бир нарсани ўргатиш учун маннанинг мисолидан фойдаланган. Гарчи Худо маннани мўъжизавий тарзда берган бўлса-да, уни еганлар охир-оқибат ҳаётдан кўз юмган. (Юҳан. 6:49) Бундан фарқли равишда, Исо ўзини «осмондан тушган ҳақиқий нон», «Худо берган нон» ва «ҳаёт нони» деб атаган. (Юҳан. 6:32, 33, 35) Исо манна ва ўзи ўртасидаги асосий фарққа диққат қаратган. У: «Мен осмондан тушган тирик нондирман. Бундай нонни ким еса, мангу яшайди»,— деб айтган. (Юҳанно 6:51 ни ўқинг.) Буни эшитган ўша яҳудийлар ҳайрон қолган. Қанақасига Исо ўзини осмондан тушган нон деб айта олган? Қандай қилиб у Худо уларнинг ота-боболарига мўъжизавий тарзда берган маннадан устун бўла оларди? Исо шундай деган: «Бу нон менинг танамдир». Қизиқ, у нима демоқчи эди? Бу саволнинг жавобини тушуниш биз учун муҳим. Чунки у биз ва яқинларимиз абадий яшай олишини кўрсатади. Энди эса, келинг, Исо нимани назарда тутганини муҳокама қиламиз.

ТИРИК НОН ВА УНИНГ ТАНАСИ

4. Нега баъзилар Исонинг гапларидан ҳайрон қолган?

4 Исо танасини инсониятга ҳаёт бахш этиш учун фидо қилиши ҳақида айтганида, уни тинглаётганларнинг баъзилари эсанкираб қолган. Улар «Исо ейиш учун том маънодаги танасини беради» деб ўйлаганми? Ахир бу одамхўрлик бўларди-ку! (Юҳан. 6:52) Аммо бундан сўнг Исо қуйидаги ҳайратланарли тафсилотни айтган: «Инсон Ўғлининг танасини емасангиз ва қонини ичмасангиз, ҳаётга эга бўлмайсиз». (Юҳан. 6:53)

5. Исо унинг том маънодаги танасини ейишни ва қонини ичишни назарда тутмаганини қаердан биламиз?

5 Нуҳнинг даврида Худо одамларга қонни истеъмол қилишни ман этган. (Ибт. 9:3, 4) Яҳова Исроил халқига Тавротни берганида ҳам ўша амрни такрорлаган. Унга кўра, «қон истеъмол қилган ҳар қандай киши» йўқ қилиниши керак эди. (Лев. 7:27) Исо Тавротга амал қиларди. (Мат. 5:17–19) Шундай экан, у яҳудийларни унинг том маънодаги танасини ейишга ва томиридаги қонни ичишга ундамасди. Лекин Исо кишини ҳайратда қолдирадиган фикрни айтиб, аслида одамларни ҳаётга — абадий ҳаётга қандай қилиб эришиш мумкинлигини ўргатган. (Юҳан. 6:54)

6. Исонинг танасини ейиш ва қонини ичиш тўғрисидаги гапларини қандай тушуниш керак?

6 Исо нимани назарда тутган? У аввалроқ самариялик аёл билан гаплашганидек, бу вазиятда ҳам мажозий маънода гапиргани аниқ. Исо: «Кимки мен берган сувни ичса, ҳеч қачон чанқамайди. Аксинча, мен берадиган сув унда булоққа ўхшаб жўшиб оқаверади ва абадий ҳаёт сари элтади»,— деб айтган. (Юҳан. 4:7, 14) b Исо самариялик аёл том маънодаги сувни ичса, абадий яшаши мумкинлигини назарда тутмаган. Шу сингари Исо агар Кафарнаҳумдаги халойиқ унинг том маънодаги танасини еса ва унинг қонини ичса, абадий яшайди демоқчи эмасди.

ИККИТА ВОҚЕА ЎРТАСИДАГИ ФАРҚЛАР

7. Исонинг Юҳанно 6:53 даги гаплари борасида баъзилар нима дейди?

7 Баъзи диндор одамларнинг айтишича, Исонинг унинг танасини ейиш ва қонини ичиш тўғрисидаги Юҳанно 6:53 да келтирилган сўзлар кейинчалик Қутлуғ Кечлик маросимига замин яратган. Чунки ўшанда ҳам Исо шунга ўхшаш сўзларни айтган. (Мат. 26:26–28) Уларнинг айтишича, Қутлуғ Кечлик маросимига келган барча нон ва шароб узатилганда, улардан истеъмол қилиши керак. Бу тўғрими? Мазкур саволга жавоб топиш муҳим. Сабаби ҳар йили миллионлаб одамлар бу маросимда биз билан йиғилади. Келинг, Юҳанно 6:53 да айтилган ва Қутлуғ Кечлик маросимида Исо айтган сўзлар ўртасидаги бир нечта фарқни кўриб чиқамиз.

8. Иккита вазият ўртасида қандай фарқ бор? (Расмларга ҳам қаранг.)

8 Аввалига бу воқеалар ўртасидаги иккита фарқни кўриб чиқамиз. Биринчиси, Юҳанно 6:53–56 даги сўзларни Исо қачон ва қаерда айтган? У буни мил. 32 йили Жалиладаги бир гуруҳ яҳудийларга айтган. Бу Исо Қуддусда Қутлуғ Кечлик маросимини уюштиришидан тахминан бир йил олдин юз берган. Иккинчиси, Исонинг бу сўзлари кимга қарата айтилганди? Жалилада уни тинглаётганларнинг кўпчилиги маънавий эҳтиёжларини қондиришдан кўра вақтинчалик жисмоний эҳтиёжларини қондириш ҳақида кўпроқ ўйлаётганди. (Юҳан. 6:26) Аслида улар Исо ўргатган нарсаларни тушунишга қийналганда, ишончи тезда сўниб қолган. Ҳаттоки шогирдларидан баъзилари унга эргашишни тўхтатган. (Юҳан. 6:14, 36, 42, 60, 64, 66) Бу воқеани тахминан бир йил ўтиб мил. 33 йили Исо Қутлуғ Кечлик маросимини уюштирганида, нима юз бергани билан солиштиринг. Ўша вазиятда унинг 11 та садоқатли ҳаворийси Исо ўргатаётганларини тўлиқ тушунмаган бўлса-да, у билан бирга бўлган. Аммо Жалиладаги кўплардан фарқли равишда, садоқатли ҳаворийлари Исо Худонинг осмондан тушган Ўғли эканига амин эди. (Мат. 16:16) Исо уларни мақтаб: «Синовларга дуч келганимда сизлар мен билан бўлгансизлар»,— деб айтган. (Луқо 22:28) Бу иккита фарқнинг ўзи у Юҳанно 6:53 да Қутлуғ Кечлик ҳақида гапирмаётганини кўрсатяпти. Аммо, келинг, бошқа далилларни ҳам кўриб чиқамиз.

Юҳанно 6-бобда Исо Жалиладаги яҳудийларга айтганлари келтирилган (чапда). Бир йил ўтгач эса у Қуддусда садоқатли ҳаворийларидан иборат кичик гуруҳга гапирган (ўнгда) (8-хатбошига қаранг.)


БУ СИЗГА ҲАМ ТЕГИШЛИ

9. Исо Қутлуғ Кечлик маросимида айтган сўзлар кимларга тегишли?

9 Қутлуғ Кечлик маросими пайтида Исо хамиртурушсиз нонни ҳаворийларига узатиб, бу унинг танасини англатишини айтган. Кейин эса у шаробни узатиб, бу «аҳд қонини» билдиришини айтган. (Марк 14:22–25; Луқо 22:20; 1 Кор. 11:24) Бу муҳим эди. Янги аҳд бутун инсоният билан эмас, балки Худонинг Шоҳлигида бошқарадиган рамзий Исроил хонадони билан тузилган. (Иброн. 8:6, 10; 9:15) Ўшанда ҳаворийлар бунинг маъносини тушунмаган. Лекин тез орада улар муқаддас руҳ билан мойланиб, Исо билан самода бўлиш учун янги аҳднинг бир қисмига айланиши керак эди. (Юҳан. 14:2, 3)

10. Исонинг Жалилада айтганлари Қутлуғ Кечликда айтганларидан қай йўсин фарқ қилган? (Расмга ҳам қаранг.)

10 Эътибор беринг, Исонинг Қутлуғ Кечлик маросими пайтида айтган сўзлари «кичик пода»га тегишли эди. Исо билан ўша ерда бўлган садоқатли ҳаворийлар бу кичик гуруҳнинг биринчи аъзоларидан эди. (Луқо 12:32) Улар ва ўша гуруҳга тегишли бўладиганлардан иккита рамздан — нон ва шаробдан қабул қилиш кутиларди. Улар осмонда Исо билан бирга бўлади. Бу Қутлуғ Кечлик ва аввалроқ Жалилада бўлган воқеа орасидаги яна бир фарқ. Исо Қутлуғ Кечликда айтган гаплар кичик гуруҳдаги, Жалилада айтганлари эса сони чекланмаган одамларга тегишли.

Нон ва шаробдан фақатгина кичик гуруҳ истеъмол қилади, аммо ҳар ким Исога бўлган имонини намоён этиши ва абадий ҳаётга эришиши мумкин (10-хатбошига қаранг.)


11. Исо Жалилада айтган сўзлар у сони чегараланган одамларга гапирмаганини қандай кўрсатяпти?

11 Мил. 32 йили Исо Жалилада бўлганида, асосан ундан нон олишни истаган яҳудийларга мурожаат қилган. Лекин у уларнинг диққатини том маънодаги егуликдан муҳимроқ нарсага қаратган. Бу ёрдамида улар абадий ҳаётга эриша оларди. Қолаверса, Исо ўлганлар охирги кунда тирилиши ва абадий яшаши мумкинлигини айтган. Ўшанда у кейинроқ Қутлуғ Кечлик маросимида бўлганидек, сони чекланган бир нечта одамга ишора қилмаган. Аксинча, у барча одамлар эришиши мумкин бўлган барака ҳақида гапираётган эди. Дарҳақиқат, Исо: «Бундай нонни ким еса, мангу яшайди. Бу нон менинг танамдир, уни инсониятга ҳаёт бахш этиш учун фидо қиламан»,— деган. (Юҳан. 6:51) c

12. Исонинг айтганларидан фойда олиш учун нима қилишимиз керак??

12 Исо Жалиладаги яҳудийларга: «Бу баракани яшаб ўтганлар ва энди туғиладиганлар олади»,— деб айтмаган. Бу нонни еганлар имонни намоён этсагина ундан фойда олади. Бугунги кундаги кўп одамлар «Исога шунчаки ишониб, уни халоскорим деб билсам, қутқариламан» деб ўйлайди. (Юҳан. 6:29) Лекин бунинг ўзи етарли эмас. Аввалига Исога ишонган Жалиладаги кўпчилик кейинчалик унга эргашмай қўйган. Нега?

13. Исонинг чинакам шогирди бўлиш учун нима қилишимиз керак?

13 Ўша яҳудийларнинг аксарияти Исо улар истаган нарсаларни бергани учунгина унга эргашган. Уларни мўъжизавий тарзда шифо топиш, бепул егулик ёки қулоғига ёқимли бўлган таълимотлар қизиқтирган, холос. Лекин Исо унинг шогирди бўлиш учун кўпроқ нарса талаб қилинишини кўрсатган. У ер юзига шунчаки одамларнинг хоҳиш-истакларини қондириш учун келмаган. Ўша одамлар Исонинг унинг олдига келиш таклифини қабул қилиши ва ўргатган барча таълимотларига қулоқ солиши лозим эди. (Юҳан. 5:40; 6:44)

14. Исонинг танаси ва қонидан фойда олиш учун нима қилишимиз лозим?

14 Исо уларга у ўз танасини ва қонини қурбонликка келтириши эвазига уларда абадий яшаш имкони пайдо бўлишини айтган. Улар бунга ишонишлари зарур эди. Бундай имон ўша яҳудийлар учун жуда муҳим эди ва бугунги кунда ҳам шундай. (Юҳан. 6:40) Демак, Исо Юҳанно 6:53 да айтганидек, абадий ҳаётга эришиш учун тўлов қурбонлигига нисбатан имонни ривожлантиришимиз керак. Бу баракага сони чекланмаган инсонлар эриша олади. (Эфес. 1:7)

15, 16. Юҳанно 6-бобдан қандай муҳим сабоқлар олдик?

15 Юҳанно 6-бобдан барчамиз учун муҳим ва далдали бўлган кўп нарсани билиб олдик. Исо одамларга қанчалик ғамхўрлик қилишини кўрдик. У Жалилада бўлганида касалларни соғайтирган, уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ўргатган ва егулиги бўлишига ғамхўрлик қилган. (Луқо 9:11; Юҳан. 6:2, 11, 12) Бундан-да муҳимроғи Исо у «ҳаёт нони» эканини тушунтирган. (Юҳан. 6:35, 48)

16 Исо «бошқа қўйлар» деб атаган инсонлар ҳар йили ўтадиган Қутлуғ Кечлик маросимида нон ва шаробдан истеъмол қилмайди ва бундай қилмаслиги керак. (Юҳан. 10:16) Лекин улар мажозий маънодаги ҳаёт нонидан ейишлари мумкин. Улар буни Исонинг тўлов қурбонлигига ишонаётганини кўрсатиш орқали қила олади. (Юҳан. 6:53) Бундан фарқли равишда, нон ва шаробдан қабул қиладиганлар янги аҳднинг бир қисми бўлишади ва Самовий Шоҳликда бошқариш умидига эга бўлишади. Хулоса қиладиган бўлсак, мойланганлар ё бошқа қўйлар қаторига кирамизми, Юҳанно 6-бобдаги баёнотдан кўп муҳим нарсаларни билиб олдик. Бу бизга абадий ҳаётга эга бўлиш учун тўловга нисбатан кучли имонни намоён этишимиз кераклигини кўрсатяпти.

150-ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг

a Юҳанно 6:5–35 олдинги мақолада муҳокама қилинган.

b Исо айтган сув Яҳова одамлар абадий ҳаётга эришишига ёрдам бериш учун қилган барча ишларни билдиради.

c Юҳанно 6-бобда «ҳар ким» ва «барча» деб ўгирилиши мумкин бўлган сўзлар ишлатилган. (Юҳан. 6:35, 40, 47, 54, 56–58)