3- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Тангримиз Яҳова сизни қадрлайди!
Камситилганимизда У бизни унутмади. ЗАБ. 136:23
33- ҚЎШИҚ Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла
БУ МАҚОЛАДА *
1–2. Яҳованинг кўп хизматчилари қандай вазиятларга дуч келмоқда ва бу уларга қай йўсин таъсир қилиши мумкин?
УШБУ учта вазият борасида фикр юритиб кўрайлик: ёш биродаримизга жиддий касаллик ташхиси қўйилади. Ёши 50 дан ошган меҳнаткаш биродаримиз ишсиз қолади ва уринишларига қарамай, янгисини топа олмайди. Ёши улуғ садоқатли опамиз имкониятлари чеклангани туфайли Яҳовага олдингидай кўп хизмат қила олмайди.
2 Сиз ҳам шу каби вазиятга дуч келаётган бўлсангиз, ўзингизни кераксиздай ҳис қилишингиз ҳеч гап эмас. Бундай вазиятлар қувончингизни ўғирлаши, ўзингиз ҳақингизда салбий ўйлашга олиб келиши ва бошқалар билан бўлган муносабатларингизга путур етказиши мумкин.
3. Шайтон ва унинг фикрлаш тарзига тақлид қилаётганлар инсонлар ҳаётига қандай муносабатда?
3 Бу дунё Шайтоннинг ҳаётга нисбатан нуқтаи назарини акс эттирмоқда. Шайтон одамлар ўзини арзимасдай ҳис қилишига доим ҳаракат қилиб келган. У Худога итоатсизлик қилиш ўлимга етаклашини била туриб, Момоҳавога эркин бўлиш йўлини бешафқатларча таклиф қилган. Шайтон бу дунёдаги тижорат, сиёсат ва динни назорат қилиб келмоқда. Шунинг учун, кўпгина ишбилармон, сиёсатчи ва дин раҳбарлари инсонларнинг ҳаётига бефарқ бўлиб, туйғулари билан умуман иши йўқ.
4. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?
4 Бироқ Шайтондан фарқли равишда, Тангри Яҳова ўзимиз ҳақимизда ижобий фикрда бўлишимизни ва қийинчиликлар дастидан ўзимизни кераксиздай ҳис қилганимизда, бизни қўллаб-қувватлашини билишимизни истайди. (Заб. 136:23; Рим. 12:3) Ушбу мақолада Яҳова қуйидаги учта вазиятда бизга қандай кўмаклашишини муҳокама қиламиз: 1) касалликдан азоб чекканимизда, 2) моддий қийинчиликларга дуч келганимизда ва 3) ёшимиз ўтаётгани туфайли Яҳовага олдингидай кўп хизмат қила олмаётганимизда. Аввал, келинг, нега Яҳова ҳар биримизни қадрлашига ишонишимиз мумкинлигини билиб олайлик.
ЯҲОВА БИЗНИ ҚАДРЛАЙДИ
5. Нега Яҳова одамларни қадрлашига аминсиз?
5 Гарчи ернинг тупроғидан яратилган бўлсак-да, Яҳова бизни ниҳоятда қимматбаҳо деб билади. (Ибт. 2:7) Келинг, нега Яҳова бизни қадрлашига ишончимиз комил эканининг айрим сабабларига диққат қаратайлик. Худо инсонларни Унинг фазилатларини акс эттириш қобилияти билан яратган. (Ибт. 1:27) Шу йўсин, У одамларни ер юзидаги барча нарсалардан устувор қўйиб, ерни ва ҳайвонларни уларнинг қўлига топширган. (Заб. 8:4–8)
6. Яна нималар асосида Яҳова номукаммал одамларни қадрлайди деб айта оламиз?
6 Ҳатто Одамато гуноҳга қўл ургандан кейин ҳам, Яҳова инсонларга ғамхўрлик қилишда давом этган. У бизни жуда ҳам қимматбаҳо деб билгани боис, севикли Ўғли Исони гуноҳларимиз учун тўлов сифатида тақдим этган. (1 Юҳан. 4:9, 10) Бу тўлов келтирадиган фойдасини қўллаб, Яҳова Одаматонинг гуноҳи дастидан ўлган «адолатли ва адолатсиз одамларни» тирилтиради. (Ҳавор. 24:15) Унинг Каломидан билиб олаётганимиздай, соғлигимиз, моддий шароитимиз ёки ёшимизга қарамай, бизни ўта қадрлайди. (Ҳавор. 10:34, 35)
7. Яна қайси сабаблар Яҳова Ўз хизматчиларини қадрлашини кўрсатмоқда?
7 Яҳова бизни қадрлашига ишонишимиз учун яна бошқа сабаблар ҳам бор. У бизни Ўзига жалб қилиб, хушхабарга нисбатан кўрсатган муносабатимизни инобатга олди. (Юҳан. 6:44) Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантира бошлаганимизда, У бизга янада яқинлашди. (Ёқб. 4:8) Қолаверса, У вақт ҳамда кучини сарфлаб бизга таълим бермоқда ва биз У учун қадрли эканимизни кўрсатмоқда. Аллоҳ шахсиятимизни ва қандай инсонга айланишимиз мумкинлигини билади. У бизни яхши кўргани учун таълим-тарбия беради. (Ҳик. 3:11, 12) Ҳа, бу Яҳова бизни қадрлаётганининг ажойиб исботидир!
8. Забур 18:27–29 даги сўзлар муаммоларимизга бўлган нуқтаи назаримизга қандай таъсир қилиши мумкин?
8 Баъзилар шоҳ Довудни менсимаган бўлса-да, Яҳова уни севишини ва қўллаб-қувватлаётганини у билган. Буни билиш унга ўз вазиятига тўғри нуқтаи назарда бўлишга ёрдам берган. (2 Шоҳ. 16:5–7) Руҳимиз тушганда ёки муаммоларга рўбарў келганимизда, Яҳова бунга бошқача қарашимизга ва ҳар қандай қийинчиликни енгишимизга ёрдам беришга қодир. (Забур 18:27–29 ни ўқинг.) Яҳова бизни қўллаб-қувватласа, Унга қувонч ила хизмат қилишимизга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. (Рим. 8:31) Энди, келинг, Яҳова бизни севишини ва қадрлаётганини айниқса ёдимизда тутишимиз керак бўлган учта ўзгача вазиятга эътибор берайлик.
КАСАЛЛИК ДАСТИДАН АЗОБ ЧЕККАНДА
9. Касаллик дастидан ўзимизга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишимиз мумкин?
9 Касаллик ҳис-туйғуларимизга таъсир қилиши мумкин ва ўзимизни ҳеч кимга кераксиздай ҳис этамиз. Бошқалар заиф томонларимизни кўриб қолганда ёки кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлиб қолганимизда хижолат тортишимиз ҳеч гап эмас. Ҳатто бошқалар касал эканимизни билмаса ҳам, имкониятларимиз чегараланиб
қолгани учун уялишимиз мумкин. Бундай мушкул дамларда Яҳова бизга далда беради. Қандай дейсизми?10. Ҳикматлар 12:25 га биноан, касал бўлганимизда бизга нима ёрдам бериши мумкин?
10 Касал бўлганимизда, «яхши сўз» кўнглимизни кўтариши мумкин. (Ҳикматлар 12:25 ни ўқинг.) Яҳова Муқаддас Китобда яхши сўзларни жамлаб қўйган ва улар ҳатто касал бўлганимизда ҳам, У учун қимматбаҳо эканимизни эслатиб туради. (Заб. 31:19; 41:3) Агар Худо илҳомлантирган сўзларни ўқисак ва ҳатто қайта-қайта ўқисак, касаллик оқибатида пайдо бўлаётган салбий туйғуларни енгишимизга У ёрдам беради.
11. Жорж биродаримиз Яҳованинг ёрдамини қай йўсин ҳис этди?
11 Келинг, Жоржнинг вазиятига эътибор берайлик. Ёш биродаримиз Жорж тезда ривож олган ва ўзини кераксиздай ҳис этишига сабаб бўлган касалликка йўлиқди. «Касаллигим туфайли ўзимни шу қадар ёмон ҳис этаман ёки бошқаларнинг эътиборини жалб қилишдан уяламан деб ўйламаган эдим. Соғлигим ёмонлашгани сайин ҳаётим қандай бўлар экан, деган хаёлларга борардим. Кўнглим чўккан эди, Яҳовадан ёрдам сўраб илтижо қилардим»,— деди Жорж. Хўш, Яҳова уни қандай қўллаб-қувватлади? У шундай деб бўлишди: «Диққатимни бир жойга жамлаш қийин эди, лекин Забур саноларидан Яҳова Ўз хизматчиларига ғамхўрлик қилишини кўрсатувчи бир нечта оятни ўқирдим. Ўша оятларни ҳар куни қайта-қайта ўқиб, куч ва тасалли олардим. Вақт ўтгач, бошқалар мен кўпроқ табассум қилаётганимга эътибор берадиган бўлишди. Улар ижобий нуқтаи назарим уларга далда бераётганини айтарди. Яҳова ибодатларимга жавоб бераётганига амин бўлдим! У ўзим ҳақимдаги фикрларни ўзгартиришимга кўмаклашди. Худонинг Каломига кўпроқ эътибор бериб, соғлигимга
қарамай У мен ҳақимда қандай фикрда экани тўғрисида ўйлай бошладим».12. Касаллик билан курашаётган бўлсангиз, қандай қилиб Яҳованинг ёрдамини олишингиз мумкин?
12 Сиз ҳам касаллик билан курашаётган бўлсангиз, Яҳова нималарни бошдан кечираётганингиздан хабардор эканидан шубҳаланманг. Ёрдам сўраб илтижолар қилинг. Шунда, вазиятингизга тўғри муносабатда бўлишга ўрганасиз. Шунингдек, Яҳова сиз учун Муқаддас Китобда жамлаб қўйган яхши сўзларни қидиринг. Худо Ўз хизматчиларини қанчалар қадрлашини кўрсатувчи оятларга диққат қаратинг. Шундай қилиб, Яҳова Унга садоқат ила хизмат қилаётган барчага меҳрибонлик қилишини кўрасиз. (Заб. 84:11)
МОДДИЙ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ДУЧ КЕЛГАНДА
13. Оила боши ишсиз қолса, ўзини қандай ҳис қилиши мумкин?
13 Ҳар бир оила боши ўз яқинларининг зарурий эҳтиёжларини қондиришни истайди. Лекин тасаввур қилинг, биродаримиз ҳеч қандай хато қилмаган бўлса ҳам, ишдан бўшатилди. У бошқа ишни астойдил қидиради, аммо топа олмайди. Бунинг дастидан у ўзини кераксиздай ҳис қилади. Хўш, Яҳованинг ваъдаларига диққат қаратиб, у қандай ёрдам олиши мумкин?
14. Нима сабабдан Яҳова Ўз ваъдаларининг устидан чиқади?
14 Яҳова доим Ўз ваъдаларининг устидан чиқади. (Ёшуа 21:45; 23:14) У бир нечта сабабга кўра бундай йўл тутади. Масалан, бунинг сабаблардан бири Унинг исми ёки обрўйи билан боғлиқ. Яҳова Ўзининг содиқ хизматчиларига ғамхўрлик қилишга сўз берган ва уни бажаришга масъул эканини ҳис этади. (Заб. 31:1–3) Бундан ташқари, Яҳова Ўз оиласи аъзоларидай кўрадиган инсонларга ғамхўрлик қилмаса, улар қайғуришини билади. У бизга моддий ва маънавий томонлама ғамхўрлик қилишни ваъда қиляпти. Бу ваъдасининг устидан чиқишига ҳеч нарса Унга тўсқинлик қила олмайди! (Мат. 6:30–33; 24:45)
15. а) Биринчи асрдаги масиҳийлар қандай қийинчиликка дуч келган? б) Забур 37:18, 19 бизни нимага ишонтирмоқда?
15 Яҳова нега Ўз ваъдаларининг устидан чиқишини ёдда сақласак, моддий қийинчиликлар пайтида У бизга ёрдам беришидан шубҳаланмаймиз. Келинг, биринчи асрдаги масиҳийларнинг мисолига назар солайлик. Қуддусдаги жамоат ашаддий қувғунларга дуч келганда, «ҳаворийлардан ташқари ҳамма... тарқаб кетди». (Ҳавор. 8:1) Ўша вазиятни кўз олдингизга келтириб кўринг. Улар моддий томонлама қийналиб, эҳтимол, уй ва ишсиз қолиб кетган. Бироқ Яҳова уларни ташлаб кетмади. Улар қувончини йўқотмади. (Ҳавор. 8:4; Иброн. 13:5, 6; Ёқб. 1:2, 3) Яҳова ўша садоқатли масиҳийларни қўллаб-қувватлаган ва бизни ҳам ташлаб қўймайди. (Забур 37:18, 19 ни ўқинг.)
ЁШИМИЗ ЎТАЁГАНИ ТУФАЙЛИ ПАЙДО БЎЛАЁТГАН МУАММОЛАРНИ ЕНГИШДА
16. Қайси вазиятда Яҳова топинишимизни қадрлаяптими, деб ўйлаб қолишимиз мумкин?
16 Ёшимиз ўтгани сайин Яҳовага кўп бера олмаётганимизни сезишимиз мумкин. Шоҳ Довуд ҳам ёши ўтгани сайин шу каби туйғуларни пайқагандир. (Заб. 71:9) Хўш, Яҳова бизга қандай ёрдам бериши мумкин?
17. Жери опамизнинг вазиятидан қандай сабоқ олсак бўлади?
17 Жери исмли опамизнинг мисолига эътибор қаратайлик. У ташкилотимиз биноларига техник хизмат кўрсатиш бўйича Йиғилиш залида ўтган учрашувга таклиф этилди, лекин опамиз у ерга боришни хоҳламаётган эди. У: «Ахир ёшим ўтган беваман ва таъмирлаш ишларида ҳам кўмаклашиш
учун ҳеч қандай қобилиятим йўқ. У ерда керагим йўқ»,— деди. Ўша учрашувдан олдинги кеча опамиз Яҳовага ибодат қилиб, ичидаги бор нарсани айтди. Келаси куни Йиғилиш залига келгач эса, қўлимдан бирон нима келармикин, деб ҳалигача ташвишланаётган эди. Учрашувда маърузачилардан бири Яҳова томонидан таълим олишга тайёр бўлиш қобилиятимиз энг аъло қобилият эканини таъкидлади. Жери опамиз шундай деди: «“Бу қобилиятга эгаман!” — деб ўйладим. Яҳова ибодатимга жавоб берганини тушунганимда йиғлай бошладим. У мени беришим мумкин бўлган қобилиятим борлигига ва менга таълим беришга тайёр эканига ишонтирди. Ўша учрашувга хавотирланиб, кўнглим чўкиб ва кайфиятсиз борган эдим. Аммо у ердан ўзимга ишониб, далда олиб ва қадрли эканимни ҳис этиб қайтдим».18. Муқаддас Китобга кўра, нега ёшимиз ўтганда ҳам Яҳова топинишимизни қадрлайди, деб айта оламиз?
18 Ёшимиз ўтганда ҳам Яҳова биздан фойдаланишига ишонсак бўлади. (Заб. 92:12–15) Исо айтганидай, қобилиятларимиз чегараланган ёки ўзимизни кам қилаётгандай ҳис этсак ҳам, Яҳова қўлимиздан келганча Унга хизмат қилаётганимизни қадрлайди. (Луқо 21:2–4) Шундай экан, қўлингиздан келадиган ишга диққат қаратинг. Масалан, Яҳова ҳақида гапиришингиз, имондошлар ҳақида ибодат қилишингиз ва бошқаларни садоқатли бўлиб қолишга ундашингиз мумкин. Яҳова сизни шунчаки қўлингиздан келадиган иш эмас, балки Унга бўйсунишга тайёр эканингиз туфайли ҳамкори сифатида билади. (1 Кор. 3:5–9)
19. Римликларга 8:38, 39 бизни нимага ишонтиряпти?
19 Хизматимизни чиндан ҳам қадрлаётган Тангри Яҳовага топинаётганимиздан миннатдормиз! Худо бизни Унинг иродасини бажариш учун яратган ва бу ҳақиқий топиниш ҳаётимизга асл мазмун киритмоқда. (Ваҳ. 4:11) Гарчи бу дунё бизни арзимас деб билса-да, Яҳова бизга бундай нуқтаи назарда эмас. (Иброн. 11:16, 38) Касаллик, моддий қийинчилик ёки ёшимиз ўтаётганидан сиқилаётган бўлсак, унутманг, самовий Отамизнинг севгисидан бизни ҳеч нарса жудо қилишга қодир эмас! (Римликларга 8:38, 39 ни ўқинг.)
^ абз. 5 Ўзингизни кераксиздай ҳис этган пайтларингиз бўлганми? Ушбу мақола Яҳова сизни жуда ҳам қадрлашини эслатади. Шунингдек, у ҳаётингизда нима бўлишидан қатъи назар, ўзингизга нисбатан ижобий фикрда бўлишга кўмаклашади.
30- ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим