Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

6- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова бизни қаттиқ севадиган Отамиздир

Яҳова бизни қаттиқ севадиган Отамиздир

Сизлар эса шундай ибодат қилинглар: «Осмондаги Отамиз». МАТ. 6:9

135- ҚЎШИҚ Яҳова меҳр ила чорлар: «Ўғлим, доно бўл»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Форс шоҳига мурожаат қилмоқчи бўлган инсон нима қилиши керак эди?

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, тахминан 2 500 йил муқаддам Форс империясида яшаяпсиз. Сиз бир масала бўйича юрт шоҳига мурожаат қилмоқчисиз. Шу сабабли шоҳ яшайдиган Шушан шаҳрига йўл олдингиз. Аммо шоҳга мурожаат қилишдан аввал унинг рухсатини олишингиз керак. Акс ҳолда ҳаётингиздан маҳрум бўласиз! (Эст. 4:11)

2. Яҳова Унга мурожаат қилганимизда нимани ҳис қилишимизни истайди?

2 Яҳова Форс шоҳига ўхшамагани учун нақадар миннатдормиз! Яҳова ҳар қандай инсоний ҳукмдордан анчайин юксак бўлса ҳам, истаган пайтимизда Унга мурожаат қилишимиз мумкин. Худо Унга бемалол мурожаат қилишимизни хоҳлайди. Гарчи Яҳова Улуғ Парвардигор, Қодир Худо ва Олий Ҳукмдор каби юксак унвонларга эга бўлса ҳам, биз ўзимизга таниш бўлган «Ота» унвонини қўллаб Унга мурожаат қилишга таклиф этиляпмиз. (Мат. 6:9) Ўзимизни Унга жуда яқин тутишимизни истаётганидан бахтиёрликни ҳис қиламиз.

3. Нега Яҳовани «Ота» деб аташимиз мумкин ва ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

3 Яҳова ҳаётимиз Манбаи экан, биз Уни ҳақли равишда «Ота» деб аташимиз мумкин. (Заб. 36:9) У Отамиз экан, биз Унга бўйсуниш масъулиятига эгамиз. У биздан сўраган нарсани қилганимизда ажойиб баракалардан баҳраманд бўламиз. (Иброн. 12:9) Бундай баракаларга осмонда ёки ерда абадий яшаш киради. Шунингдек, ҳозирнинг ўзидаёқ баракалар оляпмиз. Ушбу мақолада Яҳова севувчи Ота сифатида ҳозир нималар қилаётганини ва келажакда ҳам бизни асло тарк этмаслигига нега амин бўлишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Бироқ аввалига самовий Отамиз севувчи ва ғамхўр эканига бизни нима ишонтираётганини билиб оламиз.

ЯҲОВА СЕВУВЧИ ВА ҒАМХЎР ОТА

Ота болаларига яқин бўлишни хоҳлаганидек, Яҳова ҳам бизга яқин бўлишни истайди (4- хатбошига қаранг.)

4. Нега баъзиларга Худони Ота сифатида қабул қилиш қийин?

4 Худони Ота сифатида қабул қилиш сизга қийинми? Айримлар Яҳова шунчалик буюкки, биз У учун муҳим эмасмиз, деб ўйлайди. Қодир Худо шахсан улар билан иши йўқ деб шубҳа қилади. Лекин севувчи Отамиз бундай фикрга боришимизни истамайди. У бизга ҳаёт ато этди ва биз билан муносабатга эга бўлишни истайди. Мазкур ҳақиқатни ҳаворий Павлус ҳам таъкидлаб ўтгач, Афинадаги тингловчиларига Яҳова «ҳар биримизга яқин» эканини тушунтирган. (Ҳавор. 17:24–29) Бола севувчи ва ғамхўр ота-онасига мурожаат қилгандек, Худо ҳам ҳар биримиз Унга шундай мурожаат қилишимизни истайди.

5. Бир опамизнинг мисолидан нимани ўрганяпмиз?

5 Айримлар оилада отасидан озгина ёки умуман севги ва меҳр кўрмагани учун Яҳовани ўз Отаси сифатида қабул қилиши қийин кечади. Бир опамизнинг сўзларига эътибор беринг: «Отам мени қаттиқ ҳақоратларди. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганимда, ўзимни самовий Отамга яқин ҳис қилиш менга қийин бўлган. Аммо Яҳовани таниб-билганимдан кейин, ҳаммаси ўзгарди». Бу туйғулар сизга танишми? Унда руҳингиз тушмасин. Вақти келиб сиз ҳам Яҳова энг яхши Ота эканини ҳис қила оласиз.

6. Матто 11:27 га кўра, севувчи Ота эканини тушунишимизга Яҳова қандай ёрдам берди?

6 Яҳова турли йўллар билан севувчи Ота эканини тушунишимизга ёрдам берди. Масалан, У буни Муқаддас Китобда ёзилган Исонинг сўзлари ва ишлари орқали қилди. (Матто 11:27 ни ўқинг.) Исо Отасининг шахсиятини мукаммал даражада акс эттиргани учун: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади»,— деб айтган. (Юҳан. 14:9) Яҳова Ота сифатида Ўз вазифасини бажаргани ҳақида Исо тез-тез гапириб турган. Тўртта Инжил баёнотининг ўзида Исо Яҳовага ишора қилиб тахминан 200 марта «Ота» сўзини ишлатган. Нега Исо Яҳова ҳақида бунчалик кўп гапирган? Сабабларидан бири одамларни Яҳова севувчи Ота эканига ишонтириш бўлган. (Юҳан. 17:25, 26)

7. Яҳова Ўғли билан қандай муомала қилганидан нимани ўрганяпмиз?

7 Яҳова Ўғли Исо билан қай йўсин муомала қилганидан нимани билиб олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Яҳова ҳамиша Исонинг ибодатларини эшитган. У нафақат ибодатларини эшитган, балки уларга жавоб ҳам берган. (Юҳан. 11:41, 42) Қандай синовларга дуч келмасин, Исо ҳамиша Отасининг севгиси ва мададини ҳис қилган. (Луқо 22:42, 43)

8. Яҳова Исони қайси йўллар билан таъминлаган?

8 Исонинг: «Мен Отам орқали яшаяпман»,— деган сўзларидан У Отасини ҳаёт Манбаи ва ҳаётини таъминловчи Зот деб тан олганини билиш мумкин. (Юҳан. 6:57) Исо бутунлай Отасига ишонган ва Яҳова уни ҳаёти учун зарур нарсалар билан таъминлаган. Энг муҳими эса, Яҳова Исога маънан ғамхўрлик қилган. (Мат. 4:4)

9. Яҳова севувчи ва ғамхўрлик қилувчи Ота эканига Исони қандай ишонтирган?

9 Яҳова севувчи Ота сифатида Исони қўллаб-қувватлашига ишонтирган. (Мат. 26:53; Юҳан. 8:16) Гарчи Яҳова Исони барча зарардан ҳимояламаган бўлса-да, синовларни енгишига кўмаклашган. Исо эса кўрадиган ҳар қандай зарари вақтинчалик эканига амин бўлган. (Иброн. 12:2) Исонинг ибодатларини эшитиб, ҳаёти учун зарурий нарсалар билан таъминлаб, таълим бериб ва уни қўллаб-қувватлаб Яҳова унга ғамхўрлик қилганини кўрсатган. (Юҳан. 5:20; 8:28) Энди келинг, қандай қилиб самовий Отамиз бизга ҳам худди шундай ғамхўрлик қилаётганини билиб олайлик.

СЕВУВЧИ ОТАМИЗ БИЗГА ҚАНДАЙ ҒАМХЎРЛИК ҚИЛЯПТИ?

Севувчи ота фарзандларини 1) эшитади, 2) таъминлайди, 3) таълим беради ва 4) ҳимоя қилади. Севувчи самовий Отамиз ҳам шу каби бизга ғамхўрлик қилади (10–15- хатбошиларига қаранг.) *

10. Забур 66:19, 20 га кўра, Яҳова бизни севишини қандай кўрсатяпти?

10 Яҳова ибодатларимизни эшитади. (Забур 66:19, 20 ни ўқинг.) У ибодат қилганимизда, ўзимизга чеклов қўйишимизни истамайди, аксинча, бизни тез-тез ибодат қилишга чорлайди. (1 Салон. 5:17) Қаерда бўлишимиздан қатъи назар, биз истаган пайтимизда эҳтиром ила Унга мурожаат қилишимиз мумкин. Бизни тинглаш учун У жуда банд эмас; У ҳамиша тинглашга ҳозир ва ибодатларимизга диққатли. Яҳова ибодатларимизни тинглаётганини тушунганимизда Унга нисбатан севгимиз ошиб боради. Сано бастакори: «Мен Яҳовани яхши кўраман, боиси.., У... эшитади»,— деган. (Заб. 116:1)

11. Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб беради?

11 Отамиз нафақат ибодатларимизни эшитади, балки уларга жавоб ҳам беради. Ҳаворий Юҳанно бизни ишонтириб шундай деган: «Унинг [Худонинг] иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади». (1 Юҳан. 5:14, 15) Албатта, Яҳова ибодатларимизга биз кутгандек жавоб бермаслиги мумкин. У бизга нима яхшироқ эканини билгани боис, баъзан йўқ деб жавоб бериши ёки кутишимизни исташи мумкин. (2 Кор. 12:7–9)

12–13. Қайси йўллар билан самовий Отамиз бизни таъминлаб келмоқда?

12 Яҳова бизни таъминлайди. У барча оталардан талаб қилган нарсага Ўзи ҳам амал қилади. (1 Тим. 5:8) У фарзандларининг моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилади. Биз егулик, кийим ёки бошпана ҳақида ташвишланишимизни истамайди. (Мат. 6:32, 33; 7:11) Севувчи ота-онага ўхшаб, Яҳова ҳатто келажакдаги эҳтиёжларимизни қондириш чорасини ҳам кўриб қўйган.

13 Энг муҳими, Яҳова маънавий эҳтиёжларимизни қондириб келмоқда. Каломи орқали Ўзи, нияти, ҳаёт мазмуни ва келажак тўғрисида ҳақиқатни ошкор этган. У ҳақида билиб олишимиз учун ота-онамиз ёки бошқа кишидан фойдаланиб бизга ҳақиқатни ўргатганда бизга шахсан эътибор қаратди. Севувчи жамоат оқсоқоллари ва етук биродару опа-сингиллар орқали бизга меҳр ила ёрдам беришда давом этмоқда. Бундан ташқари, Яҳова жамоат йиғилишлари орқали маънавий оиламизга ва шу қаторда бизга йўл-йўриқ бермоқда. Бу ва бошқа йўллар билан Яҳова барчамизга отадек қизиқиш кўрсатмоқда. (Заб. 32:8)

14. Нега Яҳова бизга тарбия беради ва У буни қандай қилади?

14 Яҳова бизга таълим беради. Исодан фарқли ўлароқ биз номукаммалмиз. Таълим бериш жараёнининг бир қисми сифатида севувчи Отамиз керак бўлганда бизга тарбия беради. Унинг Каломида: «Яҳова Ўзи севган инсонга тарбия беради»,— деган эслатмани ўқиймиз. (Иброн. 12:6, 7) Яҳова бизга турли йўллар билан тарбия беради. Масалан, Каломидан ўқиганларимиз ёки йиғилишларда эшитганларимиз бизни тузатади. Ёхуд керакли ёрдамни оқсоқоллардан олишимиз мумкин. Тарбия қай тарзда берилмасин, унинг ортида ҳамиша Яҳованинг севгиси туради. (Ерм. 30:11)

15. Яҳова бизни қайси йўллар билан ҳимоя қилмоқда?

15 Яҳова синовлар пайтида бизни қўллаб-қувватлайди. Қийин дамларда фарзандларини қўллаб-қувватлаган ота сингари, самовий Отамиз ҳам синовлар пайтида бизга мадад беради. Бизни маънавий зарардан ҳимоя қилиш мақсадида Ўз муқаддас руҳидан фойдаланади. (Луқо 11:13) У бизни ҳиссий томондан ҳам ҳимоя қилади. Мисол учун, У бизга ажойиб умид бермоқда. Келажакка бўлган умид қийинчиликларни енгишимизга ёрдам беради. Бир ўйлаб кўринг, бошимизга қандай кулфатлар тушмасин, севувчи Отамиз кўрилган ҳар қандай зарарни бартараф этишга қодир. Биз дуч келаётган синовлар вақтинчалик, бироқ Яҳованинг баракалари абадийдир. (2 Кор. 4:16–18)

ОТАМИЗ БИЗНИ АСЛО ТАРК ЭТМАЙДИ

16. Одамато севувчи Отасига итоатсизлик қилганда нима юз берди?

16 Яҳова бизни севишини Одамато Унга итоатсизлик қилганда муаммоларга қандай муносабат кўрсатганидан билишимиз мумкин. Одамато самовий Отасига итоатсизлик қилганда ўзини ҳам, фарзандларини ҳам Яҳованинг бахтли оиласидаги ўрнидан маҳрум қилди. (Рим. 5:12; 7:14) Бироқ Одаматонинг фарзандларига ёрдам бериш учун Яҳова чора кўрди.

17. Одаматонинг исёнидан кейин Яҳова дарҳол нима қилди?

17 Яҳова Одаматони жазолади, бироқ унинг дунёга келмаган авлодларини умидсиз қолдирмади. У итоаткор одамлар Унинг оиласига қайтишини дарҳол ваъда қилди. (Ибт. 3:15; Рим. 8:20, 21) Бу ваъда амалга ошиши учун Яҳова суюкли Ўғли Исони тўлов қурбонлиги сифатида берди. Ўз Ўғлини биз учун бериб, Яҳова бизни қанчалик қаттиқ севишини исботлади. (Юҳан. 3:16)

Йўлдан адашиб Худодан узоқлашсак, бироқ тавба қилсак, севувчи Отамиз Яҳова бизни қучоқ очиб кутиб олишга тайёр (18- хатбошига қаранг.)

18. Ҳатто йўлдан адашиб Ундан узоқлашсак ҳам, Яҳова Унинг фарзандлари бўлишимизни истаётганига бизни нима ишонтиряпти?

18 Номукаммал бўлсак-да, Яҳова бизни Ўз оиласида кўришни истайди ва ҳеч қачон бизга оғир юкдек қарамайди. Биз Унинг умидини пучга чиқаришимиз ёки йўлдан адашиб Ундан узоқлашишимиз мумкин, бироқ Яҳова Унга қайтишимизга доим умид қилади. Яҳова фарзандларини қанчалик қаттиқ севишини Исо дарбадар ўғил ҳақидаги масалида кўрсатган. (Луқо 15:11–32) Ушбу масалдаги ота ўғли қайтиб келишидан асло умидини узмаган. Ўғли уйга қайтганида ота қучоғини очиб уни кутиб олган. Биз ҳам йўлдан адашиб Яҳовадан узоқлашсак, бироқ тавба қилсак, севувчи Отамиз бизни қучоқ очиб кутиб олишга тайёр эканига ишончимиз комил бўлиши мумкин.

19. Одамато етказган зарарни Яҳова қандай бартараф этади?

19 Одамато етказган барча зарарни Отамиз бартараф этади. Одаматонинг исёнидан кейин, Яҳова Ўғли билан самода шоҳлар ва руҳонийлар бўлиб хизмат қилиши учун инсонлар орасидан 144 000 кишини фарзандликка қабул қилишни ният қилган эди. Исо ва у билан бирга бошқарадиганлар янги дунёда итоаткор инсониятга мукаммал бўлишга кўмаклашишади. Улар якуний синовдан ўтгач, Худо уларга абадий ҳаётни туҳфа этади. Ер мукаммал ўғил-қизлари билан тўла эканини кўриб Отамиз ниҳоятда мамнун бўлади. Бу нақадар ажойиб давр бўлади!

20. Яҳова бизни қаттиқ севишини қандай кўрсатмоқда ва кейинги мақолада нима ҳақида гап боради?

20 Яҳова бизни қаттиқ севишини кўрсатмоқда. У энг яхши Отадир. У ибодатларимизни тинглайди, бизни моддий ва маънавий томондан таъминлайди, бизга таълим бериб, қўллаб-қувватлайди. Бунинг устига, бизга ажойиб баракалар ҳозирлаб қўйган. Отамиз бизни севишини ва ғамхўрлик қилишини билиш бизни бахтиёр қиляпти! Навбатдаги мақолада биз фарзандлар сифатида Унинг севгисига қандай жавоб беришимиз ҳақида гап боради.

108- қўшиқ Аллоҳнинг меҳр-садоқати

^ абз. 5 Кўпинча Яҳовани Яратувчи ва Олий Ҳукмдор сифатида биламиз. Бироқ Уни севувчи ва ғамхўр Ота деб ҳисоблашимиз учун талайгина сабабларимиз бор. Ушбу мақолада айрим сабабларини кўриб чиқамиз. Бундан ташқари, Яҳова бизни асло тарк этмаслигига ишонч ҳосил қиламиз.

^ абз. 59 РАСМГА ШАРҲ. Ҳар бир расмда ота ва фарзанди тасвирланган: ота ўғлини диққат билан тинглаяпти, ота қизининг зарурий эҳтиёжини қондиряпти, ота ўғлига таълим беряпти ва ота ўғлига тасалли беряпти. Суратлар ортида тасвирланган Яҳованинг қўли, У бизга ҳам худди шундай ғамхўрлик қилишини эслатади.