Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

39- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Улкан оломон» кимлардан иборат?

«Улкан оломон» кимлардан иборат?

Ҳеч ким санай олмайдиган улкан оломонни кўрдим. Улар... тахт ва Қўзининг қаршисида туришарди. ВАҲ. 7:9

60- ҚЎШИҚ Нажотбахш хабар

БУ МАҚОЛАДА *

1. Милодий биринчи асрнинг охирида ҳаворий Юҳанно қандай вазиятга дуч келган?

МИЛОДИЙ биринчи асрнинг охирида ҳаворий Юҳанно оғир вазиятда эди. Унинг ёши ўтган бўлиб Патмос оролида қамоқда эди ва, эҳтимол, ҳаёт бўлган ёлғиз ҳаворий эди. (Ваҳ. 1:9) У шуни билардики, муртадлар жамоатдагиларни адаштириб, бўлинишларга сабаб бўлаётган эди. Ўшанда кўп ўтмай Исонинг издошларидан ҳеч ким қолмайдигандай туюлган бўлиши мумкин. (Яҳд. 4; Ваҳ. 2:15, 20; 3:1, 17)

Ҳаворий Юҳанно узун оқ кийим кийган ва қўлларида пальма новдалари бор «улкан оломон»ни кўрган (2- хатбошига қаранг.)

2. Ваҳий 7:9–14 га кўра, Юҳанно қандай ажойиб ваҳий кўради? (Муқовадаги расмга қаранг.)

2 Бу оғир шароитларда Юҳанно келажак борасида ажойиб ваҳий олади. Ваҳийда Аллоҳ қулларининг пешонасига муҳр босилмагунча, фаришталарга буюк мусибатнинг вайрон қилувчи тўртта шамолини ушлаб туриш айтилган эди. (Ваҳ. 7:1–3) Пешонасига муҳр босиладиганлар Исо билан самода шоҳлик қиладиган 144 000 мойланганларни билдиради. (Луқо 12:32; Ваҳ. 7:4) Сўнг Юҳанно яна бир гуруҳ ҳақида ёзади; ўша гуруҳ шунчалик улкан бўлганки, у қуйидагича дейди: «Кейин қарадим-у, ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан бўлган, ҳеч ким санай олмайдиган улкан оломонни кўрдим. Улар... тахт ва Қўзининг қаршисида туришарди». (Ваҳий 7:9–14 ни ўқинг.) Бир тасаввур қилинг, Юҳанно келажакда тумонат одам ҳақ Худога топинишини билиб, қанчалар қувонган бўлса керак!

3. а) Қай йўсин Юҳаннонинг ваҳийси имонни мустаҳкам қилади? б) Бу мақолада нимани билиб оламиз?

3 Ўша ваҳий Юҳаннонинг имонини мустаҳкамлагани шубҳасиз. Бу ваҳий имонимизни янада кўпроқ мустаҳкамлаши лозим, зеро биз ўша ваҳий амалга ошаётган пайтда яшаяпмиз! Буюк мусибатда омон қоладиган ва ер юзида абадий яшашга умид қилаётган миллионлаб одамлар йиғилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Яҳова ўша улкан оломон кимни англатишини саксон йилдан ошиқ вақт илгари Ўз халқига очиб берган. Бу мақолада У буни қай йўсин қилганини билиб оламиз. Шунингдек, буюк оломоннинг иккита жиҳатига — 1) қанча эканига ва 2) унинг аъзолари дунёнинг турли чеккаларидан эканига диққат қаратамиз. Бу туфайли эса, ажойиб умидга эга бўлган улкан оломон аъзоларининг имони мустаҳкамланади.

БУЮК ОЛОМОН ҚАЕРДА ЯШАЙДИ?

4. Христиан олами қайси ҳақиқатни тушунмайди ва Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари улардан нимаси билан фарқ қиларди?

4 Христиан олами итоаткор одамлар бир кун келиб ер юзида абадий яшаши борасидаги ҳақиқатни ўргатмайди. (2 Кор. 4:3, 4) Ҳозирда христиан оламининг аксарияти одам ўлганидан кейин осмонда яшайди деган ғояни ўргатади. Аммо 1879 йилдан бошлаб «Қўриқчи минораси» журналини чоп этишни бошлаган Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари бундай фикрда бўлмаган. Улар шуни тушунганки, Худо ер юзидаги жаннатни тиклайди ва миллионлаб итоатли инсонлар осмонда эмас, балки ер юзида яшайди. Лекин бу итоаткор инсонларга кимлар киришини аниқ тушунишлари учун вақт керак бўлди. (Мат. 6:10)

5. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари 144 000 мойланганлар борасида нимага ишонган?

5 Албатта, Муқаддас Китоб тадқиқотчилари Каломдан шуни англашганки, баъзи одамлар Исо билан самода бошқариш учун «сотиб олинади». (Ваҳ. 14:3) Бу ер юзидаги ҳаёти давомида Аллоҳга садоқат ила хизмат қилган ғайратли ва бағишланган 144 000 та масиҳийдан ташкил топган гуруҳни англатади. Хўш, улкан оломон ҳақида-чи, нима деса бўлади?

6. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари улкан оломон борасида нимага ишонган?

6 Юҳанно ваҳийда улкан оломон «тахт ва Қўзининг қаршисида турганини» кўрган. (Ваҳ. 7:9) Мана шу сўзлар туфайли Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари улкан оломон 144 000 мойланганлар сингари осмонга кўтарилади, деган хулосага келган. Агар 144 000 мойланган ва улкан оломон осмонга кўтариладиган бўлса, улар нимаси билан фарқ қилган бўларди? Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари улкан оломон ер юзидаги ҳаёти давомида Худога тўлалигича итоат қилмаган инсонлардан ташкил топади, деб ўйлашган. Гарчи улар Муқаддас Китобдаги ахлоқий меъёрлар бўйича яшашса-да, баъзилари христиан оламининг аъзоси бўлишда давом этишгандир. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари шундай хулосага келганки, бу каби одамларда Худога нисбатан қандайдир севги бор, бироқ бу Исо билан бошқариш учун етарли эмас. Улар улкан оломон аъзолари Худони қаттиқ севишмагани боис, тахтда эмас, балки тахтнинг қаршисида туришга лойиқ деб ўйлашган.

7. Минг йиллик бошқарув давомида ер юзида кимлар яшаши борасида Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари қандай фикрда эди ва қадимдаги садоқатли кишилар борасида улар нимага ишонган?

7 Хўш, унда ер юзида ким яшайди? Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари шунга ишонганки, 144 000 мойланганлар ва улкан оломон осмонда йиғилгач, миллионлаб бошқа одамлар Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви пайтида ер юзида баракалардан баҳраманд бўлиб яшайди. Тадқиқотчилар ўша миллионлаб одамлар Масиҳ бошқарувидан аввал Яҳовага хизмат қилади деб ўйламаган. Аксинча, Тадқиқотчилар Минг йиллик бошқарув давомида ўша одамлар Яҳова ҳақида билим олади деган фикрда эди. Шу йўсин, улар Яҳованинг меъёрлари бўйича яшашни танлаганлар ер юзида абадий яшаш баракасига эга бўлишига, буни рад этганлар эса, йўқ қилинишига ишонишарди. Бундан ташқари, Тадқиқотчилар Минг йиллик бошқарув давомида ер юзида «беклар» бўлиб хизмат қиладиганларнинг баъзилари, бу бошқарувнинг сўнгида осмонга кўтарилишига ишонишган. Қолаверса, улар «беклар» «азалдаги қадрли инсонларни» (ёки Масиҳдан олдин вафот этган садоқатли кишиларни) англатишига ва улар Минг йиллик бошқарув давомида тирилтирилишига ишонишган. (Заб. 45:16)

8. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари қандай учта гуруҳ бўлишига ишонган?

8 Бу туфайли Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари учта гуруҳ бўлишига ишонган: 1) Осмонда Исо билан бошқарадиган 144 000 мойланганлар; 2) Худони унчалик қаттиқ севмай осмонда Исонинг тахти қаршисида турадиганлар; ва 3) Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви давомида Яҳова тўғрисида билимга эга бўладиган миллионлаб одамлар *. Аммо кейинчалик Яҳова уларга бу масалани аниқроқ тушунишга ёрдам берди. (Ҳик. 4:18)

ҲАҚИҚАТ НУРИ ЯНАДА ЁРҚИН ПОРЛАДИ

Ер юзида яшашга умид қиладиган жуда кўп одам 1935 йили анжуманда сувга чўмди (9- хатбошига қаранг.)

9. а) Қайси маънода улкан оломон «тахт ва Қўзининг қаршисида» тура олади? б) Нега Ваҳий 7:9 борасидаги тушунчамиз ўзгаргани мантиқан тўғри?

9 Яҳованинг Шоҳидлари Юҳанно ваҳийда кўрган улкан оломон кимни англатишини 1935 йили аниқ тушунди. Улар улкан оломон том маънода осмонга кўтарилмаслигини ҳамда «тахт ва Қўзининг қаршисида» турмаслигини англашди. Улкан оломон буни рамзий маънода қилади. Улар ҳатто ер юзида яшаса-да, Яҳованинг бошқарувини тан олиб ва Унинг ҳукмдорлигига итоат этиб, «тахт... қаршисида» тура олишади. (Ишаё 66:1) Исонинг тўлов қурбонлигига ишониб, «Қўзининг қаршисида» тура олишади. Шу сингари, Матто 25:31, 32 да Исо улуғвор тахтига ўтирганда, «барча халқлар», жумладан, ёвузлар унинг «олдида... тўпланиши» ҳақида айтилган. Шуниси аниқки, барча халқлар осмонда эмас, ер юзида бўлади. 1935 йили ўзгарган бу тушунчамиз мантиқан тўғридир. Бу туфайли нима учун улкан оломон осмонга кўтарилиши ҳақида Муқаддас Китобда ҳеч нима ёзилмаганини тушунса бўлади. Ҳа, фақат биттагина гуруҳга, яъни Исо билан «ер юзи устидан шоҳлик қиладиган» 144 000 мойланганларга осмонда абадулабад яшаш ваъда қилинган. (Ваҳ. 5:10)

10. Нима учун улкан оломон Минг йиллик бошқарув бошланишидан олдин Яҳова ҳақида билим олиши керак?

10 Яҳованинг Шоҳидлари 1935 йилдан бошлаб, Юҳанно ваҳийда кўрган улкан оломон ер юзида абадий яшаш умидига эга садоқатли масиҳийлардан иборат бўлган гуруҳни англатишига ишонади. Буюк мусибатда омон қолиш учун улкан оломон Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви бошланишидан олдин Яҳова тўғрисида билим олиши керак бўлади. Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви бошланишидан аввал «юз берадиган бу воқеалардан омон қолиш» учун улар кучли имонни намоён этиши керак. (Луқо 21:34–36)

11. Нега баъзи Тадқиқотчилар Минг йиллик бошқарувдан сўнг айримлар самога кўтарилади деб ўйлаган бўлиши мумкин?

11 Минг йиллик бошқарувдан сўнг намунали бўлганларнинг баъзилари самога кўтарилиши борасидаги фикр ҳақида нима деса бўлади? «Қўриқчи минораси»нинг 1913 йил 15 февраль сонида мазкур тахмин келтирилган эди. Кимлардир шундай фикрга бориши мумкин эди: «Нима сабабдан Худонинг қадимги садоқатли хизматчилари шунчаки ер юзида яшайди-ю, буткул садоқатли бўла олмаган масиҳийлар эса, самовий мукофотга эришади?» Албатта улар 1) улкан оломон осмонга кўтарилади ва 2) улкан оломон Худога буткул садоқатли бўла олмаган масиҳийлардан иборат деган нотўғри фикрлар таъсирида бундай хулосага келгандир.

12–13. Ҳам мойланганлар, ҳам улкан оломон мукофотлари борасида нимани тушунишади?

12 Билиб олганимиздай, 1935 йилдан бери Яҳованинг Шоҳидлари шуни аниқ тушундики, Юҳанно ваҳийда кўрган улкан оломон Армагеддонда омон қолганларни билдиради. Улар ер юзидаги «буюк мусибатдан чиқиб келади» ва «баланд овозда шундай дея хитоб қилишади: “Нажотимиз учун тахтда ўтирган Худойимиздан ҳамда Қўзидан қарздормиз”». (Ваҳ. 7:10, 14) Шунингдек, Муқаддас Ёзувларга кўра, самовий ҳаёт учун тирилганлар қадимги садоқатли хизматчилардан «яхшироқ нарсага» умид қилади. (Иброн. 11:40) Шу йўсин, имондошларимиз одамларни Яҳовага хизмат қилишга ва ер юзида абадий яшашга ғайрат ила таклиф қила бошлади.

13 Улкан оломон умиди ила қувонади. Улар Яҳова садоқатли хизматчиларидан кимлар осмондаю, кимлар ер юзида хизмат қилишини Ўзи танлашини тушунишади. Ҳам мойланганлар, ҳам улкан оломон уларнинг мукофоти фақатгина Яҳова Исо Масиҳнинг тўлови орқали намоён этган меҳр-иноят эканини тушунишади. (Рим. 3:24)

УЛАРНИНГ СОНИ САНОҚСИЗ

14. Нима учун 1935 йилдан сўнг кўплар улкан оломон ҳақидаги башорат қандай амалга ошар экан, деб қизиққан?

14 Тушунчамиз 1935 йили ўзгаргач, ер юзида яшашга умид қиладиганларнинг сони қай йўсин ошар экан, деб кўплар қизиқарди. Масалан, улкан оломон борасидаги тушунчамиз ойдинлашганида биродар Рональд Паркин 12 ёшда эди. У шундай эслайди: «Ўша пайт дунё бўйлаб, тахминан 56 000 та ваъзгўй бор эди ва, эҳтимол, уларнинг аксарияти мойланган эди. Шу сабабли, улкан оломоннинг сони катта эмасдай туюларди».

15. Қай йўсин улкан оломоннинг сони ўсишда давом этмоқда?

15 Кейинги ўн йиллар давомида кўп юртларга тўла вақтли махсус ваъзгўйлар юборилди ва Яҳова Шоҳидларининг сони ўсишда давом этди. Сўнг 1968 йили «Абадий ҳаётга етаклайдиган ҳақиқат» номли китоб ёрдамида Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш дастури бошланди. Ўша китобда Каломдаги кўпгина ҳақиқатлар осонгина тушунтирилгани боис, у ҳар қачонгига қараганда анчагина камтарин кишиларни Яҳовага жалб қилди. Тўрт йил ичида беш юз мингдан ошиқ янги шогирд сувга чўмди. Лотин Америкасида ва бошқа мамлакатларда Католик черковининг кучи сусайишни бошлаганида, Африканинг баъзи жойларида ҳамда Шарқий Европада фаолиятимизга тегишли тақиқлар олиб ташланганида, миллионлаб одамлар сувга чўмди. (Ишаё 60:22) Сўнгги йилларда Яҳованинг ташкилоти одамларга Муқаддас Китобдаги таълимотларни тушунишга ёрдам бериш мақсадида, бир қанча самарали адабиётларни тақдим этди. Шубҳасизки, сони саккиз миллиондан ошган улкан оломон йиғилмоқда.

ДУНЁНИНГ ЧЕККАЛАРИДАН ЙИҒИЛАЁТГАН УЛКАН ОЛОМОН

16. Улкан оломон кимлардан ташкил топади?

16 Юҳанно кўрган ваҳийсини қаламга олар экан, улкан оломон «ҳар бир миллатдан, қабиладан, халқдан ва тилдан» бўлганини айтиб ўтган. Бундан олдин эса, Закариё пайғамбар қуйидагича башорат қилган эди: «Ўша кунларда барча халқлардан бўлган, турли тилларда гапирадиган ўн киши бир яҳудийнинг кийимидан ушлаб олади. Ҳа, маҳкам ушлаб олиб: “Биз сиз билан борамиз, чунки Худо сизлар билан эканини эшитдик”,— дейишади». (Закр. 8:23)

17. Турли халқдан бўлган ва турли тилларда гапирадиган одамларга ёрдам бериш учун нималар қилинмоқда?

17 Яҳованинг Шоҳидлари шуни тушунадики, турли тилларда гапирадиган одамлар йиғилиши учун хушхабар кўп тилларда ваъз қилиниши керак. 130 йилдан зиёд вақт давомида Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни таржима қилиб келяпмиз ва ҳозирда фаолиятимизни юзлаб тилларда ваъз қилиб инсоният тарихидаги энг улкан таржима ишини олиб боряпмиз. Дарҳақиқат, Яҳова турли халқлардан бўлган одамларни йиғиб, замонавий мўъжиза кўрсатмоқда. Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётлар жуда ҳам кўп тилларда чиқаётгани сабабли, дунёнинг турли чеккаларида бўлсак ҳам якдилликда топиняпмиз. Шунингдек, Яҳованинг Шоҳидлари ғайрат ила ваъз қилиши ва биродарларча севгиси билан танилган. Бу имонни мустаҳкамлайди, шундай эмасми?! (Мат. 24:14; Юҳан. 13:35)

БУ ВАҲИЙНИНГ БИЗГА ҚАНДАЙ АҲАМИЯТИ БОР?

18. а) Ишаё 46:10, 11 га кўра, Яҳова улкан оломон борасидаги башоратни амалга оширганидан нега ҳайрон қолмаймиз? б) Нима учун ер юзида яшашга умид қиладиганлар ўзларини бирон нимадан маҳрум бўлгандай ҳис этмайди?

18 Улкан оломон ҳақидаги башоратдан суюнишимиз учун сабабларимиз бисёрдир! Яҳова бу башоратни мўъжизавий тарзда амалга ошираётганидан ҳайрон қолмаймиз. (Ишаё 46:10, 11 ни ўқинг.) Улкан оломон аъзолари Яҳова уларга берган умид учун миннатдор. Улар самода Исо билан бошқариш учун муқаддас руҳ билан мойланмаганидан ўзларини нимадандир маҳрум бўлгандай ҳис этмайди. Чунки Худонинг Каломида муқаддас руҳ таъсирида бўлган, аммо 144 000 мойланганлар қаторига кирмаган садоқатли эркагу аёллар тўғрисида ўқиймиз. Улардан бири сувга чўмдириб юрган Яҳёдир. (Мат. 11:11) Яна бошқа бир мисол — Довуд. (Ҳавор. 2:34) Улар ва сон-саноқсиз одамлар ер юзидаги жаннатда яшаш учун тирилтирилади. Улар улкан оломон билан биргаликда Яҳовага ҳамда Унинг ҳукмдорлигига бўлган садоқатини кўрсатиш имконига эга бўлишади.

19. Юҳанно улкан оломон ҳақида кўрган ваҳийнинг маъносини тушунсак, қандай йўл тутамиз?

19 Инсоният тарихида Худо турли миллатдан бўлган миллионлаб инсонларни олдин ҳеч ҳам бирлаштирмаган эди. Осмонда яшашга умид қиламизми ёки ер юзидами, иложи борича кўпроқ одамга «бошқа қўйлар»дан бўлган улкан оломоннинг бир қисми бўлишига ёрдам беришимиз керак. (Юҳан. 10:16) Тез орада Яҳова башорат қилган буюк мусибат бўлади ва одамлар азоб чекишига сабаб бўлаётган бошқарувчилару динлар йўқ қилинади. Дарҳақиқат, улкан оломон аъзолари ер юзида Яҳовага абадий хизмат қилиш каби ажойиб шарафга эга! (Ваҳ. 7:14)

139- ҚЎШИҚ Янги дунёга сайр этайлик

^ абз. 5 Ушбу мақолада Юҳанно «улкан оломон»нинг йиғилиши ҳақида кўрган башоратли ваҳийни муҳокама қиламиз. Шубҳасизки, бу туфайли ажойиб умидга эга бўлган улкан оломон аъзоларининг имони мустаҳкамланади.

^ абз. 8 «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» китобининг (рус) 159–163- саҳифаларига қаранг.