Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

21- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова сизга куч беради

Яҳова сизга куч беради

Заиф бўлганимда, кучлиман. 2 КОР. 12:10

73- ҚЎШИҚ Бизга жасорат бер

БУ МАҚОЛАДА *

1, 2. Кўпгина Шоҳидлар қандай қийинчиликларга дуч келмоқда?

ҲАВОРИЙ ПАВЛУС Тимўтийни ва барча масиҳийларни хизматини тўла адо этишга ундаган. (2 Тим. 4:5) Барчамиз Павлуснинг маслаҳатига жиддий ёндашамиз. Гоҳида қийинчиликларга дуч келиб турамиз. Кўп биродару опа-сингилларимиз ваъзгўйликда қатнашишга қўрқади. (2 Тим. 4:2) Масалан, фаолиятимиз чекланган ёки ҳатто тақиқланган мамлакатларда яшовчи имондошларимиз ҳақида бир ўйлаб кўринг. Улар эркинлигини хавф остига қўйиб ваъз қиляпти.

2 Худонинг хизматчилари уларни тушкунликка тушириши мумкин бўлган турли қийинчиликлар билан курашишларига тўғри келяпти. Мисол учун, кўплар оиласининг асосий эҳтиёжларини қондириш учун кун бўйи ишлашга мажбур. Улар кўпроқ хизмат қилишни хоҳлайди, бироқ ҳафтанинг охирига бориб чарчаб қолади. Бошқалар эса жиддий касаллиги ёки ёши ўтгани туфайли хизматда кам иштирок этади ё ҳатто баъзилар уйидан чиқа олмаслиги мумкин. Яна айримлар эса доим ўзини арзимас ҳис қилади. Яқин Шарқда яшовчи Мария * исмли имондошимиз шундай деди: «Салбий туйғулар билан курашиш мени ҳиссан роса чарчатади. Шунда ўзимни айбдор ҳис қиламан, сабаби бу хизматга кетадиган вақтиму кучимни олади».

3. Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

3 Шароитларимизга қарамай, Яҳова қийинчиликларимизни енгишга керакли куч бериши мумкин. Шунда қўлимиздан келганча хизмат қила оламиз. Яҳова бизга қай йўсин ёрдам бериши мумкинлигини кўриб чиқишдан олдин, келинг, Павлус ҳамда Тимўтийнинг қийинчиликларига қарамай хизматини адо эта олишлари учун Худо уларга қандай ёрдам берганига диққат қаратайлик.

ВАЪЗГЎЙЛИК ИШИНИ АДО ЭТИШИМИЗ УЧУН КЕРАКЛИ КУЧ

4. Павлус қандай қийинчиликларга дуч келган?

4 Павлус кўп қийинчиликларга дуч келган. У айниқса саваланганида, тошбўрон қилинганида ва қамоққа ташланганида Яҳова унга куч беришига муҳтож бўлган. (2 Кор. 11:23–25) Павлус гоҳида салбий ҳис-туйғулар билан курашаётганини очиқ айтган. (Рим. 7:18, 19, 24) Қолаверса, у баданини «гўё тикандек азоблайдиган бир дард» билан курашган ва Худо уни бу дарддан халос этишини қаттиқ истаган. (2 Кор. 12:7, 8)

Павлус нима ёрдамида ваъз қилишда давом эта олган? (5- , 6- хатбошиларига қаранг.) *

5. Павлус қийинчиликларига қарамай, нималарни қила олган?

5 Павлус барча қийинчиликларига қарамай, хизматини давом эттира олиши учун Яҳова унга куч берган. Павлус нималар қилганига эътибор беринг. Масалан, у Римда уй қамоғида бўлганида яҳудий дин раҳбарларига ва, эҳтимол, мансабдор кишиларга ғайрат ила ваъз қилган. (Ҳавор. 28:17; Филип. 4:21, 22) Шунингдек, у императорнинг кўпгина соқчиларига ваъз қилган ва уни кўришга келганларнинг ҳаммасига шоҳидлик берган. (Ҳавор. 28:30, 31; Филип. 1:13) Ўша пайтнинг ўзида Павлус илоҳий илҳом остида мактублар ёзган. Улар бугунги кунда ҳам Худонинг ҳақиқий хизматчиларига фойда келтирмоқда. Павлуснинг мисоли Римдаги жамоатни мустаҳкамлаган ва биродарлар «Худонинг сўзини янада жасорат билан, қўрқмасдан гапиришларига» кўмаклашган. (Филип. 1:14) Баъзида Павлуснинг имкониятлари чегараланган бўлса-да, у ўз вазиятида қўлидан келганини қилган ва бу «аслида хушхабарнинг ёйилишига сабаб бўлган». (Филип. 1:12)

6. Нима туфайли Павлус хизматини адо эта олган? (2 Коринфликларга 12:9, 10)

6 Павлус хизматдаги барча ишларни ўзининг эмас, балки Худонинг кучи билан уддалаганини тушунган. У заиф бўлганида Худонинг қудрати унда «камол топишини» тан олган. (2 Коринфликларга 12:9, 10 ни ўқинг.) Павлус таъқибларга, қамоқда бўлганига ва бошқа қийинчиликларига қарамай, хизматини тўла адо эта олиши учун Яҳова муқаддас руҳи орқали уни кучли қилган.

Тимўтий нима ёрдамида ваъз қилишда давом эта олган? (7- хатбошига қаранг.) *

7. Тимўтий хизмати пайтида қандай қийинчиликларга дуч келган?

7 Павлуснинг ёш ҳамкори Тимўтий ҳам хизматини адо этиш учун Худонинг қудратига таяниши керак эди. У Павлус билан ваъзгўйлик сафарларида ҳамкорлик қилган. Қолаверса, Павлус уни жамоатларга ташриф буюриши ва далда бериши учун қўшимча сафарларга юборган. (1 Кор. 4:17) Балки Тимўтий бунга мос келмайман, деб ўйлагандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Павлус унга: «Ҳеч ким сени ёш деб камситмасин»,— деб айтган. (1 Тим. 4:12) Шунингдек, бу вақт давомида Тимўтийда баданини гўё тикандай азоблайдиган — «тез-тез юз берадиган касалликлари» бўлган. (1 Тим. 5:23) Лекин Тимўтий хушхабарни айтиши ва биродарларига хизмат қилиши учун Яҳова у муҳтож бўлган муқаддас руҳни беришини билган. (2 Тим. 1:7)

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ҚАРАМАЙ, САДОҚАТНИ САҚЛАШДА КЕРАКЛИ КУЧ

8. Яҳова хизматчиларини қай йўсин мустаҳкамламоқда?

8 Бугунги кунда Яҳова топинувчилари садоқат ила хизмат қилишда давом этиши учун уларга «инсонларникидан устун турган куч»ни беради. (2 Кор. 4:7) Келинг, Яҳова бизни мустаҳкамлаш ва Унга садоқат ила хизмат қилишимизга ёрдам бериш учун тақдим этаётган тўртта ҳадя, яъни ибодат, Муқаддас Китоб, биродару опа-сингилларимиз ва хизмат ҳақида гап юритайлик.

Яҳова ибодат орқали бизни мустаҳкамлайди. (9- хатбошига қаранг.)

9. Ибодат бизга қандай ёрдам бериши мумкин?

9 Ибодат орқали кучга тўласиз. Эфесликларга 6:18 да Павлус «ҳар фурсатда» Худога ибодат қилишга ундамоқда. Яҳова бизга куч ато этиш орқали ибодатларимизга жавоб беради. Боливияда яшовчи Жони бир нечта муаммони бошдан кечирганида, Яҳова унга қандай ёрдам берганини ҳис қилган. Бир вақтнинг ўзида унинг рафиқаси ва ота-онаси жиддий касалликка йўлиққан. Жони учовининг ҳам эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишга қийналган. Онаси ҳаётдан кўз юмди, рафиқаси ва отаси тузалиб кетиши учун эса кўп вақт керак бўлди. Ортга назар ташлаб Жони шундай деди: «Кучли босим остида бўлганимда, аниқ нарсалар ҳақида ибодат қилиш менга доим ёрдам берган». Яҳова Жонига сабр-бардош қилиши учун муҳтож бўлган кучни ато этган. Боливиядаги Рональд исмли оқсоқол эса онаси саратон касаллигига чалинганидан хабар топди. Орадан бир ой ўтиб, онаси вафот этди. Хўш, курашишга унга нима ёрдам берди? У шундай деди: «Яҳовага ибодат қилганимда, Унга ичимдаги ҳаммасини айтиб бераман. У мени ҳаммадан ҳам, ҳатто ўзимдан ҳам яхшироқ билади». Баъзида муаммоларга бошқа чидай олмайман, деб ўйлашимиз ва нима ҳақида ибодат қилишни билмаслигимиз мумкин. Ҳатто нималарни ҳис қилаётганимизни тушунтиришга қийналаётган бўлсак ҳам, Яҳова бизни Унга ибодат қилишга ундаяпти. (Рим. 8:26, 27)

Яҳова Муқаддас Китоб орқали бизни мустаҳкамлайди. (10- хатбошига қаранг.)

10. Ибронийларга 4:12 га биноан, нега Муқаддас Китобни ўқиш ва устида мулоҳаза юритиш муҳим?

10 Муқаддас Китоб орқали кучга тўласиз. Павлус куч ва тасалли олиш учун Муқаддас Ёзувларни ўқигани каби, биз ҳам шундай йўл тутсак бўлади. (Рим. 15:4) Худонинг Каломини ўқиганимизда ва билиб олганларимиз устида фикр юритганимизда, Худо муқаддас руҳидан фойдаланиб, Каломи бизга қандай ёрдам бера олиши мумкинлигини тушунишимизга кўмаклашади. (Ибронийларга 4:12 ни ўқинг.) Юқорида тилга олинган Рональд шундай деди: «Ҳар оқшом Муқаддас Китобдан бир парча ўқишни одат тусига киритганимдан хурсандман. Яҳованинг фазилатлари ва У хизматчиларига севги ила муомала қилиши тўғрисида кўп мулоҳаза юритаман. Бунинг ёрдамида янги кучга тўламан».

11. Қандай қилиб қайғурган бева Муқаддас Китоб ёрдамида мустаҳкамланди?

11 Худонинг Каломи устида мулоҳаза юритиб, вазиятимизга нисбатан тўғри нуқтаи назарни ривожлантира оламиз. Келинг, Муқаддас Китоб қайғурган бева аёлга қандай ёрдам берганини билиб олайлик. Оқсоқол унга тавсия бериб, Аюб китобини ўқишни ва ундан фойда олиши мумкинлигини айтди. Опамиз шундай йўл тутди, сўнг аввалига Аюбни нотўғри фикрлаш тарзи учун танқид қилди. Хаёлида «Аюб, нуқул ўз муаммоларингни ўйлайверасанми?» деган фикр пайдо бўлди. Бироқ кейин унинг нуқтаи назари ҳам Аюбникига ўхшаш эканини тушунди. Бу туфайли у нуқтаи назарини ўзгартира олди ва турмуш ўртоғини йўқотгани туфайли ҳис қилаётган оғриқ билан курашиш учун кучга тўлди.

Яҳова имондошлар билан мулоқот қилиш орқали бизни мустаҳкамлайди. (12- хатбошига қаранг.)

12. Қай йўсин Яҳова имондошлар орқали бизни мустаҳкамлайди?

12 Имондошлар ёрдамида кучга тўласиз. Яҳова бизни имондошлар орқали мустаҳкамлайди. Павлус биродару опа-сингиллари билан ўзаро «далда олишни» интиқиб кутаётганини ёзган. (Рим. 1:11, 12) Юқорида тилга олинган Мария биродару опа-сингилларини жуда яхши кўради. У қуйидагича деди: «Яҳова қийинчиликларимдан бехабар бўлган имондошларимдан фойдаланади. Улар далдали сўзлар ёки откритка юборарди ва бу айнан мен муҳтож бўлган нарса бўларди. Бу, шунингдек, меникига ўхшаш муаммолари бор бўлган опа-сингиллар билан очиқ мулоқот қилишга ва улардан ёрдам олишга кўмаклашди. Оқсоқоллар ҳам жамоатнинг қадрли аъзоси эканимни ҳис қилишимга доим ёрдам беради».

13. Жамоат учрашувларида қай йўсин бир-биримизни мустаҳкамлай оламиз?

13 Далда беришимиз мумкин бўлган энг зўр пайт жамоат учрашувларидир. Йиғилишга борганингизда бошқаларни яхши кўришингизни ва қилаётган меҳнати учун миннатдор эканингизни айтиб, уларни мустаҳкамлашингиз мумкин. Мисол учун, бир сафар Питер исмли оқсоқол турмуш ўртоғи имондошимиз бўлмаган опамизга қуйидагича деди: «Бу ерда сизни кўриш қанчалар далдали эканини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Олтита фарзандингиз доим тайёр ва шарҳлар беради». Опамизнинг кўзлари қувонч ёшларига тўлиб, шундай жавоб берди: «Бугун буни эшитишга қанчалик муҳтож бўлганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз».

Яҳова хизмат орқали бизни мустаҳкамлайди. (14- хатбошига қаранг.)

14. Хизматда қатнашиш бизга қандай таъсир қилади?

14 Хизмат орқали кучга тўлинг. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни бошқалар билан бўлишганимизда хоҳ улар буни эшитсин, хоҳ йўқ, биз қайта кучга тўлиб далда оламиз. (Ҳик. 11:25) Стейси исмли опамиз хизмат қанчалик кучга тўлдириши мумкинлигини ўзида ҳис этди. Оила аъзоси жамоатдан четлатилганда у роса сиқилган ва унга қандай ёрдам беришим мумкин эди, деб ўйларди. Бу муаммо Стейсининг хаёлидан ҳеч кетмасди. Бу қийин вазият билан курашишда унга нима ёрдам берди? Хизмат. Ваъзгўйликда қатнашар экан, у ҳудудидаги ёрдамга муҳтож бўлган одамларга диққат қаратишни бошлади. У шундай деди: «Ўша вақт давомида Яҳова менга Муқаддас Китоб тадқиқини топишимга ёрдам берди ва ўша киши маънан тез ўсди. Бундан роса далда олдим, айнан хизмат туфайли мустаҳкам қола олдим».

15. Мариянинг сўзларидан қандай сабоқ олдингиз?

15 Баъзилар шароитлари туфайли хизматда кўп қатнаша олмаяпман, деб ўйлайди. Сиз ҳам шундай ўйлаётган бўлсангиз, Яҳовага қўлингиздан келганини қилганингизда, У сиздан мамнун бўлишини ёдда тутинг. Юқорида тилга олинган Мариянинг мисолига эътибор қаратайлик. У ўзга тилда гапирадиган ҳудудга кўчганида ўзини яроқсиз ҳис қилган. У шундай деди: «Қайсидир пайт мобайнида мен оддий шарҳ берардим ёки Муқаддас Китобдан оят ўқирдим. Хизматда эса буклама бериб кетардим, холос». У ўзини ўша тилда яхши гапирадиганлар билан солиштиргани туфайли салбий туйғуларга берилган. Бироқ Мария фикрлаш тарзини ўзгартирди. Қобилиятлари чегараланганига қарамай, Яҳова ундан фойдаланиши мумкинлигини тушуна бошлади. У: «Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар жуда оддий ва одамларнинг ҳаётини ўзгартириши мумкин»,— деди.

16. Уйидан чиқа олмайдиганларга кучга тўлишга нима ёрдам бериши мумкин?

16 Яҳова ҳатто уйдан чиқа олмасак ҳам ваъз қилиш истагимизни кўради ва уни қадрлайди. У бизга ғамхўрлик қилиш учун келадиганлар ёки шифокор ва ҳамшираларга шоҳидлик бериш учун имкониятлар очиб бериши мумкин. Агар ҳозирги шароитимизни ўтмишдагиси билан солиштирсак, руҳимиз тушиши ҳеч гап эмас. Бироқ Яҳова ҳозир қай йўсин ёрдам бераётганини тушунсак, ҳар қандай қийинчиликни қувонч ила енгишимиз учун керак бўладиган кучга эга бўламиз.

17. Воиз 11:6 га кўра, натижаси шу заҳоти кўринмаса ҳам нима учун хизматимизни давом эттиришимиз керак?

17 Биз эккан ҳақиқат уруғларидан қай бири илдиз отиб, ўсиб чиқишини билмаймиз. (Воиз 11:6 ни ўқинг.) Мисол учун, ёши 80 дан ошган Барбара имли опамиз телефон ва хат орқали мунтазам шоҳидлик беради. У мактубларидан бирига «Аллоҳ сиз учун нима қилди?» номли мақола келтирилган «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил 1 март сонини қўшиб қўйди. Опамиз бу хатни ўзи билмаган ҳолда олдин жамоатдан четлатилган бир жуфтликка юборибди. Улар бу журнални қайта-қайта ўқиб чиқибди. Эрига Яҳова унга тўғридан-тўғри гапираётгандек туюлди. Бу жуфтлик яна йиғилишларга қатнайдиган бўлди ва кейинчалик, яъни 27 йилдан кўпроқ вақт ўтгач, улар яна Яҳованинг Шоҳидлари бўлди. Битта хат яхши натижа келтирганини кўриш Барбара опамизга қандай далда берганини ва уни мустаҳкамлаганини тасаввур қилиб кўринг.

Яҳова 1) ибодат, 2) Муқаддас Китоб, 3) имондошлар билан мулоқот қилиш ва 4) хизмат орқали бизни мустаҳкамлайди (9- , 10- , 12- , 14- хатбошиларига қаранг.)

18. Худонинг қудратидан фойда олиш учун нима қилишимиз мумкин?

18 Яҳова Унинг чексиз кучига эга бўлишимиз учун кўпгина имкониятлар яратиб беряпти. У ҳадялари, яъни ибодат, Муқаддас Китоб, имондошлар ва хизмат орқали бизни мустаҳкамлаяпти. Улар орқали кучга тўлиб, Яҳова бизга ёрдам бера олиши учун Унда куч ва истак борлигига ишонаётганимизни кўрсатамиз. Келинг, доимо самовий Отамизга таянайлик, зеро У «Унга чин дилдан садоқатли бўлганларга қудратини намоён этишни» яхши кўради. (2 Сол. 16:9)

61- ҚЎШИҚ Шоҳидлар, жасур бўлинг!

^ абз. 5 Биз қийин пайтларда яшаяпмиз. Бироқ Яҳова сабр-бардош қилишимиз учун бизга керакли ёрдамни тақдим этмоқда. Ушбу мақолада ҳаворий Павлус ва Тимўтий муаммоларига қарамай, хизматини давом эттириши учун Яҳова уларга қандай ёрдам берганини кўриб чиқамиз. Бу мақолада Яҳова сабр-бардошли бўлишимизга кўмаклашиш учун тақдим этаётган тўртта ҳадя ҳақида гап боради.

^ абз. 2 Исм ўзгартирилган.

^ абз. 53 РАСМГА ШАРҲ. Римда уй қамоғида Павлус бир нечта жамоатга мактублар ёзяпти ва уни кўришга келганларга хушхабарни ваъз қиляпти.

^ абз. 55 РАСМГА ШАРҲ. Тимўтий жамоатларга ташриф буюриб, биродарларга далда беряпти.