Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

18- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Сиз Исо туфайли қоқинасизми?

Сиз Исо туфайли қоқинасизми?

Мен туфайли қоқинмаган киши бахтлидир. МАТ. 11:6, изоҳ

54- ҚЎШИҚ «Мана йўл»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Бошқаларга хушхабарни илк бор айтганингизда, эҳтимол, нимадан ҳайрон қолгансиз?

ҲАҚИҚАТНИ топганингизни тушунган пайтингиз эсингиздами? Муқаддас Китобдан ўрганаётганларингиз содда ва аниқ-равшан эканини тушунгансиз. Сиз ишонган нарсаларни ҳар бир киши қабул қилишни истайди, деб ўйлагансиз. Муқаддас Китобдаги хушхабар ҳозирнинг ўзида уларга мазмунли ҳаёт кечиришга ва келажакка нисбатан ажойиб умидга эга бўлишга ёрдам беришига амин эдингиз. (Заб. 119:105) Шу боис, дўстларингизу қариндошларингизга ўзингиз билиб олган ҳақиқатларни катта иштиёқ билан айтиб бергансиз. Хўш, кейин нима бўлди? Кўплар айтганларингизни рад этганидан ҳайрон қолдингиз.

2, 3. Исонинг пайтида кўплар у ҳақида қандай фикрда эди?

2 Бошқалар хушхабарни рад этганидан ҳеч биримиз ҳайрон қолмаслигимиз керак. Исо Худонинг кўмагига эга эканини исботловчи мўъжизалар яратган бўлса-да, кўплар уни рад этган. Масалан, у Лазарни тирилтирган. Исога қарши чиққанлар бу мўъжизани инкор эта олмасди. Лекин яҳудий дин раҳбарлари айнан Исо Масиҳ эканига ишонмаган. Улар ҳатто Исони ва Лазарни ўлдирмоқчи бўлган. (Юҳан. 11:47, 48, 53; 12:9–11)

3 Исо кўп одамлар у Масиҳ эканини тан олмаслигини билган. (Юҳан. 5:39–44) У одамларни сувга чўмдириб юрган Яҳёнинг бир гуруҳ шогирдларига шундай деган: «Мен туфайли қоқинмаган киши бахтлидир». (Мат. 11:2, 3, 6, изоҳ) Нега шунча кўп одам Исони рад этган?

4. Бу мақолада нималарни билиб оламиз?

4 Бу ва кейинги мақолада нега биринчи асрдаги кўплар Исога ишонмаганининг бир нечта сабабини кўриб чиқамиз. Шунингдек, нима учун бугунги кунда кўпчилик қоқиниб қолаётганининг сабабларини билиб оламиз. Энг муҳими эса қоқинмаслик учун нега Исога ишонишимиз мумкинлигига эътибор қаратамиз.

(1) ИСОНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ

Кўплар Исонинг келиб чиқиши туфайли қоқинган. Қай йўсин ҳозир ҳам булар туфайли баъзилар қоқиниши мумкин? (5- хатбошига қаранг.) *

5. Нега баъзилар Исо башорат қилинган Масиҳ эканига ишонмаган?

5 Кўпларни Исонинг келиб чиқиши қоқинтирган. Улар Исо ажойиб устоз эканини ва мўъжизалар яратганини тан олган. Бироқ Исо уларнинг назарида оддий дурадгорнинг ўғли эди. Қолаверса, у носиралик эди. Одамлар бу шаҳарни унча муҳим аҳамиятга эга эмас, деб ҳисоблаган бўлиши мумкин. Ҳатто кейинчалик Исонинг шогирди бўлган Натанаил бошида: «Носирадан ўзи бирон яхшилик чиққанми?» — деб айтган. (Юҳан. 1:46) Эҳтимол, Натанаил Исо яшаган шаҳарни ёқтирмаган ёки у Масиҳ Носирада эмас, балки Байтлаҳмда туғилиши тўғрисидаги Михо 5:2 даги башоратни назарда тутган.

6. Одамларга айнан Исо Масиҳ эканига ишонишга нима ёрдам бериши керак эди?

6 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Ишаё пайғамбар Исонинг душманлари Масиҳнинг «келиб чиқиши» тўғрисида нотўғри хулосага келишини башорат қилган. (Ишаё 53:8) Шу каби кўп тафсилотлар каромат қилинган эди. Ўша одамлар барча далилларни кўриб чиқиш учун вақт ажратганида, Исо Байтлаҳмда туғилганини ва шоҳ Довуднинг авлоди эканини билиб олган бўларди. (Луқо 2:4–7) Шундай қилиб, Исо Михо 5:2 да башорат қилинган жойда туғилган. Унда муаммо нимада эди? Одамлар тезда хулоса чиқарган. Улар барча маълумотга эга бўлмаган. Бу туфайли улар қоқиниб қолган.

7. Нима учун кўплар Яҳованинг Шоҳидларини рад этяпти?

7 Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Яҳованинг аксарият хизматчилари бадавлат ёки мансабдор одамлар эмас. Шу боис, кўпларнинг фикрича улар «ўқимаган ва оддий одамлар». (Ҳавор. 4:13) Баъзиларнинг ўйлашича, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китоб асосида таълим бера олмайди. Чунки улар бирон диний ўқув юртини битирмаган. Бошқалар эса Яҳованинг Шоҳидларини «америкалик мазҳаб» дейди. Лекин ҳақиқат шуки, дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг тахминан 14 фоизигина Қўшма Штатларда яшайди. Айримлар Яҳованинг Шоҳидлари Исони қабул қилмайди, деб таъкидлайди. Йиллар мобайнида одамлар уларни «коммунистлар», «америкалик жосуслар» ва «экстремистлар» деб атаб келяпти. Хуллас, кўплар Яҳованинг Шоҳиди бўлишни истамаяпти, чунки улар бундай гап-сўзларни эшитади ва далилларни қабул қилишни истамайди.

8. Ҳаворийлар 17:11 га кўра, агар кимдир Худонинг ҳақиқий хизматчилари ким эканини аниқламоқчи бўлса, нима қилиши керак?

8 Қоқинмасликка нима ёрдам бериши мумкин? Далилларни текшириш керак. Инжил ёзувчиси Луқо айнан шундай йўл тутишга қарор қилган. У «бир бошдан ҳаммасини текшириш» учун жон куйдирган. Луқо у ёзган китобни ўқийдиганлар Исо ҳақида билиб олганларига «бутунлай ишонч ҳосил қилишларини» истаган. (Луқо 1:1–4) Қадимги Вериядаги яҳудийлар ҳам Луқо каби йўл тутган. Улар Исо ҳақида илк бор эшитганида, билиб олаётганларига ишонч ҳосил қилиш ниятида ўша хабарни Ибронийча ёзувларда ёзилганлар билан солиштириб кўрган. (Ҳаворийлар 17:11 ни ўқинг.) Шу сингари, бугунги кунда ҳам одамлар маълумотларни текшириши керак. Қолаверса, Худонинг хизматчилари бераётган таълимни Муқаддас Китобда ёзилганлар билан солиштириши даркор. Бундан ташқари, улар бизнинг замонамизда Яҳованинг халқи нималар қилиб келаётгани борасида тадқиқ ўтказиши керак. Агар улар маълумотни яхшилаб текширса, нотўғри фикрлар ёки миш-мишларга кўр-кўрона ишониб кетмайди.

(2) ИСО ЛОЛ ҚОЛДИРИШ НИЯТИДА АЛОМАТЛАР КЎРСАТИШДАН БОШ ТОРТГАН

Кўплар лол қолдириш ниятида аломатлар кўрсатмагани туфайли қоқинган. Қай йўсин ҳозир ҳам булар туфайли баъзилар қоқиниши мумкин? (9- , 10- хатбошиларига қаранг.) *

9. Исо осмондан бирор аломат кўрсатишни рад этганида нима бўлди?

9 Исонинг даврида баъзилар унинг ажойиб таълимотлари билан қониқмаган. Улар бундан ҳам кўпроғини истаган ва у Масиҳ эканини исботлаши учун «осмондан бирор аломат кўрсатишини» талаб қилган. (Мат. 16:1) Эҳтимол, улар Дониёр 7:13, 14 даги сўзларни нотўғри тушунгани учун шундай йўл тутгандир. Аммо ўшанда Яҳованинг мазкур башорати амалга ошадиган пайт ҳали келмаган эди. Исонинг таълимотлари улар у Масиҳ эканига ишониши учун етарли эди. Исо улар сўраган аломатни кўрсатишдан бош тортганида улар қоқинди. (Мат. 16:4)

10. Қай йўсин Исо Ишаёнинг Масиҳ тўғрисидаги башоратини амалга оширган?

10 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Ишаё пайғамбар Масиҳ ҳақида шундай деб ёзган: «У бақирмайди, қаттиқ гапирмайди, кўчада овози эшитилмайди». (Ишаё 42:1, 2) Исо бошқаларнинг эътиборини ўзига жалб қилиб хизмат қилмаган. Лол қолдирадиган маъбадлар қурдирмаган. Уни ажратиб турадиган диний либослар киймаган ва баландпарвоз диний унвонлар билан мурожаат қилишларини талаб этмаган. Исо сўроқ қилинаётганда, ҳатто ҳаёти хавф остида бўлса-да, мўъжиза кўрсатиш орқали Ҳироднинг кўнглини олишга интилмаган. (Луқо 23:8–11) Исо баъзи мўъжизаларни қилган, лекин энг асосий диққати хушхабарни ваъз қилишда бўлган. У шогирдларига: «Шунинг учун келганман-ку»,— деб айтган. (Марк 1:38)

11. Баъзилар қандай нотўғри тасаввурларга эга?

11 Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Бугунги кунда кўплар ҳашаматли санъат асарлари билан безатилган диний бинолар, баландпарвоз унвонлар билан аталадиган дин раҳбарлари ва келиб чиқиши ёки мазмуни номаълум бўлган маросимлардан ҳайратланади. Лекин бу диний йиғинларга тўпланган одамлар Худо ва Унинг ниятлари тўғрисида нимани билиб олади? Йиғилишларимизга келадиганлар Яҳова биздан нима талаб қилиши ва қай йўсин Унинг иродасига мувофиқ йўл тутиш мумкинлиги тўғрисида ўрганади. Йиғилиш залларимиз ҳашамат билан безатилмаган, аммо улар тоза ва қулай. Бошчиликни зиммасига олганлар бошқалардан ажралиб туриш учун ўзгача кийинмайди ва баландпарвоз унвонлар билан аталмайди. Таълимотларимизу эътиқодимиз Худонинг Каломига асосланган. Шундай бўлса-да, кўплар қоқиниб қоляпти. Негаки, уларнинг ўйлашича, топиниш тарзимиз жуда ҳам оддий. Ўргатаётганларимиз улар эшитишни хоҳлаган нарсалар эмас.

12. Ибронийларга 11:1, 6 да айтилганидай, имонимизни нима асосида ривожлантиришимиз даркор?

12 Қоқинмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? Ҳаворий Павлус Римда яшовчи масиҳийларга шундай ёзган: «Каломни эшитгач имон пайдо бўлади. Каломни эса биров Масиҳ ҳақида гапирганда эшитишади». (Рим. 10:17) Шундай экан, кўзга қанчалик ёқимли бўлмасин Муқаддас Китобга зид диний маросимларда қатнашиб эмас, балки Муқаддас Ёзувларни тадқиқ қилиб имонимизни мустаҳкамлаймиз. Аниқ билим асосида кучли имонни ривожлантиришимиз даркор. Сабаби «имон бўлмаса Аллоҳнинг розилигини олиш имконсиздир». (Ибронийларга 11:1, 6 ни ўқинг.) Шу боис, ҳақиқатни топганимизга ишонч ҳосил қилиш учун осмондан ўзгача аломат кўришни кутмаймиз. Муқаддас Китобга асосланган ҳамда имонни мустаҳкамлайдиган таълимотларни синчковлик ила тадқиқ қилишнинг ўзи ишонч ҳосил қилишимиз ва шубҳалардан холи бўлишимиз учун етарли.

(3) ИСО ЯҲУДИЙЛАРНИНГ КЎП УРФ-ОДАТЛАРИГА ҚЎШИЛМАГАН

Кўплар баъзи урф-одатларни рад этгани туфайли қоқинган. Қай йўсин ҳозир ҳам булар туфайли баъзилар қоқиниши мумкин? (13- хатбошига қаранг.) *

13. Кўплар нима сабабли Исони қоралаган?

13 Яҳёнинг шогирдлари Исонинг шогирдлари рўза тутмаганидан ҳайрон қолган. Исо у ҳали ҳаёт экан, шогирдлари рўза тутишига асос йўқлигини тушунтирган. (Мат. 9:14–17) Шунга қарамай, Исо яҳудийларнинг урф-одатию расм-русумларига қўшилмагани туфайли фарзийлар ва унга қарши чиққан бошқалар уни қоралаган. Исо Шаббат кунида касалларга шифо берганини кўриб уларнинг жаҳли чиққан. (Марк 3:1–6; Юҳан. 9:16) Бир томондан улар Шаббатга амал қиляпмиз, деб ғурурланган. Бошқа томондан эса маъбадда олди-сотди ишлари билан шуғулланишни нотўғри, деб билмаган. Бундай ишлари учун Исо уларни қоралаганида улар ғазабланган. (Мат. 21:12, 13, 15) Исо Носирадаги ибодатхонада ваъз қилганида, у ердагиларнинг худбинлигию имонсизлигини яққол ошкор этган тарихий мисоллар келтирган ва бу уларнинг аччиғини чиқарган. (Луқо 4:16, 25–30) Кўплар Исо улар кутган нарсаларини қилмагани учун қоқинган. (Мат. 11:16–19)

14. Нега Исо Муқаддас Китобга зид бўлган инсоний урф-одатларни қоралаган?

14 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Яҳова Ишаё пайғамбар орқали шундай деган: «Бу халқ Менга тилдагина яқинлашади, тилдагина Мени ҳурмат қилади, қалби эса Мендан йироқдир. Инсоний амрларни ўрганиб, буни Мендан қўрқиш деб ҳисоблайди». (Ишаё 29:13) Исонинг Муқаддас Ёзувларда нотўғри деб айтилган урф-одатларни қоралашга ҳаққи бор эди. Инсоний қонун-қоида ва урф-одатларни Муқаддас Ёзувлардан устун қўйган кишилар Яҳовани ва у юборган Исо Масиҳни рад этган бўлади.

15. Нима учун кўплар Яҳованинг Шоҳидларини ёқтирмайди?

15 Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Кўплар Яҳованинг Шоҳидлари туғилган кун ва Янги йил каби Муқаддас Китобга зид бўлган тадбирларни нишонлашда уларга қўшилмагани учун хафа бўлади. Бошқалар эса Яҳованинг Шоҳидлари миллий байрамларни нишонламагани ёки дафн маросими билан боғлиқ урф-одатларда қатнашмагани учун ғазабланади. Бу туфайли қоқинганлар Худога маъқул тарзда топинаётганига чин дилдан ишониши мумкин. Лекин улар бу дунёдаги урф-одатларни Муқаддас Китобдаги аниқ таълимотлардан устун қўйса, Худони мамнун қила олмайди. (Марк 7:7–9)

16. Қандай йўл тутишимиз керак ва нимадан қочишимиз лозим? (Забур 119:97, 113, 163–165)

16 Қоқинмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? Яҳованинг қонунларию принципларига нисбатан чуқур севгини ривожлантиришимиз керак. (Забур 119:97, 113, 163–165 ни ўқинг.) Яҳовани яхши кўрсак, Унга ёқмайдиган ҳар қандай урф-одатни рад этамиз. Ҳеч нарса Яҳовага бўлган севгимиздан устун бўлишига йўл қўймаймиз.

(4) ИСО СИЁСАТГА АРАЛАШМАГАН

Кўплар сиёсатга аралашмагани туфайли қоқинган. Қай йўсин ҳозир ҳам булар туфайли баъзилар қоқиниши мумкин? (17- хатбошига қаранг.) *

17. Исонинг даврида кўплар Масиҳ нима қилишини кутган?

17 Баъзилар Исонинг даврида сиёсий ўзгаришлар тезда рўй беришини истаган. Улар жабр-зулм ўтказган Рим ҳукуматининг бошқарувидан Масиҳ уларни озод қилишини кутган. Аммо улар Исони шоҳ қилмоқчи бўлганда у бундан бош тортган. (Юҳан. 6:14, 15) Бошқалар, жумладан, руҳонийлар ҳам Исо ҳукуматни ўзгартиради, деб ҳайиққан. Қолаверса, Рим ҳукумати улардан жаҳли чиқиши ва уларга берган ваколатни олиб қўйишидан қўрққан. Бу каби сиёсий масалаларга оид ташвишлар туфайли кўп яҳудийлар Исони рад этган.

18. Кўплар Масиҳ ҳақидаги Муқаддас Китобда тилга олинган қайси башоратларни назарига илмаган?

18 Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Гарчи кўплаб башоратларда Масиҳ охири ғалаба қозонадиган Жангчи сифатида айтилган бўлса-да, яна бошқа башоратлар шуни кўрсатяптики, у аввал гуноҳларимиз учун ўлиши керак эди. (Ишаё 53:9, 12) Хўш, нега улар Масиҳ борасида нотўғри тасаввурларга эга бўлган? Исонинг давридаги кўп яҳудийлар уларнинг муаммоларига ўша пайтда чек қўйилиши ваъда қилинмаган башоратларни назарига илмаган. (Юҳан. 6:26, 27)

19. Кўплар қандай тасаввурлар туфайли қоқиняпти?

19 Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Бугунги кунда сиёсий масалаларга келганда, бетарафликни сақлаганимиз туфайли кўплар қоқинади. Улар сайловларда овоз беришимизни кутади. Лекин шуни тушунамизки, Яҳованинг нуқтаи назари билан қараганда, устимиздан бошқариш учун одамни танласак, Уни рад этган бўламиз. (1 Шоҳ. 8:4–7) Одамларнинг фикрича, мактаблар ва шифохоналар қуришимиз ҳамда турли хайрия ишларини қилишимиз керак. Улар бор кучимизни дунёнинг бирламчи муаммоларини ҳал қилишга эмас, аксинча, ваъзгўйлик ишига сарфлаётганимизни кўриб қоқиняпти.

20. Матто 7:21–23 даги Исонинг сўзларига биноан, асосий диққатимизни нимага қаратишимиз лозим?

20 Қоқинмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? (Матто 7:21–23 ни ўқинг.) Асосий диққатимизни Исо бизга топширган ишни бажаришга қаратишимиз лозим. (Мат. 28:19, 20) Бу дунёдаги сиёсий ва ижтимоий масалалар диққатимизни чалғитишига асло йўл қўймаслигимиз даркор. Одамларни севамиз ва уларнинг муаммоларига бефарқ эмасмиз. Аммо шуни биламизки, яқинларимизга ёрдам беришнинг энг яхши йўли уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида таълим бериш ва Яҳова билан дўст бўлишга кўмаклашишдир.

21. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши керак?

21 Бу мақолада биринчи асрда кўплар Исони рад этганининг тўртта сабабини кўриб чиқдик. Қолаверса, ўша сабаблар туфайли ҳозир айримлар Исонинг издошларини рад этиши мумкинлигини муҳокама қилдик. Хўш, фақат бу нарсалардан қочишимиз керакми? Йўқ. Навбатдаги мақолада қоқинтирадиган яна тўртта нарсага диққат қаратамиз. Келинг, қоқинмаслик ва имонни мустаҳкам сақлаш қароримиз қатъий бўлсин!

56- ҚЎШИҚ Ҳақиқат йўли ҳаёт йўлинг бўлсин

^ абз. 5 Исо Масиҳ ер юзида яшаган энг Улуғ устоз бўлган бўлса-да, унинг давридаги аксарият одамлар у туфайли қоқинган. Нима учун? Мазкур мақолада бунинг тўртта сабабини кўриб чиқамиз. Қолаверса, бугунги кунда нега кўплар Исонинг ҳақиқий издошлари айтган ва қилган ишларидан қоқинишини билиб оламиз. Энг асосийси, Исога эргашишда давом этиш учун нега унга қаттиқ ишонишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. Филип Натанаилни Исонинг олдига боришга ундаяпти.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Исо хушхабарни ваъз қиляпти.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Исо қўли қуриб қолган кишини ҳамманинг кўз ўнгида даволаяпти.

^ абз. 66 РАСМГА ШАРҲ. Исо ёлғиз ўзи тоққа чиқяпти.