Яҳовани сабр ила кутар эканмиз, бахтиёр бўлайлик!
ЯҲОВА бутун ёвузликка чек қўйиб, барча нарсани янги қилиб яратадиган вақтни кутяпсизми? (Ваҳ. 21:1–5) Албатта, ҳа! Лекин Яҳовани сабр ила кутиш, айниқса, қийинчиликларга дуч келганимизда доим ҳам осон эмас. Ушалмаган умид юрагимизни эзиши мумкин. (Ҳик. 13:12)
Шундай бўлса ҳам, Яҳова биз У тайинлаган пайтда ҳаракатга тушишини сабр ила кутишимизни хоҳлайди. Нега? Уни кутаётиб, бахтиёр бўлишимизга нима ёрдам бериши мумкин?
НЕГА ЯҲОВА КУТИШИМИЗНИ ИСТАЯПТИ?
Худонинг Каломида шундай ёзилган: «Яҳова сизларга илтифот кўрсатишни сабр ила кутмоқда, сизларга марҳамат қилиш учун У қўзғалади. Яҳова адолатли Аллоҳдир, Уни орзиқиб кутаётганларнинг бари бахтлидир». (Ишаё 30:18) Бу сўзлар авваламбор қайсар яҳудийларга йўналтирилган эди. (Ишаё 30:1) Аммо ўша яҳудийлар орасидаги айримлар содиқ бўлишган. Ишаёнинг ушбу сўзлари бугунги садоқатли хизматчиларга ҳам тегишли.
Яҳова сабр ила кутаётгани учун биз ҳам сабр билан кутишимиз керак. Худо бу ёвуз дунёга чек қўядиган вақтни белгилаган ва ўша кун ҳамда соат келишини кутяпти. (Мат. 24:36) Ўшанда Иблиснинг Яҳовага ҳамда Унинг хизматчиларига қарши бўҳтонлари ғирт ёлғон бўлгани бутунлайин исботланади. Сўнг У Шайтонни ва унинг барча тарафдорларини йўқ қилади. Бизга эса Аллоҳ «марҳамат қил»ади.
Ҳозир Яҳова қийинчиликларимизни бартараф қилмаслиги мумкин. Бироқ У бизни шунга ишонтиряптики, кутишда давом этаётиб бахтиёр бўлишимиз мумкин. Ишаё пайғамбарнинг сўзларига биноан, интиқиб кутаётганимизда ёки яхши бир нарса юз беришига умид боғлаётганимизда бахтли бўлишимиз мумкин. (Ишаё 30:18) Қай йўсин бахтли бўла оламиз? Тўртта қадам бизга кўмаклашиши мумкин.
КУТАЁТИБ ҚАЙ ЙЎСИН БАХТЛИ БЎЛИШ МУМКИН?
Ижобий нарсаларга диққат қаратинг. Шоҳ Довуд ҳаёти давомида кўп ёвузликларнинг гувоҳи бўлган. (Заб. 37:35) Аммо у шундай ёзган: «Яҳованинг ҳузурида сукут сақла, интизорлик билан Уни кут. Ўз режаларини амалга ошириб, муваффақиятга эришаётган одамларни кўрганда, ранжима». (Заб. 37:7) Довуднинг ўзи ҳам халос бўлишга умид боғлаш орқали бу маслаҳатга риоя қилган. У ҳам Яҳовадан олган ҳар бир баракасини кўздан қочирмаган. (Заб. 40:5) Биз ҳам вазиятимизнинг ижобий томонларига аҳамият бериб, атрофимиздаги салбий нарсаларга диққат қаратмасак, Яҳовани кутиш осонроқ бўлади.
Яҳовани мадҳ этиш билан банд бўлинг. Забурнинг 71-саносини ёзган киши, ҳойнаҳой, Довуд Яҳовага: «Мен эса доим Сени кутаман, ҳамду саноларимни ошираман»,— деб айтган. (Заб. 71:14) Қизиқ, у буни қандай қилган? У бошқаларга Худо ҳақида айтиб, Унга мадҳлар келтирган. (Заб. 71:16, 23) Довуд каби Яҳовани кутаётиб бахтиёр бўлишимиз мумкин. Хизматимиз, кундалик суҳбатларимиз ва ҳамду сано қўшиқларини куйлаш орқали Унга шараф келтирамиз. Кейинги сафар ҳамду сано қўшиқларини куйлаганда, уларнинг мазмунига кўпроқ диққат қарата оласизми?
Имондошлар билан вақт ўтказиб, далда олинг. Довуд муаммога йўлиққанда, Яҳовага: «Сенга садоқатли бўлган кишилар ҳузурида исмингга умид боғлайман»,— деб айтган. (Заб. 52:9) Биз ҳам нафақат йиғилишда ва хизматда, балки ўтиришларда ҳам садоқатли имондошлар билан вақт ўтказганда далда олсак бўлади. (Рим. 1:11, 12)
Умидингиз мустаҳкам бўлсин. Забур 62:5 да: «Мен бўлсам, сабр қилиб Худони кутаман. Чунки ёлғиз Унга умид боғлайман»,— деб ёзилган. Айниқса, бу дунёга биз хоҳлагандай тез чек қўйилмаётган бўлса, умидимиз мустаҳкам бўлиши ўта зарур. Яҳованинг ваъдалари амалга ошишини қанчалик кўп кутаётганимиздан қатъи назар, улар рўёбга чиқишига юз фоиз ишонишимиз керак. Каломни — башоратларни, унинг уйғунлигини ва Яҳова Ўзи ҳақида аён қилаётган тафсилотларни тадқиқ қилиш орқали умидимизни янада мустаҳкам қилишимиз мумкин. (Заб. 1:2, 3) Шунингдек, абадий ҳаёт ҳақидаги ваъда амалга ошишини кутаётиб, Яҳова билан яхши муносабатларни сақлаш учун «муқаддас руҳ таъсири остида» ибодат қилишда давом этишимиз керак. (Яҳд. 20, 21)
Шоҳ Довудга ўхшаб, Яҳованинг нигоҳи Уни кутаётганларга қаратилганига ва У уларга меҳр-садоқат кўрсатаётганига ишонинг. (Заб. 33:18, 22) Ижобий нарсаларга диққат қаратиш, Яҳовани мадҳ этиш, имондошлар билан ўтказган вақтдан далда олиш ва улуғвор умидни тирик сақлаш орқали Уни сабр ила кутинг.