Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

8- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Ҳушёр ва сергак бўлинглар»

«Ҳушёр ва сергак бўлинглар»

Ҳушёр ва сергак бўлинглар. 1 БУТР. 5:8

144- ҚЎШИҚ Совринга қараб чопинг!

БУ МАҚОЛАДА a

1. Исо шогирдларига охират ҳақида нима деган ва уларни нимага ундаган?

 ИСОНИНГ ўлимидан бир неча кун олдин тўртта шогирди унга: «Замон охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» — деб савол берган. (Мат. 24:3) Ҳойнаҳой, улар Қуддус ва маъбад қачон вайрон бўлишини билмоқчи бўлгандир. Исо уларга жавобан нафақат Қуддус ва маъбаднинг вайрон бўлиши, балки айнан биз яшаётган «замоннинг охири» ҳақида айтган. Исо: «У кун ва у соат ҳақида осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди. Фақатгина самовий Отам билади»,— деган. Сўнг барча шогирдларини «ҳушёр туришга» ундаган. (Марк 13:32–37)

2. Нима учун биринчи асрдаги масиҳийлар ҳушёр туриши керак эди?

2 Биринчи асрда Яҳудияда яшаган масиҳийлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳушёр бўлиши керак эди. Исо издошларига Қуддус вайрон бўлиш вақти яқин эканини нимадан билишлари мумкинлигини айтган. У шундай деган: «Ҳарбийлар Қуддуснинг атрофида қароргоҳ қурганини кўрсангиз, билингларки, унинг вайрон бўлиши яқиндир». Ўшанда улар Исога қулоқ солиб, «тоғларга қочиши» керак эди. (Луқо 21:20, 21) Унинг сўзларига диққатли бўлганлар римликлар Қуддусни вайрон қилганида омон қолишган.

3. Ушбу мақолада нима ҳақида сўз юритамиз?

3 Биз ёвуз дунёнинг охирги кунларида яшаяпмиз. Шунинг учун, сергак ва ҳушёр туришимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Ушбу мақолада, дунёдаги ҳодисаларни кузатаётиб қай йўсин мувозанат сақлашимиз, ўзимизга диққат қилишимиз ҳамда вақтдан унумли фойдаланишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

ДУНЁДАГИ ВОҚЕАЛАРНИ КУЗАТАР ЭКАНСИЗ, МУВОЗАНАТ САҚЛАНГ

4. Нега башоратлар амалга ошаётгани билан қизиқишимиз керак?

4 Муқаддас Китобдаги башоратлар ҳозир қандай амалга ошаётганини кўриш биз учун қизиқарли. Масалан, Исо Шайтон дунёсининг охири яқин эканини кўрсатадиган бир нечта ҳодисаларни санаб ўтган. (Мат. 24:3–14) Ҳаворий Бутрус бизни башоратлар қандай амалга ошаётганига эътибор қаратишга ундаган. Чунки бу имонимизни мустаҳкамлайди. (2 Бутр. 1:19–21) Ваҳий 1:1 да қуйидагича ёзилган: «Яқинда юз берадиган воқеаларни Ўз қулларига ошкор этиш мақсадида, Аллоҳ бу ваҳийни Исо Масиҳга берди». Шунинг учун, башоратлар ҳозир қандай амалга ошаётгани бизда қизиқиш уйғотяпти ва ҳатто уларни бир-биримиз билан муҳокама қилаётгандирмиз.

Башоратларни муҳокама қилаётиб, нима қилишимиз ва қилмаслигимиз лозим? (5- хатбошига қаранг.) b

5. Нима қилишимиз ва қилмаслигимиз керак? (Расмларга ҳам қаранг.)

5 Башоратларни муҳокама қилар эканмиз, турли хил тахминлар қилишдан қочишимиз керак. Нега? Сабаби, жамоатнинг бирлигига нимадир салбий таъсир қилишини хоҳламаймиз. Мисол учун, дунё бошлиқлари муайян келишмовчиликни ҳал қилиб, тинчлик ва хавфсизлик ўрнатмоқчи эканини эшитиб қоламиз. Бундай пайтда 1 Салоникаликларга 5:3 даги башорат амалга ошаётгани ҳақида тахминлар қилишнинг ўрнига ташкилотимиз тақдим этаётган сўнгги маълумотдан хабардор бўлишимиз керак. Бунинг асосида суҳбат қурсак, жамоатдагиларга «бир фикр орқали» якдил бўлишга кўмаклашамиз. (1 Кор. 1:10; 4:6)

6. Ушбу оятлардан қандай сабоқ олсак бўлади? (2 Бутрус 3:11–13)

6 2 Бутрус 3:11–13 ни ўқинг. Ҳаворий Бутрус башоратларни қайси ниятда тадқиқ қилаётганимиз ҳақида ўйлаб кўришга чорлаяпти. У: «Яҳованинг куни келишини кутиб, уни эсингизда сақланглар»,— деб айтган. Нима учун? Ҳамма гап, Яҳова Армагеддонни қайси кун ва соатда бошлашини билишни хоҳлаётганимизда эмас, балки вақтимиздан унумли фойдаланиб, «муқаддас феъл-атворли ҳамда художўй бўлишни» истаганимиздадир. (Мат. 24:36; Луқо 12:40) Бошқача айтганда, биз тўғри йўл тутишни ва Яҳова учун қилаётган барча ишларимиз Унга бўлган севгига асосланишини хоҳлаймиз. Бунинг учун ўзимизга диққат қилишимиз даркор.

ЎЗИМИЗГА ДИҚҚАТ ҚИЛИШ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

7. Ўзимизга диққат қилаётганимизни қандай кўрсата оламиз? (Луқо 21:34)

7 Исо шогирдларини нафақат дунёдаги ҳодисаларга, балки ўзига ҳам диққат қилишга ундаган. Буни Луқо 21:34 дан (ўқинг) билиб оляпмиз. У: «Ўзингизга диққат қилинглар»,— деб айтган. Бундай йўл тутадиган инсон Яҳова билан муносабатларига ёмон таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай хавфдан огоҳ бўлади ва қочади. Шу йўсин, у ўзини Худонинг меҳр-муҳаббатида сақлайди. (Ҳик. 22:3; Яҳд. 20, 21)

8. Ҳаворий Павлус масиҳийларни нима қилишга чорлаган?

8 Ҳаворий Павлус масиҳийларни ўзларига диққатли бўлишга ундаган. Мисол учун, у Эфесдаги масиҳийларга қуйидагича ёзган: «Қандай йўл тутаётганингизга ўта диққатли бўлиб, нодонлар каби эмас, донолар каби йўл тутинглар». (Эфес. 5:15, 16) Яҳова билан бўлган муносабатларимиз доим Шайтоннинг нишонида. Агар Муқаддас Китобда айтилганидай, «Яҳованинг иродаси қандай эканини англаб олсак», унинг ҳужумларига қарши тура оламиз. (Эфес. 5:17)

9. Қай йўсин Яҳованинг бизга нисбатан иродасини аниқлай оламиз?

9 Муқаддас Китобда Яҳова билан дўстлигимизга рахна соладиган ҳар бир хавф-хатар ҳақида айтилмаган. Кўпинча Каломда аниқ йўл-йўриқлар берилмаган масалалар бўйича қарор чиқаришимизга тўғри келади. Доно қарор чиқариш учун Яҳованинг иродасини англашимиз лозим. Буни Каломни мунтазам равишда тадқиқ қилиш ва мулоҳаза юритиш орқали қила оламиз. «Яҳованинг иродасини» кўпроқ тушуниш ва «Масиҳ каби фикр юритиш», ҳатто муайян қоидалар бўлмаган вазиятларда ҳам «донолар каби йўл тутишимизга» ёрдам беради. (1 Кор. 2:14–16) Айрим ҳолларда хавф-хатарларни аниқлаш осон бўлади, баъзида эса йўқ.

10. Нималардан қочишимиз зарур?

10 Масалан, ноз-карашма, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, очофатлик, бошқаларни ранжитадиган гапларни айтиш, зўравон ўйин-кулги турлари, порнография ва ҳоказолардан қочишимиз керак. (Заб. 101:3) Душманимиз Иблис Яҳова билан муносабатларимизга зарар келтириш илинжида. (1 Бутр. 5:8) Агар ҳушёр бўлмасак, у онгимизу қалбимизга ҳасад, очкўзлик, такаббурлик, қаллоблик, нафрат ва гина-кудурат уруғларини экиши ҳеч гап эмас. (Галат. 5:19–21) Аввалига бундай камчиликлар зарарсиздай туюлар. Бироқ шу заҳоти томири билан суғуриб ташламасак, улар ёввойи ўт каби ўсиб кетиши ва муаммо туғдириши мумкин. (Ёқб. 1:14, 15)

11. Қайси яширин хавфдан қочишимиз муҳим ва нега?

11 Қочишимиз керак бўлган хавфлардан бири — хулқи ёмон одамлар билан дўстлашиш. Қуйидаги вазиятга эътибор беринг. Сиз имондошингиз бўлмаган инсон билан ишлайсиз. У Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида яхши фикрда бўлиши учун сиз меҳрибон ва доим ёрдамга тайёр бўласиз. Баъзида у билан тушлик қиласиз. Кейинчалик бу одатга айланади. Гоҳида ҳамкорингиз ахлоқсиз нарсалар ҳақида гапиради. Бошида сиз буни ёқтирмассиз, лекин вақт ўтиб, унинг гапларига ўрганиб қоласиз ва нима деяётганига эътибор бермай қўясиз. Бир куни у сизни ишдан кейин ичишга таклиф қилади ва сиз рози бўласиз. Охир-оқибат ҳамкорингиз каби фикр юрита бошлайсиз. Энди ўйлаб кўринг: худди у каби йўл тутишингизга кўп вақт керак бўладими? Албатта, барча инсонларга меҳрибон бўлиб, ҳурмат кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Лекин ким билан вақт ўтказаётганимиз бизга қаттиқ таъсир қилишини унутмаслигимиз лозим. (1 Кор. 15:33) Агар Исо Масиҳ айтганидай, ўзимизга диққат қилсак, Яҳованинг меъёрлари бўйича яшамайдиган инсонлар билан дўстлашишдан эҳтиёт бўламиз. (2 Кор. 6:15) Шунда хавфни кўриб, ундан қоча оламиз.

ВАҚТИНГИЗДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИНГ

12. Ҳозир Исонинг шогирдлари нима билан банд?

12 Исонинг шогирдлари замонанинг охири келишини кутаётиб қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Сабаби, Исо уларга муҳим вазифани топшириб, «Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар» хушбахарни эълон қилишни айтган. (Ҳавор. 1:6–8) Ҳа, улар қилиши керак бўлган иш ҳали жуда кўп! Исонинг издошлари ваъз қилиш учун қўлидан келганини қилиб, вақтдан унумли фойдаланишяпти.

13. Нега вақтимиздан унумли фойдаланиш керак? (Колосаликларга 4:5)

13 Колосаликларга 4:5 ни ўқинг. Ўзимизга диққат қилиш учун вақтимиздан қандай фойдаланаётганимиз борасида яхшилаб ўйлаб кўришимиз даркор. Ҳар биримиз «вақт ва тасодифга дуч келишимиз» мумкин. (Воиз 9:11) Кутилмаганда ҳаётимиздан айрилиб қолишимиз ҳеч гап эмас.

Қай йўсин вақтимиздан унумли фойдалана оламиз? (14-, 15- хатбошиларига қаранг.)

14, 15. Қай йўсин вақтимиздан самарали фойдалана оламиз? (Ибронийларга 6:11, 12) (Расмга ҳам қаранг.)

14 Яҳованинг иродасини бажариш ва У билан муносабатларимизни мустаҳкамлаш учун жон куйдириш арзийди. (Юҳан. 14:21) Биз: «Барқарор ва маҳкам туринглар. Доимо Раббимизнинг иши билан банд бўлинглар»,— деган сўзларга амал қилишимиз лозим. (1 Кор. 15:58) Шунда бу ёвуз дунёнинг охири келадими ёки ҳаётдан кўз юмамизми ҳеч нарсадан афсусланмаймиз. (Мат. 24:13; Рим. 14:8)

15 Бугунги кунда Исо шогирдлари Шоҳлик ҳақидаги хабарни бутун дунё бўйлаб ваъз қила олишлари учун йўл-йўриқлар беряпти. У ваъдасининг устидан чиқди. Яҳованинг ташкилоти орқали Исо бизни ваъз қилишга ўргатиб, бу иш олға сурилиши учун керакли барча нарсаларни тақдим этяпти. (Мат. 28:18–20) Ваъзгўйлик ва таълим бериш ишида ғайрат кўрсатиш ҳамда бу ёвуз дунёнинг охири келгунча ҳушёр туриш орқали миннатдорчилигимизни намоён этамиз. Шунингдек, Ибронийларга 6:11, 12 даги (ўқинг) маслаҳатга амал қилиб, умидимизни «охиригача» сақлай оламиз.

16. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим?

16 Тангри Яҳова Шайтоннинг ёвуз дунёсини йўқ қилиш кунини ва соатини аллақачон белгилаган. Ўша пайт келганида У Каломида ёзиб қолдирилган барча нарсаларни амалга оширади. Баъзида охират яқин орада келмаса керак, деб ўйлашимиз мумкин. Лекин унутманг, Яҳованинг куни «кечикмайди!» (Хаб. 2:3) Шунинг учун «Яҳовага кўз тикиб, Нажоткоримиз Худони сабр билан кутиш» қароримиз қатъий бўлсин. (Михо 7:7)

139- ҚЎШИҚ Янги дунёга сайр этайлик

a Дунёдаги ҳодисаларни кузатаётиб, қай йўсин мувозанатни сақлашимиз ва ҳушёр бўлишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, қандай қилиб ўзимизга диққат қилишимиз ҳамда вақтдан унумли фойдаланишимиз борасида сўз юритамиз.

b РАСМГА ШАРҲ. (Юқорида) Эр-хотин янгиликларни томоша қиляпти. Йиғилишдан кейин эса туйғуларга берилиб, бу борада шахсий нуқтаи назарини бошқаларга айтяпти. (Пастда) Бир жуфтлик Етакчи кенгаш аъзоси башоратнинг янгиланган тушунчасини тақдим этаётганини томоша қиляпти. Улар ишончли хизматкор томонидан тақдим этилаётган адабиётларимизни бошқаларга таклиф қиляпти.