Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бошқаларга хизмат қилишда Исога тақлид қилинг

Бошқаларга хизмат қилишда Исога тақлид қилинг

Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта. ҲАВОР. 20:35

17- ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Худонинг халқи нималар билан банд?

 БУНДАН анча олдин Муқаддас Китобда Яҳованинг халқи Исонинг бошчилиги остида Унга хизмат қилиш учун «ўзини тайёрлик ила тақдим этиши» ҳақида башорат қилинган. (Заб. 110:3) Бу ҳозир амалга ошаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Ҳар йили Худонинг ғайратли хизматчилари ваъзгўйлик ишига миллионлаб соат сарфлаяпти. Улар буни ихтиёрий тарзда, ўз ҳисобидан қиляпти. Шунингдек, улар имондошларига жисмоний, ҳиссий ва маънавий томонлама ёрдам беряпти. Тайинланган биродарлар эса йиғилишлардаги қисмларни ўтказиш мақсадида тайёргарлик кўриш ва далдали ташрифлар қилиш учун кўп вақт сарфлайди. Хўш, бу барча ишлар ортида нима турибди? Яҳова ҳамда яқинимизга бўлган севги. (Мат. 22:37–39)

2. Исо қандай ўрнак қолдирди? (Римликларга 15:1–3)

2 Исо бошқаларнинг манфаатларини ўзиникидан устун қўйишда аъло ўрнакдир. Барчамиз унинг изидан юришга жон куйдиряпмиз. (Римликларга 15:1–3 ни ўқинг.) Унга тақлид қиладиганлар қут-баракаларга эга бўлади. Исо: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деб айтган. (Ҳавор. 20:35)

3. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

3 Мазкур мақолада Исо бошқаларга хизмат қилиш учун қандай фидойиликлар қилганини ва унга қай йўсин тақлид қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Шунингдек, бошқаларга хизмат қилиш истагимизни кучайтиришга нима ёрдам бериши ҳақида сўз юритамиз.

ИСОДАН ЎРНАК ОЛИНГ

Исо чарчаганига қарамай, одамлар олдига келганида қандай йўл тутди? (4- хатбошига қаранг.)

4. Қандай қилиб Исо бошқаларнинг эҳтиёжларини ўзиникидан устун қўйган?

4 Исо ҳатто чарчаганида бошқаларга ёрдам берган. Тўда-тўда одамлар, эҳтимол, Кафарнаҳум яқинидаги тоғли ҳудудга — Исонинг олдига келганида, у нима қилгани ҳақида ўйлаб кўринг. Исо туни билан ибодат қилгач, жуда чарчаган бўлса керак. Лекин у ўша халойиқни кўриб орасидаги камбағалу касал одамларга ачинган. Шунда Исо нафақат уларга шифо берган, балки Тоғдаги ваъз деб аталадиган энг таниқли нутқини сўзлаган. (Луқо 6:12–20)

Қай йўсин Исонинг фидойилигига тақлид қила оламиз? (5- хатбошига қаранг.)

5. Оила бошлари чарчаганига қарамай, Исонинг ўрнагига қандай тақлид қиляпти?

5 Оила бошлари Исога қай йўсин тақлид қиляпти? Қуйидагини тасаввур қилиб кўринг: оила боши ишдан кеч чарчаб келди. Ўша оқшом уларда оилавий топиниш бор. Аввалига у оилавий топинишни кейинги сафарга қолдирмоқчи бўлади, лекин уни ўтказиш учун Яҳовадан куч сўраб илтижо қилади. Худо унинг ибодатига жавоб беради ва оилавий топиниш одатдагидек ўтказилади. Болалар бундан муҳим сабоқ олади: маънавий ишлар ота-онаси учун биринчи ўринда эканини билиб олади.

6. Исо бошқаларга ёрдам бериш учун вақтини ажратгани ҳақида мисол келтиринг.

6 Исо бошқалардан вақтини аямаган. У дўсти Яҳё пайғамбар қатл этилганини эшитганида ўзини қандай ҳис қилганини тасаввур қила оласизми? Исо ниҳоятда қайғу чеккан бўлса керак. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «[Яҳёнинг ўлими ҳақида] эшитгач, Исо ёлғиз қолиш учун қайиққа ўтириб у ердан хилват жойга сузиб кетди». (Мат. 14:10–13) У нега ёлғиз қолмоқчи бўлганини тушунса бўлади. Баъзилар қайғу чекканида ёлғиз ўзи қолишни истайди. Лекин Исода бундай қилишга имкон бўлмади. Чунки у хилват жойга боришидан аввал у ерга халойиқ йиғилиб келган эди. Қизиқ, Исо нима қилди? У халойиқнинг эҳтиёжлари ҳақида ўйлаб «уларга ачинди». Исо одамлар ёрдамга ва Худодан тасалли олишга муҳтож эканини тушунган. Шунинг учун, уларга дарров ёрдам берган. Дарҳақиқат, Исо уларга оз эмас, «кўп нарсаларни ўргатган». (Марк 6:31–34; Луқо 9:10, 11)

7, 8. Қай йўсин меҳрибон оқсоқоллар Исога тақлид қилиб, ёрдамга муҳтож бўлганларга кўмаклашяпти? Мисол келтиринг.

7 Қай йўсин оқсоқоллар Исога тақлид қилади? Оқсоқоллар манфаатимизни кўзлаб фидойиликлар қилади. Бу учун улардан жуда ҳам миннатдормиз. Аслида улар қилаётган меҳнатнинг анчагина қисмини кўрмаймиз. Масалан, шошилинч тиббий ёрдам керак бўлганида, касалхоналар билан алоқа қилиш қўмитасидаги биродарлар имондошларига ёрдам беришга ошиқади. Кўпинча бундай вазиятлар ярим тунда юз беради. Биродару опа-сингилларига раҳми келгани учун бу азиз оқсоқоллар ва уларнинг оила аъзолари имондошларининг манфаатини ўзиникидан устун қўяди.

8 Шунингдек, оқсоқоллар Йиғилиш залларининг қурилишида, ташкилотимизнинг бошқа қурилиш лойиҳаларида ҳамда табиий офатларда зарар кўрганларга кўмаклашиш ишида ўз ҳиссасини қўшяпти. Улар жамоатдагиларга таълим ва тасалли бериш учун кўп вақт ажратади. Бу биродарлар ва уларнинг оилалари мақтовга сазовордир. Илойим, Яҳова бундай масъулиятли биродарларни доим қўллаб-қувватласин! Албатта, улар ҳам бу борада бошқалар каби мувозанатли бўлишлари керак. Улар жамоат ишларига ҳаддан ортиқ кўп вақт сарфлаб, оиласининг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишни унутмаслиги даркор.

ҚАЙ ЙЎСИН ФИДОЙИЛИК РУҲИНИ РИВОЖЛАНТИРА ОЛАМИЗ?

9. Ҳамма масиҳийлар қандай нуқтаи назарга эга бўлиши керак? (Филиппиликларга 2:4, 5)

9 Филиппиликларга 2:4, 5 ни ўқинг. Нафақат оқсоқоллар, балки ҳаммамиз Исога ўхшаб бошқаларнинг эҳтиёжларини ўзимизникидан устун қўйишга ўргана оламиз. Муқаддас Китобда айтилганидай, Исо «қул қиёфасига кирди». (Филип. 2:7) Бундан нимани билиб олишимиз мумкинлигига эътибор қаратинг. Яхши қул ёки хизматкор хўжайинига маъқул келиш учун жон куйдиради. Яҳованинг қули бўлганимиз ҳамда биродару опа-сингилларимизга хизмат қилаётганимиз учун Яҳова биздан кўпроқ фойдаланяпти. Қолаверса, имондошларимизга ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Қуйида келтирилган тавсиялар бу борада бизга ёрдам бериши мумкин.

10. Ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?

10 Қандай нуқтаи назарда эканингизни текширинг. Ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўрсангиз бўлади: «Бошқаларга ёрдам бериш учун шахсий ишларимни четга суриб қўйишга тайёрманми? Кекса биродарни йўқлаб боришимни ёки опамизни йиғилишга олиб боришни сўрашса, қандай муносабат билдираман? Анжуман ўтадиган жойларни тозалаш ёки Йиғилиш залларини таъмирлашда эҳтиёж пайдо бўлса, тайёрлик ила ёрдам бераманми?» Яҳовага бағишланганимизда ўзимизда боридан фойдаланиб, Унга хизмат қилишга ваъда берганмиз. У вақтимиз, кучимиз ва маблағимиздан фойдаланиб бошқаларга ёрдам беришимизни истайди. Шу боис, чин кўнгилдан бундай қилганимизда, Яҳова қувонади. Борди-ю, қайсидир соҳада ўзгаришингиз кераклигини пайқаган бўлсангиз, нима қилсангиз бўлади?

11. Қай йўсин ибодат қилиш орқали фидойилик руҳини ривожлантира оласиз?

11 Яҳовага сидқидилдан ибодат қилинг. Айтайлик, қайсидир соҳада яхшиланишингиз кераклигини тушундингиз. Лекин бунинг учун сизда кучли истак йўқлигини пайқадингиз. Бундай вазиятда Яҳовага сидқидилдан ибодат қилинг. Ростгўй бўлиб Унга ичингиздагиларни айтинг. Сизда «истак уйғотиб, куч ато этишини» сўранг. (Филип. 2:13)

12. Ёш биродарлар жамоатдагиларга қандай ёрдам бера олади?

12 Агар сувга чўмган ёш биродар бўлсангиз, Яҳовадан жамоатингизда кўпроқ қилиш истагини уйғотишини сўранг. Баъзи мамлакатларда жамоат хизматкорларидан кўра оқсоқоллар кўпроқ ва жамоат хизматкорлари ўрта ёшда ёки ундан ҳам каттароқ. Ташкилотимиз сон жиҳатдан ўсиб борар экан, имондошларимизга ғамхўрлик қилиш учун ёш биродарлар керак бўлади. Кўмагингиз керак бўлган ҳар қандай соҳада ҳиссангизни қўшсангиз бахтиёр бўласиз. Нега? Чунки Яҳовани қувонтирасиз, яхши обрўга эга бўласиз ва бошқаларга ёрдам бераётганингиздан мамнуният ҳис қиласиз.

Масиҳийлар Иордан дарёси орқали Яҳудиядан Пелла шаҳрига қочган. Шаҳарга олдин етиб келган масиҳийлар у ерга энди борган имондошларига озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатяпти (13- хатбошига қаранг)

13, 14. Биродару опа-сингилларимизга ёрдам бериш учун қандай амалий қадамлар қўя оламиз? (Муқовадаги расмга қаранг.)

13 Бошқаларнинг эҳтиёжларига эътиборли бўлинг. Ҳаворий Павлус ибронийларга: «Яхшилик қилишни ва бор нарсангизни бошқалар билан бўлишишни унутманглар, чунки бундай қурбонликлар Тангрига маъқулдир»,— деб ёзган. (Иброн. 13:16) Бу амалий маслаҳат бўлган. Улар Павлуснинг мактубини олганидан кўп ўтмай Яҳудиядаги масиҳийлар уйини, ишини ва имондоши бўлмаган қариндошларини ташлаб «тоғларга қочишга» мажбур бўлган. (Мат. 24:16) Шубҳасизки, ўшанда улар бир-бирига ёрдам бериши муҳим эди. Улар Павлуснинг бошқалар билан бўлишиш ҳақидаги маслаҳатига олдин ҳам амал қилиб келган бўлса, буёғига ҳам янги ҳаёт тарзига мослашиш улар учун осонроқ бўларди.

14 Биродару опа-сингилларимизга нимадир керак бўлса, доим ҳам бу ҳақда бизга айтмаслиги мумкин. Дейлик, биродаримиз хотинининг вафотидан кейин қайғу чекяпти. У кимдир, масалан, овқат тайёрлашига, машинасида у бу жойга олиб боришига ёки уй ишларида кўмаклашишига муҳтожми? Биродаримиз имондошларимизга оғирлиги тушмаслиги учун бу ҳақда айтмас. Лекин биринчи қадамни қўйиб, унга ёрдамимизни таклиф қилсак, у бундан хурсанд бўлар. Унга бирон киши ёрдам беради ёки ёрдам керак бўлса бизга айтади, деб ўйламаслигимиз керак. Аксинча, ўзимизни унинг ўрнига қўйиб: «Бу пайтда менга қандай ёрдам керак бўларди?» — деб ўзимиздан сўрашимиз керак.

15. Бошқаларга ёрдам беришни хоҳласак, нима қилишимиз керак?

15 Бошқалар сиздан бемалол ёрдам сўрай олсин. Шубҳасизки, бошқаларга доим ёрдам беришга тайёр имондошларни биласиз. Улар доимо жон деб ёрдам беришга шай туради. Ёрдамга муҳтож бўлганимизда, уларга таянишимиз мумкинлигини биламиз. Ўзимиз ҳам улар каби йўл тутишни яхши кўрамиз. Масалан, 45 ёшдаги Алан исмли оқсоқол бошқалар ундан бемалол ёрдам сўрашини истайди. У Исонинг ўрнаги ҳақида қуйидагича бўлишди: «Исо банд эди, лекин ҳар қандай ёшдаги одамлар унга интиларди ва ундан бемалол ёрдам сўрарди. Одамлар Исо уларга ғамхўрлик қилишини сезарди. Мен ҳам Исонинг нуқтаи назарини акс эттиришни хоҳлайман. Бошқалар менга бемалол мурожаат қилишини, улар билан дўст бўлишни ва уларга ғамхўрлик қилишни истайман».

16. Забур 119:59, 60 даги сўзларни амалда қўллаш Исонинг ўрнагига яхшироқ тақлид қилишимизга қандай ёрдам беради?

16 Исога мукаммал даражада тақлид қила олмасак, кўнглимиз тушмаслиги керак. (Ёқб. 3:2) Масалан, шогирд бирон ишни устози каби аъло даражада қила олмаслиги мумкин. Аммо у хатоларидан ўргангани ва устозининг ўрнагига қўлдан келганча яхшироқ эргашгани сайин яхшиланишда давом этади. Шу сингари, шахсий тадқиқларимизда билиб олганимизга амал қилсак ва камчиликларимиз устида ишлашга интилсак, Исонинг ўрнагига тақлид қилган бўламиз. (Забур 119:59, 60 ни ўқинг.)

ФИДОЙИЛИК РУҲИ ФОЙДАЛИДИР

Исонинг фидойилигига тақлид қилиб оқсоқоллар жамоатдаги ёш биродарларга ўрнак бўла олади (17- хатбошига қаранг.) *

17, 18. Исога эргашиб қандай фойда оламиз?

17 Фидойилик руҳи юқумли бўлиши мумкин. Тим исмли биродар қуйидагича бўлишди: «Ёш бўлса-да, баъзи биродарлар жамоат хизматкори бўлди. Бунинг сабабларидан бири улар фидойилик руҳини намоён этаётганларни кузатди ва уларга тақлид қилди. Жонкуярлик ила хизмат қилаётган бу биродарлар жамоатдаги имондошларга ва оқсоқолларга кўпроқ ёрдам бера оляпти».

18 Худбин одамларга тўла дунёда яшаяпмиз. Аммо Яҳованинг хизматчилари умуман бошқача. Сабаби Исонинг фидойи ўрнаги уларга таъсир қилади ва улар унга эргашишга интилади. Тўғри, биз Исонинг изидан мукаммал равишда юра олмаймиз. Лекин «изидан оғмай юришимиз» мумкин. (1 Бутр. 2:21) Исога тақлид қилиш учун чин дилдан интилсак, Яҳовани мамнун қиламиз. Бу эса бизга қувонч келтиради.

13- ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир

^ Исо доим бошқаларнинг эҳтиёжларини ўзиникидан устун қўйган. Бу мақолада қайси йўллар орқали унга эргашишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Қолаверса, унинг фидойи ўрнагига тақлид қилишга интилиш бизга қандай ёрдам беришига диққат қаратамиз.

^ РАСМЛАРГА ШАРҲ. Дэн исмли ёш биродар отасини кўришга келган иккита оқсоқолни кузатяпти. Оқсоқолларнинг меҳрибончилигидан у таъсирланди. Бу уни жамоатдагиларга ғамхўрлик қилишга ундади. Бэн исмли бошқа ёш биродар Дэннинг ғамхўрлигини кузатяпти. Унинг ўрнаги Бэнни Йиғилиш залини тозалашда ҳиссасини қўшишга ундади.