5- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Ҳар бир эркакнинг боши Масиҳ»
Ҳар бир эркакнинг боши Масиҳ. 1 КОР. 11:3
12- ҚЎШИҚ Буюк Аллоҳ Яҳова
БУ МАҚОЛАДА *
1. Эркак киши бошчиликни намоён этишига қайси омиллар таъсир қилиши мумкин?
«БОШЧИЛИК» сўзи сиз учун нимани англатади? Баъзи эркаклар урф-одат, маданият ёки оиласининг келиб чиқиши турмуш ўртоғию болаларига қилаётган муомаласига таъсир қилишига йўл қўяди. Европада яшайдиган Янита исмли имондошимиз шундай деди: «Ҳудудимизда аёлларни эркаклардан қуйи поғонада деб билиш ва уларга чўрилардай қараш кенг тарқалган». Қўшма Штатларда яшайдиган Люк исмли биродар эса қуйидагича деди: «Баъзи оталар ўғилларига аёлларга эътибор бермаслик ва уларни тингламаслик керак, уларнинг фикри муҳим эмас, деб ўргатади». Лекин Яҳова эркаклар бошчиликни бундай тарзда намоён этишини истамайди. (Марк 7:13 ни солиштиринг.) Хўш, унда қай йўсин эркак киши яхши оила боши бўла олади?
2. Оила боши нималарни билиши керак ва нега?
2 Эркак киши яхши оила боши бўлиш учун биринчи навбатда Яҳова ундан нимани талаб қилаётганини тушуниши керак. Шунингдек, у Яҳова нега бошчиликни ўрнатганини ва Унинг ҳамда Исонинг ўрнагига айнан қай йўсин тақлид қила олиши мумкинлигини билиши даркор. Нима учун эркак киши буларни билиши лозим? Чунки Яҳова оила бошиларига муайян даражада ҳокимият берган ва У улардан бу ҳокимиятдан тўғри фойдаланишларини кутади. (Луқо 12:48б)
БОШЧИЛИК ЎЗИ НИМА?
3. Коринфликларга биринчи мактуб 11:3 дан бошчилик ҳақида нимани билиб оляпмиз?
3 Коринфликларга биринчи мактуб 11:3 ни ўқинг. Бу оятда Яҳова осмону ердаги оиласини ташкиллаштиргани тушунтирилган. Бошчилик иккита муҳим омилни — ҳокимият ва жавобгарликни ўз ичига олади. Яҳова «бош», яъни У мутлақ ҳокимиятга эга ва Унинг барча фарзандлари — ҳам фаришталар, ҳам одамлар — Унга ҳисобот беради. (Рим. 14:10; Эфес. 3:14, 15) Яҳова Исони жамоатнинг боши этиб тайинлаган. Аммо Исо бизга қандай муомала қилаётгани борасида Яҳовага ҳисобот беради. (1 Кор. 15:27) Қолаверса, Яҳова эрга хотини ва болалари устидан ҳокимликни топширган. Лекин эр уларга қандай муносабат кўрсатаётгани борасида ҳам Яҳовага, ҳам Исога жавоб беради. (1 Бутр. 3:7)
4. Яҳова ҳамда Исода қандай ҳокимият бор?
4 Осмону ердаги оиласининг Боши сифатида Яҳова фарзандлари ўзларини қандай тутиши кераклиги борасида қоидалар ўрнатишга ҳақли ва уларга итоат қилишни талаб қила олади. (Ишаё 33:22) Исо масиҳий жамоатнинг боши экан, у ҳам қоидалар ўрнатишга ва уларга қулоқ солишни талаб қилишга ҳақли. (Галат. 6:2; Колос. 1:18–20)
5. Масиҳий оила бошининг нимага ҳаққи бор, лекин у қай йўсин чегараланган?
5 Яҳова ҳамда Исонинг ўрнагига тақлид қилган ҳолда масиҳий оила боши оиласи учун қоидалар ўрнатишга ҳақли. (Рим. 7:2; Эфес. 6:4) Аммо унинг ҳокимияти чегараланган. Масалан, у ўрнатган қоидалар Худонинг Каломидаги принципларга асосланиши лозим. (Ҳик. 3:5, 6) Бироқ оила боши унинг оила аъзоси бўлмаганлар учун қоидалар ўрнатишга ҳаққи йўқ. (Рим. 14:4) Бундан ташқари, ўғли ва қизи улғайиб, уйини тарк этса, уни ҳурмат қилишда давом этади, лекин улар энди унинг бошчилиги остида эмас. (Мат. 19:5)
НЕГА ЯҲОВА БОШЧИЛИКНИ ЎРНАТГАН?
6. Нега Яҳова бошчиликни ўрнатган?
6 Яҳова оиласини севгани учун бошчиликни ўрнатган. Бу Унинг ҳадясидир. Бошчилик туфайли Яҳованинг оиласи тинчлик ва тартиб ила фаолият юрита олади. (1 Кор. 14:33, 40) Бошчилик борасидаги вазифалар аниқ белгиланмаганида, Яҳованинг оиласида тартиб ва қувонч бўлмасди. Мисол учун, охирги қарорларни ким чиқариши ва уларни амалга оширишда ким етакчилик қилиши кераклигини билмаган бўлардик.
7. Эфесликларга 5:25, 28 га кўра, Яҳова эркаклар аёллар устидан устуворлик қилишини истаганми?
7 Бошчилик Худо ўрнатган ажойиб тартиб бўлса, нега кўпгина аёллар ўзларини эрлари уларга бешафқатларча муомала ва уларнинг устидан устуворлик қилаётгандай ҳис этяпти? Бунинг сабаби кўп эркаклар Яҳованинг оила борасидаги меъёрларини рад этиб, маҳаллий урф-одатларга амал қилишни афзал кўрганидадир. Шунингдек, улар айрим худбин истакларини қондириш учун хотинларини таҳқирлаши мумкин. Масалан, эр хотинидан муҳимроқ эканини ёки бошқаларга «ҳақиқий эркак» эканини кўрсатиш ниятида хотинининг устидан устуворлик қилади. У: «Хотинимни севишга мажбурлай олмасам-да, мендан қўрқишига мажбурлай оламан»,— деб ўйлаши мумкин. Эр бу қўрқувдан фойдаланиб, хотинини бошқариши ҳеч гап эмас *. Бундай фикрлаш тарзи ва муносабат аёлларни улар лойиқ бўлган эътибор ва ҳурматдан маҳрум қилиши аниқ. Қолаверса, бу Яҳованинг айтганларига умуман зид. (Эфесликларга 5:25, 28 ни ўқинг.)
ҚАЙ ЙЎСИН ЭРКАК КИШИ ЯХШИ ОИЛА БОШИ БЎЛИШНИ ЎРГАНА ОЛАДИ?
8. Қай йўсин эркак киши яхши оила боши бўлишни ўргана олади?
8 Эркак киши Яҳова ҳамда Исо бошчилигидан қай йўсин фойдаланаётганига тақлид қилиб яхши оила боши бўла олади. Яҳова ҳамда Исо намоён этган фазилатлардан
иккитасини кўриб чиқайлик. Оила боши хотини ва болалари билан муомала қилганида, бу фазилатларни қай йўсин намоён этиши мумкинлигига эътибор беринг.9. Қай йўсин Яҳова камтаринликни кўрсатади?
9 Камтаринлик. Яҳова борлиқдаги энг доно Шахс бўлса ҳам хизматчиларининг фикрларини тинглайди. (Ибт. 18:23, 24, 32) Шунингдек, У ҳокимияти остидагиларга ўз таклифларини билдиришга ижозат беради. (3 Шоҳ. 22:19–22) Яҳова мукаммал, лекин У ҳозир биздан мукаммалликни кутмайди. Аксинча, Худо номукаммал хизматчиларига муваффақиятли бўлишга ёрдам беради. (Заб. 113:6, 7) Дарҳақиқат, Муқаддас Китобда Яҳова «мададкор» ва «ёрдамчи» сифатида таърифланган. (Заб. 27:9; Иброн. 13:6) Шоҳ Довуд унга топширилган улкан ишни Яҳованинг камтарлиги туфайлигина бажара олганини тан олган. (2 Шоҳ. 22:36)
10. Қандай қилиб Исо камтарликни намоён этди?
10 Энди Исонинг мисолига диққат қаратайлик. У шогирдларининг Устози ва Ҳазрати бўлганига қарамай, уларнинг оёқларини ювган. Яҳова бу воқеа Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилганининг сабабларидан бири қандай? Шубҳасизки, У оила бошиларига ва бошқаларга тақлид қилиш учун яққол ўрнак кўрсатмоқчи бўлган. Исонинг ўзи ҳам: «Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея ўрнак кўрсатдим»,— деб айтган. (Юҳан. 13:12–17) Исо улкан ҳокимиятга эга бўлса-да, унга хизмат қилишларини кутмаган. Аксинча, унинг ўзи бошқаларга хизмат қилган. (Мат. 20:28)
11. Оила боши Яҳова ҳамда Исонинг ўрнагидан камтаринлик борасида қандай сабоқлар олиши мумкин?
11 Бундан қандай сабоқлар оляпмиз? Оила боши турли йўллар орқали камтарликни кўрсата олади. Мисол учун, у хотини ва болаларидан мукаммалликни кутмайди. Оила боши ҳатто оила аъзолари унинг фикрига қўшилмаса ҳам уларни тинглайди. Қўшма Штатларда яшовчи Марлей қуйидагича бўлишди: «Баъзида эрим билан фикрларимиз турлича бўлади. Лекин у мени қадрлашини ва ҳурмат қилишини ҳис этаман. Чунки у фикримни сўрайди ва қарор чиқаришдан аввал уни инобатга олади». Бундан ташқари, камтарин эр — ҳатто бу унинг ҳудудида аёлларнинг иши ҳисобланса ҳам — уй юмушларини бажаришга тайёр. Бу осон бўлмаслиги мумкин. Нима учун? «Бизнинг ҳудудда,—
дейди Рейчел исмли имондошимиз,— эр идиш ювишда ёки уй йиғиштиришда ёрдам берса, қўни-қўшнилар ва қариндошлар бу қанақа эркак ўзи, деб айтишади. Улар бу эр хотинига гапини ўтказа олмаяпти, деб ўйлашади». Сизнинг ҳудудингизда ҳам бундай муносабат кенг тарқалган бўлса, унутманг, Исо — ҳатто бу қулларнинг вазифаси ҳисобланган бўлса ҳам — шогирдларининг оёқларини ювган. Яхши оила боши ўзини зўр кўрсатиш эмас, балки хотини ва болаларини бахтли қилиш ҳақида ўйлайди. Хўш, яхши оила боши бўлиш учун камтаринликдан ташқари яна қайси фазилат керак?12. Яҳова ҳамда Исо бизни севгани туфайли нималар қилиб келяпти?
12 Севги. Яҳова қилган барча ишларнинг асосида севги ётади. (1 Юҳан. 4:7, 8) У Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб ва ташкилоти орқали маънавий эҳтиёжларимизга севги ила ғамхўрлик қилади. Қолаверса, У бизни Ўз севгисига ишонтириб ҳиссий эҳтиёжларимизни қондиради. Жисмоний эҳтиёжларимиз ҳақида-чи, нима деса бўлади? Яҳова «завқ олишимиз учун ҳар нарсани мўл-кўл қилиб тақдим этяпти». (1 Тим. 6:17) Хатолар қилганимизда, У бизни тўғрилайди, лекин севишдан тўхтамайди. Яҳова бизни севгани туфайли тўловни тақдим этди. Исога келсак, у бизни шунчалик қаттиқ севганидан, биз учун жонини фидо қилди. (Юҳан. 3:16; 15:13) Яҳова ҳамда Исонинг уларга садоқатли кишиларга бўлган севги ришталарини ҳеч нарса уза олмайди. (Юҳан. 13:1; Рим. 8:35, 38, 39)
13. Нима сабабдан оила боши оиласига севги кўрсатиши муҳим? (« Яқинда уйланган киши хотинининг ҳурматига қай йўсин сазовор бўла олади?» номли рамкага ҳам қаранг.)
13 Бундан қандай сабоқлар оляпмиз? Оила боши қилган ҳар бир ишнинг асосида севги бўлиши лозим. Нега бу шунчалик муҳим? Ҳаворий Юҳанно бунга қуйидагича жавоб берган: «Бирон ким... кўриб турган биродарини [ёки оиласини] сева олмаса, кўрмаган Худони қандай сева олади?!» (1 Юҳан. 4:11, 20) Дарҳақиқат, оиласини севган ва Яҳова ҳамда Исога тақлид қилишни истаган эркак киши оиласининг маънавий, ҳиссий ва моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилади. (1 Тим. 5:8) У фарзандларига таълим-тарбия беради. Қолаверса, у Яҳовага шараф, оиласига эса фойда келтирадиган қарорлар чиқаришни ўрганишдан тўхтамайди. Келинг, бу талабларнинг ҳар бирини ва қай йўсин оила боши Яҳова ҳамда Исога тақлид қилиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
ОИЛА БОШИ НИМА ҚИЛИШИ КЕРАК?
14. Қай йўсин оила боши оиласининг маънавий эҳтиёжларини қондира олади?
14 Оиласининг маънавий эҳтиёжларини қондириши керак. Исо Отасига тақлидан унинг қарамоғи остида бўлганлар маънан тўқ бўлиши учун қайғурган. (Мат. 5:3, 6; Марк 6:34) Шу сабабли, оила боши биринчи навбатда уйидагиларининг маънавий эҳтиёжларини қондириши керак. (Қонун. 6:6–9) Масалан, у оиласи Худонинг Каломини ўқишига ва тадқиқ қилишига, йиғилишларга боришига, хушхабарни ваъз қилишига ҳамда Яҳова билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлашига ғамхўрлик қилиб буни амалга ошира олади.
15. Оила боши оиласининг ҳиссий эҳтиёжларини қондира олишининг йўлларидан бири қандай?
15 Оиласининг ҳиссий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши керак. Яҳова Исони яхши кўришини очиқчасига айтган. (Мат. 3:17) Исо қилган ишларию айтган гаплари билан издошларига бўлган севгисини яширмаган. Ўз навбатида, улар ҳам Исони яхши кўришини айтган. (Юҳан. 15:9, 12, 13; 21:16) Шу сингари оила боши, масалан, хотини ва болалари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб уларни севишини кўрсата олади. Бундан ташқари, у уларни яхши кўриши ва қадрлашини айтиши ҳамда ўринли бўлганида, бошқалар олдида мақташи лозим. (Ҳик. 31:28, 29)
16. Оила боши нима қилиши керак ва у қай йўсин мувозанатни сақлай олади?
16 Оиласининг моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши керак. Исроил халқи итоатсизлиги учун жазоланганида ҳам Яҳова уларнинг асосий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилган. (Қонун. 2:7; 29:5) Бугунги кунда ҳам У асосий эҳтиёжларимизни қондиради. (Мат. 6:31–33; 7:11) Шунга ўхшаб, Исо ҳам унга эргашганларнинг қорнини тўйдирган. (Мат. 14:17–20) Қолаверса, у уларнинг жисмоний соғлигига ғамхўрлик қилган. (Мат. 4:24) Яҳовага маъқул келиш учун оила боши уйидагиларининг моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши даркор. Аммо шу билан бирга у мувозанатни йўқотмаслиги лозим. У оиласининг маънавий ва ҳиссий эҳтиёжларини эътибордан четда қолдирадиган даражада дунёвий иши билан банд бўлмаслиги керак.
17. Бизга таълим-тарбия беришда Яҳова ҳамда Исо қандай ўрнак кўрсатмоқда?
17 Таълим-тарбия бериши керак. Яҳова фойдамизни кўзлаб бизга таълим-тарбия беради. (Иброн. 12:7–9) Отаси сингари, Исо ҳам ҳокимияти остида бўлганларга севги ила таълим беради. (Юҳан. 15:14, 15) У жиддий, аммо меҳр ила маслаҳат беради. (Мат. ) Исо номукаммаллигимизни ва хатолар қилишга мойил эканимизни тушунади. ( 20:24–28Мат. 26:41)
18. Яхши оила боши нимани ёдда тутади?
18 Яҳова ҳамда Исога тақлид қиладиган оила боши хотини ва болалари номукаммал эканини ёдда тутади. У «уларга ғазабланмайди». (Колос. 3:19) Аксинча, у ўзи ҳам номукаммал эканини эсда сақлаб, Галатияликларга 6:1 даги принципга амал қилади ва уларни «мулойимлик билан тузатишга» уринади. Исо каби у ҳам таълим беришнинг энг аъло усули ўрнак кўрсатиш эканини тушунади. (1 Бутр. 2:21)
19, 20. Қарорлар чиқаришга келганда, қай йўсин оила боши Яҳова ҳамда Исога тақлид қила олади?
19 Худбин қарорлар чиқармаслиги керак. Яҳова қарорлар чиқарганида, бошқаларнинг манфаатини кўзлайди. Масалан, У ҳаётни яратишга қарор қилганида, буни Ўзи фойда кўриши эмас, балки биз ҳаётдан завқ олишимиз учун қилди. Гуноҳларимиз учун Ўғлини қурбон қилишга ҳеч ким Уни мажбурлай олмасди. Худо манфаатимизни кўзлаб Ўз ихтиёри билан бу қурбонликни қилишга қарор қилди. Исо ҳам асосан бошқаларга фойда келтирадиган қарорлар чиқарган. (Рим. 15:3) Масалан, у халойиққа таълим бериш учун дам олишдан воз кечган. (Марк 6:31–34)
20 Яхши оила боши шуни биладики, у қилиши керак бўлган энг қийин нарсалардан бири — оиласи учун доно қарор чиқариш. Оила боши бу масъулиятига жиддий ёндашади. У асоссиз ёки ҳис-туйғуларга берилиб қарорлар чиқаришдан қочишга уринади. У Яҳова уни тўғри қарор чиқаришга ўргатишига йўл қўяди *. (Ҳик. 2:6, 7) Шунда у ўзига эмас, бошқаларга фойда келтириш ҳақида ўйлайди. (Филип. 2:4)
21. Навбатдаги мақолада нимани муҳокама қиламиз?
21 Яҳова оила бошиларининг зиммасига жиддий масъулият юклаган ва улар бу масъулиятни қай йўсин бажараётгани борасида Яҳовага ҳисобот беради. Агар эр Яҳова ҳамда Исонинг ўрнагига тақлид қилишга жон куйдирса, яхши оила боши бўлади. Қолаверса, хотин ўз вазифаларини бажарса, уларнинг никоҳи бахтли бўлади. Хўш, хотин бошчиликка қандай қараши керак ва у қандай қийинчиликларга дуч келиши мумкин? Навбатдаги мақолада бу ҳақида гап боради.
16- ҚЎШИҚ Яҳни улуғланг Шоҳаншоҳ-чун
^ абз. 5 Эркак киши уйланганида, янги оиланинг боши бўлади. Ушбу мақолада бошчилик нима эканини, нега Яҳова уни ўрнатганини ва эркаклар Яҳова ҳамда Исонинг ўрнагидан қандай сабоқлар олиши мумкинлигини кўриб чиқамиз. Навбатдаги мақолада эр-хотинлар Исонинг ўрнаги ва Муқаддас Китобдаги мисоллардан нималарни ўрганиши мумкинлигига диққат қаратамиз. Ундан кейингисида эса жамоатдаги бошчилик мавзусини муҳокама қиламиз.
^ абз. 7 Эркак киши хотинига ёмон муомалада бўлиши, ҳатто жисмонан таҳқирлаши табиий экани баъзида фильм, кулгили ҳикоялар ва ҳатто ҳажвий теледастурларда ҳам кўрсатилади. Шу боис, кенг тарқалган нуқтаи назар эр хотини устидан устуворлик қилишининг ёмон жойи йўқ, деган фикр олға сурилиши мумкин.
^ абз. 20 Тўғри қарорлар чиқариш ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2011 йил 15 апрель сонидаги 13–17- саҳифаларда келтирилган «Худони шарафлайдиган қарорлар қабул қилинг» номли мақолага қаранг.