ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН
Оммавий нутқлар орқали Ирландияда хушхабар тарқалди
БЕЛФАСТ-ЛОХ қўлтиғидаги портга бир кема яқинлашиб келяпти, палубадаги саёҳатчилар тонг шафағи ям-яшил тепаликларни ёритаётганини томоша қиляпти. Бу 1910 йил май ойи. Саёҳатчилар орасидаги бир киши, Чарлз Тейз Расселл Ирландияга бешинчи бор саёҳат қилиб кетяпти. Биродаримиз Расселл кўз ўнгида, қурилаётган иккита баҳайбат «Олимпик» ва ҳалокатга учраган «Титаник» кемалари гавдаланмоқда *. Бир нечта Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари эса соҳилда туриб уни кутяпти.
Бундан деярли 20 йил олдин, дунё бўйлаб хушхабарни энг яхши йўл билан тарқатиш усулини излаб, Расселл биродаримиз бир неча марта сафарга боришни режалаштирган эди. Биринчи сафар у 1891 йил июлда Ирландияга саёҳатга борди. У «Чикаго шаҳри» кемасида Куинстаунга яқинлашиб келаётганда қуёш ботганини кузатиб, ўзининг она юрти ҳақида ота-онаси нималарни айтиб берганини эслаётганга ўхшайди. Биродаримиз Расселл ва унинг ҳамроҳлари тоза шаҳарлару кўркам қишлоқларни томоша қилиб, далалар «тайёр ва ўрим-йиғим вақтини кутаётганини» тушунишмоқда.
Расселл биродаримиз Ирландияга ҳаммаси бўлиб етти маротаба ташриф буюради. Биринчи сафар борганида юзлаб, баъзида минглаб кишилар қизиқиш кўрсатиб, унинг кейинги ташрифини кутиб қоларди. Иккинчи ташрифида 1903 йили майда Белфаст ва Дублинда йиғилишлар бўлиши маҳаллий газеталарда эълон этилади. Расселл биродаримизнинг айтишича, Иброҳимнинг имони ва инсоният учун кўзланган бўлажак баракалар ҳақидаги «Қасам» номли нутқни «тингловчилар жуда ҳам диққатли бўлиб эшитган» экан.
Бу ерда шундай қизиқиш кўрсатган инсонларни учратгани учун, Расселл Европага қилган учинчи сафарида Ирландияга ҳам боради. Бешта акамиз уни Белфаст соҳилида 1908 йили апрелда эрталаб кутиб олади. «Шайтон дунёсини қулатиш» номли оммавий нутққа кечки пайт «тахминан 300 та зиёли тингловчи» келади. Уларнинг орасидаги бир киши Муқаддас Китобдан маҳорат ила фойдаланиб уларга қарши оятлар келтиради. Дублинда эса бир ташкилот (YMCA) котиби Оконнор йиғилган 1 000 дан зиёд кишини Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларига қарши қайрамоқчи бўлади. Хўш, нима юз беради?
Келинг, ортга қайтиб нима содир бўлганини хаёлимизда гавдалантирайлик. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билмоқчи бўлган битта киши Ирландиядаги бир газетада оммавий нутқ бўлиши ҳақида ўқиб, у ерга боришга қарор қилади. («The Irish Times») Лиқ тўла залга кириб у ўзига жой излаб топади. У сочи оппоқ, соқоли бор, узун қора пальтодаги маърузачидан кўзини узмай уни тинглайди. Маърузачи саҳнада бемалол имо-ишора қилиб, моҳирлик ила оятларни кетма-кет айтади ва тингловчиларни Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларга жалб қилади. Бир ярим соат давомида нутқ сўзлаган
маърузачининг овози ҳатто овоз кучайтиргичлар ёрдамисиз ҳам бутун залда жаранглаб эшитилади. Кейин Оконнор ва унинг ҳамроҳлари уни мураккаб саволлар билан кўмиб ташлайди, лекин биродаримиз Муқаддас Китоб ёрдамида уларга жавоб беради. Буни кўрган тингловчилар қарсак чалади. Сўнг, ўша қизиқиш кўрсатган киши биродарларимизга ҳақиқат борасида кўпроқ билиш истаги борлигини айтади. У ерда бўлганларнинг айтишича, кўп инсонлар ҳақиқатни шу йўсин билиб олган экан.Расселл тўртинчи сафарини 1909 йили майда «Мавретания» кемасида Нью-Йоркдан чиқиб бошлаган. У «Қўриқчи минораси»даги мақолаларни айтиб турганда, уларни ёзиб олиши учун котиб Ханстингер биродаримизни бу саёҳатга таклиф қилган. Биродаримиз Расселл Белфастда айтган нутқига 450 та одам келган ва тахминан 100 таси бўш жой бўлмагани боис тик турган эди.
Унинг бешинчи саёҳатида эса мана булар содир бўлган. Дублиндаги нутқдан кейин Оконнор ўзи билан таклиф қилган таниқли илоҳиётшунос ўз саволларига Муқаддас Китоб асосида жавоблар олган ва бошқа кўп тингловчиларга ҳам бу ёққан. Келаси куни саёҳатчилар тезкор почта кемасига чиқиб Ливерпулга, кейин эса Нью-Йоркда таниқли бўлган «Лузитания» кемасида кетишди *.
Биродаримиз Расселл 1911 йили олтинчи ва еттинчи саёҳатларида ҳам оммавий нутқлар айтган. Ўша йили баҳорда Белфастда 20 та Муқаддас Китоб Тадқиқотчиси «Ўлимдан кейин ҳаёт борми?» нутқини эшитиш учун келган 2 000 та тингловчини кутиб олган. Дублинда Оконнор яна бир кишини нутққа таклиф қилиб биродаримизга саволлар беради, аммо бу гал ҳам тингловчилар Муқаддас Китоб асосида жавоб олишгани учун қарсаклар чалишади. Ўша йили кузда Расселл бошқа шаҳарларга ҳам боради, бу яхши натижа келтиради. Оконнор ва яна 100 та эркак киши Дублинда ўтаётган йиғилишда халақит бермоқчи эди, бироқ тингловчилар ғайрат ила маърузачини қўллаб-қувватлади.
Гарчи ўша пайтларда асосан Расселл оммавий нутқлар айтган бўлса-да, «бу инсон меҳнатининг маҳсули эмас, бу Худонинг иши», деб «тенги топилмайдиган инсон йўқ» эканини тан олган. Айтилган оммавий нутқлар — жамоат учрашувлари учун замин яратиб, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни тақдим этишнинг зўр усулига айланди. Қизиқ, бу қандай самара келтирди? Оммавий нутқлар хушхабарни тарқатишга кўмаклашиб, бутун Ирландия бўйлаб кўпгина шаҳарларда жамоатлар ташкил топишига ҳисса қўшди. (Ташкилотимизнинг Буюк Британиядаги архивидан.)