Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Нуҳ, Дониёр ва Аюбнинг имонию итоаткорлигига тақлид қилинг

Нуҳ, Дониёр ва Аюбнинг имонию итоаткорлигига тақлид қилинг

Нуҳ, Дониёр ва Аюб... одиллиги туфайли фақатгина ўз жонини сақлаб қолган бўларди. ҲИЗ. 14:14

ҚЎШИҚЛАР: 6, 54

1, 2. а) Нега Нуҳ, Дониёр ва Аюбнинг ўрнаги бизга жасорат ато этади? б) Очқич оятдаги сўзларни Ҳизқиё қандай шароитда ёзган?

СОҒЛИҚ муаммолари, моддий қийинчиликлар ёки таъқиблар каби синовларга дуч келяпсизми? Баъзида Яҳовага қувонч ила хизмат қилиш оғир кечяптими? Ундай бўлса, Нуҳ, Дониёр ва Аюбнинг ўрнаги сизга жасорат ато этади. Улар номукаммал бўлиб, биз дучор бўлаётган анчагина қийинчиликларга рўбарў келишган. Бу кишиларнинг ҳаёти баъзида қил устида турган. Шунга қарамай, улар бенуқсон бўлишга интилиб, Аллоҳнинг назарида садоқатли ва итоатли бўлиш борасида бизга ўрнак қолдиришди. (Ҳизқиё 14:12–14 ни ўқинг.)

2 Ҳизқиё мил. авв. 612 йили * очқич оятдаги сўзларни Бобилда ёзган эди. (Ҳиз. 1:1; 8:1) Башорат қилинганидай, бутпарастликка ботган Қуддус мил. авв. 607 йили вайрон этилди. Ўшанда Нуҳ, Дониёр ва Аюбга хос фазилатларни акс эттирган фақат бир нечта одам омон қолган эди. (Ҳиз. 9:1–5) Улар орасида Еремиё, Борух, Абдумалик исмли кишилар ва Рахавнинг авлоди бўлган.

3. Ушбу мақолада нимани билиб оламиз?

3 Нуҳ, Дониёр ва Аюб каби Яҳованинг назарида бенуқсонликни сақлаган кишиларгина ушбу замона якун топганда омон қолади. (Ваҳ. 7:9, 14) Шундай экан, келинг, нега Яҳова бу инсонларни одил деб топганини билиб олайлик. Уларнинг ҳар бири ҳақида гап кетганда, 1) қийинчиликларига ва 2) у намоён этган имон ва итоаткорликка қандай тақлид қила олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

НУҲ ТЎҚҚИЗ АСР МОБАЙНИДА САДОҚАТЛИ ВА ИТОАТЛИ ЭДИ

4, 5. Нуҳ қандай қийинчиликларга дуч келган ва унинг сабр-бардоши нимаси билан диққатга сазовор?

4 Нуҳ дуч келган қийинчиликлар. Нуҳнинг катта бобоси Ханўх яшаган даврга келиб одамлар худосиз бўлиб кетган эди. Улар ҳатто Яҳовага қарши «ярамас сўзлар» айтарди. (Яҳд. 14, 15) Зўравонлик авжига чиққан эди. Ҳа, Нуҳнинг пайтида «ер юзи зўравонликка тўлиб-тошди». Ёвуз фаришталар инсонлар қиёфасига кириб хотинлар олишди ва улардан зўравон девқомат фарзандлар пайдо бўлди. (Ибт. 6:2–4, 11, 12) Нуҳнинг хулқ-атвори эса уларникидан кескин фарқ қиларди. У «Яҳованинг илтифотига сазовор бўлган эди... Замондошларидан фарқли равишда, бенуқсон эканини намоён этган эди. Нуҳ Худога ҳамроҳ бўлиб яшарди». (Ибт. 6:8, 9)

5 Ушбу сўзлардан бу одил инсон ҳақида нималарни билиб оляпмиз? Масалан, Нуҳ Тўфон бўлишидан олдин 70 ёки 80 йил Худога ҳамроҳ бўлиб яшамаган. Бу рақам ҳозирги кундаги одамларнинг ўртача умрига тенг келади. Нуҳ ўша даврда деярли 600 йил яшаган. (Ибт. 7:11) Биздан фарқли ўлароқ, уни маънан қўллаб-қувватлайдиган имондошлари, эҳтимол, ҳатто ака-укаларию опа-сингиллари бўлмаган *.

6. Қай йўсин Нуҳ жасоратни намоён этган?

6 Нуҳ шунчаки яхши яшаш билан қаноатланмаган. У шунингдек, жасорат ила «адолат йўлини хабарлаб юриб», Яҳовага бўлган имонини омма олдида тасдиқлаган. (2 Бутр. 2:5) Ҳаворий Павлус Нуҳ ҳақида: «Имони билан у дунёни ҳукм этган»,— деб ёзган. (Иброн. 11:7) Бироқ Нуҳ масхара, таъқиблар ва ҳатто жиддий хавф-хатарларга ҳам дуч келганини биламиз. У одамлардан қўрқмас эди. (Ҳик. 29:25) Дарҳақиқат, у Яҳова содиқ хизматчиларига ато этадиган жасоратга эга эди.

7. Нуҳ кема қураётганда қандай қийинчиликларга дуч келган?

7 Нуҳ беш асрдан зиёд вақт мобайнида Худога ҳамроҳ бўлиб яшагандан кейин, Яҳова одамлар ва ҳайвонларнинг ҳаётини қутқариш мақсадида унга кема қуришни буюрган. (Ибт. 5:32; 6:14) Бу топшириқ фақат қурилиш нуқтаи назаридан эмас, балки бошқа томонлама ҳам анчагина қийин бўлганга ўхшайди. Зеро, Нуҳ бу янада кўпроқ масхара ва таъқибларга олиб келишини биларди. Шундай бўлса-да, унинг имони кучли эди ва у итоатли бўлган. «У айнан айтилганидай қилди». (Ибт. 6:22)

8. Нуҳ Яҳовага қай йўсин таянган?

8 Нуҳ дуч келган яна бир қийинчилик оиласига моддий тарафлама ғамхўрлик қилиш эди. Тўфондан аввал одамлар озиқ-овқатга эга бўлиш учун тер тўкиши кутиларди ва Нуҳ бундан истисно эмас эди. (Ибт. 5:28, 29) Шунда ҳам у бутун диққатини моддий нарсаларга эмас, Аллоҳга қаратарди. Ҳатто кема қураётганда, бунга 40 ёки 50 йил сарфланган бўлса ҳам, Нуҳ маънан ҳушёр бўлган. Тўфондан кейин 350 йил ўтганда ҳам у шундай йўл тутишда давом этган. (Ибт. 9:28) Ҳа, имонли ва итоатли бўлиш борасида нақадар яхши ўрнак!

9, 10. а) Қандай қилиб Нуҳнинг имони ва итоаткорлигига тақлид қила оласиз? б) Худо Унинг меъёрларига амал қиладиганларга қандай қарайди?

9 Нуҳнинг имони ва итоаткорлигига қандай тақлид қила оламиз? Бунга Худонинг адолати томон бўлиш, Шайтоннинг дунёсидан узоқлашиш ва Самовий Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш орқали эриша оламиз. (Мат. 6:33; Юҳан. 15:19) Шунда аминмизки, ҳаёт тарзимиз бу дунёдаги одамларга умуман ёқмайди. Никоҳ ва жинсий ахлоқ каби масалаларда Худонинг қонунларига қатъий амал қилаётганимиз баъзи мамлакатларда норозилик туғдирмоқда. (Малаки 3:17, 18 ни ўқинг.) Нуҳ сингари биз ҳам одамлардан эмас, Яҳовадан қўрқамиз. Биламизки, фақат Яҳова абадий ҳаёт манбаи! (Луқо 12:4, 5)

10 Шахсан сиз ҳақингизда нима деса бўлади? Сизни масхара ёки танқид қилишганда ё моддий қийинчиликлар пайтида ғамхўр Отамизга бўлган имонингиз синалганда, У билан ҳамроҳ бўлиб яшайсизми? Нуҳнинг имони ва итоаткорлигига тақлид қилсангиз, Яҳова сизга ғамхўрлик қилишга қодир эканига амин бўла оласиз. (Филип. 4:6, 7)

ДОНИЁР ЁВУЗЛИККА ТЎЛА ШАҲАРДА САДОҚАТЛИ ВА ИТОАТЛИ ЭДИ

11. Дониёр ва унинг учта дўсти Бобилда қандай қийинчиликларга дуч келишди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

11 Дониёр дуч келган қийинчиликлар. У асирликда яшаган Бобил шаҳри бутпарастлик ва сеҳр-жодуга тўла эди. Бундан ташқари, бобилликлар яҳудийларга паст назар билан қараб, уларни ва Тангри Яҳовани масхара қиларди. (Заб. 137:1, 3) Дониёр каби яҳудийлар учун бу жуда қайғули эди! Қолаверса, Дониёр ва унинг учта дўсти — Ханониё, Мишаил ва Озариё шоҳга хизмат қилишлари учун таълим-тарбия олишгани боис ҳамманинг эътиборида эди. Уларга ҳатто алоҳида озиқ-овқат тайёрлаб бериларди. Ўшанда озиқ-овқат ва ичимлик масаласи муаммога айланди, чунки Дониёр «шоҳнинг дастурхонидаги тансиқ таомлар... билан ўзини булғамасликни» хоҳларди. (Дон. 1:5–8, 14–17)

12. а) Дониёр қандай фазилатларни намоён этган? б) Яҳова Дониёрга қандай муносабатда эди?

12 Муайян топшириқ олишига сабаб бўлган ўзгача қобилиятлари ҳам Дониёрга қийинчилик туғдирган бўлиши мумкин. (Дон. 1:19, 20) Аммо мағрур ва ўжар бўлиб қолишнинг ўрнига, у камтарликни ҳамда мулойимликни сақлаб, шон-шарафни доим Яҳовага қаратарди. (Дон. 2:30) Ўшанда Дониёр ёш бўлса-да, Яҳова уни қадрлаб Нуҳ ва Аюб билан бир қаторда одилликда ўрнак кўрсатган инсон сифатида тилга олган. Худо Дониёрни шундай атаб адашдими? Асло! Чунки у ҳаётининг охиригача имонини сақлаб, итоатли бўлиб қолди. Фаришта меҳр ила: «Эй Дониёр, сен ниҳоятда азиз инсонсан»,— деганида у 90 ёшдан ошган эди. (Дон. 10:11)

13. Қандай қилиб Дониёр яҳудийлар учун баракага айланган?

13 Яҳованинг марҳамати туфайли Дониёр ҳам Бобил, ҳам Мидия ва Форс бошқаруви пайтида амалдор бўлган. (Дон. 1:21; 6:1, 2) Эҳтимол, Яҳова вазиятни шундай йўналтириб, Дониёр Унинг халқи учун баракага айланишини хоҳлаган. Масалан, бундай ҳол Юсуф Мисрда бўлганида, Эстер ва Мордахай эса форслар бошқаруви даврида яшаганида юз берган *. (Дон. 2:48) Асирликда бўлган яҳудийларга, жумладан, Ҳизқиёга Яҳова вазиятни Ўз қўлига олганини кўриш қанчалар тасалли бахш этганини бир тасаввур қилинг!

Бенуқсонликни сақлаётганлар Яҳова учун азиздир (14-, 15- хатбошиларига қаранг.)

14, 15. а) Бизнинг вазиятимиз қайси жиҳатдан Дониёрникига ўхшайди? б) Ота-оналар Дониёрнинг ота-онасидан нимага ўрганиши мумкин?

14 Дониёрнинг имони ва итоаткорлигига қандай тақлид қила оламиз? Биз ҳам сохта дин империяси, «жинларнинг макони» бўлмиш Буюк Бобил таъсирида ахлоқан ва маънан бузилган бу дунёда чет элликлардай яшаяпмиз. (Ваҳ. 18:2) Ҳатто устимиздан кулишса ҳам, бошқалардан ажралиб туришга интиляпмиз. (Марк 13:13) Шунинг учун, келинг, Дониёр сингари Аллоҳимиз Яҳовага яқинлашайлик. Агар камтарлик ва итоаткорлик ила Худога таянсак, биз ҳам Унинг назарида хазинадай бўламиз. (Хаг. 2:7)

15 Дониёрнинг ота-онаси бугунги ота-оналар учун яхши ўрнакдир. Нега дейсизми? Дониёр кичиклигида Яҳудода ёвузлик авжига чиққанига қарамай, Худони яхши кўриб улғайган. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлиб қолмаган. Бу, ота-онасининг яхши тарбияси туфайли юз берган. (Ҳик. 22:6) Ҳатто унинг исми «ҳакамим Худодир» деган маънога эга эканидан, ота-онаси художўй бўлганини кўриш мумкин. (Дон. 1:6, изоҳ) Азиз ота-оналар, фарзандингизни сабр ила тарбиялаб асло таслим бўлманг! (Эфес. 6:4) Улар билан ва улар учун ибодат қилинг. Болангиз қалбига Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни жо қилсангиз, Яҳованинг қут-баракалари ёғилади. (Заб. 37:5)

АЮБ БОЙЛИКДА ҲАМ, ҚАШШОҚЛИКДА ҲАМ САДОҚАТЛИ ВА ИТОАТКОР ЭДИ

16, 17. Аюбнинг ҳаётида қандай кескин ўзгаришлар юз берган?

16 Аюб дуч келган қийинчиликлар. Аюбнинг ҳаётида кескин ўзгаришлар юз берган. Қийинчиликлар бошланишидан аввал «у Шарқдаги барча халқлар орасида энг обрўли одам» бўлган. (Аюб 1:3) Аюб бой, таниқли ва ҳурматга сазовор киши эди. (Аюб 29:7–16) Шундай бўлса-да, у ўзига бино қўймаган ва Худога муҳтож эканини тан олган. Яҳова уни «хизматчим» деб, қуйидагича қўшиб қўйган: «У бенуқсон, тўғри, худотарс ва ёмонликдан узоқ юради». (Аюб 1:8)

17 Қисқа вақт ичида Аюбнинг ҳаёти бирдан ўзгариб кетган. У қашшоқлик ва тушкунлик гирдобига ғарқ бўлган. Биламизки, туҳматчи Шайтон Аюб ўз манфаатини кўзлаб Худога топиняпти, деб уни айблаган. (Аюб 1:9, 10 ни ўқинг.) Яҳова бу сохта айбловни назаридан четда қолдирмаган. Аксинча, У Аюб бенуқсон эканини исботлаб, чин қалбдан ва фидойилик ила топинаётганини кўрсатишга имкон берган.

18. а) Аюб бенуқсонликни сақлагани сизда қандай таассурот қолдирди? б) Яҳова Аюбга кўрсатган муносабати У ҳақда нимани ошкор этяпти?

18 Худони айбласин деб, Шайтон Аюбнинг бошига даҳшатли кўргиликларни солган. (Аюб 1:13–21) Учта сохта дўсти келиб унга аччиқ сўзлар айтишган ва Худо уни ишларига яраша жазолаётганига шама қилишган. (Аюб 2:11; 22:1, 5–10) Лекин Аюб бенуқсон бўлиб қолган. Ҳа, у гоҳида ўйламасдан гапирган, бироқ Яҳова у жафо чекаётганини тушунган. (Аюб 6:1–3) Шайтон Аюбни ерга йиқитиб, кейин сохта айбловлар билан уни роса топтаган. Аллоҳ эса Аюб Ундан юз ўгирмаслигини, лекин ҳозир руҳи тушкун эканини кўрган. Қийинчиликлар якунига етганда, Яҳова Аюбга йўқотганларини икки ҳисса қилиб қайтарган ва унга яна 140 йил умр ато этган. (Ёқб. 5:11) Шу вақт давомида ҳам у Яҳовага мутлақ содиқ бўлган. Бу, Аюб ҳаётдан кўз юмганидан анча асрлар ўтиб, очқич оятда келтирилган Ҳизқиёнинг сўзларидан кўриниб турибди.

19, 20. а) Аюбнинг имони ва итоаткорлигига қандай тақлид қила оламиз? б) Бошқаларга нисбатан Аллоҳнинг раҳм-шафқатини қай йўсин акс эттиришимиз мумкин?

19 Аюбнинг имони ва итоаткорлигига қандай тақлид қила оламиз? Қандай вазиятда бўлишимиздан қатъи назар, келинг, Яҳова ҳаётимизда доим марказий ўринда бўлсин ва биз Унга тўлиқ таяниб, сидқидилдан бўйсунайлик. Дарҳақиқат, Аюбга қараганда бизда бунинг учун сабабларимиз кўпроқ! Бир ўйлаб кўринг, Шайтон ва унинг ҳийлалари ҳақида анча маълумотга эгамиз. (2 Кор. 2:11) Аюб китобидан Аллоҳ нега азобларга йўл қўяётганини ҳам биламиз. Дониёрнинг башоратидан, Худонинг Шоҳлигини Исо Масиҳ бошқараётганини тушуняпмиз. (Дон. 7:13, 14) Ушбу Шоҳлик яқинда барча азобларга бутунлай чек қўйишидан ҳам хабардормиз.

20 Аюбнинг вазиятидан шунингдек, қийинчиликларни бошдан кечираётган имондошларимизга раҳмдил бўлиш муҳимлигини кўряпмиз. Аюбга ўхшаб айримлар гоҳида ўйламасдан гапириши мумкин. (Воиз 7:7) Уларни ҳукм қилишнинг ўрнига, уларга ақл-идрок ила раҳмдилликни намоён этсак яхши бўларди. Шу йўсин, меҳрибон ва шафқатли Отамиз Яҳовага тақлид қилган бўламиз. (Заб. 103:8)

ЯҲОВА СИЗНИ МУСТАҲКАМ ҚИЛИБ ҚЎЯДИ

21. Нуҳ, Дониёр ва Аюбнинг ҳаётида юз берган воқеалар 1 Бутрус 5:10 даги сўзларда қандай акс этган?

21 Гарчи Нуҳ, Дониёр ва Аюб ҳар хил даврларда яшаб, турли вазиятларни бошдан кечирган бўлишса-да, дуч келган қийинчиликларни енгиб ўтишган. Улар ҳақидаги ҳикоялар Бутруснинг қуйидаги сўзларини эслатади: «Турли усуллар билан иноятини намоён этаётган Аллоҳ... қисқа вақт азоб чекканингиздан кейин... сизларга тўлиқ таълим бериб, сизларни мустаҳкам ва кучли қилиб қўяди». (1 Бутр. 5:10)

22. Келаси мақолада нимани кўриб чиқамиз?

22 Бутрус илоҳий илҳом остида ёзган сўзлари орқали Яҳова бизни мустаҳкам ва кучли қилиб қўйишига ишонтиряпти. Бу сўзлар Худонинг бугунги халқига ҳам тегишли. Барчамиз Яҳова бизни кучли қилишини ва топинишимизда мустаҳкам бўлишни хоҳлаймиз. Шу боис Нуҳ, Дониёр ва Аюбнинг имонию итоаткорлигига тақлид қилишни истаймиз. Келаси мақолада, уларнинг бенуқсонлиги Яҳовани яхши билишганига асосланганини кўриб чиқамиз. Дарҳақиқат, улар Яҳова талаб қилган «барча нарсани англаган». (Ҳик. 28:5) Биз ҳақимизда ҳам шундай деса бўлади.

^ абз. 2 Ҳизқиё мил. авв. 617 йили сургун қилинган. Ҳизқиё 8:1–19:14 даги сўзлар у сургунда бўлганининг «олтинчи йили» ёки мил. авв. 612 йили ёзилган.

^ абз. 5 Нуҳнинг худотарс отаси Ламех Тўфон келмасидан деярли беш йил олдин ўлган. Тўфон бошланганда Нуҳнинг онаси ва ака-укаларию опа-сингиллари ҳаёт бўлган бўлишса, тирик қолишмаган.

^ абз. 13 Буни Дониёрнинг учта дўсти ҳақида ҳам айтиш мумкин. Чунки уларга ҳам муайян лавозим берилган. (Дон. 2:49)