Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

38- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тинчлик вақти экан оқилона йўл тутинг

Тинчлик вақти экан оқилона йўл тутинг

Яҳова унга осойишталик бергани ва юртда тинчлик ҳукм сураётгани туфайли... шу йиллар мобайнида ҳеч ким унга қарши уруш очмади. 2 СОЛ. 14:6

60- ҚЎШИҚ Нажотбахш хабар

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳовага хизмат қилиш қачон қийин кечиши мумкин?

СИЗНИНГЧА, Яҳовага хизмат қилиш қачон қийинроқ кечиши мумкин: жиддий муаммолар билан курашганингиздами ёки ҳаётингизда нисбатан тинчлик бўлганидами? Қийинчиликларга дуч келганимизда, Яҳовага таянишимиз табиий. Аммо ҳаётимизда тинчлик бўлганида-чи, қандай йўл тутамиз? Бу бизни Худога хизмат қилишдан чалғитиши мумкинми? Яҳова Исроил халқини бундай ҳолат юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирган. (Қонун. 6:10–12)

Шоҳ Осо сохта топинишга қарши қатъийлик ила ҳаракат қилган (2- хатбошига қаранг.) *

2. Шоҳ Осо қандай ўрнак кўрсатди?

2 Яҳовага буткул таяниб донолик ила йўл тутишда шоҳ Осо ажойиб ўрнак кўрсатди. У нафақат оғир пайтларда, балки тинчлик бўлганида ҳам Яҳовага хизмат қилди. Ёшлигиданоқ «Осо бутун қалби билан Яҳовага хизмат қилди». (3 Шоҳ. 15:14) Масалан, у Яҳудони сохта топинишдан тозалаш орқали садоқатини намоён этди. Муқаддас Китобда айтилишича, Осо «бегона худолар қурбонгоҳларини ва тепаликларни йўқ қилиб, муқаддас тошларни синдирди ҳамда муқаддас устунларни кесиб ташлади». (2 Сол. 14:3, 5) У ҳатто бувиси Махони юксак мавқеидан маҳрум этди. Чунки Махо халқни бутга сажда қилишга ундаган эди. (3 Шоҳ. 15:11–13)

3. Мазкур мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

3 Осо бутларни йўқ қилиш билан чегараланиб қолмади. У Яҳудо халқига Яҳовага қайтишга ёрдам бериб, пок топинишни олға сурди. Яҳова Осога ва Яҳудо аҳолисига барака ёғдириб, тинчлик * ато этди. Осо ҳукмронлик қилганида юртда ўн йил «тинчлик ҳукм сурди». (2 Сол. 14:1, 4, 6) Мазкур мақолада Осо ушбу тинчлик вақтидан қандай фойдаланганига диққат қаратамиз. Шунингдек, Осо сингари тинчлик пайтидан фойдаланиб қолган биринчи асрдаги масиҳийларнинг мисолини кўриб чиқамиз. Сўнг қуйидаги саволга жавоб топамиз: топинишимиз эркин бўлган мамлакатда яшаётган бўлсангиз, ушбу тинчлик вақтидан қай йўсин оқилона фойдаланишингиз мумкин?

ОСО ТИНЧЛИК ПАЙТИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНГАН?

4. Солномалар иккинчи китоб 14:2, 6, 7 га биноан, Осо тинчлик пайтидан қандай фойдаланган?

4 Солномалар иккинчи китоб 14:2, 6, 7 ни ўқинг. Осо халққа: «[Яҳова] ҳар томондан бизга осойишталик ато этди»,— деган. У бу тинчлик вақтида шунчаки қўл қовуштириб ўтириш керак, деб ўйламаган. Аксинча, у шаҳарлар, деворлар, миноралар қурган ва дарвозалар ўрнатган. Осо Яҳудо аҳолисига шундай деган: «Бу юртга ҳануз эгалик қиляпмиз». Хўш, у нимани назарда тутган? Осо халқ Худо уларга берган юртда бемалол ҳаракат қилиши ва душманларнинг қаршилигисиз қурилиш ишларини олиб бориши мумкинлигини айтмоқчи бўлган. Ҳа, у халқни тинчлик пайтидан фойдаланиб қолишга ундаган.

5. Нима учун Осо ҳарбий қўшинини мустаҳкамлаган?

5 Шунингдек, Осо тинчлик пайтидан фойдаланиб, ҳарбий қўшинини мустаҳкамлаган. (2 Сол. 14:8) Хўш, бу Осо Яҳовага ишонмаганини англатганми? Йўқ. Аксинча, халқни келажакда дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликларга тайёрлашни у шоҳ сифатида ўз масъулияти, деб билган. Осо Яҳудодаги тинчлик пайти бир кун келиб якунига етиши мумкинлигини тушунган ва шундай бўлган ҳам.

ИЛК МАСИҲИЙЛАР ТИНЧЛИК ПАЙТИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНГАН?

6. Илк масиҳийлар тинчлик пайтидан қандай фойдаланган?

6 Биринчи асрдаги масиҳийлар тез-тез қувғунларга учраган бўлса-да, уларда тинчлик пайтлари ҳам бўлган. Қизиқ, улар бу имкониятлардан қандай фойдаланган? Ўша садоқатли эркагу аёллардан иборат шогирдлар хушхабарни ғайрат ила ваъз қилиб, диққатини Яҳовага хизмат қилишга қаратган. Натижада уларнинг сони ўсган. Бу шогирдлар тинчлик пайтида ғайрат ила ваъз қилгани учун Яҳова уларга барака ёғдирганининг исботи эди. (Ҳавор. 9:26–31)

7, 8. Павлус ва бошқа масиҳийлар имкон пайдо бўлганида, нима қилган? Тушунтиринг.

7 Илк масиҳийлар хушхабарни ваъз қилиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланган. Масалан, ҳаворий Павлус Эфесда бўлганида унга катта эшик очилганини тушунган ва ўша шаҳарда ваъз қилиш ҳамда шогирд тайёрлаш имкониятидан фойдаланган. (1 Кор. 16:8, 9)

8 Мил. 49 йили суннат қилиш масаласи ҳал қилинганида, Павлус ва бошқа масиҳийларда хушхабарни тарқатиш учун яна бир имкон пайдо бўлган. (Ҳавор. 15:23–29) Бу борадаги қарор жамоатларга етказилгач, шогирдлар «Яҳованинг каломи ҳақидаги хушхабарни» эълон қилиш учун жон куйдирган. (Ҳавор. 15:30–35) Бу қандай натижа келтирган? Муқаддас Китобда ёзилишича, «жамоатлар имонда мустаҳкам бўлиб, кундан-кунга имонлиларнинг сони ортиб борарди». (Ҳавор. 16:4, 5)

БУГУНГИ КУНДА ТИНЧЛИК ПАЙТИДАН ФОЙДАЛАНИШ

9. Бугунги кунда кўп мамлакатларда вазият қандай ва ўзимизга қандай савол беришимиз керак?

9 Бугунги кунда кўп мамлакатларда эркин ваъз қила оламиз. Сиз яшаётган мамлакатда ҳам Яҳовага бемалол топиниш мумкинми? Агар шундай бўлса, ўзингиздан: «Бу эркинликдан қандай фойдаланяпман?» — деб сўранг. Ушбу ўзгача охирги кунларда Яҳованинг ташкилоти олдин дунёда умуман бўлмаган ваъзгўйлик ва таълим бериш каби улкан ишни олиб бормоқда. (Марк 13:10) Бу ишда ҳиссамизни қўшиш учун кўпгина имкониятлар бор.

Кўплар чет элда хизмат қилиш ёки ўзга тилда гапирадиганларга ваъз қилиш орқали мўл-кўл баракаларга эришган (10–12- хатбошиларига қаранг.) *

10. Тимўтийга иккинчи мактуб 4:2 га кўра, нима қилишимиз лозим?

10 Тинчлик пайтидан қандай фойдаланишингиз мумкин? (2 Тимўтийга 4:2 ни ўқинг.) Вазиятингизни таҳлил қилиб, ўзингиз ёки оила аъзоингиз хизматини кенгайтира олиш-олмаслиги ҳақида ўйлаб кўринг. Эҳтимол, кимдир кашшоф сифатида хизмат қила олар. Ҳозир бойлик ва мол-дунё тўплашнинг пайти эмас. Зеро, буюк мусибат пайтида моддий нарсалар бизга ҳеч қандай фойда келтирмайди. (Ҳик. 11:4; Мат. 6:31–33; 1 Юҳан. 2:15–17)

11. Баъзилар хушхабарни иложи борича кўпроқ одамга айтиш учун нима қиляпти?

11 Бир қанча ваъзгўйлар бошқаларга Яҳова ҳақида билиб олишга ёрдам бериш учун янги тилни ўрганиб келяпти. Худонинг ташкилоти уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни кўплаб тилларда тақдим этмоқда ва бу тилларнинг сони ошиб бормоқда. Масалан, 2010 йили адабиётларимиз 500 га яқин тилда мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда бу сон 1 000 дан зиёддир!

12. Хушхабарни она тилида эшитиш одамларга қандай таъсир қилмоқда? Мисол келтиринг.

12 Хўш, Худонинг Каломидаги ҳақиқатни ўз она тилида эшитиш одамларга қандай таъсир қилмоқда? Мемфисда (Теннесси, АҚШ) бўлиб ўтган ҳудудий анжумандан бир имондошимиз қандай фойда олганига диққат қаратайлик. Анжуман киньяруанда тилида бўлиб ўтган. Бу тилда асосан Руанда, Конго (Киншаса) ва Уганда мамлакатларида гапиришади. Анжуман тугагач, киньяруанда тилида гапирадиган имондошимиз қуйидагича бўлишди: «Қўшма Штатларга кўчганимга 17 йил бўлган бўлса, илк бор маънавий дастурни тўлиқ тушуна олдим». Шуниси аниқки, имондошимиз дастурни она тилида эшитгани унга қаттиқ таъсир қилган. Вазиятингиз йўл қўйса, ҳудудингиздаги баъзиларга ёрдам бериш учун бошқа тилни ўргана оласизми? Жамоатингиз ҳудудидаги айримлар учун бошқа тилда гапириш қулай бўлса, бу айниқса асқатиши мумкин, шундай эмасми? Оладиган мукофотингиз ҳаракатларингизга арзийди.

13. Россиядаги имондошларимиз тинчлик пайтидан қандай фойдаланган?

13 Имондошларимизнинг ҳаммаси ҳам очиқчасига ваъз қила олмайди. Гоҳида ҳукуматлар томонидан қўйилган тақиқлар фаолиятимизни сезиларли даражада чеклаб қўяди. Мисол учун, Россиядаги имондошларимиз тўғрисида бир ўйлаб кўринг. 1991 йили мартда фаолиятимизга расман рухсат берилишидан аввал улар кўп йиллар мобайнида таъқибларга дуч келган. Ўша йили Россияда тахминан 16 000 та ваъзгўй бўлган. Йигирма йил ўтгач, бу сон 160 000 дан ошган! Ҳа, биродару опа-сингилларимиз эркин ваъз қилиш имкониятидан донолик ила фойдаланишган. Ўша тинчлик пайти узоқ давом этмаган. Ҳозир мамлакатда вазият ўзгарганига қарамай, улар ҳали ҳам Яҳовага ғайрат ила топинмоқда. Яҳовага хизматини давом эттира олиш учун улар қўлдан келганча жон куйдирмоқда.

ТИНЧЛИК ПАЙТИ БИР КУН КЕЛИБ ЯКУНИГА ЕТАДИ

Шоҳ Осо чин дилдан ибодат қилгач, Яҳова Яҳудога душманнинг улкан қўшини устидан ғалаба берган (14- , 15- хатбошиларига қаранг.)

14, 15. Осога ёрдам бериш учун Яҳова қудратини қай йўсин кўрсатган?

14 Осонинг давридаги тинчлик охири ниҳоясига етган. Ҳабашистондан бир миллиондан ошиқ улкан ҳарбий қўшин келган. Унинг қўмондони Зераҳ қўшини билан бирга Яҳудони мағлуб қилишига амин бўлган. Лекин шоҳ Осо аскарларининг сонига эмас, балки Худоси Яҳовага таянган. У шундай деб ибодат қилган: «Эй, Аллоҳимиз Яҳова, бизга ёрдам бергин, зеро биз Сенга таянамиз! Сенинг исминг билан мана бу оломонга қарши чиқдик». (2 Сол. 14:11)

15 Гарчи Ҳабашистон қўшини сон жиҳатдан деярли икки баробар кўп бўлган бўлса-да, Осо Яҳова қудратли эканини ва халқини ҳимоя қилишини билган. Яҳова унинг умидини пучга чиқармаган — Ҳабашистон қўшини шармандаларча мағлуб бўлган. (2 Сол. 14:8–13)

16. Тинчлик пайти вақтинчалик эканини қаердан биламиз?

16 Тўғри, келажакда ҳар биримиз билан нима юз беришининг барча тафсилотларини билмаймиз. Лекин Худонинг халқи ҳозир баҳраманд бўлаётган тинчлик вақтинчалик эканидан хабардормиз. Унутмангки, Исо охирги кунларда унинг шогирдларидан «ҳамма халқлар» нафратланишини башорат қилган. (Мат. 24:9) Қолаверса, ҳаворий Павлус: «Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча таъқибларга дучор бўлади»,— деб айтган. (2 Тим. 3:12) Шайтон «мудҳиш қаҳр-ғазаб»га минган экан, унинг жаҳлидан қутулиб қоламиз, деб ўйласак, ўзимизни алдаган бўламиз. (Ваҳ. 12:12)

17. Имонимиз қай йўсин синалиши мумкин?

17 Яқин келажакда барчамизнинг бенуқсонлигимиз синалади. Тез орада бутун дунё бўйлаб «шунақанги буюк мусибат бўладики, дунё пайдо бўлганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган». (Мат. 24:21) Ўша пайтда оила аъзоларимиз бизга қарши чиқиши ва фаолиятимиз тақиқланиши мумкин. (Мат. 10:35, 36) Хўш, Осо сингари Яҳова ёрдам беришига ва ҳимоя қилишига шахсан биз ишонамизми?

18. Ибронийларга 10:38, 39 га биноан, тинчлик ниҳоясига етадиган пайтга тайёрланишимизга нима ёрдам беради?

18 Яҳова бизни олдинда кутаётган воқеаларга маънавий жиҳатдан тайёрлаб келмоқда. Маънан мустаҳкам қолишимизга ёрдам бериш мақсадида Яҳова «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали фойдали маънавий «ризқ-рўзни вақтида» тақдим этмоқда. (Мат. 24:45) Биз эса ўзимиздан кутилган ишни қилиб, Яҳовага нисбатан кучли имонни ривожлантиришимиз керак. (Ибронийларга 10:38, 39 ни ўқинг.)

19, 20. Солномалар биринчи китоб 28:9 га кўра, ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак ва нега?

19 Биз ҳам Осо сингари «Яҳовани излашимиз» керак. (2 Сол. 14:4; 15:1, 2) Яҳова ҳақида билим олиб, сувга чўмганимизда Уни излашни бошлаймиз. Унга бўлган севгимизни мустаҳкамлаш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланамиз. Масалан, ўзимиздан: «Йиғилишларга мунтазам равишда қатнайманми?» — деб сўрасак бўлади. Яҳова ташкилоти орқали тақдим этаётган йиғилишларга борганимизда, ҳам маънан мустаҳкамланамиз, ҳам имондошларимиз билан мулоқот қилишдан далда оламиз. (Мат. 11:28) Ўзимизга шундай савол берсак бўлади: «Муқаддас Китобни мунтазам равишда тадқиқ қиляпманми?» Борди-ю, оила аъзоларингиз билан яшасангиз, оилавий топиниш учун ҳар ҳафта вақт ажратяпсизми? Ёки ёлғиз яшаётган бўлсангиз, оилангизда бўлганидай, шахсий тадқиқ учун вақт ажратяпсизми? Ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ишида қатнашиш учун қўлингиздан келганини қиляпсизми?

20 Нега ўзимизга бундай саволлар беришимиз керак? Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳова ўй-фикрларимизни ва юрагимизда нима борлигини текширади. Биз ҳам худди шундай қилишимиз лозим. (1 Солномалар 28:9 ни ўқинг.) Мақсадларимизда, нуқтаи назаримизда ёки фикрлаш тарзимизда қандайдир ўзгаришлар қилишимиз кераклигини кўрсак, Яҳовадан ёрдам сўрашимиз зарур. Ҳозир ўзимизни олдинда кутаётган синовларга тайёрлаш вақтидир. Тинчлик вақтидан оқилона фойдаланишингизга ҳеч нарса тўсқинлик қилмасин!

62- ҚЎШИҚ Янги қўшиқ

^ абз. 5 Яҳовага эркин топиниш мумкин бўлган мамлакатда яшайсизми? Агар шундай бўлса, бу тинчлик пайтидан қандай фойдаланяпсиз? Ушбу мақолада Яҳудо шоҳи Осо ва биринчи асрдаги масиҳийларга қай йўсин тақлид қилишингиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Улар тинчлик вақтидан оқилона фойдаланишган.

^ абз. 3 ИБОРА МАЪНОСИ. Тинчлик сўзи фақатгина урушдан ҳоли вақтни билдирмайди. Ибронийчадан тинчлик деб ўгирилган сўз, шунингдек, яхши соғлик, хавфсизлик ва фаровонлик деган маъноларни етказади.

^ абз. 57 РАСМГА ШАРҲ. Шоҳ Осо бувиси Махони мавқеидан маҳрум этди. Чунки Махо халқни бутга сажда қилишга ундаган эди. Осонинг садоқатли хизматчилари унинг ўрнагига эргашиб, бутларни йўқ қилди.

^ абз. 59 РАСМГА ШАРҲ. Ғайратли жуфтлик ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш учун ҳаётини соддалаштирмоқда.