Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Худонинг каломи кучли таъсирга эга»

«Худонинг каломи кучли таъсирга эга»

Худонинг каломи жонли бўлиб, кучли таъсирга эга. ИБРОН. 4:12

ҚЎШИҚЛАР: 48, 37

1. Нега биз Худонинг Каломи кучли таъсирга эга эканидан шубҳаланмаймиз? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

БИЗ Яҳованинг халқи сифатида Худонинг каломи, яъни одамзодга юборган хабари «жонли бўлиб, кучли таъсирга эга» эканидан шубҳаланмаймиз. (Иброн. 4:12) Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартиришга қодир эканига кўпчилигимиз шахсан гувоҳ бўлганмиз. Айрим биродару опа-сингилларимиз ўтмишда ўғри ёки гиёҳванд бўлишган, баъзилари ҳатто ахлоқсизлик билан шуғулланишган. Бошқалари эса бу дунёда муайян ютуқларга эришган-у, лекин ҳаётларида худди бир нарса етишмаётгандек бўлган. (Воиз 2:3–11) Умидини йўқотган инсонлар Муқаддас Китобнинг таъсири туфайли қайтадан ҳаёт мазмунига эга бўлишди. Эҳтимол, «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» туркумидаги бундай кўплаб мисолларни ўқиб, роса далда олгандирсиз. Ўшанда масиҳийлар ҳатто ҳақиқатни қабул қилгандан кейин ҳам Муқаддас Китоб ёрдами билан маънан ўсишда давом этишаётганини кўргандирсиз.

2. Биринчи асрда яшаган одамларга Худонинг Каломи қандай таъсир қилган?

2 Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш натижасида кўп одамлар ҳаётини тубдан ўзгартирганидан ҳайрон қолишимиз керакми? Асло! Бундай мисоллар бизга биринчи асрда яшаган ва самовий умидга эга бўлган имондошларимизни эслатади. (1 Коринфликларга 6:9–11 ни ўқинг.) Кимлар Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмаслигини санаб ўтгач, ҳаворий Павлус: «Айримларингиз ўтмишда шундай эдингизлар»,— дея қўшиб қўйган. Аммо бу инсонлар Худонинг Каломи ҳамда муқаддас руҳи ёрдамида ўзгарган. Айримлар ҳатто ҳақиқатни қабул қилгандан сўнг жиддий хатоларга йўл қўйиб, Яҳова билан муносабатларига путур етказишган. Муқаддас Китобда айтилишича, биринчи асрда битта мойланган масиҳий жамоатдан четлатилган, лекин кейинчалик қайта тикланган. (1 Кор. 5:1–5; 2 Кор. 2:5–8) Имондошларимиз Худонинг Каломи ёрдамида турли муаммоларини енга олишганини билиш наҳотки бизга далда бахш этмаса?!

3. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Қўлимиз остида Худо Каломидек кучли асбоб бор экан, ундан оқилона фойдаланишни истаймиз. (2 Тим. 2:15) Ушбу мақолада қандай қилиб 1) шахсий ҳаётимизда, 2) ваъзгўйлик хизматида ва 3) саҳнадан таълим бераётганда Худонинг Каломи кучли таъсирга эга эканини янада кўпроқ кўрсатиш мумкинлигини муҳокама қиламиз. Бу эслатмалар манфаатимизни кўзлаб бизга таълим бераётган меҳрибон самовий Отамизга севгимизни ва миннатдорлигимизни кўрсатишга ёрдамлашади. (Ишаё 48:17)

ШАХСИЙ ҲАЁТИМИЗДА

4. а) Худонинг Каломи бизга таъсир қилишини истасак, нима қилишимиз керак? б) Муқаддас Китобни ўқишга қандай қилиб вақт топасиз?

4 Агар Худонинг Каломи бизга таъсир қилишини истасак, уни мунтазам, иложи бўлса ҳар куни ўқишимиз керак. (Ёшуа 1:8) Тўғри, кўпчилигимиз жуда бандмиз. Шундай бўлса-да, Муқаддас Китобни кунда ўқиш одатимизга ҳеч нарса, ҳатто масъулиятли ишларимиз ҳам, халақит қилишига йўл қўймаслигимиз лозим. (Эфесликларга 5:15, 16 ни ўқинг.) Кўплаб Яҳованинг хизматчилари Муқаддас Китобни кунда ўқишга топқирлик билан ёндашиб, бунга эрталаб, кечқурун ёки кун давомида вақт ажратишади. Улар сано бастакорининг қуйидаги сўзларига қўшилишади: «О, нақадар севаман қонунингни! Кун бўйи хаёлимда тутаман уни». (Заб. 118:97)

5, 6. а) Нима учун мулоҳаза юритиш муҳим? б) Мулоҳаза қилишнинг энг самарали йўли қанақа? в) Худонинг Каломини ўқиш ва унинг устида фикр юритиш сизга қандай фойда келтирди?

5 Муқаддас Китобни ўқиш билан бир вақтда, ўқиганимиз устида мулоҳаза қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. (Заб. 1:1–3) Ўшандагина бу китобнинг амалий донолигини ҳаётимизда янада яхшироқ қўллай оламиз. Худонинг Каломини қоғозда ўқиймизми ёки электрон шаклдами, мақсадимиз — ундаги сўзларни қалбимизга жо қилишдир.

6 Мулоҳаза қилишнинг энг самарали йўли қанақа? Кўплар Муқаддас Китобнинг муайян парчасини ўқигач, бироз тўхтаб, қуйидаги саволлар устида фикр юритишни фойдали деб топишди: «Худо Каломининг бу парчасидан Яҳова ҳақида нимани билиб олдим? Ундаги принципга ҳаётимда қандай амал қиляпман? Яна қайси соҳаларда яхшиланишим мумкин?» Худонинг Каломи устида ибодат ила мулоҳаза қилсак, ундаги маслаҳатларни қўллаш истагимиз кучаяди. Ҳа, шундай йўл тутсак, унинг кучи шахсий ҳаётимизда янада кўпроқ намоён бўлади. (2 Кор. 10:4, 5)

ВАЪЗГЎЙЛИК ХИЗМАТИДА

7. Худонинг Каломини хизматда янада яхшироқ қўллашимизга нима ёрдам беради?

7 Худонинг Каломини хизматда янада яхшироқ қўллашимизга нима ёрдам беради? Биринчи навбатда, ундан ваъзгўйлик ва таълим бериш ишида тез-тез фойдаланиш лозим. Битта биродаримиз шундай фикр билдирди: «Фараз қилинг, сиз Яҳова билан уйма-уй ваъз қилиб юрибсиз. Ўшанда нуқул ўзингиз гапирасизми ёки Унинг гапиришига ҳам имкон берасизми?» Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хизматда тўғридан-тўғри Худонинг Каломидан ўқиб берганимизда, уй эгасига Яҳованинг Ўзи гапиришига йўл қўйган бўламиз. Яхши танланган оят ҳар қандай гапимиздан ҳам кучлироқ таъсир қилиши мумкин. (1 Салон. 2:13) Ўзингизга шундай савол беринг: «Ваъзгўйликда одамларга Худонинг Каломидан ўқиб бериш учун ҳар қандай фурсатдан фойдаланяпманми?»

8. Нега хизматда учратган одамларга Муқаддас Китобдан оятларни ўқиб беришнинг ўзи етарли эмас?

8 Лекин хизматда учратган одамларга Муқаддас Китобдан оятларни ўқиб беришнинг ўзи етарли эмас. Нега? Чунки аксарият одамлар Муқаддас Китоб ҳақида кўп маълумотга эга эмас ёки уни умуман тушунишмайди. Бундай вазият биринчи асрда ҳам бўлган, ҳозир ҳам учрайди. (Рим. 10:2) Демак, биз одамга бирон оятни ўқиб берсак, маъносини ўзи тушуниб олади, деб ўйламаслигимиз лозим. Оятнинг қайсидир қисмига урғу бериш учун, эҳтимол, калит сўзларини қайтадан ўқиб, маъносини тушунтиришга вақт ажратишимиз керак. Шу йўсин, Худонинг Каломидаги хабар тингловчиларнинг онгию қалбини забт этишига ёрдам беришимиз мумкин. (Луқо 24:32 ни ўқинг.)

9. Муқаддас Китобга нисбатан ҳурматни уйғотиш учун гапни қандай бошлашимиз мумкин? Мисол келтиринг.

9 Бундан ташқари, оят ўқиб беришдан олдин Муқаддас Китобга нисбатан ҳурматни уйғотадиган сўзларни айтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун, шундай дейишимиз мумкин: «Келинг, бу борада Яратувчимиз нима деяётганини кўрайлик». Мабодо бошқа динда бўлган одам билан гаплашиб қолсак, унга: «Аллоҳнинг Каломида нима дейилганига эътибор беринг»,— деб айтишимиз мумкин. Ёки дин билан қизиқмайдиган инсонни учратсак, ундан: «Мана бу қадимги ҳикматни эшитганмисиз?» — деб сўрасак бўлади. Дарҳақиқат, биз ҳар бир инсонга алоҳида ёндашиб, шунга яраша муқаддимамизни мослаштирамиз. (1 Кор. 9:22, 23)

10. а) Битта биродар билан юз берган воқеани айтиб беринг. б) Худонинг Каломини хизматда қўллаш самарали эканига шахсан сиз қандай амин бўлдингиз?

10 Ваъзгўйлик хизматида одамларга Худонинг Каломидан ўқиб бериш кучли таъсир қилишига кўпчилик амин бўлди. Мана бир мисол: битта биродаримиз кўп йиллардан бери журналларимизни ўқийдиган бир қари одамникига такрорий ташриф қилибди. У «Қўриқчи минораси»нинг янги сонини шунчаки бериб қўйишнинг ўрнига, бу сонда келтирилган бир оятни ўқиб беришга қарор қилибди. Биродаримиз 2 Коринфликларга 1:3, 4 даги ушбу сўзларни ўқиб берган экан: «У раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳдир. У барча қайғуларимизда бизга тасалли беради». Уй эгаси бу сўзлардан таъсирланиб, биродаримиздан оятни яна бир бор ўқиб беришни илтимос қилибди. Ўша киши ўзи ва хотини тасаллига муҳтож эканини айтиб, Муқаддас Китоб ҳақида кўпроқ билишни хоҳлабди. Ҳа, хизматда Худонинг Каломидан фойдаланиш катта самара келтиради, шундай эмасми? (Ҳавор. 19:20)

САҲНАДАН ТАЪЛИМ БЕРАЁТГАНДА

11. Саҳнадан таълим бераётган биродарларнинг зиммасида қандай масъулият бор?

11 Барчамиз жамоат йиғилишлари ва анжуманларга боришни яхши кўрамиз. У ерга боришимиздан асосий мақсад — Яҳовага топинишдир. Боз устига, у ерда бериладиган маънавий йўл-йўриқлар бизга жуда асқатади. Шунинг учун, бундай учрашувларда саҳнадан туриб таълим беришни биродарлар катта шараф деб билишади. Аммо бу уларга улкан масъулият юклашини ҳам тушунишлари лозим. (Ёқб. 3:1) Улар ўргатаётган нарсалари Худонинг Каломига асосланганига доимо ишонч ҳосил қилишлари зарур. Агар сизга саҳнадан туриб таълим бериш топширилса, тингловчиларга Муқаддас Китобнинг кучини қандай кўрсата оласиз?

12. Маърузачи унинг нутқи Муқаддас Китобга асосланганига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин?

12 Нутқингиз Муқаддас Китобга асосланганига ишонч ҳосил қилинг. (Юҳан. 7:16) Қандай қилиб? Авваламбор, сиз айтиб бераётган воқеалар, мисоллар ёки гапириш услубингиз нутқда келтирилган оятлардан муҳимроқ бўлиб қолмаслиги керак. Шуни ҳам ёдда тутингки, Муқаддас Китобдан таълим бериш шунчаки оятларни ўқиб беришни англатмайди. Бошқа томондан, жуда кўп оят келтирсангиз, оқибатда тингловчилар биттасини ҳам эслаб қолмайди. Шундай экан, асосий оятларни диққат билан танлаб, уларни ўқиб беришга, изоҳлашга, мисоллар ёрдамида тушунтиришга ва уларнинг амалий томонини кўрсатишга вақт ажратинг. (Нахим. 8:8) Агар нутқ режасини ташкилот тақдим этган бўлса, режани ва ундаги оятларни ўрганиб чиқинг. Режада ёзилган фикрлар оятлар билан қандай боғлиқ эканини кўришга ҳаракат қилинг. Кейин режадаги фикрларни тингловчиларга етказиш учун танлаган оятларингизни қўлланг. («Воизлик мактаби» китобининг 21–23- дарсларида амалий маслаҳатларни топишингиз мумкин.) Энг муҳими эса, Муқаддас Каломдаги қимматбаҳо фикрларни тингловчиларга етказа олишингиз учун Яҳовадан ибодатда ёрдам сўранг. (Эзра 7:10; Ҳикматлар 3:13, 14 ни ўқинг.)

13. а) Йиғилишда оятларнинг қўлланилиши бир опамизга қандай таъсир қилган? б) Йиғилишларда оятлар ёрдамида таълим берилишидан қандай фойда олгансиз?

13 Австралиялик бир опамиз йиғилишда оятлар қандай моҳирона қўлланилганини кўриб, чуқур таассуротда қолибди. У болалигида оғир фожиани бошдан кечирган бўлса-да, Муқаддас Китобдаги хабарга қизиқиш кўрсатиб, ҳаётини Яҳовага бағишлаган эди. Аммо шунда ҳам Яҳова уни севишига амин эмасди. Вақт ўтиб эса, Худо уни яхши кўришига ишонч ҳосил қилди. Бундай хулосага келишига нима ёрдам берди? Йиғилишда келтирилган бир оят устида мулоҳаза юритиб, унинг бошқа оятлар билан боғлиқлигини кўргач, у ўз нуқтаи назарини ўзгартирди. * Сиз ҳам бу опамизга ўхшаб, йиғилишлару анжуманларда оятларнинг қўлланилишидан таассуротда қолганмисиз? (Нахим. 8:12)

14. Яҳованинг Каломи учун миннатдорлигимизни қандай кўрсата оламиз?

14 Яҳованинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб учун наҳот Ундан миннатдор бўлмасак? У меҳр ила Каломини одамзодга берибгина қолмай, уни сақлаб қолиш ваъдасини ҳам бажарди. (1 Бутр. 1:24, 25) Агар Худонинг Каломини мунтазам ўқиб, шахсий ҳаётимизда қўлласак ва ундан бошқаларга ёрдам беришда фойдалансак, яхши иш қилган бўламиз. Шу йўсин, биз нафақат ушбу илоҳий хазинага, балки унинг Муаллифи бўлмиш Тангри Яҳовага ҳам ўз севгимизни ва миннатдорчилигимизни намоён этамиз.

^ абз. 13 « Кескин ўзгариш» номли рамкага қаранг.