Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

42- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тангри Яҳова ким бўлишингизни хоҳлайди?

Тангри Яҳова ким бўлишингизни хоҳлайди?

Тангри... сизларда истак уйғотиб, куч ато этади. ФИЛИП. 2:13

104- ҚЎШИҚ Аллоҳнинг муқаддас руҳ ҳадяси

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳова мақсадига эришиш учун нима қила олади?

ЯҲОВА мақсадига эришиш учун ким бўлиши керак бўлса, Ўша бўлади. Масалан, Яҳова Устоз, тасалли берувчи ва хушхабар Воизи бўлиши мумкин. Бу атиги бир нечта мисол, холос. (Ишаё 48:17; 2 Кор. 7:6; Галат. 3:8) Шу билан бирга, У ниятини амалга ошириш учун кўпинча одамлардан фойдаланади. (Мат. 24:14; 28:19, 20; 2 Кор. 1:3, 4) Шунингдек, Яҳова Унинг иродасини бажаришимиз учун биз муҳтож бўлган донолик ва кучни ҳар биримизга бериши мумкин. Кўп илоҳиётшуносларнинг фикрича, буларнинг барчаси Худонинг исми нимани англатишининг турли қирраларидир.

2. а) Нега гоҳида Яҳова мендан фойдаланяптимикин, деган шубҳаларга боришимиз мумкин? б) Ушбу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

2 Барчамиз Яҳова биздан фойдаланишини истаймиз, аммо баъзилар Яҳова мендан фойдаланяптими, деган шубҳаларга бориши мумкин. Нега? Масалан, улар ёши, вазияти ёки қобилиятлари туфайли Яҳовага истаганимдай кўп хизмат қила олмаяпман, деб ўйлайди. Бошқалар эса, қилаётган хизмати билан қониқиб, кўпроқ қилиш имкониятларини эътибордан четда қолдириши мумкин. Бу мақолада Яҳова Унинг иродасини бажаришимиз учун ҳар биримизга қандай ёрдам бериши мумкинлигини билиб оламиз. Бундан ташқари, Яҳова хизматчиларига — эркагу аёлларга — ҳаракат қилишлари учун қай йўсин ҳам истак, ҳам куч бергани тўғрисидаги мисолларни кўриб чиқамиз. Қолаверса, Яҳова биздан фойдаланишига қандай йўл қўйишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.

ҚАЙ ЙЎСИН ЯҲОВА БИЗ МУҲТОЖ БЎЛГАН НАРСАЛАРНИ БЕРАДИ?

3. Филиппиликларга 2:13 га кўра, қай йўсин Яҳова бизда истак уйғота олади?

3 Филиппиликларга 2:13 ни ўқинг *. Яҳова ҳаракат қилишимиз учун бизда истак уйғота олади. У буни қай йўсин қилиши мумкин? Эҳтимол, жамоатда кимгадир ёрдам кераклиги ёки қандайдир иш бажарилиши зарурлиги тўғрисида хабар топамиз. Ёки оқсоқоллар филиалдан келган мактубни ўқиб, бошқа жамоатдагилар ёрдамга муҳтож эканини айтади. Шунда ўзингиздан: «Мен қандай ёрдам бера оламан?» — деб сўрашингиз мумкин. Ё бўлмаса, сизга қийин вазифа топширишди ва буни уддалай олармикинман, деб ўйларсиз. Ёки Худонинг Каломидаги баъзи оятларни ўқиб, шундай мулоҳаза юритишингиз мумкин: «Бошқаларга ёрдам бериш учун бу фикрларни қандай қўлласам бўлади?» Яҳова бизни бирон иш қилишга мажбурламайди. Аммо У нима қила олишимиз тўғрисида ўйлаганимизни кўриб, бунга мувофиқ йўл тутишимиз учун бизда истак уйғотиши мумкин.

4. Ҳаракат қилишимиз учун қандай қилиб Яҳова куч ато этиши мумкин?

4 Шунингдек, Яҳова ҳаракат қилишимиз учун бизга куч ато этиши мумкин. (Ишаё 40:29) У муқаддас руҳи ёрдамида бизда бор қобилиятларни янада яхшилай олади. (Чиқ. 35:30–35) Яҳова ташкилоти орқали муайян вазифаларни қандай бажаришни ўргатиши мумкин. Вазифангизни қай йўсин бажаришни билмасангиз, ёрдам сўранг. Қолаверса, сахий самовий Отамизга бемалол ибодат қилиб, «инсонларникидан устун турган куч» сўранг. (2 Кор. 4:7; Луқо 11:13) Яҳова эркагу аёлларга улар муҳтож бўлган нарсани бериб, ҳаракат қилишлари учун уларда истак уйғотгани ва куч ато этгани тўғрисида Муқаддас Китобда кўпгина мисоллар бор. Уларнинг баъзиларига диққат қаратар эканмиз, сиз ҳам шунга ўхшаб, Яҳовага қай йўсин хизмат қила олишингиз борасида ўйлаб кўринг.

ЯҲОВАНИНГ ЁРДАМИНИ ОЛГАН ЭРКАКЛАР

5. Яҳова халқини қутқариш учун Мусодан қай йўсин ва қачон фойдаланганидан нималарни билиб оляпмиз?

5 Яҳованинг ёрдами билан Мусо Исроил халқининг қутқарувчиси бўлди. Хўш, Яҳова ундан қачон фойдаланди? Мусо «мисрликларнинг бор ҳикматини» ўргангач, ўзини бу вазифага тайёр эканини ҳис этганидами? (Ҳавор. 7:22–25) Йўқ, Яҳова Мусони шакллантирган ва у камтарин ҳамда мулойим киши бўлганидан кейингина ундан фойдаланган. (Ҳавор. 7:30, 34–36) Мусо Мисрдаги энг қудратли бошқарувчига гапира олиши учун Яҳова унга жасорат берган. (Чиқ. 9:13–19) Яҳова Мусодан қай йўсин ва қачон фойдаланганидан нималарни билиб оляпмиз? Яҳова Унинг фазилатларига тақлид қилишга интилганлардан ва куч сўраб Унга таянганлардан фойдаланади. (Филип. 4:13)

6. Шоҳ Довудга ёрдам бериш учун Яҳова Борзулайдан фойдаланганидан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Асрлар ўтгач, Яҳова шоҳ Довудга ёрдам бериш мақсадида Борзулайдан фойдаланган. Довуд одамлари билан ўғли Абсаломдан қочганида, «оч қолиб, ҳолдан тойишган ва чанқаб қолишган». Ўшанда ёши ўтиб қолган Борзулай бошқалар билан биргаликда Довудга ҳамда унинг одамларига ёрдам бериш учун ҳаётини хавф остига қўйган. Борзулай кекса бўлганим учун Яҳова мендан фойдаланмайди, деган фикрга бормаган. Аксинча, Худонинг муҳтожликда бўлган хизматчиларига ёрдам бериш учун сахийлик ила қўлида бори билан бўлишган. (2 Шоҳ. 17:27–29) Бундан қандай сабоқ? Ёшимиз нечада бўлмасин, асосий эҳтиёжларини қондира олмаётган хоҳ маҳаллий, хоҳ ўзга юртдаги имондошларга ёрдам бериш учун Яҳова биздан фойдаланиши мумкин. (Ҳик. 3:27, 28; 19:17) Ҳатто уларга тўғридан-тўғри ёрдам бера олмасак-да умумжаҳон воизлик фаолиятига эҳсон қилиб, керак бўлганда ёрдам тақдим эта олиниши учун ҳиссамизни қўшсак бўлади. (2 Кор. 8:14, 15; 9:11)

7. Яҳова Шимўндан қай йўсин фойдаланган ва буни билиш бизга қандай далда бериши мумкин?

7 Қуддусда ёши улуғ Шимўн исмли садоқатли киши яшар эди. Яҳова унга Масиҳни кўрмагунича, ҳаётдан кўз юммаслигини ваъда қилган. Бу ваъда Шимўнга далда бергани аниқ, ахир у Масиҳ келишини кўп йиллардан бери кутаётган эди! Ҳа, у имони ва сабр-бардоши учун мукофотланди! Бир куни «муқаддас руҳ бошқаруви билан у маъбадга келди». У ерда эса, бир чақалоқни кўрди. Бу Исо эди. Яҳова Шимўн орқали бу бола Масиҳ бўлишини башорат қилди. (Луқо 2:25–35) Эҳтимол, Шимўн Исонинг ер юзидаги хизматини кўришга улгурмагандир, аммо Яҳова ундан шу тариқа фойдалангани учун у миннатдор эди. Олдинда Шимўнни кўп баракалар кутмоқда! Янги дунёда бу садоқатли киши Исонинг бошқаруви ер юзидаги ҳамма инсонлар учун барака бўлишини ўз кўзлари билан кўради. (Ибт. 22:18) Биз ҳам Яҳова Унга хизмат қилишимиз учун берган ҳар қандай шарафни қадрлашимиз керак.

8. Қай йўсин Яҳова Барнабодан фойдалангани каби, биздан ҳам фойдаланиши мумкин?

8 Милодий биринчи асрда Юсуф исмли сахий бир киши Яҳова ундан фойдаланиши учун ўзини тақдим этган. (Ҳавор. 4:36, 37) Балки Юсуф бошқаларга тасалли беришда маҳоратли бўлгани учун ҳаворийлар уни Барнабо деб аташгандир. Унинг маъноси «тасалли ўғли». Мисол учун, Шоул масиҳий бўлганида, кўп биродарлар ундан қўрққан. Чунки олдин у жамоатдагиларни қувғун қилганди. Лекин Барнабо унга тасалли ва ёрдам берган. Шоул унинг бундай меҳрибонлиги учун жуда миннатдор бўлгани аниқ. (Ҳавор. 9:21, 26–28) Кейинчалик Қуддусдаги оқсоқоллар олисда жойлашган Суриянинг Антиохия шаҳридаги имондошларга далда бериш кераклигини тушунишган. Хўш, улар кимни юборишди? Барнабони! Бу тўғри қарор эди. Муқаддас Китобдан Барнабо «ҳаммани Ҳазратимиз йўлида барқарор юришга ундагани» ҳақида ўқиймиз. (Ҳавор. 11:22–24) Бугунги кунда ҳам Яҳова биродару опа-сингилларимизга тасалли беришимизга ёрдам бера олади. Масалан, яқинини йўқотган инсонга таскин бериш учун У биздан фойдаланиши мумкин. Ё бўлмаса, касал ёки тушкунликда бўлган инсонни йўқлаб боришга ё унга қўнғироқ қилиб икки оғиз ширин сўз айтишга бизни ундар. Яҳова Барнабодан фойдалангани каби, сиздан ҳам шундай фойдаланишига йўл қўясизми? (1 Салон. 5:14)

9. Яҳова Василийга яхши оқсоқол бўлишига ёрдам берганидан қандай сабоқ оляпмиз?

9 Тангри Яҳова Василий исмли биродарга қобилиятли оқсоқол бўлишига ёрдам берди. У оқсоқол бўлиб тайинланганида 26 ёшда эди ва имондошларига, айниқса, қийинчиликлар билан курашаётганларга ёрдам бера олмасликдан қўрққан. Аммо Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим дастури орқали тажрибали оқсоқоллардан ажойиб таълим олган. Василий ўз устида кўп ишлаган. Масалан, у олдига кичик мақсадлар қўйган. Бирин-кетин уларга эришгани сайин, аста-секин қўрқувларини енгган. У қуйидагича деди: «Олдин мени қўрқитган нарсалар ҳозир улкан қувонч келтиряпти. Яҳова жамоатдаги имондошимга тасалли беришим учун ўринли оятни топишга ёрдамлашганда, бу менга улкан мамнуният бахш этади». Биродарлар, Василий сингари сиз ҳам ўзингизни тақдим этиб, Яҳова сиздан фойдаланишига йўл қўйсангиз, жамоатда кўпроқ вазифаларни бажаришингиз учун У сизга қобилият бера олади.

ЯҲОВАНИНГ ЁРДАМИНИ ОЛГАН АЁЛЛАР

10. Обигайл нима қилди ва унинг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз?

10 Довуд одамлари билан шоҳ Шоулдан қочиб юрганида, ёрдамга муҳтож бўлган. Довуднинг одамлари бой киши бўлган исроиллик Наволдан уларга озгина овқат беришини сўрашган. Улар саҳрода Наволнинг подаларига ғамхўрлик қилишгани учун, бу ҳақида сўрашга ўзларини ҳақли деб билишган. Лекин худбин Навол уларга ҳеч нима бермайди. Бундан Довуднинг ғазаби қайнаб, Навол ва унинг хонадонини ўлдирмоқчи бўлади. (1 Шоҳ. 25:3–13, 22) Бироқ Наволнинг гўзал хотини Обигайл мулоҳазакор аёл эди. У жасоратга тўлиб, Довуднинг оёқларига йиқилиб, уни қон тўкиб, қасос олмасликка ундайди. У мулойимлик ила бу масалани Яҳовага топширишни айтади. Обигайлнинг камтаринлик ила айтган сўзлари ва мулоҳазакорлик ила тутган йўли Довуднинг қалбига таъсир қилади. У Обигайлни Яҳова юборганини тушунади. (1 Шоҳ. 25:23–28, 32–34) Обигайлда ажойиб фазилатлар бўлгани учун Яҳова ундан фойдалана олган. Шунга ўхшаб, опа-сингилларимиз мулойим ва мулоҳазакор бўлса, Яҳова оила ришталарини ва жамоатни мустаҳкамлашда улардан фойдаланиши мумкин. (Ҳик. 24:3; Титус. 2:3–5)

11. Шаллумнинг қизлари нима қилган ва бугунги кунда уларга кимлар тақлид қиляпти?

11 Кўп асрлар ўтгач, Яҳова Қуддус деворларини таъмирлаш ишларида фойдаланган инсонлар орасида Шаллумнинг қизлари ҳам бор эди. (Нахим. 2:20; 3:12) Уларнинг отаси бошқарувчи бўлган бўлса-да, бу қизлар қийин ва хавфли ҳисобланган ишни қилишга тайёр бўлишган. (Нахим. 4:15–18) Уларнинг ўрнаги ўзларини муҳим деб билган ва «хизмат қилиш учун бўйин эгмаган» тахуваликлардан қанчалар фарқ қилган-а?! (Нахим. 3:5) Лойиҳа атиги 52 кунда битганида, Шаллумнинг қизлари қанчалар қувонганини бир тасаввур қилинг! (Нахим. 6:15) Ҳозирги пайтда эса, Яҳовага бағишланган биноларни қуриш ва таъмирлаш каби муқаддас хизматнинг ўзгача турида опа-сингилларимиз тайёрлик ва қувонч билан ёрдам беради. Уларнинг қобилиятлари, ғайрати ва садоқати бу иш муваффақият қозониши учун муҳимдир.

12. Яҳова Тавитадан фойдалангани каби, биздан қай йўсин фойдаланиши мумкин?

12 Яҳова Тавитани, айниқса, беваларга «кўп эзгу ишлар қилиб, хайр-садақа беришга» ундаган. (Ҳавор. 9:36) У жуда сахий ва меҳрибон эди ва ҳаётдан кўз юмганида кўплар йиғлаган. Лекин ҳаворий Бутрус уни тирилтирганида улар роса қувонишган. (Ҳавор. 9:39–41) Тавитадан қандай сабоқ оляпмиз? Ёшу қари, эркагу аёл — барчамиз биродару опа-сингилларга амалий ёрдам бера оламиз. (Иброн. 13:16)

13. Яҳова Рут исмли имондошимиздан қандай фойдаланган ва у қандай хулосага келган?

13 Рут исмли имондошимиз уятчан бўлиб, тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлишни орзу қилган. У ёшлигида уйма-уй хизмат қилиб, букламаларни қолдирардию тезда кетиб қоларди. У қуйидагича деганди: «Бу иш жону дилим эди». Аммо эшик олдида гапириш ва Худонинг Шоҳлиги тўғрисида айтиш у учун қийин бўлган. Уятчан бўлишига қарамай, Рут 18 ёшида кашшоф бўлди. 1946 йили Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабида ўқиди ва кейинчалик Гавайи ороли ҳамда Японияда хизмат қилди. Хушхабар у ерларда ҳам ёйилиши учун Яҳова ундан кўп фойдаланди. Деярли 80 йил хизмат қилгач, Рут шундай хулосага келганди: «Яҳова доим мени мустаҳкамлаб келган. У уятчанлигимни енгишга ёрдам берди. Аминманки, Яҳова Унга ишонган ҳар қандай кишидан фойдалана олади».

ЯҲОВА СИЗДАН ФОЙДАЛАНИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИНГ

14. Колосаликларга 1:29 га биноан, Яҳова биздан фойдаланишини истасак, нима қилишимиз керак?

14 Тарих мобайнида Тангри Яҳова ниятини амалга ошириш учун турли йўллар орқали хизматчиларидан фойдаланган. У сиздан қай йўсин фойдаланиши мумкин? Кўп нарса қанчалар фидойиликка боришга тайёр эканингизга боғлиқ. (Колосаликларга 1:29 ни ўқинг.) Ўзингизни тақдим этсангиз, Яҳова сиздан фойдаланади. Шунда хушхабарнинг ғайратли воизи бўлишингиз, яхши таълим беришингиз, маҳорат билан тасалли бахш этишингиз, моҳир ишчи ва қўлдош дўст ёки Худонинг иродасини бажариш учун яна бошқа асбоб бўлишингиз мумкин.

15. Тимўтийга биринчи мактуб 4:12, 15 да келтирилганидай, ёш биродарлар Яҳовадан нима ҳақида ёлвориб сўраши керак?

15 Катта ҳаётга қадам қўяётган ёш биродарлар ҳақида нима деса бўлади? Қўшимча вазифалар олиб, жамоат хизматкорлари бўла оладиган ғайратли биродарларга эҳтиёж катта. Кўп жамоатларда оқсоқоллар жамоат хизматкорларига қараганда кўпроқ. Ёш биродарлардан баъзилари жамоатда қўшимча вазифаларни олиш истагини ривожлантира оладими? Гоҳида айрим биродарлар: «Шунчаки ваъзгўй эканимдан хурсандман»,— деб айтади. Сизнинг вазиятингизда ҳам шундай бўлса, Яҳовага илтижо қилиб, жамоат хизматкори бўлиш талабларига мос келиш истагини уйғотишини ва Унга қўлингиздан келганича хизмат қилиш учун куч беришини сўранг. (Воиз 12:1) Азиз биродарлар, ёрдамингизга муҳтожмиз! (1 Тимўтийга 4:12, 15 ни ўқинг.)

16. Яҳовадан нима ҳақида сўрашимиз керак ва нега?

16 Яҳова иродасини бажариш учун ким бўлишингизни истаса, сизни ўша қилиши мумкин. Шу боис, Унинг ишини қилиш учун истак уйғотишини ва сиз муҳтож бўлган кучни беришини сўранг. Ёшингиз нечада бўлса ҳам, вақтингиз, кучингиз мол-мулкингиздан фойдаланиб, Яҳовани ҳозирдан шарафланг. (Воиз 9:10) Қўрқув ёки ўзингизни қобилиятсиз ҳис этиш каби туйғулар Яҳовага хизмат қилиш йўлидаги бебаҳо имкониятларни қўлдан бой беришингизга сабаб бўлмасин. Ҳамду саноларга лойиқ бўлган севгига тўла Отамизга ҳар қандай йўл орқали хизмат қилиш шарафдир!

127- ҚЎШИҚ Қай инсон бўлай мен?

^ абз. 5 Яҳовага кўпроқ хизмат қилишни хоҳлайсизми? У мендан ҳозир ҳам фойдалана олармикин, деб ўйлаяпсизми? Ёки Яҳовага етарлича хизмат қиляпман, деб хулоса қиляпсизми? Ушбу мақолада Яҳова Унинг иродасини бажаришингиз учун сиздан қай йўсин фойдаланмоқчи бўлса, бунинг учун ҳам истак, ҳам куч бера олишини муҳокама қиламиз.

^ абз. 3 Павлус бу мактубни биринчи асрдаги масиҳийларга ёзган бўлса-да, аслида, у ердаги фикрлар Яҳованинг барча хизматчиларига тегишлидир.