ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Яҳова айтган ишни бажариш баракалар келтиради
«Биз буни уддалаймиз!» Махсус топшириқ таклиф этилганида мен ва эрим, акам ва хотини шундай жавоб қайтарганмиз. Нега биз бу таклифни қабул қилганмиз ва Яҳова бизга қандай барака берган? Келинг, аввалига ўзим ҳақимда бир оз гапириб берай.
МЕН 1923 йил Йоркширдаги (Англия) Хемсворт шаҳарчасида таваллуд топганман. Менинг Боб исмли битта акам бор. Тўққиз ёшлигимда, диндаги иккиюзламачиликни ёқтирмайдиган дадамизнинг қўлига сохта динни фош этадиган китоблар тушиб қолган эди. Ўқиганлари унда катта таассурот қолдирди. Бир неча йил ўтгач, уйимизга Боб Аткинсон келиб фонографда биродаримиз Рутерфорднинг нутқларидан бирини бизга эшиттирди. Шунда бу нутқни айтган киши, отам ўқиган ўша китобларни чоп этганлар гуруҳидан эканини тушундик! Ота-онам биродаримиз Аткинсонга ҳар куни кечқурун биз билан овқатланишни ва Муқаддас Китобга оид кўп саволларимизга жавоб беришни таклиф қилди. У бизни, уйимиздан бир неча километр нарида жойлашган битта биродарнинг уйида ўтадиган йиғилишга таклиф этди. Биз дарҳол рози бўлдик ва Хемсвортда кичик жамоат ташкил этилди. Кўп ўтмай минтақа хизматкори (ҳозир туман нозири деб номланади) ташриф буюрди ва бизникида қолди. Яқин атрофдаги жамоатларнинг кашшофлари ҳам бизникига овқатга таклиф қилинди. Улар билан мулоқот қилиш менда чуқур таассурот қолдирди.
Биз битта иш бошлаб қўйган эдик, аммо дадам акамга: «Кашшоф бўлишни истасанг, ишни тўхтатамиз»,— деб айтди. Боб рози бўлди ва 21 ёшида кашшофликни бошлаб, уйдан кетди. Икки йилдан сўнг, 16 ёшда мен ҳам кашшоф этиб тайинландим. Ҳафта давомида мен бошқалар билан ҳамкорлик қилардим, аммо дам олиш кунлари карточкалар ва фонографдан фойдаланиб кўпинча якка ўзим ваъз қилардим. Яҳова хизматимга барака бергани учун бир аёл билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошладим ва у маънан тез ўсди. Бу аёлнинг аксарият оила аъзолари кейинчалик ҳақиқатни қабул қилишди. Кейинги йили мен ва Мэри Хеншелл махсус кашшоф этиб тайинландик. Бизни Чешир графлигидаги тайинланмаган ҳудудга юборишди.
Бу Иккинчи жаҳон урушининг ўрталари эди ва аёллар уруш билан боғлиқ ишларга жалб қилинди. Тўла вақтли хизматчилар сифатида, бошқа диний хизматчилар қатори биз махсус кашшофлар бундай ишлардан озод этилишга умид қилгандик. Аммо суд бунга рози бўлмади ва менга 31 кунлик қамоқ жазоси Ишаё 41:10, 13)
тайинланди. Кейинги йили мен 19 ёшга тўлдим ва диний эътиқоди туфайли ҳарбий хизматдан бош тортган кишилар рўйхатига киритилдим. Мен икки марта ҳарбий суд (трибунал) томонидан ҳукм қилиндим, лекин менинг ишим ёпилди. Буларни бошдан кечираётиб муқаддас руҳ менга ёрдам бераётганини ва Яҳова қўлимдан ушлаб мени мустаҳкам ва кучли қилаётганини ҳис этдим. (ЯНГИ ҲАМКОР
Мен ва Артур Мэтьюз 1946 йилда танишдик. У диний эътиқоди туфайли ҳарбий хизматдан бош тортгани учун уч ойга қамалган эди. Озодликка чиққач у Хемсвортда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилаётган укаси Деннисга қўшилди. Улар чақалоқлигидан Яҳова ҳақида отасидан таълим олган бўлиб, ўсмирлигида сувга чўмган эди. Кўп ўтмай Деннис Ирландияга тайинланди ва Артур ҳамкорсиз қолди. Бу заҳматкаш кашшофнинг хулқ-атворидан таъсирланган ота-онам уни ўзлари билан яшашга таклиф этишди. Ота-онамникига келганимда мен ва Артур овқатдан кейин идиш ювишни таклиф қилардик. Охири бир-биримизга хат ёза бошладик. 1948 йили Артур яна уч ойга қамалди. Биз 1949 йил январь ойида турмуш қурдик ва имкон қадар тўла вақт хизмат қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Биз пулни тежамкорлик билан сарфладик ва таътил пайтида оз-моз пул ишлаш учун мева тергани бордик. Яҳованинг баракаси туфайли кашшофлик хизматини давом эттира олдик.
Бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб бизни Шимолий Ирландияга, аввалига Армага, кейин Ньюрига тайинлашди. Иккаласида ҳам аҳолисининг аксарияти католиклар эди. Ўша ҳудуддаги вазият кескинлашган эди. Шунинг учун одамларга ваъз қилганда жуда эҳтиёткор ва мулоҳазакор бўлишга интилардик. Йиғилишлар битта жуфтликнинг уйида ўтарди. Уларнинг уйи биз яшайдиган жойдан 16 км узоқликда жойлашган эди. Йиғилишларга тахминан саккиз киши келарди. Бизга ётиб қолишни таклиф этишганида биз полда ухлардик. Кейинги кун эрталаб эса тўйимли нонушта қилиб олардик. Ҳозир ўша ҳудудда кўпгина Яҳованинг Шоҳидлари борлигини билиш улкан шодлик келтиради.
«БИЗ БУНИ УДДАЛАЙМИЗ!»
Ўша пайтда акам ва хотини Лотти Шимолий Ирландияда махсус кашшоф бўлиб хизмат қилишаётган эди. 1952 йили тўрталамиз Белфастда ўтадиган анжуманга бордик. Битта биродар меҳмондўстлик кўрсатиб тўрталамизни ва Буюк Британия филиалининг нозири Прайс Хьюзни ўз уйига қабул қилди. Бир куни тунда биз «Худонинг йўли севгидир» номли янги рисолани муҳокама қилдик. Бу рисола атайин ирландияликлар учун босиб чиқарилган эди. Биродар Хьюз Ирландия Республикасидаги католик аҳолига ваъз қилиш қийин экани ҳақида гапирди. Биродарлар турар жойларини қолдириб кетишга мажбур бўлишганини ва руҳонийлар томонидан гиж-гижлатилган оломон уларга ташлангани тўғрисида у сўзлаб берди. Прайс: «Бизга мамлакат бўйлаб рисолани тарқатиш кампаниясида иштирок эта оладиган машинаси бор жуфтликлар керак» *,— деб айтди. Шунда дарҳол: «Биз буни уддалаймиз!» — деб жавоб бердик. Шу тариқа бу таржимаи ҳолнинг бошида келтирилган сўзлар айтилган эди.
Дублинда Ма * Рутланд исмли кўп йил садоқат ила хизмат қилган опамиз бор эди. Кашшофлар доим унинг уйида тўхташарди. Биз уникида тўхтадик ва айрим нарсаларимизни сотдик. Сўнг тўрталамиз Бобнинг кажавали мотоциклига ўтириб автомобиль излагани кетдик. Биз яхши ҳолатда ҳайдалган машина топдик ва эгасидан уни бизга етказиб беришни сўрадик, чунки ҳеч биримиз машина ҳайдашни билмасдик. Артур ўша кеча тўшакка ўтириб олиб хаёлан машина ҳайдаётганини машқ қилди. Эртаси куни тонгда машинани гараждан ҳайдаб чиқмоқчи бўлиб турганимизда, тўла вақтли махсус ваъзгўй Милдред Уиллетт (кейинчалик Жон Баррга турмушга чиққан) келиб қолди. У машина ҳайдашни билар экан! У бизга бир оз ҳайдашни ўргатди ва биз йўлга чиқишга тайёр эдик!
Энди бизга бошпана керак эди. Бизни трейлерда (ғилдиракли уйда) яшашдан огоҳлантиришди, чунки душманлар унга ўт қўйиши мумкин эди. Шунинг учун биз уй изладик. Лекин ҳаммаси беҳуда эди. Ўша куни тунда тўрталамиз машинада ухладик. Эртаси куни излаб-излаб кичкина қўлбола трейлер топдик. Унинг ичида битта икки қаватли кичкина каравоти бор эди. У бизнинг уйимиз бўлди. Ажабланарлиси шундаки, трейлерни меҳмондўст фермерларга тегишли ҳудудда бемалол қолдириб кетардик. Биз трейлердан 16–24 км узоқликда жойлашган ҳудудларга бориб ваъз қилардик. Янги ҳудудга кўчиб кетганимиздан кейин, илгари трейлерни қолдириб кетган жойларга қайтиб келиб у ердаги одамларга ваъз қилардик.
Биз деярли кучли қаршиликларга дуч келмай, Ирландия Республикасидаги барча хонадонларга ташриф буюрганмиз ва 20 000 дан ошиқ рисола тарқатганмиз. Қизиқиш кўрсатган одамларнинг исмларини эса Буюк Британия филиалига жўнатганмиз. Айни пайтда ўша ҳудудда юзлаб Яҳованинг Шоҳидлари борлиги бир баракадир!
АНГЛИЯГА, СЎНГ ШОТЛАНДИЯГА
Вақт ўтгач биз Лондон жанубига тайинландик. Бир неча ҳафтадан кейин Артурга Буюк Британия филиалидан қўнғироқ қилиб, эртаси куниёқ туман хизматини бошлашни сўрашди. Бир ҳафта таълим олгач биз Шотландиядаги туманимизни айланиб чиқа бошладик. Нутқларни тайёрлаш учун Артурнинг умуман вақти йўқ эди, лекин Яҳованинг хизматида қийинчиликларга дуч келишдан қўрқмаётгани менга кўп далда берарди. Биз туман хизматида бўлганимиздан жуда мамнун эдик. Биз бир неча йил тайинланмаган ҳудудда хизмат қилдик ва ҳозир кўпгина биродару опа-сингиллар орасида бўлиш катта баракадир.
1962 йили Артур Гилад мактабида ўн ой таълим олишга таклиф этилди. Биз муҳим қарор олдида турган эдик. Мактабга мен бора олмасам ҳам, Артур бу шарафга муяссар бўлиши яхшироқ, деган хулосага келдик. Мен ҳамкорсиз қолганим учун Хемсвортга қайтиб махсус кашшоф бўлиб хизмат қилдим. Бир йилдан кейин Артур қайтгач, биз туман хизматига тайинландик. Шотландия, Шимолий Англия ва Шимолий Ирландия бизнинг ҳудудимизга кирарди.
ИРЛАНДИЯДАГИ ЯНГИ ВАЗИФА
1964 йили Артур Ирландия Республикасида филиал нозири этиб тайинланди. Биз кўчма нозирлик хизматини жуда яхши кўрардик, шунинг учун мен Байтилда қандай хизмат қиламан, деб ташвишланган эдим. Ўтмишга назар солганимда, Байтилда хизмат қилиш шарафига муяссар бўлганимдан ҳозир миннатдорлик ҳис қиламан. Вазифани эплай олишдан шубҳаланаётган бўлишингизга қарамай енг шимариб унга киришсангиз, аминманки, сиз ҳамиша Яҳовадан барака оласиз. Мен офисда ишлардим, адабиётларни қутиларга солардим, овқат пиширардим ва тозалик ишлари билан банд эдим. Баъзан туман хизматида ҳам бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб имондошларимиз билан кўришардик. Буни ҳамда биз Муқаддас Китобдан таълим берган қизиқувчиларнинг маънан ўсаётганини кўриш, Ирландиядаги маънавий оиламизнинг ришталарини мустаҳкамлади. Буни барака деса бўлади!
ИРЛАНДИЯДАГИ ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ УЧУН МУҲИМ ВОҚЕА
Ирландияда илк халқаро анжуман 1965 йили Дублинда бўлиб ўтди *. Ҳар томондан кучли қаршиликлар бўлганига қарамай, анжуман жуда яхши натижа келтирди. Унда жами 3 948 киши иштирок этди ва 65 киши сувга чўмди. Анжуманнинг 3 500 та халқаро иштирокчисини ўз уйига қабул қилганлар миннатдорчилик хатларини олишди. Хонадон соҳиблари ҳам иштирокчиларни хулқи учун мақташди. Дарҳақиқат, бу Ирландия учун муҳим воқеа эди.
1966 йили Шимолий ва Жанубий Ирландия бирлашиб, Дублиндаги филиал қарамоғи остига ўтди. Бундай бирлик, бутун оролдаги сиёсий ва диний бўлинишлардан кескин фарқ қиларди. Кўп католиклар ҳақиқатни қабул қилиб бир пайтлар протестант бўлган имондошлари билан бирга хизмат қилаётганини кўриб қувончимиз ичимизга сиғмасди.
ВАЗИФАМИЗ БУТКУЛ ЎЗГАРДИ
2011 йили Буюк Британия ва Ирландия филиаллари бирлашганда ҳаётимиз буткул ўзгарди ва биз Лондондаги Байтилга тайинландик. Шу пайт мен Артурнинг соғлиги ҳақида ташвишлана бошлаган эдим. Унда Паркинсон (титроқ фалаж) касаллигини аниқлашган эди. 2015 йил 20 май куни 66 йиллик ҳамкорим ҳаётдан кўз юмди.
Сўнгги бир неча йил давомида мен руҳан эзилиб, депрессия ва қайғудан азоб чекдим. Илгари Артур доим ёнимда эди. Уни жуда соғиндим! Бундай нарсаларни бошдан кечиргач Яҳовага янада яқин бўлар экансиз. Бошқалар Артурни қанчалик яхши кўришини билганимдан ўзимни бахтли ҳис қиламан. Мен Ирландия, Буюк Британия ва ҳатто Қўшма Штатлардаги дўстларимдан хатлар олдим. Бу хатлар ҳамда Артурнинг укаси Денниснинг, унинг хотини Мэвиснинг, жиянларим Рут ва Жудиларнинг далдаси менга ёрдам берди. Буни таърифлашга тилим ожиз.
Муқаддас Китобдаги Ишаё 30:18 менга кўп далда берди: «Эгам кутмоқда, сизларга шафқат кўрсатай, деб. Мана У қўзғалмоқда, Ўз меҳрини кўрсатай, деб. Ахир, Эгам адолатли Худодир. Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир». Яҳова барча муаммоларимизни ечишни ҳамда янги дунёда қизиқарли вазифалар бериш учун сабр ила кутаётганини билиш менга чинакам тасалли бахш этмоқда.
Ўтмишимизга назар солсам, Яҳова Ирландиядаги ваъзгўйлик ишини қандай бошқарганига ва барака берганига амин бўламан! Бундай маънавий ўсишда озгина бўлса-да ҳиссамни қўшганим мен учун катта шараф. Чиндан ҳам, Яҳова айтган ишни бажариш ҳамиша баракалар келтиради.