Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

47- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Имонингиз қанчалик мустаҳкам бўлади?

Имонингиз қанчалик мустаҳкам бўлади?

Юрагингиз сиқилмасин. Худога ҳамда менга ишонинг. ЮҲАН. 14:1

119- ҚЎШИҚ Имонли бўлайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Бизга қандай фикр келиши мумкин?

КЕЛАЖАКДА юз берадиган воқеалар, масалан, сохта диннинг йўқ қилиниши, Магўг юртидаги Гўгнинг ҳужуми, Армагеддон жанги ҳақида ўйлаб баъзида ташвишланарсиз. Бундай қўрқинчли воқеалар юз берганида охиригача садоқатли қола олармикинман, деб ўйларсиз. Агар бундай фикр хаёлингиздан ўтган бўлса, Исонинг очқич оятда айтган сўзлари сизга ёрдам беради. Исо шогирдларига: «Юрагингиз сиқилмасин. Худога ҳамда менга ишонинг»,— деган. (Юҳан. 14:1) Кучли имон келажакка ишонч билан қарашга ёрдам беради.

2. Имонимизни қандай мустаҳкамлаймиз ва бу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?

2 Ҳозирда имон синовлари билан қандай курашаётганимиз тўғрисида ўйлаб кўриб, имонимизни мустаҳкамлашимиз мумкин. Синовларга дуч келганимизда, қандай йўл тутаётганимиз тўғрисида мулоҳаза юритсак, ҳаётимизнинг қайси соҳаларида имонимизни мустаҳкамлашимиз кераклигини кўра оламиз. Ҳар бир синовни енгиб ўтганимизда, имонимиз мустаҳкамроқ бўлади. Бу келажакдаги синовларда сабр-бардошли бўлишимизга ёрдам беради. Исонинг шогирдлари дуч келган тўртта вазиятда уларга имон етишмагани кўринган. Бу мақолада ўша вазиятларни муҳокама қиламиз. Шунга ўхшаш қийинчиликлар билан қандай курашишимиз мумкинлигини ва булар бизни келажакка қандай тайёрлашини кўриб чиқамиз.

ХУДО МОДДИЙ ТОМОНЛАМА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШИГА ИШОНИНГ

Моддий қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин, аммо имонимиз Яҳовага хизмат қилиш пайида бўлишимизга ёрдам беради (3–6- хатбошиларига қаранг.)

3. Матто 6:30, 33 га биноан, Исо имон ҳақида нима деган?

3 Оила боши хотини ва фарзандларини озиқ-овқат, кийим-кечак ва яшаш учун жой билан таъминлашни истайди. Бу табиийдир. Ҳозирги оғир пайтда бундай қилиш доим ҳам осон эмас. Гоҳида имондошларимиз ишсиз қолади ва кўп ҳаракатларига қарамай, янгисини топа олмайди. Бошқалари эса масиҳийлар учун мос келмайдиган ишни рад этади. Бундай пайтларда Яҳова оиламиз учун керакли нарсаларни бера олишига қаттиқ ишонишимиз керак. Исо Тоғдаги ваъзида шогирдларига буни аниқ қилиб айтган эди. (Матто 6:30, 33 ни ўқинг.) Яҳова бизни ташлаб қўймаслигига тўлиқ ишонсак, бутун диққат-эътиборимизни Шоҳлик манфаатларига қарата оламиз. Яҳова моддий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилаётганини кўрганимизда, Унга янада яқинлашамиз ва имонимиз кучаяди.

4, 5. Моддий эҳтиёжларига ташвишланмасликка бир оилага нима ёрдам берди?

4 Венесуэладаги бир оила Яҳова уларнинг моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилганини ҳис этди. Кастролар оиласи фермада ишларди ва яшаши учун етарлича пул топарди. Бир сафар қуролланган одамлар келиб, уларнинг мол-мулкини тортиб олди ва уйидан кетишга мажбурлади. Оила боши Мигель шундай деди: «Ҳозир кичкина ерни ижарага олганмиз ва у ерда ўсиб чиқадиган нарсалар ҳисобига кун кечирамиз. Ҳар кунимни Яҳовага ибодат қилиб, ўша кун учун ризқ-рўзимизни беришини сўраш билан бошлайман». Бу оиланинг ҳаёти оғир. Аммо улар Яҳова эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишига бутунлайин ишонади. Кастролар оиласи йиғилишларда ва хизматда мунтазам қатнашади. Ҳа, улар Шоҳлик манфаатларини ҳаётида биринчи ўринга қўйди. Яҳова эса уларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилмоқда.

5 Бундай қийин пайтларда Мигель ва унинг хотини Юрая диққатини Яҳова уларга қандай ғамхўрлик қилганига қаратди. Баъзида Яҳова имондошларимиздан фойдаланиб, бу оиланинг моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилди ёки Мигелга иш топишга ёрдам берди. Қолаверса, Яҳова филиал орқали бу оиланинг асосий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилди. Яҳова уларни ҳечам ташлаб кетмади. Натижада бу оиланинг имони янада кучайди. Яҳова қандай ёрдам берганини эслаб, Мигелнинг катта қизи Ёселин шундай деди: «Яҳованинг қўлини яққол кўриш қалбимга таъсир қилди. Уни дўстим деб биламан ва ҳаётимни Унга ишониб топшира оламан. Оиламиз билан бошдан кечирган қийинчиликларимиз бизни келажакдаги оғир синовларга тайёрлади».

6. Иқтисодий қийинчиликларга дуч келганингизда, имонингизни қандай мустаҳкамлай оласиз?

6 Иқтисодий қийинчиликларга дуч келяпсизми? Агар шундай бўлса, бу сиз учун мушкул пайт. Лекин бу вақтдан фойдаланиб, имонингизни мустаҳкамлашингиз мумкин. Яҳовага ибодат қилинг ва Исонинг Матто 6:25–34 даги сўзларини ўқиб, устида мулоҳаза қилинг. Хизмат билан банд бўлганларга Яҳова ғамхўрлик қилишини исботловчи замонавий мисоллар ҳақида фикр юритинг. (1 Кор. 15:58) Самовий Отамиз бизникига ўхшаш қийинчиликларда бошқаларга ёрдам берганидай, сизга ҳам ёрдам беради. У сиз нималарга муҳтож эканингизни ва уларни сизга қандай беришни ҳам билади. Яҳованинг ёрдамини кўрганингизда, имонингиз янада кучаяди ва келажакдаги оғир синовларда сабр-бардошли бўлишингизга кўмаклашади. (Хаб. 3:17, 18)

БЎРОНЛАРДА САБР-БАРДОШЛИ БЎЛИШИНГИЗГА ИШОНИНГ

Кучли бўронга ўхшаш имон синовларини мустаҳкам имон ёрдамида енгиш мумкин (7–11- хатбошиларига қаранг.)

7. Қай йўсин бўрон туфайли шогирдларнинг имони синалди? (Матто 8:23–26)

7 Бир сафар Исо ва унинг шогирдлари денгизда бўлганида бўрон юз берди. Исо бу воқеадан фойдаланиб, шогирдларига имон етишмаётганини тушунишга кўмаклашди. (Матто 8:23–26 ни ўқинг.) Бўрон кўтарилиб, қайиқ сувлар оғушида қолганида Исо ухлаб ётган эди. Даҳшатга тушган шогирдлар Исони уйғотиб, уларни қутқаришини сўради. Ҳазратимиз эса уларни мулойимлик билан тўғрилаб: «Эҳ, имони сустлар, намунча қўрқмасангизлар?!» — деди. Ҳа, шогирдлар Яҳова Исони ва у билан бўлганларни ҳимоя қилишга қодир эканини тушуниши керак эди. Хўш, бундан қандай сабоқ оляпмиз? Кучли имон ёрдамида хоҳ том маънодаги, хоҳ рамзий маънодаги бўронлардан ўта оламиз.

8, 9. Анелнинг имони қандай синалди ва унга нима ёрдам берди?

8 Пуэрто-Риколик турмуш қурмаган Анел исмли имондошимиз жуда оғир пайтда сабр-бардошли бўлиб, имонини мустаҳкамлаган. Келинг, унинг мисолини кўриб чиқайлик. У том маънодаги бўронни бошдан ўтказди. Бу 2017 йили бошланди. Ўшанда «Мария» бўрони туфайли Анел уйидан айрилди ва ишини йўқотди. «Шундай қийин пайтларда жуда хавотирланардим, лекин ибодат орқали Яҳовага таянишни ўргандим ва хавотир мени кишанлаб қўйишига йўл қўймадим»,— деб бўлишди Анел.

9 Анел шунингдек, ўша қийин пайтда итоаткорлик ёрдам берганини айтди. У шундай деб бўлишди: «Яҳованинг ташкилоти бераётган йўл-йўриқларга амал қилиш хотиржам бўлишимга ёрдам берди. Яҳова мени имондошларим орқали қўллаб-қувватлади. Улар менга далда ва омон қолишим учун асқатадиган керакли нарсаларни берди. Яҳова мен Ундан сўраганимдан ҳам кўпроғини тақдим этди. Имоним роса мустаҳкамланди».

10. Жиддий муаммога дуч келсангиз нима қилишингиз мумкин?

10 Ҳаётингизда бўронлар юз беряптими? Балки бу табиий офат дастидан пайдо бўлган қийинчиликдир. Ёки жиддий соғлиқ муаммоси каби рамзий бўрондир. Эҳтимол, касалликка чалинганингиз туфайли қаттиқ тушкун аҳволдадирсиз ва нима қилишингизни билмаётгандирсиз. Гоҳида ташвишланишингиз мумкин, лекин ташвишлар Яҳовага ишонишингизга тўсиқ бўлишига йўл қўйманг. Чин дилдан ибодат қилиб, Унга яқинлашинг. Яҳова олдинлари сизга қандай ёрдам бергани устида мулоҳаза қилиш имонингизни мустаҳкамлайди. (Заб. 77:11, 12) Шунда Яҳова ҳозир ва тоабад сизни ташлаб кетмаслигига амин бўлишингиз мумкин.

11. Бошчиликни зиммасига олганларга нега қулоқ солишимиз керак?

11 Қийинчиликларда сабр-бардошли бўлишга яна нима ёрдам беради? Анел айтганидай, итоаткорлик кўмаклашади. Яҳова ҳамда Исо ишонадиган кишиларга ишонишни ўрганинг. Баъзида бошчиликни зиммасига олганлар йўл-йўриқ берганда, бу бизга мантиқсиздай туюлар. Лекин уларга итоат қилганимизда, Яҳова барака беради. Худонинг Каломидан ва Унинг садоқатли хизматчиларининг мисолидан итоаткорлик нажотга элтишини биламиз. (Чиқ. 14:1–4; 2 Сол. 20:17) Бундай мисоллар устида фикр юритинг. Бу Яҳованинг ташкилоти бераётган йўл-йўриқларга ҳозир ва келажакда амал қилиш истагингизни кучайтиради. (Иброн. 13:17) Шунда яқинда юз берадиган буюк мусибатдан қўрқишга ҳожат қолмайди. (Ҳик. 3:25)

АДОЛАТСИЗЛИККА ДУЧ КЕЛГАНИНГИЗДА САБР-БАРДОШЛИ БЎЛА ОЛИШИНГИЗГА ИШОНИНГ

Яҳовага тинмай ибодат қилсак, имонимиз янада мустаҳкамланади (12- хатбошига қаранг.)

12. Луқо 18:1–8 га кўра, имон ва адолатсизликка сабр-бардош қилиш ўртасида қандай боғлиқлик бор?

12 Исо адолатсизлик дастидан шогирдларининг имони синалишини билган. Улар сабр-бардошли бўла олиши учун у мисол келтирган. Уни Луқо китобидан ўқишимиз мумкин. У адолатсиз қозидан адолат сўраб ёлворган бева аёл ҳақида эди. Ўша аёл тинмай ёрдам сўраса, истаги бажарилишини билган. Охир-оқибат қози унинг истагини бажарди. Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Яҳова адолатсиз эмас. Исо қуйидагича деган: «Унда наҳотки Худо Унга кечаю кундуз ёлвораётган танланганлари учун адолатни ўрнатмаса?» (Луқо 18:1–8 ни ўқинг.) Сўнг Исо: «Инсон Ўғли қайтиб келганида, ер юзида бундай имонни топармикан?» — деб қўшиб қўйган. Биз ҳам адолатсизликка дуч келсак, сабрли ва саботли бўлиб, ўша бева аёл каби кучли имонга эга эканимизни исботлашимиз керак. Бундай имон туфайли Яҳова эртами-кечми бизга ёрдам беришига амин бўлишимиз мумкин. Қолаверса, ибодат кучли таъсирга эга эканига ишонишимиз лозим. Гоҳида ибодатларимиз кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкин.

13. Адолатсизликка дуч келган бир оилага ибодат қандай ёрдам берди?

13 Конго Демократик Республикасида яшовчи Веро исмли опамизнинг мисолига диққат қаратинг. Уларнинг қишлоғига ҳарбий гуруҳ ҳужум қилганида, Веро, 15 ёшли қизи ва имондошимиз бўлмаган эри у ердан қочишга мажбур бўлди. Йўлда кетишаётганида ҳарбийлар уларни тўхтатди ва ўлдиришини айтиб таҳдид қилди. Шунда Веро йиғлай бошлади. Қизи онасини тинчлантириш учун Яҳованинг исмини қайта-қайта айтиб, баланд овозда ибодат қилди. Қизча ибодатини тугатганида, ҳарбий гуруҳ командири ундан: «Қизалоқ, сенга ибодат қилишни ким ўргатган?» — деб сўради. У: «Матто 6:9–13 асосида онам ўргатган»,— деб жавоб берди. Командир гапини давом этиб: «Қизалоқ, ота-онанг билан кетавер. Худойинг Яҳова сени ҳимоя қилсин»,— деб айтди.

14. Нима туфайли имонимиз синалиши мумкин ва сабр-бардошли бўлишга нима ёрдам беради?

14 Бундай мисоллар ибодат кучли таъсирга эга эканини кўрсатяпти. Лекин ибодатларимизга тезда ёки бизни лол қолдирадиган тарзда жавоб олмасак-чи? Исонинг масалидаги бева аёл каби ибодат қилишда давом этинг. Яҳова сизни ташлаб кетмаслигига ва У сизга ўз вақтида ҳамда ибодатингизга муайян йўллар орқали жавоб беришига ишончингиз комил бўлсин. Яҳовадан муқаддас руҳини сўраб илтижо қилинг. (Филип. 4:13) Шуни унутмангки, яқинда Яҳова сизга мўл-кўл барака беради ва ўтмишдаги барча қийинчиликларни унутасиз. Яҳованинг ёрдами билан қийинчиликларда сабр-бардошли бўлсангиз, олдинда кутаётган имон синовларида мустаҳкам қола оласиз. (1 Бутр. 1:6, 7)

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГИШИНГИЗГА ИШОНИНГ

15. Матто 17:19, 20 га биноан, Исонинг шогирдлари қандай қийинчиликка дуч келди?

15 Исо шогирдларига имон туфайли қийинчиликларни енга олишини айтган. (Матто 17:19, 20 ни ўқинг.) Улар бир неча марта ёвуз руҳларни қувиб чиқара олган. Лекин бир сафар улар бундай қила олмади. Муаммо нимада эди? Исо тушунтирганидай, уларга кўпроқ имон керак эди. У шогирдлари етарлича имонга эга бўлса, тоғдай кўринган қийинчиликларни енга олишини айтган. Бугунги кунда биз ҳам енгиш қийиндек туюлган синовларга дуч келаётгандирмиз.

Қайғу чекишимиз мумкин, аммо имон ёрдамида Яҳовага хизмат қилиш билан банд бўла оламиз (16- хатбошига қаранг.)

16. Қай йўсин Гейди имони туфайли оғир жудоликда сабр-бардошли бўлиб қолди?

16 Гватемалалик опамиз Гейдининг мисолига диққат қаратинг. У турмуш ўртоғи Эди билан йиғилишдан қайтаётганида, эрини ўлдиришди. Хўш, қай йўсин Гейди имони ёрдамида бу оғир жудоликда сабр-бардошли бўлиб қолди? Опамиз қуйидагича бўлишди: «Ибодат орқали юкимни Яҳовага ташлайман. Бу туфайли хотиржамликни ҳис қиламан. Яҳова оилам ва жамоатдаги дўстларим орқали менга ғамхўрлик қилаётганини кўряпман. Хизматда банд бўлиш оғриғимга малҳамдай бўляпти ва эртанги кун ҳақида ҳаддан ортиқ ташвишланмаслигимга ёрдам беряпти. Бундай қийинчиликни енгиб ўтгач шуни тушундимки, келажакда қандай синовга дуч келмай Яҳова, Исо ва ташкилотимиз ёрдамида уни енга оламан».

17. Тоғдек кўринган қийинчиликка дуч келсак, нима қилишимиз мумкин?

17 Яқин инсонингизнинг ўлимидан қайғуряпсизми? Унда Муқаддас Китобдан тирилган инсонлар ҳақидаги баёнотларни ўқиб, тирилишга бўлган умидингизни мустаҳкамлаш учун вақт ажратинг. Оила аъзоларингиздан бири жамоатдан четлатилгани учун қайғуряпсизми? Шундай бўлса, Худонинг таълим-тарбияси доим энг аълоси эканига ўзингизни ишонтириш учун тадқиқ ўтказинг. Қандай муаммога дуч келишингиздан қатъи назар буни имонингизни мустаҳкамлашнинг имконияти деб билинг. Ичингиздагини Яҳовага тўкиб солинг, ўзингизни бошқалардан олиб қочманг. Аксинча, биродару опа-сингилларга яқинроқ бўлинг. (Ҳик. 18:1) Ҳатто кўз ёш билан қилишга тўғри келса ҳам сабр-бардошли бўлишингизга ёрдам берадиган ишлар билан банд бўлинг. (Заб. 126:5, 6) Маънавий одатларингизни масалан, йиғилишларни қолдирманг, ваъз қилинг, Муқаддас Китобни ўқишни канда қилманг. Бутун диққатингизни Яҳова сиз учун кўзлаб қўйган ажойиб баракаларга қаратинг. Яҳова сизга қандай ёрдам бераётганига диққат қаратар экансиз, Унга нисбатан ишончингиз ошиб бораверади.

«ИМОНИМИЗГА ИМОН ҚЎШИНГ»

18. Имонингиз етарлича мустаҳкам эмаслигини пайқасангиз, нима қилишингиз мумкин?

18 Ўтмишдаги ёки ҳозирги синовлар туфайли имонингиз етарлича мустаҳкам эмаслигини пайқаган бўлсангиз, руҳингиз тушмасин. Буни имонингизни мустаҳкамлаш имконияти деб билинг. Исонинг шогирдлари ундан: «Имонимизга имон қўшинг»,— деб сўраган. Сиз ҳам шундай қилинг. (Луқо 17:5) Шунингдек, бу мақолада тилга олинган мисоллар борасида фикр юритинг. Мигель ва Юрая сингари Яҳова ёрдам берган ҳар бир вазиятни ёдда тутинг. Веронинг қизи ва Анел каби айниқса оғир пайтда Яҳовага чин дилдан ибодат қилинг. Қолаверса, Гейдига ўхшаб Яҳова керакли нарсаларни оила аъзолар ёки дўстлар орқали беришини унутманг. Яҳова ҳозирги синовларни енгишингизга ёрдам беришига йўл қўйсангиз, келажакдаги ҳар қандай қийинчиликни енгишингизга ёрдам беришига амин бўласиз.

19. Исо нимага ишонган ва сиз нимага амин бўлишингиз мумкин?

19 Исо шогирдларига ҳаётининг қайси соҳаларида уларга имон етишмаётганини кўришга ёрдам берган. Аммо у улар Яҳованинг ёрдами билан келажакдаги синовларни муваффақият ила енгишига асло шубҳаланмаган. (Юҳан. 14:1; 16:33) Исо улкан оломон мустаҳкам имон ёрдамида буюк мусибатдан омон қолишига ишонган. (Ваҳ. 7:9, 14) Хўш, сиз улар орасида бўласизми? Ҳозирда имонингизни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун барча имкониятдан фойдалансангиз, Яҳованинг инояти туфайли албатта бўласиз! (Иброн. 10:39)

118- ҚЎШИҚ «Имонимизга имон қўшинг»

^ абз. 5 Барчамиз бу ёвуз дунё ўз ниҳоясига етишини хоҳлаймиз. Лекин гоҳида охиригача сабр-бардошли бўлиш учун имоним етарли бўлармикин, деб ўйлаётгандирмиз. Ушбу мақолада имонимизни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган мисолларни ва сабоқларни кўриб чиқамиз.