Ўқувчиларнинг саволлари
Исо ўлимидан олдинги кечада валинеъмат деб кимларни назарда тутган ва нега уларга бундай ном берилган?
Ўлимидан олдинги кечада Исо ҳаворийларини имондошлари орасида мансаб ва машҳурликка интилмасликка ундаган. У қуйидагича деган: «Шоҳлар халқлар устидан ҳукмронлик қилишади. Халқларни бошқаришга ҳуқуқи борларни валинеъмат деб аташади. Сизлар бўлса уларга ўхшаманглар». (Луқо 22:25, 26)
Валинеъмат деб Исо кимларни назарда тутган? Қадимий ёзувлар, тангалар ва қўлёзмаларга кўра, Юнон ҳамда Рим ҳукуматида машҳур кишиларни, бошқарувчиларни евергет ёки валинеъмат деб улуғлашган. Киши омма учун бирон иш қилгани туфайли бундай шарафга сазовор деб топилган.
Бир нечта шоҳларга валинеъмат унвони берилган. Уларнинг орасида, Миср подшоҳлари Птолемей III Евергет (тах. мил. авв. 247–222) ва Птолемей VIII Евергет II (тах. мил. авв. 147–117) бўлган. Рим бошқарувчиларидан Юлий Цезарь (мил. авв. 48–44) ва Август (мил. авв. 31–мил. 14), Яҳудия шоҳи Ҳирод ҳам бундай унвонга сазовор бўлган. Ҳироднинг вазиятини оладиган бўлсак, эҳтимол, у очлик пайтида халққа буғдой ва кийим-кечак бергани учун бундай шарафга эришган.
Немис илоҳиётшуноси Адольф Дейсманнинг ёзганларига биноан, бундай унвон билан аталиш кенг тарқалган эди. Унинг айтишича: «Қадимий ёзувларда шоҳлар юздан ошиқ маротаба [мазкур унвон билан] тилга олинган, камдан-кам ҳолларда унвонсиз ишлатилган».
Хўш, Исо шогирдларга: «Сизлар бўлса уларга ўхшаманглар»,— деганда нимани назарда тутган? Исо омма учун ҳеч қандай иш қилмаслик, яъни бошқаларнинг манфаати учун қайғурмаслик керак демоқчи бўлганми? Йўқ. У инсон сахийликни намоён этганда, унинг нияти қандай бўлишини назарда тутган.
Исонинг даврида одамлар театр ва майдондаги ўйинлар учун ҳомийлик қилиб, хиёбону маъбадлар қуриб ҳамда шу каби ишлар қилиб ўзлари учун ном орттирмоқчи бўлишган. Уларнинг нияти шарафга, машҳурликка эга бўлиш ҳамда одамларни улар учун овоз беришга ундаш бўлган. Бир манбада айтилишича: «Гарчи уларнинг орасида чин дилдан қурбонлик қилган кишилар бўлган бўлса-да, бундай ишлар асосан сиёсий манфаатни кўзлаб қилинар эди». Исо издошларини мана шундай машҳурликка интилмасликка ва ўз манфаатини кўзлаб йўл тутмасликка ундаган.
Бир неча йил ўтгач, ҳаворий Павлус ҳам пок ният билан бериш муҳим эканини таъкидлаган. У Коринфдаги имондошларига: «Ҳар бир инсон норози бўлиб ёки мажбурият юзасидан эмас, балки кўнглида ният қилганини берсин. Чунки Аллоҳ қувонч билан берганни севади»,— деб ёзган. (2 Кор. 9:7)