Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

11- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Сувга чўмишга қай йўсин тайёрлана оласиз?

Сувга чўмишга қай йўсин тайёрлана оласиз?

Сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти? ҲАВОР. 8:36

50- ҚЎШИҚ Бағишланиш ибодати

БУ МАҚОЛАДА a

Дунё бўйлаб ёш ва кекса инсонлар маънан ўсиб, сувга чўмяпти (1-, 2- хатбошиларига қаранг.)

1, 2. Сувга чўмишга ҳали тайёр бўлмасангиз нега таслим бўлмаслигингиз лозим? (Муқовадаги расмга қаранг.)

 СУВГА чўмишни истасангиз, буни мақсадга айлантирсангиз бўлади. Хўш, ҳозир бунга тайёрмисиз? Агар тайёр бўлсангиз ва оқсоқоллар қарши бўлмаса, бу қадамни ортга сурманг. Дарҳақиқат, Яҳовага хизмат қилиб мазмунли ҳаёт кечирасиз.

2 Лекин кимдир сизга сувга чўмишдан аввал маънан ўсишингиз кераклигини айтгандир. Ёки бу ҳақда ўзингиз ўйлагандирсиз. Унда, таслим бўлманг. Ёшингиз нечада бўлишидан қатъи назар, ушбу мақсадга эриша оласиз.

«НИМА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛЯПТИ?»

3. Ҳабашистонлик амалдор Филипдан нима деб сўраган ва қандай савол пайдо бўляпти? (Ҳаворийлар 8:36, 38)

3 Ҳаворийлар 8:36, 38 ни ўқинг. Ҳабашистонлик амалдор хушхабар воизи Филипдан шундай сўраган: «Сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?» У сувга чўмишни истаган, лекин бунга тайёр бўлганми?

Ҳабашистонлик амалдор Яҳова ҳақида кўпроқ билим олишни жуда хоҳлаган (4- хатбошига қаранг.)

4. Ҳабашистонлик амалдор кўпроқ билишни истаганини нимадан кўряпмиз?

4 Ҳабашистонлик амалдор «Худога топиниш учун Қуддусга келган эди». (Ҳавор. 8:27) Ҳойнаҳой, у яҳудий динига кирган эди. Шубҳасизки, бу амалдор Яҳова ҳақида Ибронийча ёзувлардан билиб олган. Шундай бўлса ҳам, у кўпроқ билишни истаган. Филип уни йўлда учратганида у нима қилаётганди? У Ишаё пайғамбарнинг битикларини ўқиётганди. (Ҳавор. 8:28) Бу қаттиқ маънавий озуқа эди. Амалдор Муқаддас Ёзувлардаги асосий таълимотлар билан кифояланмай, кўпроқ билиб олмоқчи бўлган.

5. Ҳабашистонлик амалдор билиб олганлари билан кифояланганми?

5 Ўша киши ҳабашистонлик малика ҳузурида юқори мавқега эга бўлиб, «унинг бутун хазиналари мудири» эди. (Ҳавор. 8:27) Шунга у жуда банд бўлгандир. Бунга қарамай, у Яҳовага топиниш учун вақт ажратган. Ҳабашистонлик амалдор билиб олганлари билан кифояланмай, уларга амал қилишга интилган. Шу боис, у Қуддусдаги маъбадда Яҳовага топиниш учун Ҳабашистондан узоқ йўл босиб келган. Эҳтимол, бу сафарга анчагина маблағ ҳамда вақт кетган. Лекин бу Яҳовага топинишига тўсқинлик қилишига йўл қўймаган.

6, 7. Амалдорнинг Яҳовага бўлган севгиси нима туфайли ошган?

6 Ҳабашистонлик киши Филипдан баъзи муҳим ҳақиқатларни, жумладан, Масиҳ ҳақида билиб олган. (Ҳавор. 8:34, 35) Амалдор Исо у учун нималар қилганини билганида қаттиқ таъсирланган. Бу уни нима қилишга ундаган? У яҳудий динини танлаган обрўли инсон сифатида қолишни танламаган. Аксинча, Яҳова ҳамда Исо Масиҳга бўлган севгисини кучайтирган. Бу уни сувга чўмиб, Исо Масиҳнинг издоши бўлишдек муҳим қарорни чиқаришга ундаган. Филип у сувга чўмишга тайёр эканини кўрган. Шунинг учун, уни сувга чўмдирган.

7 Амалдор каби сувга чўмиш учун сиз ҳам тайёргарлик кўрсангиз бўлади. Шунда: «Сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?» — деган саволга аминлик билан жавоб бера оласиз. Келинг, у каби қўйишингиз мумкин бўлган баъзи қадамларга назар солайлик. У ўрганишда, билиб олганларига амал қилишда ва Худога бўлган севгисини кучайтиришда давом этган.

ЎРГАНИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

8. Юҳанно 17:3 га биноан, нима қилишингиз лозим?

8 Юҳанно 17:3 ни ўқинг. Исонинг ушбу гаплари тадқиқ бошлашингизга ёрдам берганми? Бу кўпчилигимизга кўмаклашган. Лекин ушбу сўзлардан билим олишда давом этишимиз лозимлиги кўриняптими? Ҳа. Биз «танҳо ҳақ Худони» таниб-билишдан ҳеч қачон тўхтамаслигимиз керак. (Воиз 3:11) Биз абадият давомида ўрганамиз. Яҳова ҳақида қанча кўп билим олсак, Унга шунча кўп яқинлашамиз. (Заб. 73:28)

9. Муқаддас Китобдаги асосий таълимотларни билгач, нима қилишимиз лозим?

9 Яҳовани таниб-билишни бошлаганда фақат асосий таълимотларни ўрганамиз. Ибронийларга йўллаган мактубида ҳаворий Павлус бу таълимотларни «оддий нарсалар» деган. У «бошланғич таълимотлар» муҳим эмас, деб айтмаган. Аксинча, уларни чақалоқни озиқлантирадиган сут билан солиштирган. (Иброн. 5:12; 6:1) Павлус барча масиҳийларни фақат асосий таълимотларни эмас, балки Худонинг Каломидаги чуқур ҳақиқатларни билиб олишга ундаган. Сиз ҳам Муқаддас Китобдаги асосий таълимотлар билан чекланмай, янада чуқур билим олишни хоҳлайсизми? Яҳова ҳамда Унинг ниятлари ҳақидаги билимларни ошириб, маънан ўсмоқчимисиз?

10. Нега баъзилар учун тадқиқ ўтказиш қийин?

10 Кўпчилигимиз учун тадқиқ ўтказиш қийин бўлиши мумкин. Сизда ҳам шундайми? Мактабда устозлар сизни яхши ўқитишганми? Таълим олиш сизга ёқармиди? Бу орқали кўпроқ билим олганингизни сезганмисиз? Ёки барибир яхши ўқий олмайман, деб ўйлаганмисиз? Агар шундай бўлса, руҳингиз тушмасин. Кўпчилик учун бу қийин кечади. Лекин Яҳова сизга ёрдам бера олади. У коинотдаги энг мукаммал ва аъло Устоздир.

11. Яҳова «Буюк Устоз» экани нимадан кўриняпти?

11 Яҳова Ўзини «Буюк Устоз» деб айтяпти. (Ишаё 30:20, 21) Чиндан ҳам, У меҳрибон, сабрли ва тушунадиган Устоз. Худо Ундан таълим олаётган инсонларнинг яхши томонларини кўради. (Заб. 130:3) Қолаверса, У қўлимиздан келмайдиган нарсани биздан талаб қилмайди. Унутмангки, Худо бизга миямиз бўлмиш ажойиб ҳадяни ато этган. (Заб. 139:14) Дарҳақиқат, билим олиш чанқоғи билан яратилганмиз. Парвардигоримиз абадий таълим олишимизни ва бундан завқланишимизни хоҳлайди. Шундай экан, ҳозир Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни «тусашнинг» айни пайтидир. (1 Бутр. 2:2) Шу боис, эришишингиз мумкин бўлган мақсадлар қўйинг. Муқаддас Китобни ўқиш ва тадқиқ қилиш жадвалига амал қилинг. (Ёшуа 1:8) Яҳованинг кўмаги билан Каломни ўқиш ва ўрганиш жону дилингиз бўлади.

12. Нега шахсий тадқиқда Исонинг ҳаёти ва хизматини ўрганишимиз керак?

12 Мунтазам равишда Исонинг ҳаёти ва хизмати устида мулоҳаза юритишга вақт ажратинг. Яҳовага хизмат қилмоқчи бўлсак, айниқса, ушбу қийин дамларда Исонинг изидан оғмай юришимиз лозим. (1 Бутр. 2:21) У шогирдларини қийинчиликларга дуч келиши ҳақида огоҳлантирган. (Луқо 14:27, 28) Лекин Исо улар у каби Худога садоқатли қолиши ҳақида ҳам айтган. (Юҳан. 16:33) Унинг ҳаётини тадқиқ қилишни ва кундалик ҳаётда унга эргашишни мақсад қилиб қўйсангиз бўлади.

13. Яҳовадан нима ҳақида сўрашингиз керак ва нега?

13 Билимнинг ўзи етарли эмас. Ўрганаётганларингиз Яҳовани яхшироқ таниб-билишга ва Унга бўлган севги ҳамда ишончни кучайтиришга ёрдам беради. (1 Кор. 8:1–3) Ўрганишда давом этар экансиз, Яҳовадан имонингизга имон қўшишини сўранг. (Луқо 17:5) У бундай ибодатларга сахийлик ила жавоб беради. Худо тўғрисидаги аниқ билимга асосланган чинакам имон маънан ўсишингизга кўмаклашади. (Ёқб. 2:26)

БИЛИБ ОЛГАНЛАРИНГИЗГА АМАЛ ҚИЛИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

Тўфондан олдин Нуҳ ва унинг оиласи билиб олганларига амал қилган (14- хатбошига қаранг.)

14. Ҳаворий Бутрус билиб олганларимизга амал қилиш муҳимлигини қандай таъкидлаган? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Ҳаворий Бутрус Исонинг издошлари билиб олганларига амал қилиши муҳим эканини таъкидлаган. У Нуҳ пайғамбарнинг мисолига ишора қилган. Яҳова Нуҳга ўша пайтдаги ёвуз инсонларни тўфон орқали йўқ қилишини айтган. Нуҳ ва унинг оиласи омон қолиши учун тўфон ҳақида билишнинг ўзи етарли эмасди. Ҳаворий Бутрус кема қурилаётган, яъни тўфондан олдинги пайт ҳақида айтганига эътибор беринг. (1 Бутр. 3:20) Ҳа, Нуҳ ва унинг оиласи Худонинг айтганларига қулоқ солиб, катта кема қурган. (Иброн. 11:7) Бутрус Нуҳнинг ҳаракатларини сувга чўмиш билан солиштириб: «Шу сингари, ҳозир ҳам сувга чўмиш бор... Бу, сизларни... қутқаради»,— деб айтган. (1 Бутр. 3:21) Қайсидир маънода сувга чўмиш учун қилаётган ҳаракатларингизни Нуҳ ва оиласи йиллар давомида кемани қуриш мақсадида қилган ишлар билан солиштирса бўлади. Қизиқ, сувга чўмишга тайёр бўлиш учун нима қилишингиз лозим?

15. Сидқидилдан тавба қилаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

15 Авваламбор, сидқидилдан тавба қилишимиз керак. (Ҳавор. 2:37, 38) Бу бизни ўзгаришга ундайди. Яҳовага ёқмайдиган ишларга нуқта қўйдингизми? Бунга ахлоқсиз ҳаёт кечириш, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ёки ҳақоратли сўзлардан фойдаланиш киради. (1 Кор. 6:9, 10; 2 Кор. 7:1; Эфес. 4:29) Агар бунга чек қўймаган бўлсангиз, ўзгаришга ҳаракат қилинг. Сиз билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган ваъзгўй билан маслаҳатлашинг ёки оқсоқоллардан ёрдам ва йўл-йўриқ сўранг. Борди-ю, ёш ва ота-онангиз билан яшаётган бўлсангиз, сувга чўмишга тўсқинлик қилаётган ҳар қандай ёмон одатни енгиш учун улардан ёрдам сўранг.

16. Маънавий ишлар билан банд бўлиш нимани ўз ичига олади?

16 Маънавий ишлар билан банд бўлиш ҳам жуда муҳим. Бунга йиғилишларга бориш ва уларда иштирок этиш киради. (Иброн. 10:24, 25) Хизмат қилишга лаёқатли бўлсангиз, буни мунтазам равишда қилишга интилинг. Нажотбахш хабарни қанча кўп эълон қилсангиз, шунча кўп қувонч топасиз. (2 Тим. 4:5) Агар ёш ёки ота-онангиз билан яшаётган бўлсангиз, ўзингиздан шундай сўранг: «Ота-онам йиғилишга боришим ёки хизматда иштирок этишим кераклигини эслатиб туришадими? Ёки буни ўзим хоҳлаб қиламанми?» Буларни ўз хоҳишингиз билан қилиш Яҳовага бўлган севги, миннатдорчилик ва ишончингизни кўрсатади. Буларни «художўй» эканингизнинг белгилари, яъни Яҳовага тақдим этаётган совғаларингиз деса бўлади. (2 Бутр. 3:11; Иброн. 13:15) Худо Унга чин юракдан берган совғаларимиздан мамнун бўлади. (2 Коринфликларга 9:7 ни солиштиринг.) Тангри Яҳовага ўзимизда бор энг яхшисини беришни истаганимиз учун бундай қиламиз.

ЯҲОВАГА БЎЛГАН СЕВГИНГИЗНИ ОШИРИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

17, 18. Қайси фазилат сувга чўмишимизга ёрдам беради ва нега? (Ҳикматлар 3:3–6)

17 Сувга чўмишга интилаётиб, турли қийинчиликларга дуч келасиз. Баъзилар эътиқодингиз туфайли сизни масхара қилар, ҳатто таъқибларга ёки қаршиликларга дучор бўларсиз. (2 Тим. 3:12) Ёмон одатлар билан курашишга ҳаракат қилаётганингизда, гоҳида енгилишингиз мумкин. Ёхуд бу мақсадга эришиш йўлида сабрсизлик қилаётгандирсиз ёки тушкунликка тушаётгандирсиз. Бардошли бўлишингизга энг муҳим фазилат, яъни Яҳовага бўлган севги ёрдам беради.

18 Яҳовага бўлган севгингиз сизда бор бўлган энг гўзал фазилатдир. (Ҳикматлар 3:3–6 ни ўқинг.) Унга бўлган кучли севги муаммоларингизни муваффақият ила енгишга ёрдам беради. Муқаддас Китобда Худонинг хизматчиларига бўлган севгисига нисбатан меҳр-садоқат сўзи кўп марта қўлланилган. Бу фазилат У хизматчиларини ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини ёки севишдан тўхтамаслигини англатади. (Заб. 100:5) Аллоҳ сизни Ўзига монанд қилиб яратган. (Ибт. 1:26) Хўш, бу фазилатни бошқаларга қандай намоён эта оласиз?

Ҳар куни Яҳовага миннатдорчилик билдиришингиз мумкин (19- хатбошига қаранг.) b

19. Яҳова сиз учун қилаётган барча яхшиликларга нисбатан миннатдорчиликни қандай ошира оласиз? (Галатияликларга 2:20)

19 Миннатдорчиликдан бошланг. (1 Салон. 5:18) Ҳар куни ўзингиздан: «Яҳова менга Ўз севгисини қандай кўрсатяпти?» — деб сўранг. Кейин эса Унга ибодат қилиб, У шахсан сизнинг фойдангизни кўзлаб қилаётган муайян нарсалар учун миннатдорчилик билдиринг. Ҳаворий Павлус каби Яҳова сизни севгани учун қилаётган яхшиликларни кўришга интилинг. (Галатияликларга 2:20 ни ўқинг.) Ўзингизга шундай савол беринг: «Худога жавобан севгимни қандай кўрсата оламан?» Унга бўлган севги васвасаларга қарши туришга ва қийинчиликларда бардошли бўлишга кўмаклашади. Бу сизни Яҳовага мунтазам равишда топинишга ва ҳар куни Унга бўлган севгингизни кўрсатишга ундайди.

20. Ўзимизни Яҳовага бағишлаш нимани ўз ичига олади ва бу қарор қанчалик муҳим?

20 Албаттаки, Худога бўлган севги сизни ибодат қилиб, ўзингизни Унга бағишлашга ундайди. Бу ибодат ўзгачадир. Унутманг, ўзингизни Яҳовага бағишласангиз ажойиб шарафга муяссар бўласиз. Сиз Унга абадий тегишли бўлишингиз мумкин. Ҳаётингизни Яҳовага бағишлаганда ҳам яхши, ҳам ёмон кунда Унга хизмат қилишга ваъда берасиз. Бу ваъда иккинчи марта такрорланмайди. Ҳа, ҳаётимизни Яҳовага бағишлаш муҳим қарордир. Лекин ушбу фикрга эътибор беринг: ҳаётимизда кўплаб қарорлар чиқарамиз, улардан баъзилари яхши бўлади. Аммо ҳеч бири ҳаётимизни Яҳовага бағишлаш қарорига тенг кела олмайди. (Заб. 50:14) Шайтон Отамизга бўлган севгингизни сусайтиришни ва бенуқсонликдан воз кечишингизни истайди. У зафар қозонишига йўл қўйманг! (Аюб 27:5) Худога бўлган кучли севгингиз ваъдангизга содиқ қолишга ва Унга янада яқинлашишга кўмаклашади.

21. Нега сувга чўмиш саёҳатнинг охири эмас, бошланиши деб айта оламиз?

21 Ўзингизни Яҳовага бағишлагач, оқсоқоллар билан кейинги муҳим қадам тўғрисида гаплашинг. Доим ёдингизда бўлсин, сувга чўмиш бу саёҳатнинг охири эмас, бошланишидир. Ўшандан буён Яҳовага тоабад хизмат қила оласиз. Шунинг учун, ҳозирнинг ўзида Отамизга бўлган севгингизни оширинг. Уни кундан-кунга кучайтиришга ёрдам берадиган мақсадлар қўйинг. Улар сизни сувга чўмишга етаклайди. Ўша кун унутилмас бўлади. Бироқ бу бошланиши, холос. Илоё, Яҳовага ҳамда Унинг Ўғлига бўлган севгингиз тоабад ўссин!

135- ҚЎШИҚ Яҳова меҳр ила чорлар: «Ўғлим, доно бўл»

a Маънан ўсиб сувга чўмиш учун ниятимиз тўғри бўлиши керак. Шунингдек, тўғри ишлар қилишимиз лозим. Ҳабашистонлик амалдорнинг мисолини кўриб чиқиш орқали сувга чўммоқчи бўлган инсон қандай қадамлар қўйиши кераклигини билиб оламиз.

b РАСМГА ШАРҲ. Опамиз Яҳова тақдим этган нарсалар учун ибодатда раҳмат айтяпти.