Муқаддас Китоб ҳамон ҳаётингизни ўзгартиряптими?
Онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар. РИМ. 12:2
1–3. а) Сувга чўмганимиздан кейин қайси масалаларда ўзгариш қийин кечиши мумкин? б) Агар яхшиланиш ўйлаганимиздан ҳам мушкул кечса, ўзимизга қайси саволларни берсак бўлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмларга қ.)
КЎП йиллар мобайнида Кевин * қимор ўйнаган, чеккан, меъёридан ортиқ ичган ва гиёҳванд моддаларини истеъмол қилган эди. Ҳақиқатни билгач эса, унда Яҳова билан дўстлашиш истаги пайдо бўлди. Лекин бу учун Кевин ҳаёт тарзини ўзгартириши керак эди. У Яҳовага таяниш орқали ва Муқаддас Китобнинг таъсирли кучи ёрдамида бунинг уддасидан чиқди. (Иброн. 4:12)
2 Сувга чўмганидан кейин Кевин ҳаётига ўзгаришлар киритишни тўхтатдими? Йўқ, у фазилатлари устида ишлаб, уларни яхшилашга ҳамон ҳаракат қиляпти. (Эфес. 4:31, 32) Масалан, унинг тезда қизишиб кетиш одати бор эди ва буни ўзгартириш у учун қийин кечганди. Кевин шундай деб бўлишди: «Ўзимни тийишни ўрганиш, аслида, эски одатларимни ташлашдан анча қийинроқ бўлиб чиқди». Лекин самимий ибодат ва чуқур шахсий тадқиқ орқали у буни қила олди.
3 Кевинга ўхшаб кўпларимиз сувга чўмишдан олдин ҳаётимизни Муқаддас Китобдаги қонун-қоидаларга мувофиқ тарзда ўзгартирганмиз. Сувга чўмгандан кейин эса, Аллоҳга ва Исога кўпроқ тақлид қилиш учун кичикроқ нарсаларда ҳам яхшиланишимиз кераклигини англаганмиз. (Эфес. 5:1, 2; 1 Бутр. 2:21) Мисол учун, бизда танқид қилиш, одамлардан қўрқиш, ғийбат қилиш ёки шунга ўхшаш бошқа мойиллигимиз борлигини пайқагандирмиз. Бу масалаларда ўзгариш ўйлаганингиздан ҳам мушкул бўлиб чиқдими? Агар шундай бўлса, ўзингиздан: «Ахир ҳаётимга шунча катта ўзгаришлар киритдим-ку, бундай кичкина нарсада ўзгариш нега шунчалик қийин? Аллоҳнинг Каломи ҳаётимни яхшилашига ҳамон йўл қўйяпманми?» — деб сўрашингиз мумкин.
ЎЗИНГИЗДАН КЎП НАРСАНИ ТАЛАБ ҚИЛМАНГ
4. Нима учун ҳар доим ҳам Яҳовани хушнуд эта олмаймиз?
4 Яҳовани таниб-билганимиз ва севганимиз учун Уни хушнуд этишни истаймиз. Ушбу истагимиз қанчалик кучли бўлмасин, номукаммаллигимиз туфайли Худони мамнун қилиш доим ҳам қўлимиздан келмайди. Шундай пайтларда ўзимизни ҳаворий Павлус каби ҳис қилишимиз ҳеч гап эмас. Зеро у: «Яхшиликни хоҳлашга хоҳлайман-у, лекин қилмайман»,— деб айтган эди. (Рим. 7:18; Ёқб. 3:2)
5. Сувга чўмишдан олдин нимадан халос бўлганмиз, лекин қайси камчиликлар билан ҳалигача курашаётган бўлишимиз мумкин?
5 Жамоат аъзоси бўлишдан олдин, Яҳова нафратланадиган одатлардан халос бўлганмиз. (1 Кор. 6:9, 10) Лекин шунга қарамай, гуноҳкорлигимиз барибир намоён бўлиб туради. (Колос. 3:9, 10) Сувга чўмганимизга неча йил бўлишидан қатъи назар, ўзимиздан умуман хато қилмасликни, муваффақиятсизликка учрамасликни ёки ёмон истаклар ва туйғуларга берилмасликни кутиш нотўғри бўларди. Сабаби, муайян камчилигимиз билан ҳатто кўп йиллар давомида курашиб келаётгандирмиз.
6, 7. а) Гарчи номукаммал бўлсак-да, нима туфайли Яҳова билан дўст бўла оламиз? б) Нега Яҳовадан кечирим сўрашда давом этишимиз керак?
6 Мерос қилиб олинган номукаммаллик бизни Яҳова билан дўстлашишдан ёки Унга хизмат қилишни давом этишдан тўхтатмаслиги лозим. Келинг, қуйидагилар устида мулоҳаза юритайлик. Яҳова бизни Ўзига жалб қилганида, баъзида нотўғри йўл тутишимиз мумкинлигини биларди. (Юҳан. 6:44) Қолаверса, Аллоҳ феъл-атворимизни ва қалбимизда нима борлигини билгани учун, қайси нуқсонларимиз билан курашишга тўғри келишидан ва бунда гоҳида қоқилишимиз мумкинлигидан У хабардор бўлгани шубҳасиз. Бироқ буларнинг ҳеч бири Яҳовани биз билан дўстлашишдан тўхтатмади.
7 Севги Худони биз учун беназир бир ҳадяни, яъни севимли Ўғлини тўлов қурбонлиги сифатида тақдим этишга ундади. (Юҳан. 3:16) Хатога йўл қўйганимизда, ушбу қимматбаҳо қурбонлик асосида тавба қилиб, Яҳовадан кечирим сўрасак, У билан дўстлигимизга путур етмаслигига амин бўлишимиз мумкин. (Рим. 7:24, 25; 1 Юҳан. 2:1, 2) Ўзимизни нопок ёки гуноҳкор ҳис қилганимизда, тўлов келтирадиган баракалардан фойдаланамизми ё бундай қилишга иккиланамизми? Албаттаки, иккиланмаймиз! Акс ҳолда, кир қўлимизни ювиш учун сувни ишлатишдан бош тортгандай бўламиз. Устига-устак, тўлов қурбонлиги ҳамма гуноҳкор одамлар учун тақдим этилган. Гарчи номукаммал бўлсак-да, тўлов туфайли Яҳова билан дўст бўлиш имкони борлигидан нақадар миннатдормиз! (1 Тимўтийга 1:15 ни ўқинг.)
8. Нима учун камчиликларимизга бепарво бўлмаслигимиз лозим?
8 Шубҳасизки, камчиликларимизга бепарво бўлмаслигимиз лозим. Яҳова билан Заб. 14:1–5) Бу, шунингдек, гуноҳга бўлган мойилликларимизни назорат қилишни ва ҳатто имкон бўлганда, улардан озод бўлишни ўз ичига олади. Дарҳақиқат, неча йилдан бери ҳақиқатда бўлишимиздан қатъи назар, фикримизни «тўғрилаб туришимиз» зарур. (2 Кор. 13:11)
дўстликни ривожлантиришга, Унга ҳамда Исога янада кўпроқ тақлид қилиш ва улар истаётгандай инсон бўлишга астойдил ҳаракат қилиш киради. (9. Янги ўзликни кийиб олиш узлуксиз жараён эканини қаердан биламиз?
9 Фикримизни «тўғрилаб туриш» ва «янги ўзликни кийиб олиш» учун давомий ҳаракатлар талаб этилади. Ҳаворий Павлус имондошларига қуйидаги эслатмани берганди: «Шундай экан, алдамчи эҳтирослари билан бузилиб бораётган ва аввалги турмуш тарзига хос бўлган эски ўзликни ечиб ташлаб, бунинг ўрнига ақлингизни янгилаб, ҳақиқий одиллик ва садоқатга асосланган, Худонинг ниятига кўра яралган янги ўзликни кийиб олинглар». (Эфес. 4:22–24) «Янгилаш» сўзи, янги ўзликни кийиб олиш узлуксиз жараён эканига ишора қиляпти. Бу далдалидир, нега деганда бу, Яҳовага неча йилдан бери хизмат қилишимиздан қатъи назар, янги ўзликни ҳосил қилувчи масиҳийларга хос фазилатларни ривожлантиришда муваффақиятли бўла олишимизга ишонтиряпти. Ҳа, Муқаддас Китоб ҳаётимизни доимий тарзда ўзгартиришга қодир.
НЕГА БУ ШУНЧАЛИК ҚИЙИН?
10. Муқаддас Китоб ёрдамида ўзгаришда давом этиш учун нима қилишимиз лозим ва қайси саволлар юзага келиши мумкин?
10 Агар Аллоҳнинг Каломи бизни доимий равишда ўзгартиришини истасак, зўр бериб ҳаракат қилишимиз даркор. Бироқ нега биздан шундай ҳаракатлар талаб этилади? Яҳова саъй-ҳаракатларимизга барака берар экан, унда наҳот маънан камол топиш қийин бўлса? Илоҳий фазилатларни намоён этишда қийналмаслигимиз учун, наҳотки Яҳова камчиликларимиз билан курашишга ёрдам бермаса?
11–13. Нима учун Яҳова илоҳий фазилатларни ривожлантиришда астойдил ғайрат кўрсатишимизни хоҳлайди?
11 Коинот тўғрисида мулоҳаза юритганимизда, Яҳова буюк куч-қудратга эга эканини тушунамиз. Масалан, қуёш бир сонияда 5 миллион тонна ёруғлик нурларини тарқатади. Гарчи бунинг оз қисмигина ер атмосферасидан ўтса-да, ерда ҳаёт мавжуд бўлиши учун бу етарлидир. Чунки бу орқали ер керакли миқдорда иссиқлик ва ёруғлик билан таъминланади. (Заб. 73:16; Ишаё 40:26) Хизматчилари муҳтож бўлганда, Яҳова уларга ҳам керакли кучни беришга тайёр. (Ишаё 40:29) Ҳа, нуқсонларимизга қарши кураш биз учун осонроқ кечиши ёки хатоларимизни бошқа қайтармаслигимиз учун Яҳова куч бахш этишга қодир. Унда нега У бундай қилмайди?
12 Яҳова бизга ирода эркинлиги каби беқиёс бир совғани ато этган. Худонинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечиришни танлаб ва бу учун жон-жаҳдимиз билан уриниб, Яҳовани қанчалик қаттиқ севишимизни ҳамда Уни мамнун қилмоқчи эканимизни кўрсатамиз. Шунингдек, Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаётганимизни ҳам намоён этамиз. Маълумки, Шайтон Яҳованинг ҳукмронлигини шубҳа остига солган. Шунинг учун хайрихоҳ Отамиз Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаш ниятида қилган ихтиёрий ва қатъий ҳаракатларимизни жуда қадрлаши шубҳасиз. (Аюб 2:3–5; Ҳик. 27:11) Лекин Яҳова, Уни хушнуд этишимиз учун мойилликларимиз билан курашишдан бизни бутунлайин озод қилганида эди, садоқатимизни ва Унинг тарафдори эканимизни исботлай олмасдик.
13 Шу боис, Яҳова бизни илоҳий фазилатларни ривожлантиришда «астойдил ғайрат кўрсатишга» чорлаяпти. (2 Бутрус 1:5–7 ни ўқинг; Колос. 3:12) У фикрларимиз ва ҳис-туйғуларимизни назорат қилишда бор кучимизни ишга солишимизни истайди. (Рим. 8:5; 12:9) Бу учун сидқидилдан ҳаракат қилсак, Муқаддас Китоб ҳамон ҳаётимизни ўзгартираётганини кўриб, янада хурсанд бўламиз!
ИЛОЙИМ, АЛЛОҲНИНГ КАЛОМИ СИЗНИ ЎЗГАРТИРИБ БОРАВЕРСИН!
14, 15. Яҳовага маъқул фазилатларни ривожлантириш учун нима қилсак бўлади? (« Муқаддас Китоб ва ибодат уларнинг ҳаётини ўзгартирди» номли рамкага қ.)
14 Яҳовага маъқул фазилатларни ривожлантириб, Уни хушнуд этиш учун нима қилишимиз керак? Нимани ўзгартиришимиз кераклиги бўйича режа тузишнинг ўзи етарли эмас. Биз ҳаракат қилишда давом этиб, Римликларга 12:2 даги Худонинг мана шу йўл-йўриғига амал қилишимиз лозим: «Ушбу замонга уйғунлашманглар, аксинча, Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси нимада эканини аниқлаш учун онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар». Яҳованинг талабларига мос келишимиз учун, У Каломи ва муқаддас руҳи орқали иродасини англашга, унга мувофиқ йўл тутишга ва ҳаётимизни ўзгартиришга кўмаклашяпти. Биз Муқаддас Ёзувларни кунда ўқишимиз, улар устида фикр юритишимиз ва муқаддас руҳ сўраб ибодат қилишимиз даркор. (Луқо 11:13; Галат. 5:22, 23) Худонинг йўл-йўриғига итоат қилиб, Каломида очиб берилган нуқтаи назарини акс эттирганимиз сайин, фикрлар, сўзлар ва хатти-ҳаракатларимизда Унга кўпроқ тақлид қилишни бошлаймиз. Бироқ шунда ҳам нуқсонларимизнинг таъсирига берилмаслик учун, улар устида ишлашни тўхтатмаслигимиз керак. (Ҳик. 4:23)
15 Яҳованинг ажойиб хислатларига тақлид қилиш мақсадида Муқаддас Китобни кунда ўқишдан ташқари, уни ва унга асосланган адабиётларни тадқиқ қилиш зарур. Баъзилар илоҳий фазилатларни ривожлантиришга ёки қандайдир нуқсони билан курашишга қўл келадиган оятларни ва «Қўриқчи минораси» ёхуд «Уйғонинг!» журналларидаги муайян мақолаларни йиғиб, уларни гоҳида кўриб чиқиш фойдали эканига амин бўлишди.
16. Агар ўзгариш бизга секин кечаётгандек туюлса, нега руҳимиз тушмаслиги керак?
16 Агар маънан ўсиш жараёни сизга секин кечаётгандек туюлса, бу учун муайян вақт талаб этилишини эсингизда тутинг. Илоҳий фазилатларни ривожлантириш тўхтовсиз жараёндир. Муқаддас Китоб ҳаётимизни ҳамон ўзгартиришига йўл қўяр эканмиз, сабрли бўлишимиз муҳим. Тўғри, бошида ўзимизни Муқаддас Ёзувларда айтилганларни қилишга ўргатишимиз керак бўлади. Лекин вақт ўтиб, Худога маъқул тарзда фикр юритиш ва йўл тутиш осонроқ кечади. Зеро, фикрларимиз ва хатти-ҳаракатларимиз Тангри Яҳованикига ўхшаб бораверади. (Заб. 36:31; Ҳик. 23:12; Галат. 5:16, 17)
БИЗНИ КУТАЁТГАН ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК ҲАҚИДА ЎЙЛАНГ
17. Агар Яҳовага садоқатли бўлсак, қандай келажакни кутишимиз мумкин?
17 Охир-оқибат, Яҳованинг садоқатли хизматчилари мукаммалликка эришиб, Унга абадий хизмат қилиш шарафига муяссар бўлишади. Ўша пайтда Худо ёқтирадиган хислатларни намоён этиш асло қийинчилик туғдирмайди, аксинча, доим улкан қувонч келтиради. Лекин ҳозир ҳам, тўлов туфайли меҳрибон Аллоҳимизга топиниш имконига эгамиз. Агар Унинг Каломи бизни ўзгартиришига йўл қўйсак, ҳатто номукаммал бўла туриб ҳам Унга топина оламиз.
18, 19. Муқаддас Китоб ҳамон ҳаётимизни ўзгартиришга қодир эканига қандай амин бўлишимиз мумкин?
18 Юқорида тилга олинган Кевин ўзини жиловлашни ўрганиш учун зўр бериб ҳаракат қилди. У Муқаддас Китобдаги принциплар устида мулоҳаза юритиб, уларга амал қилди ва имондошлари тақдим этган ёрдам ҳамда маслаҳатларни қабул қилди. Ўз устида ишлашига бир неча йил кетган бўлса-да, охири Кевин муваффақиятга эришди. Вақт ўтиб, у жамоат хизматкори этиб тайинланди ва мана 20 йилдирки, оқсоқол бўлиб хизмат қиляпти. Шунга қарамай у, камчиликларининг таъсирига берилишдан ўзини доим ҳимоялаши кераклигини тушуняпти.
19 Кевиннинг мисоли, Муқаддас Китоб художўй одамларга ҳаётларини доимо ўзгартиришга ёрдам бера олишини кўрсатяпти. Шундай экан, келинг, Аллоҳнинг Каломи бизни ўзгартиришига ва Яҳова билан янада яқин дўст бўлишимизга ҳисса қўшишига йўл қўйиб берайлик! (Заб. 24:14) Саъй-ҳаракатларимизга Яҳова барака ёғдираётганини кўрганимизда эса, Муқаддас Китоб ҳамон ҳаётимизни ўзгартираётганига буткул амин бўламиз! (Заб. 33:9)
^ абз. 1 (1- хатбоши) Исм ўзгартирилган.