25- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Кечиримли инсонларга Яҳова барака беради
Яҳова сизларни чин дилдан кечирганидек, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар. КОЛОС. 3:13
130- ҚЎШИҚ Кечиримли бўлайлик
БУ МАҚОЛАДА *
1. Яҳова чин дилдан тавба қилганларга қандай ваъда беряпти?
ЯҲОВА Яратувчимиз, Қонун чиқарувчимиз ва Ҳакамимиз бўлибгина қолмай, меҳрибон самовий Отамиздир. (Заб. 100:3; Ишаё 33:22) Унга қарши гуноҳ қилганимиздан кейин чин дилдан тавба қилсак, У бизни нафақат кечира олади, балки кечиришни жуда истайди. (Заб. 86:5) Яҳова Ишаё пайғамбар орқали далда бахш этувчи шундай сўзларни айтган: «Гуноҳларингиз қирмизи матодай бўлса-да, қордай оппоқ бўлади». (Ишаё 1:18)
2. Бошқалар билан яқин муносабатларга эга бўлишни хоҳласак, нима қилишимиз керак?
2 Номукаммал бўлганимиз туфайли барчамиз сўзларимиз ва ишларимиз билан бошқаларни хафа қилиб турамиз. (Ёқб. 3:2) Лекин бу бошқалар билан яқин муносабатларни ривожлантира олмаймиз, дегани эмас. Кечиримли бўлсак буни қила оламиз. (Ҳик. 17:9; 19:11; Мат. 18:21, 22) Бир-биримизни қаттиқ ботадиган сўз ёки иш билан ранжитсак, Яҳова кечиришимизни кутади. (Колос. 3:13) Бу учун арзигулик сабаб бор. Бундай йўл тутганимизда, Яҳова бизни «сидқидилдан кечиради». (Ишаё 55:7)
3. Бу мақолада нималарни билиб оламиз?
3 Бу мақолада номукаммал инсонлар қай йўсин Яҳовага тақлид қилиб, бошқаларни кечира олишини билиб оламиз. Қайси гуноҳлар ҳақида оқсоқолларни хабардор қилишимиз керак? Нега Яҳова бошқаларни кечиришимизни хоҳлайди? Бошқаларнинг гуноҳлари дастидан қаттиқ азоб чеккан баъзи имондошларимиздан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигига диққат қаратамиз.
МАСИҲИЙ ОҒИР ГУНОҲГА ҚЎЛ УРГАНИДА
4. а) Яҳованинг хизматчиси оғир гуноҳга қўл урганида нима қилиши лозим? б) Оқсоқоллар гуноҳ қилган инсон билан учрашганида вазифаси нимадан иборат бўлади?
4 Кимдир жиддий гуноҳга қўл урса бу ҳақда оқсоқолларга хабар беришимиз лозим. Баъзи жиддий гуноҳлар 1 Коринфликларга 6:9, 10 да тилга олинган. Оғир гуноҳ Яҳованинг Қонунини жиддий тарзда бузиш дегани. Масиҳий оғир гуноҳга қўл урса, Яҳовага ибодат қилиши ва жамоат оқсоқолларига мурожаат қилиши даркор. (Заб. 32:5; Ёқб. 5:14) Оқсоқоллар қандай масъулиятга эга? Фақатгина Яҳовада гуноҳларни бутунлай кечириш ваколати бор. У гуноҳларимизни тўлов қурбонлиги асосида кечиради *. Лекин Яҳова гуноҳ қилган инсон жамоатда қолиш-қолмаслигини Муқаддас Китоб асосида ҳал қилиш масъулиятини оқсоқолларга ишониб топширган. (1 Кор. 5:12) Оқсоқоллар буни амалга ошираётиб, қуйидаги саволларга жавоб топиши лозим: «Инсон атайин гуноҳ қилганми? У гуноҳини бошқалардан яширишга интилганми? Муайян вақт давомида оғир гуноҳга қайта қўл урганми? Энг асосийси, чин дилдан тавба қилаётгани яққол кўриняптими? Яҳова уни кечирганининг яққол исботи борми?» (Ҳавор. 3:19)
5. Оқсоқолларнинг меҳнати қандай фойда келтиради?
5 Оқсоқоллар гуноҳ қилган инсон билан учрашганда уларнинг мақсади осмонда чиқарилган қарорни ерда ҳам чиқариш. (Мат. 18:18) Бундай тартиб жамоатга қандай фойда келтиради? Бу бизни тавба қилмаган инсон жамоатда қолиб, Яҳованинг бошқа қадрли хизматчиларига зиён келтирмаслигига ишонтиради. (1 Кор. 5:6, 7, 11–13; Титус. 3:10, 11) Шунингдек, бу гуноҳ қилган инсон тавба қилишига ва Яҳова уни кечиришига ёрдам беради. (Луқо 5:32) Оқсоқоллар тавба қилган киши учун ибодат қилиб, маънан тикланишига Яҳовадан ёрдам сўрашади. (Ёқб. 5:15)
6. Киши жамоатдан четлатилса, Яҳова уни кечиришининг иложи борми? Тушунтиринг.
6 Айтайлик, оқсоқоллар учрашган киши тавба қилмаяпти. Бундай ҳолда у жамоатдан четлатилади. Ўша киши яшаётган мамлакатдаги қонунни бузса, оқсоқоллар қилмишининг оқибатларидан уни ҳимоя қилмайди. Яҳова киши ким бўлишидан қатъи назар, тавба қиладими ёки йўқми, ҳукмрон ҳокимиятларга уни ҳукм қилишга ва жазолашга йўл қўяди. (Рим. 13:4) Бундай инсон қилган ишидан кейинчалик пушаймон бўлиб, чин дилдан тавба қилса ва ўзгарса Яҳова уни бажонидил кечиради. (Луқо 15:17–24) Ҳатто унинг гуноҳи жиддий бўлса ҳам, бу жараён ўзгармайди. (2 Сол. 33:9, 12, 13; 1 Тим. 1:15)
7. Бизга қарши гуноҳ қилган инсонни қайси маънода кечира оламиз?
7 Яҳова гуноҳ қилган инсонни кечириш-кечирмаслигини ҳал қилмаймиз. Бундан жуда хурсандмиз. Лекин бир нарса борасида қарор чиқаришимиз керак. Қизиқ, бу нима экан? Баъзи ҳолларда инсон бизга қарши гуноҳ, ҳатто жиддий гуноҳ қилиши мумкин. Аммо кейин у биздан кечирим сўрар. Эҳтимол, баъзи ҳолларда инсон бундай қилмас. Қандай бўлмасин, кечиришга ва унга аччиқланмасликка ҳаракат қилармиз. Аслини олганда — айниқса инсон дилимизга кучли оғриқ келтирган бўлса — бу вақт ҳамда ҳаракат талаб этади. «Қўриқчи минораси»нинг 1994 йил 15 сентябрь (рус) сонида шундай дейилган: «Гуноҳ қилган инсонни кечиришингиз унинг гуноҳига кўз юмишингизни англатмайди. Масиҳийлар бошқаларни кечириб, Яҳова масалани мукаммал тарзда ҳал қилишига ишонишини кўрсатади. У коинотдаги энг адолатли Ҳакам бўлиб, керакли пайтда адолат ўрнатади». Нега Яҳова кечиримли бўлишимизни ва масалани Унинг қўлига топширишимизни истайди?
НИМА УЧУН ЯҲОВА БИЗНИ КЕЧИРИШГА УНДАЯПТИ?
8. Яҳованинг раҳм-шафқатини қадрлаётганимизни қандай кўрсата оламиз?
8 Кечиримли бўлиш миннатдорлик белгиси. Исо бир масалда Яҳовани қарзини тўлашга қурби етмаган қулнинг катта қарзидан воз кечган хўжайин билан солиштирган. Аммо ўша қул уникига қараганда камроқ қарзи бор бошқа қулнинг қарзидан воз кечмай раҳм-шафқат ила йўл тутмаган. (Мат. 18:23–35) Исо бизга нимани ўргатмоқчи эди? Яҳова бизга нисбатан кўрсатаётган чексиз раҳм-шафқатини қадрласак, бошқаларни кечирамиз. (Заб. 103:9) Анча йил олдин чиққан «Қўриқчи минораси»да бу ҳақда шундай дейилган: «Бошқаларни неча марта кечирганимиздан қатъи назар, уларни ҳеч қачон Яҳова Масиҳнинг қурбонлиги асосида бизни кечирганидек кечира олмаймиз».
9. Яҳова кимларга раҳм-шафқат кўрсатади? (Матто 6:14, 15)
9 Бошқаларни кечирганимизда, Яҳова бизни ҳам кечиради. У раҳм-шафқат кўрсатадиганларга раҳм-шафқат намоён этади. (Мат. 5:7; Ёқб. 2:13) Исо шогирдларига ибодат қилишни ўргатганида буни аниқ айтиб ўтган. (Матто 6:14, 15 ни ўқинг.) Яҳова Аюб пайғамбарга айтган сўзларидан худди шундай сабоқ олишимиз мумкин. Ушбу садоқатли пайғамбарни Элифаз, Билдад ва Зўфарнинг қаттиқ сўзлари ранжитган эди. Яҳова Аюбга улар учун ибодат қилишини айтган. У бундай қилганида эса Яҳова уни мукофотлаган. (Аюб 42:8–10)
10. Ғазабланишда давом этиш бизга қандай таъсир қилади? (Эфесликларга 4:31, 32)
10 Қаҳр-ғазаб ўзимизга зиён келтиради. Қаҳр-ғазабни оғир юкка ўхшатса бўлади. Яҳова бундай юкдан халос бўлиб, хотиржамликни ҳис қилишимизни истайди. (Эфесликларга 4:31, 32 ни ўқинг.) У: «Қаҳру ғазабни ўзингдан соқит қил»,— деб бизни ундаяпти. (Заб. 37:8) Ушбу маслаҳатга амал қилиш бизга фойда келтиради. Кек сақлаш жисмонан ва ақлан бизга зарар келтиради. (Ҳик. 14:30) Заҳар ичиш фақат ўзимизга зарар келтиргани каби бизни хафа қилган инсондан ғазабланишда давом этиш унга эмас, балки ўзимизга зиён келтиради, холос. Бошқаларни кечирганимизда эса ўзимизга совға бергандай бўламиз. (Ҳик. 11:17) Хотиржамликка эга бўлиб, Яҳовага хизмат қилишда давом эта оламиз.
11. Қасос олиш ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган? (Римликларга 12:19–21)
11 Қасос Яҳовага тегишли. Кимдир бизга қарши гуноҳ қилганида, ундан қасос олиш ваколатини Яҳова бизга бермаган. (Римликларга 12:19–21 ни ўқинг.) Номукаммаллигимиз ва нуқтаи назаримиз чегаралангани туфайли Яҳова каби тўғри ҳукм чиқара олмаймиз. (Иброн. 4:13) Баъзида ҳис-туйғуларимиз бизни бошқаргани туфайли қандай йўл тутиш кераклигини аниқлаш қийин бўлади. Бежизга Яҳова Ёқубни шундай деб ёзишга илҳомлантирмаган: «Ғазабга бериладиган одам, Аллоҳ талаб этган адолатга мувофиқ йўл тута олмайди». (Ёқб. 1:20) Биз шунда амин бўлишимиз мумкинки, Яҳова доим тўғри йўл тутади ва охир-оқибат адолатни тиклайди.
12. Яҳова адолатли эканига ишонаётганимизни қандай кўрсата оламиз?
12 Кечиримли бўлиш орқали Яҳова адолатли эканини намоён этамиз. Масалани Яҳованинг қўлига топширсак, У гуноҳнинг барча асоратларини йўққа чиқаришига ишонаётганимизни кўрсатамиз. Янги дунёда оғриқли хотираларимиз бошқа ҳеч қачон «эсга олинмайди, ҳатто кўнгилга ҳам келмайди». (Ишаё 65:17) Бироқ бизни қаттиқ хафа қилишганида қалбимиздаги қаҳру ғазаб, гина-кудурат туйғуларидан қутулишнинг иложи борми? Бундай қилиш қўлидан келган баъзи инсонларнинг мисолларига назар солайлик.
КЕЧИРИШ БАРАКАЛАР КЕЛТИРАДИ
13, 14. Тони ва Хосе билан бўлган вазиятдан кечиримли бўлиш борасида нимани ўргандингиз?
13 Бошқаларнинг хатти-ҳаракатлари кўп биродару опа-сингилларимизга қаттиқ ботган. Лекин улар кечиришга қарор қилган. Бу уларга қандай барака келтирган?
14 Филиппинда яшовчи Тони * исмли биродаримиз ҳақиқатни билишидан анча олдин Хосе исмли бир киши акаларидан бирини ўлдирганини эшитиб қолган. Ўшанда Тони жуда жаҳлдор инсон бўлган ва қасос олишни истаган. Хосе ҳибсга олиниб, жинояти учун қамалган. Вақт ўтиб, у қамоқдан озод бўлган. Тони эса уни топишга ва ўлдиришга онт ичган. Бунинг учун у ҳатто тўппонча сотиб олган. Вақт ўтгач, Тони Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган. У шундай деди: «Тадқиқ давомида шахсиятимни ва хатти-ҳаракатларимни ўзгартиришим, жумладан, қаҳр-ғазабдан халос бўлишим кераклигини билиб олдим». Тони сувга чўмди ва кейинчалик жамоатда оқсоқол этиб тайинланди. У Хосе ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлгани ҳақида эшитганида жуда ҳайрон қолди. Уларнинг иккаласи учрашганида бир-бирини қаттиқ қучоқлади ва Тони Хосени кечирди. Тонининг айтишича, кечириш унга улкан қувонч келтирди. Бу туйғуни таърифлашга тил ожиз. Ҳа, Тони чин дилдан кечиргани учун Яҳова унга барака ато этди.
15, 16. Питер ва Сью билан бўлган вазиятдан кечиримли бўлиш борасида нимани ўргандингиз?
15 Питер ва Сью 1985 йили Йиғилиш залида портлаш юз берганида, ўша ерда бўлишган. Бир киши у ерда бомба ўрнатган. Натижада Сью жиддий жароҳат олган. Бу унинг кўриш ва эшитиш қобилиятларига ёмон таъсир қилган. У шунингдек, ҳид билмай қолган *. Питер ва Сью ўзларидан тез-тез шундай сўрашган: «Бундай разил ишни ким қилиши мумкин?» Портлаш уюштирган киши Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган. Кўп йиллар ўтгач, у ҳибсга олинган ва умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган. Питер ва Сьюдан: «Бу кишини кечирдингизми?» — деб сўрашганида, улар қуйидагича жавоб беришган: «Яҳова бизга ғазабланиш ва хафагарчилик жисмоний, ҳиссий ва ақлий зарар келтириши ҳақида ўргатяпти. Шунинг учун портлашдан кўп ўтмай, Яҳовадан ғазабланмасликка ва бу кишини кечириб, хотиржам бўлиб яшашимизга ёрдам беришини сўраганмиз».
16 Хўш, уларга ўша кишини кечириш осон бўлганми? Албатта, йўқ. Улар шундай деди: «Жароҳатлар туфайли Сью азоб чекканида салбий туйғулар пайдо бўлади. Бироқ бу ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиламиз. Шунда бу салбий туйғулар бизни тарк этади. Ростини айтсак, бир кун келиб ўша киши биродаримиз бўлса, уни илиқ қарши оламиз. Бу воқеадан Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилсак, салбий туйғулардан халос бўлишимиз мумкинлигини ўргандик. Дарҳақиқат, принциплар тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроқ фойда келтиряпти. Қолаверса, Яҳова яқинда барча азоб-уқубатларга чек қўйишини билиш ҳам бизга тасалли бахш этяпти».
17. Мира билан бўлган вазиятдан кечиримли бўлиш борасида нимани ўргандингиз?
17 Мира ҳақиқатга келганида аллақачон турмуш қурган ва иккита фарзанди бор эди. Унинг эри эса ҳақиқатни қабул қилмай, бироз вақт ўтганидан кейин хиёнат қилди ва оиласини ташлаб кетди. Мира қуйидагича бўлишди: «Эрим мени ва иккита боламни ташлаб кетганида, севган инсоним томонидан бундай муносабат қаттиқ зарба бўлди. Мен ишончсизлик, қайғу, афсусланиш, ўзимни айблаш ва ғазаб каби салбий туйғуларни ҳис қилдим». Никоҳи тугаган бўлса-да, хиёнат келтирган оғриқ тугамаган эди. Мира шундай деб давом этди: «Бундай ҳис-туйғулар бир неча ой давомида мени тарк этмади. Бу Яҳова ҳамда бошқалар билан бўлган муносабатларимга таъсир қилаётганини тушундим». Мира собиқ эрига нисбатан ғазаб туйғусини енга олганини ва унга ҳеч қандай ёмонлик тиламаётганини айтди. У бир кун келиб эри Яҳовага яқинлашишига умид қиляпти. Мира келажакка кўз тика олди. У ёлғиз ўзи фарзандларига Яҳованинг хизматчиси бўлишга ёрдам берди. Бугунги кунда Мира фарзандлари ва уларнинг оилалари билан биргаликда Яҳовага қувонч ила хизмат қиляпти.
ЯҲОВА ЭНГ ОЛИЙ ҲАКАМ
18. Олий Ҳакамимиз Яҳова нима қилишига юз фоиз ишонишимиз мумкин?
18 Инсонларни ҳукм қилиш масъулиятига эга эмаслигимизни билиш нақадар яхши. Яҳова Олий Ҳакам сифатида ушбу муҳим ишга Ўзи бош-қош бўлади. (Рим. 14:10–12) У доим нима яхши ва нима ёмон экани борасидаги мукаммал меъёрлари бўйича ҳукм қилишига юз фоиз ишонсак бўлади. (Ибт. 18:25; 3 Шоҳ. 8:32) У ҳеч қачон адолатсиз йўл тутмайди!
19. Яҳова нималарни амалга оширишини интизорлик билан кутяпмиз?
19 Яҳова номукаммаллик ҳамда гуноҳнинг оқибатларини бартараф қиладиган вақтни интизорлик билан кутяпмиз. Ўшанда барча жисмоний ва ҳиссий яраларимиз битиб кетади. (Заб. 72:12–14; Ваҳ. 21:3, 4) Улар ҳатто хаёлимизга ҳам келмайди. Бундай ажойиб вақт келишини кутар эканмиз, Яҳова Унга тақлид қилиб, кечиримли бўлишга ўргатаётганидан ниҳоятда миннатдормиз.
18- ҚЎШИҚ Тўлов учун миннатдормиз
^ Тангри Яҳова тавба қилаётган кишиларни кечиришга тайёр. Кимдир бизни хафа қилганида масиҳийлар сифатида Унга тақлид қилишни истаймиз. Бу мақолада шахсан ўзимиз кечиришимиз мумкин бўлган хатоларни ва қайси гуноҳлар ҳақида оқсоқолларга айтишимиз кераклигини билиб оламиз. Қолаверса, нега Яҳова бир-биримизни кечиришимизни истаётганини ва шу йўсин қандай баракаларга эга бўлишимизни кўриб чиқамиз.
^ «Қўриқчи минораси»нинг 1996 йил 15 апрель (рус) сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.
^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.
^ «Уйғонинг!» журналининг 1992 йил 8 февраль (рус) сонидаги 9–13- саҳифаларига қаранг. Шунингдек, «JW Интернет-телевидениеси»да «Питер ва Сью Шульц. Фожиани енгиш мумкин» номли видеони томоша қилинг.