24- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Шайтоннинг тузоқларидан қутула оласиз!
Иблиснинг тузоғидан қутулинг. 2 ТИМ. 2:26
36- ҚЎШИҚ Қалбингизни асранг
БУ МАҚОЛАДА *
1. Нега Шайтонни овчи билан солиштирса бўлади?
ОВЧИНИНГ асосий мақсади ўлжани қўлга тушириш ёки уни ўлдириш бўлади. У турли хил тузоқлардан ёки қопқонлардан фойдаланиши мумкин. Ҳатто Аюбнинг сохта юпатувчиларидан бири ҳам бу ҳақда айтган. (Аюб 18:8–10) Қай йўсин овчи ўлжасини тузоққа тушириши мумкин? У ҳайвонни яхшилаб кузатади: қаерга боради, нимани ёқтиради, қандай қопқон энг яхшиси экани ҳақида ўйлайди. Шайтон ҳам шундай овчига ўхшайди. У бизни ўрганиб чиқади: қаерга боришимизга ҳамда нимани яхши кўришимизга диққат қаратади. Сўнг у тузоқ турини танлайди ва биз кутмаган пайтда унга тушишимизга умид қилади. Бироқ Муқаддас Китобда айтилишича, агар тузоққа тушиб қолсак, ундан қутулишимиз мумкин. Қолаверса, Каломдан қай йўсин бу тузоқлардан қочишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
2. Шайтоннинг энг кўп иш бераётган иккита тузоғи қандай?
2 Шайтоннинг энг кўп иш берадиган тузоқларидан иккитаси мағрурлик ва очкўзликдир *. Минглаб йиллардан бери Шайтон бундай иллатлардан муваффақият ила қўлланиб келяпти. У қуш тутувчи каби ўлжасини тузоқ ёки тўрдан фойдаланиб ушлаб олмоқчи. (Заб. 91:3) Аммо Шайтоннинг тузоғидан қочишимиз мумкин. Қизиқ, қанақасига? Яҳова Шайтон қўллаётган ҳийлаларни бизга очиб беряпти. (2 Кор. 2:11)
3. Нега Яҳова муайян мисолларни Муқаддас Китобга ёздирган?
3 Яҳова турли йўллар орқали мағрурлик ва очкўзлик борасида огоҳлантиради. Масалан, У бизни ҳаётий мисоллардан ўрганишга ундайди. Шайтон Яҳовага ҳатто кўп йиллардан бери хизмат қилган баъзиларни қай йўсин тузоққа туширганини 1 Кор. 10:11) У огоҳлантирувчи мисоллардан ўрганишимиз ҳамда Иблиснинг тузоқларидан қочишимиз ёки қутула олишимиз мумкинлигини билади.
кўриб чиқамиз. Бу мағрур ҳамда очкўз бўлмасликнинг имкони йўқ деганими? Асло. Яҳова бу мисолларни биз учун «огоҳлантириш сифатида» Муқаддас Китобга ёздирган. (МАҒРУРЛИК ТУЗОҒИ
4. Мағрурлик нимага олиб келади?
4 Шайтон мағрур бўлиб қолишимизни хоҳлайди. У шуни биладики, мағрурлик бизни бошқаришига йўл қўйсак, у каби бўлиб қоламиз ва абадий ҳаётни қўлдан бой берамиз. (Ҳик. 16:18) Шунинг учун, ҳаворий Павлус инсон «мағрурланиб Иблисга чиқарилган ҳукм остида» қолиши мумкин, деб огоҳлантирган. (1 Тим. 3:6, 7) Яҳовага кўп йиллардан буён хизмат қиляпсизми ёки энди бошладингизми, бу ҳар биримиз билан юз бериши ҳеч гап эмас.
5. Воиз 7:16, 20 га кўра, қай йўсин киши мағрурликни намоён этиши мумкин?
5 Мағрур одамлар худбин бўлади. Шайтон, айниқса, қийинчиликларга дуч келганимизда диққатимизни Яҳовага эмас, кўпроқ ўзимизга қаратишимизни ва худбин бўлишимизни хоҳлайди. Мисол учун, туҳматга қолганмисиз ёки сизга ноҳақ муносабатда бўлишганми? Шайтон сиз Яҳовани ёки биродарларингизни айблашингизни кўришни яхши кўради. Қолаверса, Иблис муаммонинг ягона ечими Яҳова Ўз Каломи орқали бераётган йўл-йўриқларга амал қилиш эмас, балки ўзингизга таяниш, деб билишингизни истайди. (Воиз 7:16, 20 ни ўқинг.)
6. Нидерландиядаги опамиздан қандай сабоқ олишингиз мумкин?
6 Нидерландиядаги бир опамизнинг мисолига назар солайлик. Бошқаларнинг номукаммаллиги унинг ғашини келтирарди. У бундай одамлар билан бошқа вақт ўтказишни хоҳламаган. У шундай деди: «Ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилардим ва уларни кечира олмасдим. Эримга бошқа жамоатга ўтишни айтгандим». Кейин у JW Интернет-телевидениесининг 2016 йил март ойининг дастурини томоша қилди. Ўша дастурда бошқаларнинг номукаммаллигига қай йўсин сабр-бардош қилиш борасида айрим тавсиялар келтирилган. У яна шундай деди: «Жамоатдаги биродару опа-сингилларни ўзгартиришга интилиш эмас, балки ростгўйлик ва камтаринлик ила ўз хатоларимга диққатли бўлишим кераклигини тушундим. Ўша дастур эътиборимни Яҳова ҳамда Унинг ҳукмдорлигига қаратишга кўмаклашди». Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Бирон муаммога дуч келсангиз, Яҳовага кўз тикинг. Яҳовадан бошқаларга У каби нуқтаи назарда бўлишингизга ёрдам беришини илтижо қилиб сўранг. Самовий Отамиз уларнинг хатоларини кўриб турибди. Шундай бўлса-да, уларни кечиришга тайёр. У сиз ҳам шундай йўл тутишингизни истайди. (1 Юҳан. 4:20)
7. Шоҳ Уззиё билан нима содир бўлди?
7 Яҳудо шоҳи Уззиёнинг мағрурлиги маслаҳатни рад этишига ҳамда ўзбилармонларча йўл тутишига сабаб бўлди. Уззиё жуда қобилиятли эди. У ҳарбий юришларда, шаҳарлару миноралар қуришда ҳамда қишлоқ хўжалиги ривожида муваффақиятли бўлганди. «Ҳақ Тангри унга қут-баракалар ёғдирди». (2 Сол. 26:3–7, 10) «Аммо у кучайганидан кейин, ниҳоятда мағрурланиб кетди ва бу уни ҳалокатга етаклади». Яҳова олдинроқ маъбадда фақат руҳонийлар тутатқи тутатиши мумкин, деб амр берган эди. Бироқ шоҳ Уззиё ўзбилармонларча маъбадга кириб, тутатқи тутатди. Бу Яҳовага маъқул келмади ва мағрурликка берилган шоҳни мохов касаллигига дучор қилди. Уззиё умрининг охиригача соғаймади. (2 Сол. 26:16–21)
8. Қандай қилиб 1 Коринфликларга 4:6, 7 га амал қилиш мағрурликдан қочишимизга кўмаклашади?
8 Биз ҳам Уззиё каби мағрур бўлиб, гуноҳга қўл уришимиз мумкинми? Келинг, Хосенинг мисолига эътибор берайлик. У иши юришган тадбиркор ва жамоатда оқсоқол эди. Ҳамма уни ҳурмат қиларди. У анжуманларда нутқлар сўзларди ва туман нозирлари ундан маслаҳат сўрашарди. Хосе шундай деб бўлишди: «Мен қобилиятим ва тажрибамга таянардим. Мен Яҳовага таянмасдим, ўзимни кучли деб Унинг огоҳлантирувларига ва маслаҳатларига қулоқ солмасдим». Хосе жиддий гуноҳга қўл урди ва жамоатдан четлатилди. Бир неча йил олдин у тикланди. Ҳозир у шундай демоқда: «Яҳова менга унвон эмас, балки бизга айтаётган нарсаларни қилишимиз энг муҳими эканини ўргатди». Келинг, ҳар қандай қобилиятимиз ва жамоатдаги вазифамиз Яҳовадан эканини 1 Коринфликларга 4:6, 7 ни ўқинг.) Мағрур бўлсак, Яҳова биздан фойдаланмайди.
унутмайлик. (ОЧКЎЗЛИК ТУЗОҒИ
9. Шайтон ва Момоҳавонинг очкўзлиги нимага олиб келди?
9 Очкўзлик борасида ўйлаганимизда, эҳтимол, Шайтон Иблис хаёлимизга келар. Яҳованинг фаришталаридан бири сифатида Шайтон кўп шарафли вазифаларга эга бўлгандир. Бироқ у бу билан кифояланмади. У фақатгина Яҳова ҳақли равишда лойиқ бўлган топинишни истади. Шу боис, Шайтон биз унга ўхшашимизни ва ношукур бўлишимизни хоҳлайди. У илк бор Момоҳаво билан гаплашганида, бундай қилишга интилган. Яҳова севги ила Момоҳаво ҳамда унинг эрига озиқ-овқатни мўл-кўл қилиб берган эди. Улар битта дарахтдан ташқари боғдаги «ҳар қандай дарахтнинг мевасидан» ея оларди. (Ибт. 2:16) Бироқ Шайтон Момоҳавонинг онгини заҳарлаб, тақиқланган мевадан ейиш кераклигини уқтирди. Момоҳаво ўзида бори билан қониқмади, у бундан ҳам кўпроғини истади. Кейин нима бўлганини яхши биламиз. Момоҳаво гуноҳга қўл урди ва охири ўлди. (Ибт. 3:6, 19)
10. Қандай қилиб очкўзлик шоҳ Довуд учун тузоққа айланди?
10 Очкўзлик шоҳ Довудни Яҳова унга берган нарсаларни, жумладан, бойлик, машҳурлик ва кўпгина душманлари устидан қозонган ғалабани унутишига олиб келди. Довуд Худо унга ато этган ҳадяларнинг «саноғига ета олмайман», деб буни миннатдорчилик ила тан олган эди. (Заб. 40:5) Лекин бир сафар Довуд Яҳова унга берган нарсалар ҳақида унутиб қўйди. У ўзида борига шукур қилмади ва кўпроғини хоҳлади. Гарчи Довуднинг бир нечта хотини бўлган бўлса-да, у бошқа кишининг хотинига нисбатан қалбида ноўрин истак пайдо бўлишига йўл қўйди. Ўша аёлнинг исми Ботшева, унинг эри эса хетий Уриё эди. Довуд худбинларча Ботшева билан жинсий ахлоқсизлик қилди ва у ҳомиладор бўлди. Довуд зино қилгани етмаганидай, Уриё ўлдирилишини ҳам ташкиллаштирди. (2 Шоҳ. 11:2–15) Қизиқ, у ўзи нима ҳақида ўйлади? Наҳотки, у Яҳова ҳаммасини кўриб турибди, деб ўйламаган бўлса?! Қачонлардир Яҳовага садоқат ила хизмат қилган бу инсон очкўзликка берилди ва бу унга қимматга тушди. Яхшиямки, Довуд вақт ўтгач, гуноҳини тан олди ва тавба қилди. Яҳованинг марҳаматига яна сазовор бўлганидан у қанчалар миннатдор бўлгандир-а?! (2 Шоҳ. 12:7–13)
11. Эфесликларга 5:3, 4 га кўра, очкўзлик билан курашишимизга нима ёрдам бериши мумкин?
11 Довуднинг мисолидан нимани ўрганяпмиз? Яҳова бизга берган барча нарса учун миннатдор бўлсак, очкўзлик билан курашишимиз мумкинлигини билиб олдик. (Эфесликларга 5:3, 4 ни ўқинг.) Биз борига қаноат қилишимиз даркор. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганларга Яҳова берган аниқ бир барака ҳақида ўйлашга ҳамда бу учун Унга миннатдорчилик билдиришга ўргатишимиз мумкин. Агар киши ҳафтада ҳар куни бундай қилса, у еттита турли мавзу ҳақида ибодат қилган бўлади. (1 Салон. 5:18) Сиз ҳам шундай йўл тутяпсизми? Яҳова сизга қилаётган яхшиликлари борасида мулоҳаза юритсангиз, бу Ундан миннатдор бўлишингизга кўмаклашади. Миннатдор бўлсангиз, борига қаноат қила оласиз. Борига қаноат қилсангиз, очкўзлик сиздан узоқлашади.
12. Очкўзлик дастидан Яҳудо Ишқариёт нима қилди?
12 Очкўзлик дастидан Яҳудо Ишқариёт разил хоинга айланди. Лекин у доим ҳам ёмон инсон бўлмаган. (Луқо 6:13, 16) Исо уни ҳаворий сифатида танлаган эди. Яҳудо Ишқариёт қобилиятли ва ишончли инсон бўлганга ўхшайди. Чунки Исо уни пул қутисига масъул қилиб қўйганди. Исо ва ҳаворийлар ўша пуллардан ваъзгўйлик фаолиятидаги сарф-харажатларини қоплаш учун фойдаланарди. Ўша пулларни бугунги кунда умумжаҳон ишига бериладиган хайр-эҳсонларга ўхшатса бўлади. Лекин вақт ўтгач, Яҳудо Ишқариёт Исонинг қайта-қайта очкўзлик ҳақида огоҳлантиришларини эшитганига қарамай, ўғирлик қила бошлади. (Марк 7:22, 23; Луқо 11:39; 12:15) Яҳудо Ишқариёт ўша огоҳлантиришларни назарига илмади.
13. Яҳудо Ишқариётнинг очкўзлиги қачон аён бўлди?
13 Яҳудонинг очкўзлиги Исони ўлдиришганидан сал олдин бўлган воқеада яққол фош бўлди. Исо ҳамда унинг шогирдлари, шу жумладан, Марям ва унинг опаси Марта ўтмишда мохов бўлган Симуннинг уйига меҳмондорчиликка боради. Овқатланаётган маҳал Марям ўрнидан туради ва Исонинг бошига анчагина пулга сотиб олинган хушбўй мойни қуяди. Яҳудо ҳамда бошқа шогирдлар ранжийди. Баъзи шогирдлар ўша пуллар хизматда ишлатилса яхши бўларди, деб ўйлагандир. Бироқ Яҳудо Ишқариёт улардан фарқли равишда бошқа нарса сабаб хафа бўлади. У «ўғри» эди ва пулларни қутидан ўғирлашни истарди. Яҳудо Ишқариёт очкўз бўлганлиги туфайли пулни деб Исони сотади. (Юҳан. 12:2–6; Мат. 26:6–16; Луқо 22:3–6)
14. Қандай қилиб бир жуфтлик Луқо 16:13 даги маслаҳатга амал қилди?
14 Исо издошларига қуйидаги муҳим ҳақиқатни эслатди: «Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қуллари бўла олмайсизлар». (Луқо 16:13 ни ўқинг.) У ҳозир ҳам ўз кучини йўқотмаган. Келинг, Руминиядаги бир жуфтлик Исонинг бу сўзларига қандай амал қилганига эътибор берайлик. Улар ривожланган бир мамлакатда вақтинча ишлашга таклиф этилган эди. Улар шундай деди: «Биз банкка қарз тўлашимиз керак эди. Шунинг учун аввалига ўша ишни Яҳованинг баракаси, деб ўйладик». Лекин у тузоқ эди. Агар улар ўша ишни қабул қилганида, Яҳовага хизмат қилиш учун камроқ вақт қоларди. Улар «Қўриқчи минораси»нинг 2008 йил 15 август сонидаги «Бутун қалбингиз билан Яҳовага содиқ бўлинг» номли мақолани ўқигандан кейин қарор чиқаришди. «Бошқа мамлакатга кўпроқ пул ишлаш учун борсак, Яҳова билан бўлган муносабатларни иккинчи ўринга қўйган бўлардик. Бу туфайли маънавий соғлигимизга путур етишига амин эдик»,— деди улар. Шу боис, улар ўша таклифни рад этди. Хўш, кейин нима бўлди? Эри уларга айнан керак бўлган иш ҳақи тўланадиган ишни ўз мамлакатида топди. Хотини: «Яҳованинг қўли қисқа эмас»,— деб айтди. Бу жуфтлик пулни эмас, Яҳовани Хўжайини деб танлаганидан жуда бахтиёр.
ШАЙТОННИНГ ТУЗОҚЛАРИДАН ҚОЧИНГ
15. Нега Шайтоннинг тузоқларидан қутулиш имкони борлигига амин бўлишимиз мумкин?
15 Агар ўзимизда мағрурлик ёки очкўзликни сезсак, нима қиламиз? Ундан қутулишимиз мумкин. Павлуснинг айтишича, Иблис томонидан «тириклайин тутилган» кишилар учун унинг тузоғидан қутулишинг иложи бор. (2 Тим. 2:26) Довуд билан ҳам шундай бўлди. У Натаннинг жиддий маслаҳатига қулоқ солиб, очкўзлигидан тавба қилди ҳамда Яҳова билан бўлган муносабатини қайта тиклади. Яҳова Шайтондан кучлироқ эканини асло ёддан чиқарманг. Шунинг учун Яҳованинг ёрдамини қабул қилсангиз, Иблис қўйган ҳар қандай қопқон ёки тузоқдан қутула оласиз.
16. Шайтоннинг тузоқларидан қочишимизга нима ёрдам беради?
16 Шайтоннинг қопқони ёки тузоқларидан қутулиш яхши. Лекин уларга тушиб қолишдан йироқлашиш ундан ҳам яхшироқдир. Буни фақат Аллоҳнинг кўмаги билан қила оламиз. Аммо ўзимизга ишониб, мағрур бўлиб қолмайман, деб асло ўйламаслигимиз керак. Яҳовага ҳатто анча йиллар мобайнида хизмат қилаётганлар мағрур ёки очкўз бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Яҳовага ҳар куни илтижо қилиб, фикр-хаёлларингизу хатти-ҳаракатларингизни текширишга ёрдам беришини сўранг. (Заб. 139:23, 24) Мағрур ёки очкўз бўлиб қолмаслик учун доим жон куйдиринг!
17. Яқинда душманимиз Иблис билан нима юз беради?
17 Шайтон минглаб йиллардан бери овчилик қилиб келмоқда. Бироқ яқинда у кишанланади ва охири йўқ қилинади. (Ваҳ. 20:1–3, 10) Ўша кунни интиқиб кутяпмиз. Унгача эса Шайтоннинг тузоқларидан огоҳ бўлинг. Мағрурлик ёки очкўзлик сизни бошқармаслиги учун жон-жаҳдингиз билан ҳаракат қилинг. «Иблисга қарши туриш» қарорингиз қатъий бўлсин, «ўшанда у сизлардан қочади». (Ёқб. 4:7)
127- ҚЎШИҚ Қай инсон бўлай мен?
^ абз. 5 Шайтон моҳир овчига ўхшайди. Тангри Яҳовага қанча вақтдан бери хизмат қилишимиздан қатъи назар, у бизни тузоққа илинтирмоқчи бўлади. Бу мақолада қандай қилиб Шайтон мағрурлик ва очкўзликдан фойдаланиб, Аллоҳ билан бўлган муносабатларимизга путур етказишга интилаётганини билиб оламиз. Шунингдек, мағрурлик ва очкўзлик тузоғига тушиб қолган баъзиларнинг мисолларига диққат қаратамиз. Қолаверса, қандай қилиб бундай тузоқлардан қочишимиз мумкинлиги ҳақида гап юритамиз.
^ абз. 2 ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. Мазкур мақолада мағрурлик киши ўзини бошқалардан яхшироқ, деб билишини англатишига диққат қаратилади. Шунингдек, очкўзлик кўпроқ пулга ва куч-қудратга эга бўлишни исташни, жинсий муносабатларни ёки шу каби нарсалар биринчи ўринга қўйишни англатиши ҳақида гап кетади.
^ абз. 53 РАСМГА ШАРҲ. Биродар мағрурлик ила оқилона йўл-йўриқни рад этяпти. Шундоқ ҳам кўп нарса олган опамиз янада кўпроғига эга бўлишни истаяпти.
^ абз. 55 РАСМГА ШАРҲ. Ҳатто фаришта мағрурлик тузоғига тушган ва шоҳ Уззиё мағрурликка берилган. Момоҳаво мевадан еганининг, Довуд Ботшева билан зино қилганининг ва Яҳудо пул ўғирлаганининг сабаби очкўзлик эди.